ҚУРЪОНИ КАРИМДАГИ ВАҚФ ЎРИНЛАРИ
4.2.2016 4623

     Маълумки, Қуръони каримни ўқишда қироатни тажвид билан адо этиш вожиб (яъни фарз) ҳисобланади. Гарчи, тажвид илмини мутахассис сифатида чуқур ўрганиш ўрганиш фарзи кифоя бўлса-да, аммо Қуръонни ўқишда етарли даражада тажвидга амал қилишнинг ҳукми шундай. Тажвид фақатгина ҳарфларни махражларидан чиқариш, айрим сукунли нун ёки танвинга тааллуқли қоидаларга амал қилиш ва чўзғиларга риоя қилишдангина иборат эмас. Балки, қироатнинг вақф ва ибтидо деган яна бир "рукни" ҳам борки, бу борада муҳтарам Қорилар ва албатта Қуръон ўқиб турадиган ҳарқандай инсон ҳеч бўлмаса ижмолий тарзда билимга эга бўлмоғи лозимдир. Вақф ва ибтидо деганда оятлар ичидаги бирор-бир калима устида тўхташ, тиниш қилиш ва ундан сўнг бошлаб давом эттиришнинг қонун-қоидалари назарда тутилмоқда. Зеро, ҳарнарсанинг ўзига хос тартиб қоидалари бўлганидек, Қуръоний оятлар ичидаги сўзлар устида тўхташ ва давом эттиришнинг ҳам махсус қоидалари мавжуд. Қуръон ўқувчи учун Бу нарсаларни билиш ниҳоятда муҳим саналади. Чунки, Қуръони каримнинг балоғат ва фасоҳати фақат ҳарфларни тўғри талаффуз қилишда эмас, балки, маъно эътибори билан ўқиш, тўхтаганда ҳам маъно эътибори билан тўхташ, давом эттиришда ҳам бунга риоя қилиш ва ҳоказоларда намоён бўлади. Ана шунда қироат тафсир важҳларидан бирор важҳга мувофиқ адо этилган, маъно дуруст бўлган ва Қуръони каримга "идиш" бўлган араб тилининг наҳву сарф қоидаларига ҳам амал қилинган бўлади. Бу эса Қуръони каримни ўқишдан кўзланган асосий мақсадни рўёбга чиқаришга ёрдам беради. У ҳам бўлса, унинг маъноларини фаҳмламоқ, идрок этмоқдир. Ҳазрат Али разияллоҳу Муззаммил сурасидаги: "ورتل القرآن ترتيلا" яъни: "Қуръонни (ўқишда) яхшилаб тартил қил!" дея амр қилинган ояти каримага изоҳ берар эканлар: “тартил бу – ҳарфларни тажвид қилиш ва вақф ўринларини билишдир”, деган эканлар. Эътибор берилса, улуғ саҳобий вақф қонун-қоидаларини билишни тартилнинг иккинчи ярми сифатида талқин қилмоқдалар. Унинг биринчи ярми эса у зотнинг наздида тажвид ҳисобланади. Мана шунинг ўзи ҳам Қуръони каримни тиловат қилишда вақф ўринларини билиш ва бунда моҳир бўлишнинг нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Шундан келиб чиқиб, айтиш жоизки, “вақф ва ибтидо” тажвиддан алоҳида ёки тажвидга илова қилинувчи мустақил фан ҳисобланади. Қайсики, бу фанда мутахассис бўлиш учун Қуръони каримда ишлатилган лафзларни атрофлича ўрганиш, тафсир илмидан бохабар бўлиш ва араб тили қоидаларини пухта ўзлаштирган бўлиш талаб этилади. Ана шунда инсон вақф ва ибтидо илминида моҳир бўлади ва Қуръони каримни қироат қилар экан, нафақат тили, балки, бутун борлиғи билан ўқийди. Каломуллоҳнинг мўъжизакор балоғат ва фасоҳатининг завқидан баҳраманд бўлади. Бундан қалбида маънавий лаззат туяди, руҳан юксалади. Оятларни қироат қилар экан, унинг вужудини қамраб олган бу ажиб ҳолат қорининг маҳорати ва завқининг, лисони ҳолининг таржимони бўлмиш лисони мақоли орқали ўзига хос услубда ташқарига узатилади. Тиловат ўзгача улуғворлик ва тароват касб этади. Сомеълар ҳам бундан ижобий таъсирланадилар. Албатта бундай қироат кўр-кўрона тақлид туфайли маъноларига эътибор бермаган ҳолда Қуръоний оятларни турли нағмаларга солиб, қандайдир куй ва қўшиққа менгзатиб талқин қилишдан афзалдир. Зеро, мазкур услубда қироат қиладиган айрим қорилар уни фақат оҳанг ва мақомларга солиб, пардага чиқариб, қулоққа жарангдор эшиттиришдан бошқа мақсадни кўзламайдилар, кўпинча. Ҳолбуки, шундай услуб билан ўқилаётганлари ояти карималар аслида маъно эътиборидан ўзгачароқ оҳангда ўқилиши мақсадга мувофиқ бўлиши ҳам мумкин. Мақсад тиловатни фақат қулоққа чиройли ва куйсимон эшиттиришдан иборат бўлиб қолса ана шундай дақиқ нуқталар эътибордан қочирилади. Оқибатда бундай тиловат лозим бўлган улуғворлик ва маҳобат билан адо этилмай қолиши мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “кимнинг қироати энг гўзал қироат?”, деб сўрашганда Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “у шундай одамки, қироатини эшитиб, унинг Аллоҳдан қўрқишини биласан”, деб жавоб берган эканлар (“Канзул-уммол”). Қуйида вақф турлари ҳақида қисқача сўз юритамиз.

