Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Қабрдаги ва охиратдаги савол-жавобнинг қандай фарқи бор? 13.03.2017

Савол:

   Китобларда ўлгандан кейин ва қиёмат куни савол-жавоб бўлиши айтилган. Қабрдаги савол-жавобнинг қиёматдаги савол-жавобдан фарқи нима?

Булим Ижтимоий масалалар
27094
Жавоб:

   Бисмиллаҳ, валҳамдулиллаҳ. Айтганингиздек, банда ўлганидан кейин қабрда, кейин қиёмат куни савол-жавоб қилиниши ҳақида хабарлар келган. Қуйида уларнинг баъзиларини кўриб чиқиб, кейин хулоса қиламиз. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитни дафн қилиб бўлсалар, унинг тепасида туриб, “биродарингизга сабот сўранглар. Сабаби у ҳозир сўроқ қилинмоқда”, деб айтардилар” (Абу Довуд, Байҳақий ва Ибн Мунзир ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
   Ушбу ривоятда дафн қилинган банда қабрда сўроқ қилиниши, ортидан қолган биродарлари унинг ҳаққига истиғфор ва Аллоҳ уни имон калимаси билан собитқадам қилишини сўрашлари яхши экани айтилмоқда. Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:“Мўмин қабрида ўтказиб қўйилганидан сўнг унинг олдига келинади, кейин у Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад унинг Расули эканига гувоҳлик беради. Бу Аллоҳнинг “Аллоҳ имон келтирганларни устивор сўз билан собитқадам қилади” деган қавли(га мувофиқ)дир” (Бухорий ривояти).
   Бу ерда банда қабрида дини ва пайғамбари ҳақида сўралиши айтилмоқда. Бунга Сунан соҳиблари келтирган саҳиҳ санадли ривоят ҳам далил бўлади. Унда айтилишича, мўмин банда қабрга қўйилганида, икки фаришта келиб, “Раббинг ким?” деб сўрайди. У: “Раббим Аллоҳ”, деб жавоб беради. Кейин: “Дининг қайси?” деб сўрашади. У: “Диним Ислом”, деб жавоб беради. Икки фаришта: “Сизларга юборилган киши ким?” деб сўрашади. Мўмин банда: “У Расулуллоҳдир”, деб жавоб беради. Икки фаришта: “Буни қаердан биласан?” деб сўрашади. Мўмин банда: “Аллоҳнинг Китоби Қуръонни ўқиганман, у зотга имон келтириб, тасдиқлаганман”, деб жавоб беради. Бу иш Аллоҳнинг собитқадам қилиши билан бўлади. Ривоят давомида кофир кимса саволларнинг биронтасига ҳам жавоб бера олмай мушкул ҳолга тушиши айтилган. Аллоҳ таоло барчамизни дунё ва охиратда имон калимаси билан собитқадам қилсин!
   Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:“Аллоҳ имон келтирганларни дунёда ва охиратда устивор сўз билан собитқадам қилади ояти қабр азоби ҳақида нозил бўлган. Унга: “Раббинг ким?” дейилади. У: “Раббим Аллоҳ, диним Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам динидир”, дейди. Бу “Аллоҳ имон келтирганларни дунёда ва охиратда устивор сўз билан собитқадам қилади” деган қавли(га мувофиқ)дир” (Насоий ривояти).
   Мазкур ривоятда ҳам банда қабрида эътиқоди ҳақида сўроқ қилиниши айтилмоқда. Баъзи ривоятларда банда қабрда поклик билан боғлиқ масала ҳақида ҳам сўралиши айтилган. Абу Умома розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Сийдикдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки банда қабрида биринчи у ҳақида ҳисоб қилинади” (Табароний ривояти).
   Демак, банда қабрида биринчи навбатда сийдик ҳақида ҳисоб берар ва кўп ҳолларда қабр азобига кийим ва баданга сийдик тегиши сабаб бўларкан. Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинишича, у Асмоъ бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг шундай деганини эшитган экан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба қилиб, қабр фитнаси, киши унда бошидан кечирадиган нарсалар ҳақида зикр қилдилар. У зот буларни айтганларида мусулмонлар дод солиб йиғладилар” (Бухорий ривояти).
   Қабр азоби ва ундаги машаққатлар ҳақида сўз кетганида фикр-мулоҳаза юритиб, ташвишга тушмайдиган одам бўлмаса керак! Ҳишом отасидан, отаси холасидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй Аллоҳ, мен Сендан жаҳаннам фитнасидан, жаҳаннам азобидан, қабр фитнасидан, қабр азобидан, бойлик фитнасидан, камбағаллик фитнасидан ва масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман”, деб дуо қилардилар (Бухорий ривояти).
   Қуръони каримнинг кўплаб оятларида қиёмат кунидаги ҳисоб-китоб, бандаларнинг савол-жавоб қилиниши ҳақида хабар берилган. Жумладан, Мужодала сурасида Аллоҳ охиратда бандаларга улар дунёда қилган амаллари ҳақида хабар қилиши айтилган.
Аллоҳ таоло айтади: “(Ўша кофирлар азобга дучор қилинадиган) кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (ҳаёти дунёда) қилган амалларининг хабарини беради. У (амаллар)ни Аллоҳ битиб қўйди, улар эса унутиб юбордилар. Аллоҳ барча нарса устида гувоҳдир” (Мужодала, 6).
   Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ ҳар бир жонга қилган ишига яраша жазо бериши учун(мана шундай қайта тирилтиради). Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилувчидир”(Иброҳим, 51).
Аллоҳ охиратда барча бандаларини ҳисоб қилади. Ҳисоб қилганда ҳам жуда тез ҳисоб қилади. Аллоҳга бандалар қилган барча ишлари маълум.
   Аллоҳ таоло шундай деган: “Сўнгра ана ўша кунда (сизларда дунёда берилган барча)неъматлар ҳақида сўраласизлар” (Такосур, 8).
Бандалар қиёматда ҳамма неъматлар – соғлиқ, хотиржамлик, тинчлик, фаровонлик, бойлик ва шу каби барча неъматлар ҳақида сўроқ қилинадилар.
   Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:“Қиёмат куни беш нарса ҳақида сўралмагунича Одам боласининг қадами Парвардигори ҳузуридан силжий олмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида қандай ишлар қилгани, бойликни қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва билган нарсаларига қай даражада амал қилгани ҳақида (сўралади)” (Термизий, Доримий, Табароний ва Абу Яъло ривояти).
   Юқорида келтирилган далиллардан хулоса қиладиган бўлсак, қабрдаги ва охиратдаги савол-жавоб ўртасида асосан икки фарқ борлиги маълум бўлади:
1. Банда қабрда имон-эътиқоди ва поклик билан боғлиқ баъзи ишлар хусусида сўроқ қилинади. Охиратда эса дунёда қилиб ўтган барча амаллари юзасидан жавоб беради.
2. Қабрдаги савол-жавобни Мункар ва Накир номли икки фаришта қилади. Охиратдаги савол-жавоб эса Аллоҳ тарафидан қилинади. Валлоҳу аълам!

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216837
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Қабрдаги ва охиратдаги савол-жавобнинг қандай фарқи бор? 13.03.2017

Китобларда ўлгандан кейин ва қиёмат куни савол-жавоб бўлиши айтилган. Қабрдаги савол-жавобнинг қиёматдаги савол-жавобдан фарқи нима?

27094