БАХТ ОҒУШИДАГИ ОДАМ
13.7.2015 6280

“ЭЪТИҚОД – ҚАЛБ ГАВҲАРИ” мақолалар танловининг “Кексаларни эъзозлаш - инсоний бурчимиз” йўналишига

 

Ўз ижоди билан неча асрлардан буён дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётган улуғ Навоий бобомиз шундай дейди: “Эй Навоий, умр шамолдек ўтади, шамолга эса, ҳар қанча югуриб ҳам етиб бўлмайди. Шундай экан, вақтингни хуш ўтказ”. Вақт ҳақида, ундан унумли фойдаланиб, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш кераклиги ҳақида кўплаб ажодларимиз бир - биридан таъсирли сўзларни ёзиб қолдиришган. Аслида ҳам, вақт бу бебаҳо неъматдир.

 

Ҳаётда шундай онлар бўладики, бу лаҳзаларни дунёнинг ҳеч бир бойлигига ўлчаб ҳам, менгзаб ҳам бўлмайди. Мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт, ён-атрофингда эса, сен севган ва сени суйган инсонлар. Аслида манашу эмасми, ҳаётнинг энг бебаҳо ва қадрли онлари.  Улар билан умрнинг қанчалар мазмунга тўлиқ эканлигини кимдир англаса, яна кимдир бу туйғудан маҳрум...

 

Ҳаётининг бебаҳо онларини ўз яқинлари қувончи учун сарф қилаётган инсонларни кўрганда,.юрагимизда уларга нисбатан ҳурмат ҳисси уйғонади. Кексаларимиз орасида бундай донишманд инсонларнинг кўплиги эса, биз учун ҳамиша ибратдир. “Матбуотчилар уйи”дан чиқиб, метрога тушиш мақсадида мустақиллик майдони томон йўл олдим. Ёз фасли эмасми, кун қайнаб ётибди. Аммо, шаҳримиз кўркига кўрк бағишлаб турган фонтанлар, кўзни қувнатиб, дилга роҳат берадиган чиройли гуллар иссиқ тафтини қайтариб, қалбга осойишталик бағишлайди. Икки қиз ва бир ўғил неварасини етаклаб, мустақиллик майдони атрофини айланиб юрган, чамамда 60 ёшлар нари-берисида бўлган отахонга кўзим тушгач, метро томон кетаётганим ҳам ёдимдан чиқди. Хаёлимга: “кел, шу отахондан икки оғиз интервью олиб, уларни суратга тушириб қўяй, жуда фариштали инсон экан”, деган фикр ўтди-ю, уни тезда амалга оширишга тушдим.  

 

Ассалому алайкум, отахон. Яхши ҳордиқ чиқараяпсизларми?

 

Раҳмат, қизим. Невараларимни ёзги таътил баҳонасида бир Тошкентни айлантирай, деб ният қилгандим. Қашқадарёдан келдим.

 

Қашқадарёдан келдингизми? Қандай яхши. Демак, невараларим баҳона ўзим ҳам Тошкентни айланай, дебсиз-да. Момомни ҳам олиб чиқмадингизми? Ҳаммаларингизни суратга олиб қўярдим...

 

Раҳмат, она қизим, журналист қизни кўришимни билганимда, албатта, олиб чиққан бўлардим..

 

Майли, ҳечқиси йўқ, кейинги сафар албатта олиб чиқасиз. Ҳозир эса, сизларни суратга оламан.

 

Энди, отахон мени саволга тутди..

 

Қайси газетада ишлайсан, қизим?

 

Ўзим “Маданият ва маърифат” телеканалида ишлайман. Газеталарга мақола ва фотосуратлар бериб тураман.

 

Э, шундайми, жуда яхши. Ўзим ҳам 40 йилдан ошиқ ўқитувчилик қилдим. Республика нашрларини мунтазам кузатиб бораман.

 

Ҳали ўқитувчиман денг... Бир суҳбатингизни ҳам оларканман, унда...

 

Мен Мирза Норматов, 1948 йили  Деҳқонобод туманида туғилганман. 1965 йили туманимиздаги 4-сон  умумтаълим мактабини битирдим. Шундан кейин икки йил чўпонлик қилдим. Бизнинг давримизда ёшлар ҳаётни кўрсин, деб шундай қилинарди. Ўқитувчилик касбига меҳрим кучли бўлгани учун 1967-72 йилларда Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини аъло баҳоларга битирдим.