Вақф турлари

 

    Оятларда вақф (тиниш, тўхташ, пауза қилиш) қилиш умумий маънода: изтирорий, ихтиборий, интизорий ва ихтиёрий турларга бўлинади. Изтирорий вақф нафас етишмаслиги, йўтал, акса ва ҳоказо каби зарурат туфайли содир бўладиган вақфдир. Бундай ҳолатда агар маъно дуруст бўлса, ўша устида тиниш қилинган сўздан бошлаб қироат давом эттирилади. Бордию, бунда маъно дуруст бўлмаса, битта аввалги сўздан бошлаб ўқиш давом эттирилади.
    Ихтиборий вақф. “Ихтибор” луғатда имтиҳон қилиш, синаш маъноларини англатади. “Ихтиборий вақф” деб, кези келганда ва зарурат туғилган ҳолатларда оятлардаги сўзлар охирларида тўхташ усуллари ва одобларини қай даражада ўзлаштирганини синаш ёки мазкурларни ўргатиш учун толиби илмдан дарс ёки имтиҳон пайтида талаб қилинадиган вақфга айтилади. Ихтиборий вақф грамматик жиҳатдан тўхташ жоиз бўлмаган ёки одатда тиниш қилинмайдиган ўринларда талабанинг талаффузи ва тўхташ услубини синаш мақсадида талаб қилиниши мумкин. Масалан, қуйидаги ояти каримадаги “الأيدي” сўзида тиниш қилинса қандай тўхтайди, “ё”ни ҳазф қилиб (талаффуз қилмай, талаффузда тушириб юбориб) вақф қиладими ёки уни жойида қолдирадими, шуни билиш учун устоз талабадан мазкур сўз устида вақф қилишни талаб қилади. Мисол учун “وَاذْكُرْ عِبَادَنَا إبْرَاهِيمَ وَإِسْحَقَ وَيَعْقُوبَ أُوْلِي الأَيْدِي” (сод сураси: 54-оят). Бу сўз устида вақф қилинса, ё ҳарфи ҳазф қилинмайди, балки жойида қолдирилади. Аммо мазкур суранинг 17 оятидаги “واذْكُرْ عَبْدَنَا دَاوُودَ ذَا الأَيْد” айни калимада эса “ё” ҳазф қилиниб, долни сукунли қилган ҳолда вақф қилинади.
Шунингдек, “اِمْرَأَتَ نُوحٍ وَامْرَأَتَ لُوط” (Таҳрим сураси: 10:оят) оятидаги "امرأت" сўзи устида тўхталса, “имроат” ёки “вамроат” дея “т” ҳарфи талаффуз қилинади, “ҳойи ҳавваз”га айлантирилмайди. Аммо, Нисо сурасидаги “ وَإِنِ امْرَأَةٌ خَافَتْ” оятида келган мазкур сўз устида тўхталса, ўша сўздаги “тои марбута” “ҳо”га айлантирилади. Бундай вақф талабаларга ўргатиш учун ҳам амалга оширилади. Унинг ҳукми жоиз. Аммо, ихтиборий вақф амалга оширилганда устида тўхталган калиманинг ўзидан ёки ундан аввалги ёки аввалроқдаги грамматик жиҳатдан бошлашга яроқли бўлган калималарнинг бирортасидан бошлаб қайта ўқиш лозим бўлади. валлоҳу аълам.
