Аввало гуноҳни тарк этиш керак!
Ориф одам одамларни дунёни тарк этишга буюрмайди. Чунки, улар дунёни тарк этишга қодир эмаслар. Лекин ориф киши одамларни дунёдор ҳолларида ҳам гуноҳларни тарк этишга буюрадиган кишидир. Дунёни тарк этиш фазилат бўлса, гуноҳларни тарк этиш фарийзатдир (заруратдир). Қандай қилиб фарийзат қолиб фазилатга буюради?!
Агар гуноҳларни тарк этиш ҳам одамларга қийин бўлса, у ҳолда уларга Аллоҳнинг неъматларини, инъомларини, эҳсонларини, комил сифатларини, гўзал исмларини эслатади! Чунки, қалблар Аллоҳни яхши кўрадиган қилиб яратилган. Агар қалбга Унинг муҳаббати ўрнашса, ўша қалб соҳибига гуноҳларни тарк этиш, гуноҳларда давом этмаслик осон бўлади. Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ: “Оқилнинг дунёни талаб қилиши жоҳилнинг уни тарк этишидан яхшироқдир” деган эканлар.
Ориф одам кишиларни дунёлари орқали Аллоҳга чақиради. Шунда бу чақириққа жавоб бериш уларга осон бўлади.Зоҳид эса одамларни дунёни тарк этиш орқали Аллоҳга чақиради. Бу чақириққа ижобат этиш эса одамларга қийин бўлади.
Нозимжон Ҳошимжон