 

Дипломни олиб 1972-1979 йиллар мобайнида ўзим  ўқиган мактабда тил-адабиётдан дарс бердим. 1979-1992 йиллари шу мактабда илмий бўлим мудири, 1992 йилдан 1996 йилгача эса, Нишон туманидаги 21 - ўрта мактабда оддий ўқитувчи бўлиб ишладим. 1996 - 2000 йиллари шу даргоҳда, 2000 - 2003 йилларда эса, Қарши давлат университети қошидаги лицей интернатида раҳбарлик лавозимида фаолият олиб бордим.

 

2003 йилдан 2006гача Қарши давлат университетида Кадрлар бўлими бошлиғи, 2006дан 2010гача университетининг махсус сиртқи бўлимида ўқув - услубий маркази бошлиғи сифатида иш олиб бордим. 2012 йилдан буёғига нафақада, қарилик гаштини суриб юрибман.

 

Ўз касбидан бахт топган инсон экансиз. Сизга ҳавасим келаяпти. “Меҳнатнинг таги роҳат” деб шунга айтишса, керак-да. Мана бугун, невараларни олиб чиқиб, зап яхши иш қилибсиз. Уларнинг қувончини кўриб, мен ҳам яйраб кетаяпман.

 

Нимасини, айтасиз, қизим, дунёда боланинг қувончига шерик бўлишдек улуғ иш бўлмаса керак. Ўғилларим пойтахтда яшагани учун тез - тез келиб тураман. Ҳозир нафақадаман. Бўш вақтим етарли. Фурсат бўлди, дегунча айланишга чиқамиз. Бугун Тошкентнинг энг асосий, тарихий, чиройли жойларини  кўрсатдим уларга.

 

Кексаларнинг эъзозлаш керак, деяпмиз. Улар учун кўпроқ нима керк аслида?

 

“Кексаларни эъзозлаш йили”да президентимиз жуда катта ишлар қилаяпти. Уларнинг қадрини, қимматини жойига қўйди, раҳмат. Бундан кейин ҳамма жойда кексаларни иззат-ҳурмат қилаяпти. Айниқса, Тошкент транспортларида юриб кўриб битта нарсага ҳайрон қолдим: ёшларнинг маънавияти ниҳоятда юксалибди. Автобусга чиқишингиз билан “келинг, дода, ўтиринг” деб жой бўшатиб берганига қойил қолдим. Маънавиятли ёшларга раҳмат. Уларга таълим тарбия берган ота-оналарга, устозларга минг раҳмат.

 

Инсоннинг бахтли бўлиши учун нима керак, кўпроқ?

 

Инсоннинг бахтли бўлиши учун мана шунақа, осойишта, тинч жамият керак. Энг муҳими, мана шу. Тинчлик бўлса, ҳаётингда бир қайғули нарса бўлмаса, фақат ишлаш керак, яшаш керак, яратиш керак. Ишласин, топсин, юрсин, дам олсин. Мана шундай фаровон давлатни шакллантириб қўйгани учун  давлатимиздан миннатдорман.

 

Яхшилик шундай фазилатки, унинг чаманида фақат гуллар очилади. Баъзан ўз кўзларинг билан кўролмаётган яхшиликни, янгиланишларни ўзгалар нигоҳи билан кўриш, ҳайратланиш ҳам мардликдир. Қишлоқ одамларининг самимий фикрлари, оқни оқ, қорани қора дейишлари, юртимизда бўлаётган ўзгаришлардан юракдан қувониши инсоннинг қалб кўзларини каттароқ очишга ундайди. Мен ҳам умрини мураббийликка бағишлаган Мирза бобонинг юртимиз, пойтахтимиз ҳақида тўлқинланиб гапираётган гапларини тинглаб туриб, хурсанд бўлардим. Ҳа, тинчлигимиз таъминланган мана шундай бағрикенг диёр фарзанди эканлигингдан ҳар қанча фахрлансанг, қувонсанг арзийди. Йўлимда тасодифан учраган бу зиёли  инсон билан суҳбатлашиб ўтказган ҳар бир дақиқам мендан  рози эди, назаримда..

 

Ҳали ёш кўринасиз - у, нафақадаман, дейсиз. Неча ёшга кирдингиз, ўзи?

 

68 ёшдаман, қизим.

 

Ўҳҳў, 68 ёш чакана ёш эмас. Менимча, шу кунларга етгунча, ҳаётнинг аччиқ-чучугини, оғир-енгилини керагича кўргансиз. Ўз умрингиздан, ҳаётингиздан розимисиз?

