БУЗҒУНЧИ КУЧЛАРНИНГ ДАЪВОЛАРИ: ЎТМИШ ВА БУГУН ЁХУД ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТОМОНИ
17.8.2019 2633

(ҳар бир қисмни алоҳида-алоҳида қилиб бериш керак)

1 Раддия

Бугунги кунда фитналар янада хавфли ва хатарли кўринишга эга бўлди. Эндиликда у нафақат одамларни тўғри йўлдан адаштирувчиларга, балки, уларни кофирга чиқараётган, мусулмонлар истимоқат қилаётган мамлакатларни куфр диёри деб атаётган, мусулмонман деган кишиларни қатл этаётган турли бузғунчи оқимлар фаолиятига нисбатан қўлланилмоқда.

Нуайм бин Ҳаммод Марвазий “Китаб ал-фитан” асарида Ҳузайфа ибн Ямон ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а)дан ривоят қилади: “Фитна шундай нарса-ки, келганда ўз моҳиятини одамларга ноаниқ қилиб келади. Фақат кетгандагина ўзининг асл башарасини очиб кетади. Одамлар: “У ҳолда унинг келиши ва кетиши қандоқ бўлади?” деб сўрашди. Ҳузайфа: “Келиши – қиличнинг яланғочланиши, кетиши – қиличнинг қинга солинишидир”, деди (Абу Абдуллоҳ Нуайм бин Ҳаммод Марвазий. Китаб ал-фитан. Мактабату ат-Тавҳид. – Қоҳира. – Б. 257).

Мусулмонлар орасида фитна қўзғатишга, тинчлик ва тотувликка раҳна солишга интиладиган оқим, тоифа ва гуруҳлар барча асрларда фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг замонавий кўринишлари тарихда юзага келган илк оқим ва фирқаларнинг мақсад, фаолият йўналиши ва услубларига мос бўлиб, фақатгина замонга хос ривожлантирилган ҳамда ўзлаштирилган. Оқим номи, етакчилари, қароргоҳидан қатъи назар умумий аломатлари, даъволари ўзаро ўхшашдир. Қуйида Ислом тарихида пайдо бўлган илк оқимларнинг ғоя ва мақсадларини давом эттираётган замонавий террорчи ташкилотларнинг қатор бузуқ даъволарини таҳлил қилиб чиқамиз.

 

Жиҳод эълон қилиш. Жиҳод дин ниқоби остидаги гуруҳлар даъво қилаётгандек “муқаддас уруш” ёки “Исломнинг олтинчи аркони” эмас, балки, саъй-ҳаракат ва оғир машаққат чекиш маъносини англатади. Жиҳод шариат ва Ислом ҳуқуқида асосан икки хил маънода ишлатилади: биринчиси – ҳарбий маънога қаратилган бўлиб, унга биноан халқ, ватан манфаатлари, чегара хавфсизлиги ва миллий ҳокимият хатар остида қолганда душманга қарши курашга шайланиш барча фуқаролар учун фарзи айн бўлади.

Жиҳоднинг иккинчи маъноси – ахлоқий-тарбиявий моҳиятга эга бўлиб, нафсу-шайтонга қарши жиҳоддан борат, яъни нафсни тарбиялаб уни тубанликдан қайтариш, олий инсоний фазилатларни унга сингдириб ҳақиқий инсоний юксаклик даражасига кўтариш учун жиҳод қилиш, ҳар доим, ҳар жойда ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарзи айндир.

Имом Нававий “Ал-манҳаж фий аввал китаб ал-жиҳад” номли асарида жиҳоднинг таърифида: “Яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш”1деган. Имом Дирдийр “Ақроб ал-масалик” асарининг “жиҳод” бобини “Шариат илмларини тарқатиш, яхши ишларга буюриш ва ёмонликлардан қайтариш вожиб экани”ни тушунтириш билан бошлаган2.

Тақиюддин Надавий “Имом ал-Бухорий” номли асарида буюк муҳаддиснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини тўплашдаги хизматларини жиҳод деган сўз билан изоҳлаган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жиҳод қилишга изн сўради. Шунда у зот: “Ота-онанг тирикми?” дедилар. У “Ҳа”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, ана ўшаларнинг йўлида жиҳод қил!” 3 дедилар.

