Анъом сурасида борлиққа оид ҳақиқатлар
1.3.2017 4297

     Қуръони Каримда кавний (борлиққа, оламга оид) ҳақиқатлар кетма-кет келади. Бир кавний мўъжиза ортидан бошқаси зикр қилинади. Мазкур мўъжизалар бизга борлиқ, мавжудотларнинг яратилишидаги эъжозни, Холиқ таъолонинг осмонлар ва ернинг сир-асрорлари ҳақидаги берган хабарларининг аниқлигини кўрсатади.
       Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади:


قُلْ سِيرُوا فِي الْأَرْضِ ثُمَّ انْظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُكَذِّبِينَ

 


      “Айтинг: “Ерни сайр қилиб (айланиб) чиқингиз. Сўнгра (пайғамбарни) ёлғончига чиқарганларнинг (охир)оқибати не бўлганини кўрингиз!” (Анъом сураси, 11-оят)

 

       Ушбу оят нозил бўлганда, биз унинг маъносини “Ернинг турли жойларида сайр қилиш” тарзида тушунганмиз. “Ернинг устида, сатҳида сайр қилиш” деб тушунмаганмиз.
Аллоҳ таоло юқоридаги оятда سِيرُوا فِي الْأَرْضِ деган. Маълумки, араб тилида فِي ҳарфи “ичида” маъносини билдиради. Демак, юқоридаги оятда “Ернинг ичида сайр қилинглар” дейилмоқда. Баъзилар “Биз Ернинг устида юрамиз” деб ўйлашади.
      Нега оятда سِيرُوا علي الْأَرْضِ  яъни, “Ернинг устида сайр қилинглар” дейилмади? Зеро,  علي ҳарфи “устида”, “тепасида” каби маъноларни билдиради. Кейин илмий ҳақиқат маълум бўлдики, чиндан ҳам биз Ернинг ичида сайр қилар эканмиз, устида эмас. Чунки, Ернинг атрофи ҳаво қобиғи (атмосфера) билан ўралган. У эса, Ернинг бир бўлагидир. Барчамизга маълумки, ҳаво қобиғи Ерда яшаш учун энг зарур омиллардан биридир (яъни ҳаво қобиғи Ерни Қуёшдан келадиган турли зарарли нурлардан, кучли радиациялардан, астероид, метеорит каби космик жисмлардан Аллоҳнинг изни билан сақлаб туради. Бундан ташқари атмосферанинг 78 фоизи азотдан, 21 фоизи кислороддан ташкил топган бўлиб, инсон ва бошқа жонзотларнинг нафас олиши учун хизмат қилади – таржимон).
      Биз, то ўша ҳаво қобиғидан ҳам ташқарига чиқмагунимизча Ердан ташқарига чиқмаган ҳисобланамиз. Турли баландликларда парвоз қиладиган самолётлар ҳам Ернинг ичида учади, ташқарисида эмас. Лекин Ернинг ташқарисига чиқадиган нарсалар мазкур атмосферадан ташқарига чиқадиган космик кемалардир.
      Сиз мазкур ҳаво қобиғидан ошиб ўтиб, Ернинг ташқарисига чиқмагунингизча Ернинг умумий суратини кўролмайсиз. Мисол учун, бир бинонинг шаклини билмоқчи бўлсангиз, ўша бинодан ташқарига чиқишингиз керак. Агар сиз ўша бинонинг ичида бўлсангиз (бинонинг қайси бурчагида бўлишингиздан қатъи назар), бинонинг умумий шаклини кўролмайсиз. Шундай қилиб сиз Ернинг устида, ташқарисида бўлишингиз учун ўша ҳаво қобиғидан ошиб ўтишингиз керак бўлади. Чунки, Ер шари ва уни ўраб турган атмосфера бир-бирига ёпишган нарсадир.
      Биз чиндан ҳам Ернинг сатҳида, лекин Ернинг ичида юрамиз. Яъни Ер сатҳи билан ҳаво қобиғининг орасида юрамиз. Остимизда Ер сатҳи, тепамизда эса, Ернинг бир қисми бўлган ҳаво қобиғидир. Шундай қилиб, юқоридаги оятда Қуръони Каримнинг инсоннинг Ер юзида ҳаракат қилишини васф қилишдаги таъбирининг аниқлигини кўрамиз.


Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг “Аллоҳнинг борлигига моддий далиллар” номли китобидан таржима қилинди


Муҳиббуллоҳ Худойбердиев,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тўрақўрғон туманидаги вакили, Тўрақўрғон тумани “Қўчқор ота” жомеъ масжиди имом хатиби

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 69589
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

10257