 

Энди, ўз ҳаётимдан, яшаб ўтган умримдан розиман. Худога шукур, ҳеч нарсага зор бўлган эмасман. Оддий ўқитувчиликдан ризқимни топдим. Халқ орасида иззатимни, ҳурматимни, обрўйимни топдим. Мана шу ризқ билан 11 фарзандни ўқитиб, тарбиялаб, вояга етказдим. Худога шукур, ҳаммаси уйли, жойли, маълумотли бўлган.

 

11 нафар фарзанд..  Жуда бадавлат экансиз-ку, отахон. Неваралардан нечта?...

 

Невараларимни, тўғриси, ҳисоблаганим йўқ. 40 дан зиёд бўлса керак..

 

Ҳеч ўйлаб кўргансизми, ҳаётдан қийинчиликсиз бирон нарсага эришиб бўладими?

 

Мутлақо. Ҳамма нарсанинг тагида фақат меҳнат ётади. Яна айтаман: меҳнат, меҳнат, меҳнат. Қайси соҳада ишлашингиздан қатъи назар. Ўқитувчи бўлиб ишлайсизми, тиббиёт ходимими, қишлоқ хўжалиги ходимими, олим бўласизми, ҳаммасининг замирида машаққатли, ҳалол меҳнат бор. Ғирром меҳнат эмас, ҳалол меҳнат бор. Ана шундай ҳалол меҳнат қилган инсон ўзининг бахтини, фаровонлигини, бекаму-кўст турмушини топа олади ва бахтга эриша олади, ҳаётда. Мен шундай ўйлайман. Меҳнатсиз роҳат йўқ.

 

Касбингиздан ҳеч афсусланмадингизми?

 

Ўқитувчилик касбини танлаганимдан ҳеч афсусланган эмасман. Касбни ҳар ким ҳар хил бажаради. Биров виждонан бажарса, кимдир хўжакўрсинга бажаради. Болаларни ташлаб кетиб, ҳозир келаман, деб, қўнғироқ чалинганда келиб дарс ўтадиган домлалар ҳам, ўқитувчилар ҳам йўқ эмас...

 

Бизлар ҳаётимизда бунақа “халтура” дарс ўтган эмасмиз. Ҳатто, бир вақтлар ўқишни битириб, мактабга ишлагани борган вақтимда ўқитувчилар жуда оз бўлиб, мактаб директори тил-адабиёт ўқитувчиси эди. Ҳамма дарс менга қолди. Шунда 30 соат дарс беришганди. Тил-адабиёт дарси биласиз, кўп гапиришни, кўп ёзишни талаб этади. Жағларим толиб қолар эди. 50 йилга яқин вақт ичида ўқитувчилик қилган бўлсам, бирор кун юзаки дарс ўтмадим. Виждонимга тўғри келмаган. Шунинг учун шогирдларим орасида иззат-ҳурматим жуда яхши. Бир шогирдим олий ўқув юртига ҳужжат топширди. Уч йил ҳам иншодан тўрт олган экан. “Раҳмат, домла. Мени тўғри тарбиялаб, тўғри ўқитган экансиз”, деди. Бунақа раҳматлар кўп бўлди. Шунинг учун шу касбни танлаганимдан фахрланаман.

 

Очиғи, сиздай зиёли инсонлар билан суҳбатлашиб, ҳаёт тажрибаларингизни эшитиб, қоғозга тушириб, матбуот орқали уни бошқаларга ҳам “илинганимда” журналист касбини танлаганимдан фахрланиб кетаман. Сиздай инсонлар билан суҳбатлашиш, дунёнинг ярим бойлигига эга бўлишдек, гап - да!

 

Раҳмат, қизим. Турмуш қиганмисан, йўқма”.

 

Йўқ, ҳали..

 

Ке, унда, бир дуо берай:

 

Аввали худо, кейин пирларинг, азиз - авлиёларинг, хили-ҳиштинг, етти пуштинг арвоҳлари доим қўллаб юрсин. Қуръон қўлдошинг бўлсин, алҳам йўлдошинг бўлсин, авлиёларинг ёр бўлсин, пирларинг мададкор бўлсин, Аллоҳнинг ўзи ҳамиша бошингда соябон бўлиб, бало - қазодан, офат - кулфатдан сақлаб юрсин. Илоҳим, бахтингни очсин. Ниятингда, кўнглингда нимаики яхши ниятларинг бўлса, шунинг ҳаммаси амалга ошиб, келажакда энг бахтли оила соҳибаси, энг чиройли фарзандларнинг онаси бўлиб, ҳаёт кечиргин. Улуғ айём кунларида ниятларимиз ижобат бўлсин, илоҳим. Омин.    

 

                                                                 Назира БОЙМУРОДОВА,

                                                                 Журналист ва фоторассом

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216397
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553