Бир умрлик сабоқ
Эсимда, ота-онам турмушга узатаётиб, онам четга тортиб кўп насиҳатлар қилган эдилар. Тўй хурсандчилиги, янги оилага кўникиб кетиш ташвиши билан бўлибми, баъзи айтган гапларини яхши англаб олмаган эканман. Узоқ кутилган тўй ҳам ўтди, ташвишлар унутилди. “Янги оила”м энди мен кўниккан, талпинадиган масканга айланди. Бор куч-ғайратим, шижоатим ва меҳримни мана шу оилам учун бағишлардим. Эрта туриб, ҳамма ерни сарамжон-саришта қилар, овқатланиш вақтида дастурхонни меҳмон кутадиган ҳолатга келтириб қўяр эдим. Қайнонамнинг севимли келини, умр йўлдошимнинг садоқатли рафиқасига айланиб борар эдим. Ёши катталарнинг дуосини олишим, умр йўлдошимни ҳам хушнуд қилар эди. Аллоҳ таоло кетма-кет фарзандлар ато этди. Фарзандларимни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишга ҳаракат қилар эдим. Табиийки, болалар ташвиши билан баъзан ўзимга, уй ишларига қарашга вақтим етмай қолар, гоҳида вақт топилса, чарчоқ устунлик қилиб қолар эди. Буни устига ёш келинлик даврим ўтиб, оиланинг катта бир аъзосига айланган эдим.
Кунлардан бир кун хўжайиним қўл телефонимга қўнғироқ қидилар:
- Лаббай?
- Онаси, тузукмисизлар?
- Раҳмат, шукр. Тинчликми, дадаси?
- Ҳа, тинчлик... Шу десанг, бугун уйга меҳмонлар келадиган...
- Тушундим. Нима тайёрлай? Нозик меҳмонлар шекилли?
- Фарсатигга балли! Жуда нозик меҳмонлар... Ҳалиги... Ҳовли-жойларга қара, уйларни тозалаб қўй. Меҳмонхона ҳам рисоладагидек бўлсин, ўйинчоқлар, кийимлар сочилиб ётмасин-а?!
- Ҳўп бўлади, тушундим. Кўнглингиз тўқ бўлсин. Унақада мен тезроқ ҳаракатимни бошлай.
- Яхши, кечки овқатга бирор ўзингга қулай бўлган тансиқ таом пиширсанг. Хуллас, дастурхонни дид билан безат, хўпми? Биз эса кечки пайт борамиз.
- Хўп бўлади, яхши келинглар!
Ана энди меҳмон хабарини эшитгач, уни уёққа, буни буёққа ташиб, болалар ёйган кийимлар ва ўйинчоқлар тартиблай бошладим. Пешинггача меҳмонхона, ҳовли-жой ва кўчаларни янги келин тозалагандай меҳр билан сарамжонладим. Сўнг ошхонага отилдиму, хамир қориб манти пиширишга уннаб кетдим. Мантиларни тугиб, пиширишга қўйдиму, унинг ёнига енгилгина ширинлик тайёрлай бошладим. Сўнг, янги сабзавотлардан салат ҳам тайёр бўлди. Орада қачондан бери меҳмонхонага бормай қўйган биллур идишларга пист-бодомларни, ширинлик-магизларни солиб дастурхонни безата бошладим. Дастурхон солишда сарпога қўйилган, фақат “ҳурматли” меҳмонлар учун ёзиладиганини танладим. Хуллас, соат тўрт-бешларга овқат ҳам, ҳовли-жой ҳам тахт бўлди. Енгилгина сув сепгач, ошхонада ёғ хидига чўмилган киймимни алмаштирдиму, хўжайиним йўлларига кўз тика бошладим. Кўчадан машина овози эшитилди. Аввало болаларим югуриб киришди. Кейин хўжайиним ҳам кириб кела бошладилар. Саломлашдик. Секингина кўча тарфга мўраладим. Ҳеч ким кўринмасди. Ҳайрон бўлиб сўрадим:
- Дадаси, ёлғиз келдингизми..?
- Йўқ, мана болалар билан келдим.
- Меҳмонимиз...
- Ҳа, меҳмонми? У йўлда, ҳамма нарса тахтми?
- Албатта, мана кўринг!
- Вой бўў! Шу бизнинг уйимизми? Танимай қолдим...
- Шунақа, биласизку, бир ишга киришсам, ҳамма ерни боғга айлантириб юбораман-а!
- Қани бўлмаса уйга кирайлик. Меҳмон учун ҳозирлик кўрамиз.
Болалар билан меҳмонхонага ўтиб, кам-кўстларга қараб чиқдик. Бироздан сўнг хўжайиним кийимларини алмаштириб меҳмонхонага кириб, эрталабдан бери дид билан безатилган дастурхонни томоша қилиб турдиларда, алқаб қўйдилар. Болаларни ҳам чақириб, чой ичишга таклиф қилдилар.
- Ҳай, ҳай! Болажонларим, бу нимаси? Кўрмаяпсизми? Бугун уйда меҳмон бор. Дастурхонга қўл чўзманг, ҳамма нарса ошхонда етарли. Қани кетдик. Бугун дадангизни меҳмонлари билан холи қўямиз.
- Онаси, қўявер, болаларни урушма. Олинглар ширинтойларим. Қани онаси чой дамла.
- Ие, меҳмон келсин ахир.
- Меҳмон билан гаплашдим. Маҳалламизга яқин қолибди, дамлайвер.
Битта кўк, битта қора чойни “меҳмон чойнак”ка дамладим. Қарасам, болалар ҳам дадаларига қўшилиб, дастурхондан уни буни ейишга киришиб кетишибди. Яна танбеҳ бердим. Хўжайиним хотиржам оҳангда мантиларни сузишимни буюурдилар. Яна жаҳлим чиқа бошлади.
-Дадаси, бу нимаси? Мантилар меҳмон келгунча совиб қоладику!
- Совимайди, сузавер. Мана эшикдан кириб келади ҳозир. Болалардан ҳижолат қилма. Биз билан ўтираверишади. Тезлик билан манти юзига оқ “упа суриб”, лаганларга суздим. Хўжайиним ва болалар анчадан бери манти соғинишган эканми, қарсак чалиб юборишди. Энди тезлик билан хонани тарк этмоқчи бўлиб турсам, хўжайиним кулиб:
- Ҳай онаси, қаерга кетяпсан?! Кел биз билан ўтирмайсанми?
- Нималар деяпсиз, эркаклар биланми?
- Эркаклар ўзингнинг умр йўлдошинг ва икки ўғлингку!
- Чунмай қолдим...
- Нимага тушунмаяпсан? Меҳмон мен ва болаларимизку! Биз сени ҳар куни ишдан, ўқишдан келганимизда худди шундай назокат билан, дид билан, меҳр билан ҳамда орасталик билан кутиб олишингни хоҳлаймиз!
-Мен... Мен... йиғлаб юбордим. Уятдан ерга кирай дедим.
- Қўй онаси, йиғламагин. Мантилар совиб қолса, иситиб бўлмайди. Қани дастурхонга яқинроқ кел... Мана бу ширинликни қойиллатибсан! Яхшиям бахтимизга борсан!
Шу-шу оилам келишини байрамдек кутиб оладиган бўлдим.Умр йўлдошимнинг бундай тарбиялари бир умрлик сабоқ бўлди.
Мирахмадова Нодира
Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти услубий бирлашма раиси