Қайнона ва келин муносабатлари
6.8.2015 37592

     Бошқа миллат вакилларининг кўпчилиги биз ўзбекларнинг оилавий ҳаётимизга, яъни, қариндош уруғларнинг бир-бирларига бўлган силаи-раҳмларига ва биздаги одатлар, тўй-маросимларимизга ҳавас билан қарайдилар. Бу орамизда сақланиб қолган исломий одоб-ахлоқ сабабидандир. Шундай тинчликда, тўкинчиликда яшаб туриб, оилавий алоқаларга путур етказаётганлар кўплаб учрамоқда. Бу эса тинч ва осойишта ҳаётга шукр қилмаслик оқибатидандир. Афсуски, эр-хотин, фарзандлар, қариндошлар, қайнона ва келинлар ўртасида турли-туман келишмовчиликлар, жанжаллар кўпайиб бормоқда. Айниқса охирги пайтларда қайнона ва келин муносабатлари ёмонлашиб, бу жанжаллар хатто ўғил билан келиннинг орасига совуқчилик тушириб, ажралишларга сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, бу келишмовчиликлар оқибатида, фарзандлар етим бўлиб қолмоқдалар. Шундай қайноналар учраяптики, ўғлига ақл-фаросатли, соғлом, имонли келинни орзу қилиш ўрнига биринчи ўринга келин олиб келадиган мол-дунёсига, қудалар билан бўладиган олди-бердиларга ўч бўлиб бормоқдалар. Келинларига меҳр бериб, камчиликларини босиқлик, насиҳат йўли билан тушунтириш ўрнига, ўғилларига ошириб, ёмонлаб, ўғил ва келинлари орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқдалар. Қайноналикнинг иши оғир, сабр-тоқатни талаб қиладиган вазифадир. Чунки уни туғиб, меҳр бериб ўстирган ўғлига ўзга бир хонадонда, бегона бир муҳитда ўсган қизни ўз оила аъзосига, ўз боласига айланиши учун, ўғли билан бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун, қайнонадан анча меҳр-муҳаббат, сабр ва кечиримлилик талаб қилинади. Қариларимиз, келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин, дейишган. Яна, аёл кишининг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, келин қилганда кўр, дейишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар комил мусулмон бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Комил мусулмон бўлиш учун эса, бир-бирингизга меҳр қўймоғингиз шарт”, деганлар. Яна бир ҳадиси шарифларида: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳис-саломнинг ўгитларига амал қилувчи, жаннатга киришни истаган қайнона ўғилнинг севикли аёлига ва ундан дунёга келадиган зурриётларини соғ-саломат, оиласи тинч-осойишта бўлиши учун, фарзандларини бахтли ҳаёт ўтказишлари учун, қайнона келинни хато-камчиликларини кечириб, билмаганларини ўргатиб, меҳр қўйиб яшамоғи зарур. Қариларимиз, меҳр берсанг, меҳр кўрасан, деганлар. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, оила тинч бўлса, юрт ҳам тинч бўлади. Маълумки тинч-тотув оила фарзандлари ота-онасига ҳам, юртига ҳам манфаат келтирувчи бўладилар.
     Турмушга чиққан келин учун ҳам янги бир ҳаёт бошланади. Ота-онангиз, жигарларингиздан энди бошқа оилага – эрингизнинг ота-онаси, жигарлари билан энг яқин бўлиб қоласиз. Чунки, эркаклар хотинлар учун, хотинлар эркаклар учун яратилгандирлар. Бу Аллоҳнинг қонуни, уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Турмушим ширин ва осойишта бўлсин деган келин эрининг уйига, унинг ота-онасига, жигарлари ва қариндошларига хурмат кўрсатиши, уй юмушларидан эринмаслиги, саранжом-саришталиги ва пазандалиги билан оиладагиларни меҳрларига сазовор бўлиши зарур. Айниқса унинг севикли эрини туғиб, оқ сут бериб, кечаларни бедор ўтказган, асраб-авайлаб ақлли, соғлом қилиб ўстирган қайнонанинг насиҳатларига қулоқ тутиб, хизматларини бажариши зарур.
    Келинниг вазифаси қайнона ва бошқа оила аъзоларидан аразламаслиги, гап қайтармаслиги ва эрининг уйидаги гап-сўзларини ота-онасиникига ташимаслиги зарур. Уларни ҳурматларини жойига қўйиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кичикларга раҳм-шафқатли, катталарга иззат-икромли бўлмаса, у бизлардан эмас”, деб таълим берганлар. Эрининг ота-онаси ва жигарларини ҳурмат қилиш эрини ҳурмат қилишдир. Ота-боболаримиз, гулни севган тиканни ҳам эъзозлайди, дейишган. Бундай қилмаган келин эрининг кўнглини ололмайди, меҳрини қозонмайди, нафратига учраб, эрининг кўзига хунук кўриниб, оила бахтига дарз кета бошлайди.
      Хулоса шуки, турмуш ўртоғига итоатли, меҳр-муҳаббатли, озода, чаққон, ширинсўз, турмушнинг бор-йўғига сабр қилиб, тежамкорлик фазилатларига эга бўлган келинлар ўз турмуш ўртоқларига севикли ёр, қайноналарига суюмли келин бўла оладилар.


Зарифа Исмоилова

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216427
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24554