    Интизорий вақф. Вақфнинг бу тури, тиловат қилаётганда бир неча хил мутавотир қироатларни жам қилишни истаган қори томонидан амалга оширилиши мумкин. Масалан, қори биронта калима устида тўхтайди ва ўша калиманинг бошқа ривоятдаги важҳини (вариантини) ҳам ўқийди. Мана шу тўхташ, интизорий вақф дейилади.
    Ихтиёрий вақф. Ихтиёрий вақф деб қироат қилувчининг ўз хоҳиш ва ихтиёри билан амалга оширадиган вақфга айтилади. Ихтиёрий вақф натижасида айрим ҳукмлар пайдо бўлади. Ва вақфнинг бу тури қуйидаги бирнеча қисмларга бўлинади.
      Ихтиёрий вақф турлари. Ихтиёрий вақф йўтал, акса, йиғи, нафа етишмаслиги каби бирон-бир узрсиз содир бўладиган вақф бўлиб, у амалга оширилганда ҳосил бўладиган маъно эътибори билан бир неча турларга бўлинади: А) ал-вақфул-лазим (лозим вақф). Б) ал-вақфу-т-там (тугалланган вақф). В) ал-вақфу-л-кафий (кифоя қилувчи, қониқарли вақф). Г) ал-вақфу-л- ҳасан (жоиз вақф). Д) ал-вақфу-л-қабиҳ (хунук, нотўғри вақф).

"ал-Вақф ал-лозим" (лозим бўлган тиниш).
Лозим вақф шундай калима устида амалга ошириладики, ўша калиманинг ўзидан кейинги сўзларга лафзан ҳам, маънан ҳам алоқаси бўлмайди. Ва агар қуръон ўқувчи киши мазкур сўз устида тўхтамасдан кейинги жумлага ўтиб кетса, маъно бузилади ва оятдан мақсад қилинмаган бошқа маъно юзага келади. Бундай вақф “вақфу-л-баён” деб ҳам аталади. Лозим вақф ўринларига Мусҳафларда (م) белгиси билан ишора қилинади. (Баъзи уламолар вақфи лозимни вақфи том туркумига киритадилар). Мисол: Бақара сурасининг 274-ояти ниҳоясида “يَحْزَنُون” сўзида вақф қилиш лозим вақфдир. Негаки, мазкур оят кейинги оятга бир нафасда улаб ўқилса, тескари маъно юзага келади:
“...وَلا خَوْفٌ عَلَيْهِم ولا هُمْ يَحْزَنُون.الَّذِينَ يَأكُلُونَ الرِّبَا..”

