БИДЪАТ ОДАТЛАР
13.10.2015 9899

   Бошга бир синов келганида, иши юришмаганида, беморлик, тушкунликка тушгаинда кўпчилик берадиган маслаҳат шундай бўлади: “Фолбинга боринг, бирортаси амал қилиб қўйган бўлмасин”. Фолбин ҳам кутилган гапни айтади: “Амал қилишибди” ёки “Фотиҳа олишингиз керак”. Бунинг учун ҳафталик овқатларни қилиб юборишни тавсия этади. Бундай бидъатлар исрофгарчиликка олиб келиб, энг ёмони Аллоҳ асрасин, ширкка олиб келади.
    Ҳафталик овқатлар борасида, ҳар бир куннинг махсус овқати бор: Душанба куни эр-шерларга атаб, норин; сешанба куни – қиймали мошкичири; чоршанба куни – чучвара (тугун оши), чучварани қозонга солишдан аввал ниятлари айтилиб, учта чучваранинг тугуни ечилади; Пайшанба куни – қирқ битта нўхат солиниб ош, ҳолвайтар; жума куни – қайсар париларга атаб қайла; шанба куни – шавла билан сомса қилинади; якшанба куни – дастурхонга тўққиз хил нарса қўйилади: мева, қанд, юпқа, чалпак, нон, шунингдек, калла-пойча солинади, чўзма, ҳолвайтар пиширилади.
    Фолбинлар инсонни бошига тушадиган ҳар қандай синовларни кетказишни таомга, егуликка боғлиқ деб билишади ва буни ҳузурига келганларга уқтиришади. Аслида, билиш лозимки, ҳар бир мусибат, ҳорғинлик, беморлик Аллоҳ таолонинг изни билан бўлади. Аллоҳ таоло бандасига муҳаббат қилгани учун ҳам синов беради. Ёлғиз Ўзидангина мадад сўралади.
   Ҳижрий йил муҳаррам ойидан бошланади. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни деб аталади. Ашуро дегани “ўнинчи кун” деганидир. Аммо айримлар айнан муҳаррам ойини “ашир ойи” ёки “ширгуруч тарқатиладиган ой” деб нотўғри эътиқод қилишади. Таом қилиб қўни-қўшниларга тарқатиш, албатта, яхши одат, қўшничилик ҳаққи ҳам. Аммо муҳаррам ойини айнан ширгуруч қилинишига сабаб қилиниши хато тушунчадир. Бундан ташқари, олдинги вақтларда арафа кунлари савоб олиш мақсадида муҳтож кимсаларга, қўшниларга таом тарқатилган. Ҳозирги вақтда арафа куни ош тарқатилганда, ҳамма хонадонда ош қилингани боис, таомларни исроф бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда. Агар қўни-қўшнилар орасида муҳтожлар бўлса, биргина арафа куни эмас, бошқа кунлари ҳам қўшничилик ҳаққи учун таом берилса, савоби улуғ бўлади.
   Таъзия маросимларида қилинадиган ҳолвайтар ҳам “маййит чиққан жойда ис чиқариш” маъносида қилинадиган таомдир. Ҳолвайтар “пайшанбалик”, “якшанбалик” ва бошқа маросимларда ҳам қилинади. Бу таомнинг асл моҳияти эса қуйидагича:

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:

“У киши ўз аҳлларидан бирон киши вафот этадиган бўлса, шу сабабли аёллар тўпланиб тарқагандан сўнг, фақат аҳллари ва хос кишилар қолганда бир декча талбийна қилишга амр этарди. Сўнгра уни нонли шўрва устига қуйиларди. Кейин у киши:

“Эй аёллар, шуни еб олинглар. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг, талбийна беморнинг юрагини қувватли қилувчидир ва баъзи маҳзунликни кетказади, деганларини эшитганман”, дер эди (Имом Бухорий, Муслим ривояти).

“Талбийна“ – ун, сут ва асалдан пишириб тайёрланадиган таом.

    Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тавсия қилган, юракни қувватлаб, хафаликни кетказадиган “талбийна” таоми ҳақида сўз кетмоқда. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганлари учун ўзлари иштирок этган таъзияларда мусибатзада аёлларга ўша таомни егизар эканлар.
    Ҳозирги вақтда “ис чиқариш”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, ўтганларни “йўқлаш” мақсадида пишириладиган ҳолвайтар таркиби ва тайёрланиши жиҳатидан талбийнага ўхшайди. Кейинчалик сут ўрнига ёғ, асал ўрнига шакар ишлатилган. Ҳолвайтар ҳам ун, ёғ ва шакардан қилинади.
   Мусибатхонада маййит чиқарилмасдан олдин, “Бурнига ис кирсин учун” деб ҳолвайтар қилинади. Ниятни ўзгартириб, масалан, “Одамларга қувват бўлади”, деб қилинган ҳар қандай таом тириклар учун фойдали. Ҳолвайтар ҳам танага қувват бағишлайди.

Халқимиз орасида егуликларга оид турли бидъат тушунчалар борки, буларни эшитиб, асл моҳияти нима эканлигига ҳайрон қоласиз.

Шафтолини иккига бўлиб еб бўлмайди.

Шомдан кейин оқлик: сут, қатиқ берилса, сигирнинг сути камаяди.

Дастурхонга тоқ нон қўйилмайди, тоқ нарсалар аза бўлган хонадонда қўйилади.

Пиёладаги чой устига чой қуйилса, эри ёки хотини ташлаб кетади.

Қалампирни қўлга берса, уруш бўлади.

Биров тишлаган нарсани еса, бошқа одамнинг насибасини еган бўлади.

Чой устидаги пуфакчаларни суриш бойлик келтиради деб ишонилади.

Ҳомиладор аёлларни тўлғоқ тутганда мошни қайнатса, тўлғоқ дарди енгиллашади деб ирим қилинади.

Қозонни тагини ялаган ёки қирмочини еган қизнинг тўйида ёмғир ёғади.

Марҳумнинг қирқи чиққунча таъзия бўлган хонадон эгалари тухум емайди.

Таъзия бўлган хонадонга лағмон ёки угра қилиб чиқилмайди, мусибат чўзилиб кетади.

Чой ичидаги шамаларнинг туриши меҳмон келишидан дарак беради.

Қаҳванинг юқи бировнинг тақдиридан дарак беради.

Ноннинг ўртасини еса, шаҳарнинг ўртасига келин бўлади ёки куёв бўлади.

     Шунга ўхшаш иримлар халқимиз орасида ҳанузгача учраб туради. Ҳар бир нарса Яратганнинг изни билан бўлади. Ҳаётимизда учраб турадиган турли синовларда фақатгини Аллоҳдан мадад сўрашимиз, Қуръон оятларига, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларига оғишмай амал қилишимиз лозим бўлади. Аллоҳ барчамизни фақат ўзининг йўлида бўлиш бахтига мушарраф этсин.

 

Мунира АБУБАКИРОВА, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216403
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553