Фиръавн ва қўшинининг ҳалокатидан сўнг Бани Исроилнинг Мусо алайҳис саломга қилган муомаласи
9.8.2015 4606

    Фиръавн қўшини билан аянчли суратда ҳалок қилингач, Мусо алайҳиссалом қавми Бани Исроилни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш, юксак хулқлар билан сифатланиш ва Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишга чақирди. Иброҳим сурасида бу даъватнинг бир кўриниши келтирилган. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳақиқатан, Биз Мусони Ўз оятларимиз билан юбориб, (унга дедик): “Қавмингни зулматлардан нурга олиб чиқ ва уларга Аллоҳнинг кунларини эслатгин! Албатта бунда ҳар бир сабр-қаноатли, шукр қилувчи киши учун оят-ибрат бордир”. Ўшанда Мусо қавмига айтди: “Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини – сизларни оғир азоб билан қийнаётган, ўғилларингизни ўлдириб, қизларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганини эсланг. Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир. Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эсланг: “Қасамки, агар сизлар шукр қилсангиз, албатта зиёда қиламан. Энди, агар куфрони (неъмат) қилсангиз, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир”. Мусо яна деди: “Агар сизлар ўзингиз ва ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ Беҳожат, ҳамду сано Эгасидир” (Иброҳим сураси, 3-8-оятлар).
     Ушбу ояти карималарни ўқиб мулоҳаза қилгач, Мусо алайҳиссалом қавмини энг олий, энг ҳикматли услуб билан ҳақ йўлга даъват қилганини билиб оламиз. Аввало у Яккаю Ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақириб, уларга Аллоҳнинг неъматларини, ўша неъматлар қаторида Аллоҳ Бани Исроилни ашаддий душманлари бўлмиш Фиръавн ва аъёнлари зулмидан озод қилганини эслатмоқда. Маълумки, аввалда Фиръавн Бани Исроил қавми бошига не кунларни солган эди. Ана ўша азобларнинг энг каттаси, эндигина дунё юзини кўрган ўғил болаларни ўлдириб, қиз чақалоқларни тирик қолдириш бўлган.
Шундан кейин Мусо алайҳиссалом уларга Аллоҳнинг оятларини, агар унга имон келтириб солиҳ амаллар қилсалар, саодатга эришишлари, куфр йўлини танласалар, гуноҳга ботсалар, бадбахтлар қаторида бўлишларини эслатди. Кейин Аллоҳ шукр қилувчи бандаларига неъматларини зиёда қилиши, берилган туҳфаларни инкор қилиб, нонкўрлик қилганлар эса аламли-шиддатли азобга гирифтор бўлиши айтилди. Оятда давомида барча кофирларнинг куфри Аллоҳга зиғирча ҳам зарар еткза олмаслиги, Аллоҳ таоло оламлардан беҳожат ва ҳамду санога энг муносиб Зот экани таъкидланди.
      Мусо алайҳиссалом шунча жидду жаҳд қилиб, таъсирчан ва ҳикматли насиҳатлар билан қавмни тўғри йўлга чорлади. Хўш, унинг қавми Бани Исроил бунга қандай муносабатда бўлди? Афсуски, қавмнинг аксарияти ҳали ҳам эски дардларидан фориғ бўлмаганди. Улар Мусо алайҳиссаломга исён қилар, унга тескари муносабатда бўлар, ибодатда Аллоҳга шерик қилишда оёқ тираб туриб олганди. Уларнинг нақадар жоҳил эканликларини Мусо алайҳиссаломдан, худди бошқа қавмларда бўлгани каби бир нечта илоҳлар қилиб беришини талаб этишларидан ҳам билиб олиш қийин эмас.
      Аллоҳ таоло айтади: “Ва Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Шунда улар бутларга сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар ва: “Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб бер”, дедилар. У айтди: “Албатта сизлар билмайдиган қавмдирсиз. Ахир уларнинг (ибодат қилиб) турган нарсалари йўқ бўлувчи, қилиб турган амаллари ботил-ку?!” (Мусо яна) деди: “Мен сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзгани сизларга худо қилиб бераманми?!” (Эй Бани Исроил,) сизларни ёмон азоб билан қийнаётган, ўғилларингизни ўлдириб, қизларингизни қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланг! Бу ишларда Парвардигорингиз томонидан улуғ имтиҳон бордир” (Аъроф сураси, 138-141-оятлар).
     Аллоҳ таоло Фиръавн ва лашкарларини ҳалок қилгач, Бани Исроил денгизнинг нариги соҳилига эсон-омон ўтиб олди ва муқаддас замин томон йўлга тушди. Аммо улар йўлда бутларга сиғинаётган қавмни кўриб қолдилар. Бу ҳолатга кўзлари тушиб, эски дардлари қўзиб қолди. Будпарастликка мойил табиатлари уларни Мусо алайҳиссаломдан мана шу қавм ибодат қилаётган илоҳлар каби бир илоҳ ясаб беришни сўрашга ундади.
     Улар бу талабни ўртага ташлаганларида Мусо алайҳиссалом қаттиқ ғазабланди ва уларни ҳақиқатни билмасликда, жоҳилликда айблаб, қилаётган ишлари аслида ботил экани, Аллоҳ уларга улуғ неъматлар бергани, бунинг эвазига эса улар Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишлари лозимлигини таъкидлади.
      Аллоҳ таолонинг “Ва Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказдик”, деган қавли Аллоҳ уларга берган улуғ неъматлари баёнидир. Ҳа, Бани Исроилнинг ашаддий душмани бўлган Фиръавн ўз қўшини билан Мусо алайҳиссалом ва у кишига эргашган кишиларни қувлаб денгизгача етиб келди. Шунда Аллоҳ таоло тарафидан Мусо алайҳиссаломга асони денгизга уриш амр қилинди. Айтилган иш бажарилгач, денгиз иккига бўлиниб, ўртада қуруқ йўл пайдо бўлди. Мусо ва издошлари эсон-омон дарёни кечиб ўтишди. Улар нариги томонга ўтиб бўлишгач, Аллоҳ уларга лутф кўрсатди: кўз ўнгларида душманларини сувга ғарқ қилди. Бу ердаги “денгиз”дан мурод “Қулзум” денгизидир. Ҳозирда у “Қизил денгиз” дейилади. “Шунда улар бутларга сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар”. Бу ерда улар денгизни кечиб ўтишгандан кейин кўрган баъзи нарсалари баён қилинмоқда. Хўш, мушрикларнинг ботил ибодатларини кўришлари уларга қандай таъсир қилди?
     Аслида улар кўрган нарсаларини тан олмасдан инкор қилишлари, ундан четроқ юриш ҳаракатида бўлишлари лозим эди. Сабаби, улар Фиръавн ва қавми бутларга ибодат қилишлари асносида минг бир азобни бошидан ўтказишган, Бани Исроил нажотига айнан ўша бутларни паст санаш сабаб бўлганди. Қолаверса, Аллоҳнинг Пайғамбари Мусо алайҳиссалом уларни Аллоҳнинг фазлига эришишлари учун Аллоҳнинг тавҳидига чақириб келарди. Лекин Бани Исроил аввалги бузуқ ақидасини ташламаганди. Чунончи, улар бутларга сиғинаётган қавмни кўришлари билан жонсиз тошларга топингилари келиб қолди. Саркаш қавм бунга шу қадар мафтун бўлганидан уларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирган Мусо алайҳиссаломнинг айнан ўзидан янги бир илоҳ – бут ясаб беришни талаб қилишди. Саркаш ва жоҳил қавм ширкка кўзлари тушиши билан Мусо алайҳиссаломга қарата:

– Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб бер, дедилар .

Улар бундай талабни ўртага ташлашларига сабаб, қалбларида имон ҳали мустаҳкам ўрнашмаган, Фиръавн қўлостидалик вақтларида бут-санамларга сиғиниш одати қон-қонларигача сингиб кетганди. Мана шу бузуқ ақида уларнинг ақлларидан устун келар, нафслари эски одатларини қумсаб турарди.
     Касаллик баданни шикастлагани каби қалбни ҳам жароҳатлайди. Бани Исроил қавми бир адашиб олмагунича ҳидоят топмас, бир пастга шўнғиб олмагунича юқорига кўтарилай демас, эски касаллик хуружини бошдан кечирмагунича тўғри йўлга юра олмасди. Бани Исроилнинг Пайғамбарлари юзига тик боқиб, “Бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб бер”, деб айтган гаплари улар нақадар одобсиз ва ақлсиз бўлганларининг далилидир. Сабаби, улар ўша мушрик қавм сингари бутларга сиғиниш учун рухсат сўраганларида ҳам жоҳилликлари бироз “енгилроқ” бўларди. Аммо улар буни юзсизларча сўрашди. Ваҳоланки, улар айнан ширкдан узоқ бўлишга даъват қилиниб келаётгандилар!
       Мусо алайҳиссалом уларнинг бу талабини эшитиб, Аллоҳ учун, дини учун қаттиқ ғазабланди ва уларни тергаш маъносида:

– Албатта сизлар билмайдиган қамдирсизлар, деди.

Яъни, эй Бани Исроил, сизларнинг бу талабингиз қалбингиз жаҳолатга тўла экани, ўша жаҳолат ақлларингизни эгаллаб олганидан дарак беради. Шу сабаб сизлар ҳидоят билан залолатни, ўз улуғлиги ва сифатларида Яккаю Ягона Аллоҳ билан тошдан ясалган бутлар ўртасидаги фарқни билмаяпсизлар! Илмдан узоқдалигингиз, жаҳолат қаърига ботиб кетганингиз сабаб шундай деяпсизлар!

Мусо алайҳиссалом уларнинг ҳолини ошкор қилгач, талаб қилаётган нарсалари ботил экани, адашган қавмга кўр-кўрона тақлид қилиш ёмон оқибатларга олиб боришини уқтирди:

– Ахир уларнинг (ибодат қилиб) турган нарсалари йўқ бўлувчи, қилиб турган амаллари ботил-ку?!

Яъни, сиз тақлид қилишни истаётган бу қавмнинг эътиқоди, бут-санамларга топиниши йўқ бўлишга маҳкумдир. Сабаби, бу диёрларда Аллоҳнинг дини – тавҳид эътиқоди ғолиб келади ва Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинади. Бу билан Мусо алайҳиссалом қавмнинг аянчли ҳолини очиб ташлади ва Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш ҳалокатга сабаб эканини таъсирли услабда тушунтирди.
Шундан кейин Ёлғиз Аллоҳ ибодат қилинишга ҳақли эканини, Унга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмаслиги таъкидланди:

– Мен сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзгани сизларга худо қилиб бераманми?!

Мусо алайҳиссалом Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишни тақозо этадиган неъматларни эслата туриб:

– Мен сизларга Аллоҳдан ўзга илоҳ қилиб бераманми, ўша бутларга топинишга сизларни мажбурлайманми?! Ваҳоланки, сизларни ўз даврингизда бутун оламлардан афзал қилиб қўйган-ку Аллоҳ! Шу сабаб У Зотга ихлос билан ибодат қилишингиз вожибдир, – деди.

     Оятнинг давомида Аллоҳ таоло Бани Исроилни азобу уқубатдан, хорликдан қутқаргани эслатилади: “(Эй Бани Исроил,) сизларни ёмон азоб билан қийнаётган, ўғилларингизни ўлдириб, қизларингизни қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланг! Бу ишларда Парвардигорингиз томонидан улуғ имтиҳон бордир”. Яъни, эй Бани Исроил, ибрат олишингиз, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишингиз учун сизларни Фиръавннинг қаттиқ азобидан қутқарганимизни эсланг. Улар ўғил болаларингизни ўлдирар, хизмат қилдириш ва хорлар учун қизларингизни тирик қолдирардилар. Мана шунда сизлар учун имтиҳон бордир.
    Мазкур жумлалар билан Бани Исроил талаб қилган нарса энг ҳикматли ва балоғатли услубда рад этилмоқда. Бу ерда қавм фикр-мулоҳаза юритишдан йироқ, жаҳолат қаърига ботиб кетган, ўзларини ҳам, Аллоҳни ҳам танимайдиган кимсалар сифатида таърифланмоқда. Зеро, уларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирган пайғамбар юзига тик боқиб, “Эй Мусо, бизларга ҳам мана шу қавмникига ўхшаш илоҳлар қилиб бер”, деб қилган талаблари шундан дарак беради.

 

Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “Пайғамбарлар тарихи” китобидан

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 68160
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9901