"ал-вақфу-т-таам" (тугалланган вақф).
Вақфи том шундай вақфки, у маъноси тугал бўлган жумла охирида амалга оширилади ва мазкур устида тўхталган жумла ўзидан кейинги жумлаларга лафзан ҳам, маънан ҳам боғлиқ ва муҳтож бўлмайди. Лекин агар ўша калима устида тиниш қилинмаса, кўпинча, маъно бузилиб кетмайди. Бу муайян ҳолатларда учрайди. Масалан, сура охирларида, ёки муйян қиссалар сўнгида, ёки маълум оятларни эгаллаган маънавий бўлакларда, жаннат ёки жаҳаннам зикр этилган оятлар сўнгида, ёхуд мўъминлар ёки кофирларнинг сифатлари зикр этилган оятлар ниҳояларида, ва ҳоказо ҳолатларда кузатилади. Мисол: “...وَأُوْلَئِكَ هُمُ المُفْلِحُون.إِنَّ الَّذِيْنَ كَفَرُوا...” (Бақара сураси: 5-6-оятлар). Бу ўринда “المُفْلِحُون” да тўхтаб, тин олиш вақфи том бўлади. Негаки, шу ерда маъно тугал бўлди. “...Ва ана ўшаларгина нажот топгувчилардир!”. Кейинги оятдан эса янги мавзу очилиб, Ислом йўлини тутмаганларнинг аҳволлари баён қилинмоқда. Демак, бу икки бир-бирига қарама-қарши мавзу ўртасида тин олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Вақфи томни ҳукми борасида уламолар, бундай вақфни амалга ошириш “ҳасан” (хуш ва айни муддао) дир дейдилар. 


“ал-Вақф ал-кофий” (кифоя қиларли, қониқарли вақф)
“Вақфи кофий” шундай жумла охирида амалга ошириладиган тинишки, у жумла лафз жиҳатидан (яъни грамматик тузилма эътиборидан) тугал бўлган, лекин маъно ва мавзу эътиборидан ҳали давом этади ва бу жиҳатдан ўзидан кейинги жумлаларга боғлиқ ва алоқадор бўлади. Демак, “вақфи кофий” ўзидан кейинги сўзларга лафзан эмас, маънан боғлиқ бўлган сўз устида амалга ошириладиган тўхташдир. Мисол: “في قلوبهم مرض فزادهم الله مرضا...” (Бақара сураси: 10-оят). Ушбу оятда «مرض» сўзини ўқиб, тиниш қилиб, сўнгра кейинги сўздан яъни “فزادهم الله” калимасидан бошлаб ўқиш “вақфи кофий” бўлади. “Вақфи кофий” “вақфи солиҳ”, “вақфи мафҳум” ва “вақфи жоиз” ҳам деб аталади. Бундай вақф ҳукман “жоиз” ҳисобланади. 


“ал-Вақфу-л-ҳасан” (яхши вақф).
Вақфи ҳасан шундай калима устида амалга ошириладиган вақфки, ўша калимада тўхташ маънан дуруст бўлади, бироқ, ундан кейинги калимадан бошлаб ўқиш ўринли бўлмайди. Чунки, “вақфи ҳасан” орқали мазкур ўртасидан бўлинган икки жумла бир-бирига ҳам лафзан, ҳам маънан боғлиқ бўлади. Мисол учун, фотиҳа сурасининг биринчи “الحمد لله رب العالمين” оятида “الحمد لله...” дея тўхталса, маъно дуруст бўлади, бироқ, кейинги сўздан бошлаб ўқилса, чиройли бўлмайди. Негаки, оятдаги “رب العالمين” сўзи “ألله” лафзи жалолатига сифат (ёхуд бадал) бўлиб келмоқда. Мавсуф билан сифат ўртасини ажратиш эса, грамматик жиҳатдан хато бўлади. Шу боис, бу ўринда вақф қилингач, яна оят бошидан ўқилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Фақатгина, оят белгиси билан ажратилган ўринлар бундан мустасно. Яъни, оят белгиси билан ажратилган ўринларда тўхтаб, кейинги оятдан бошлаб ўқиш безарардир.

ал-Вақфу-л-қабиҳ (хунук, ёмон вақф)
“Қабиҳ вақф” деб шундай сўз ёки иборалар устида тўхташга айтиладики, бунда ўқиб, тўхталган жумладан мақсад тушунилмайди. Чунки, мазкур устида тиниш қилинган калима ёки ибора ўзидан кейинги калималарга лафз жиҳатидан ҳам, маъно жиҳатидан ҳам боғлиқ ва муҳтож бўлади. Суютий бундай вақфни “у шундай тинишки, унинг сабабидан мақсад тушанарсиз бўлиб қолади” дея таърифлаган. Бунинг мисоли: фотиҳа сурасининг биринчи оятида “الحمد” сўзида тўхташ. Бунда эга билан кесим ораси ажралиб қолади. Бинобарин, маъно тушунарсиз бўлиб қолади. Ёки «مالك يوم الدين» “Малики явми-д-дийн” (маъноси: “Жазо кунининг Эгаси”) оятида “مالك” да тўхташ ҳам “қабиҳ вақф” бўлади. Чунки, бунда музоф (аниқланмиш) музоф илайҳдан (аниқловчи)дан ажраб қолади. Қаратқич қаралмишдан алоҳида бўлиб қолади.
      Агар, бирон сўз устида тиниш қилинганда, маъно шунчаки тушунарсиз эмас, балки, буткул бузилиб кетса, ёхуд тескари маъно юзага келса, ақийдага хилоф мазмун пайдо бўлса, қабиҳ (хунук) вақф энди “ақбаҳ” (яъни ўта хунук, янада қабиҳроқ вақф)га айланади. Мана шундай ҳолатлар юзага келиш эҳтимоли бўлган жойларда Мусҳафларда арабча “لا” белгиси қўйилган бўлади. Бу ўша устига мазкур белги қўйилган сўзда тўхташ мумкин эмаслигини билдиради.
      Қуръон қориси Қуръони Каримдаги вақф (тиниш) ва ибтидо (бошлаб ўқиш) ўринларини билиш учун нималарга аҳамият бермоғи лозим? Бунинг учун моҳир қори аввало араб тилини яхши ўзлаштирган бўлиши лозим. Негаки, юқорида ўқиб, билганимиз каби, вақф ўринлари асосан оятдаги маъно тугалланган ёки тугалланмаганлиги жиҳатидан аҳамият касб этади. Маълумки, Мусҳафларда вақфнинг барча турларига белги қўйилмайди, балки, энг зарурий деб ҳисобланган ўринларгагина ишора қилинади. Шундай экан, ҳар қандай оят ўқувчи томонидан потенциал маънода нотўғри вақф амалга ошириш объектига айланиши мумкин. Қироат қилаётган киши ўзи сезмаган ҳолда дуч келган ўринда тўхташ қилиб, маънони чала қилиб қўйиш эҳтимоли бор. Бунда сомеълар Қуръони Карим оятларининг асл гўзаллиги, Қуръоний фасоҳат ва балоғатнинг мўъжизакор таъсиридан тўла баҳра ололмай қолишлари мумкин. Шундай экан, қорилар араб тилининг грамматик қоидаларини яхши билишлари айни муддаодир. Боз устига, бу нарса тажвидни мукаммаллаштирганликдан ҳам далолат қилади. Зеро, вақф ва ибтидо мавзулари тажвид илмида фақатгина ижмолий тарзда ёритилади холос. Мавзуни муфассалроқ ўзлаштириш эса араб тили қоидалари билан чамбарчас боғлиқ.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216441
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24556