Ушбу ҳадисда келтирилган “жиҳод қил” сўзини Ибн Ҳажар Асқалоний “бор куч-ғайратни ишлатиш” маъносида қўлланилганини ва ота-онага меҳр-муҳаббат кўрсатиш душман билан олишиш ажрига тенг бўлади, дейди4.

Уламолар жиҳод икки қисм: талаб ва мудофаадан иборат эканига ва талаб жиҳоди ҳозирги кунда йўқ эканига уламолар ижмо қилганлар. Чунки мусулмонлар турли мамлакатларда истиқомат қилиб, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланган. Қолаверса, уламолар етмишдан ортиқ оятларда мусулмонлар кофирларга қарши жиҳоддан қайтарилгани, ҳатто ҳимоя учун ҳам кофирларга қарши жанг қилишга руҳсат берилмаганини таъкидлайдилар.

Макка даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримнинг: «(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир» (Наҳл сураси, 125-оят) оятига мувофиқ фаолият олиб бордилар. Аммо мушрикларнинг мусулмонларга етказган азияти, тазйиқлари, молу мулки ва оиласидан ажратиб, ҳатто ўлдиришгача боргани тарихий ҳақиқатдир. Қачонки, мусулмонлар ўз диёрларидан қувилиб, душман томондан уруш очилгандан сўнг, мушрикларга қарши жиҳод қилишга рухсат берилди: «(Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир» (Ҳаж сураси, 39-оят).

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кофирларга қарши курашлари уларни сўз билан Исломга тарғиб қилганларидан сўнг Ислом ва мусулмонларни бутунлай йўқ қилишга қаратилган ҳарақатларга қарши амалга оширилган. Мушриклар аввал мусулмонларга қарши уруш очган, мусулмонлар эса ҳимоя ва ҳужумга ўтган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида жами 29 та ғазот бўлган, уларда бирорта ҳам оддий аскар қатл этилмаган5. Мусулмонлар томонидан олиб борилган жанглар фақатгина уруш ҳудудларида бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига мувофиқ кўлида қурол бўлган душман билангина курашилган. Агар улар тўхтатишни хоҳлашса сўзсиз тўхтатилган. Қолаверса, жангда иштирок этишни хоҳламаганларга тегилмаган, аёллар, болалар ва кекса ёшдагиларга ҳамда душман тараф жанг бошламагунча қарши ҳужум қилинмаган.

Имом Ибн Аби Шайба: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар, ёш болалар, заиф инсонлар ва қарияларни қатл этишни тақиқлаганлар”6, деган.

Ислом таълимотига кўра, жиҳод, уруш эълон қилиш фақат давлат раҳбарининг буйруғи билангина амалга ошади. Бундан бошқа ҳеч кимнинг жиҳод эълон қилишга ҳаққи йўқ. Бу ҳақда 2012 йилнинг 25-26 май кунлари 23 мамлакатнинг етакчи Ислом уламолари томонидан Москвада қабул қилинган “Уламоларнинг жиҳод, такфир, ва халифалик ҳақидаги Москва декларацияси” номли фатвода ҳам жиҳод фақат мусулмонларнинг қонуний ҳукмдорлари томонидангина халқнинг хавфсизлиги, мол-мулки ва эътиқодини ҳимоя қилиш йўлида эълон қилиниши мумкин экани таъкидланган7.

 

 

1 Қаранг: Имом Нававий. Ал-манҳаж фий аввал китаб ал-жиҳад. – Байрут. Дар ал-Фикр, 1997. – Б. 181.
2 Имом Дирдийр. Ақроб ал-масалик. – Байрут. Дар ал-Фикр. (нашр санаси кўрсатилмаган). – Б. 307.
3 Саҳиҳ Бухорий. Ж. 2. – Б. 520.
4 Фатҳ ал-Борий шарҳу Саҳиҳ ал-Бухорий. Ж. 2. – Б. 447.
5 Ибн Абдулбарр. Истийъоб. – Байрут. Дар ал-фикр, Ж. 2. – Б. 812. Тафсири Қуртубий Ж. 19. – Б. 129.
6 Ибн Абу Шайба Абдуллоҳ ибн Муҳаммад. ал-Мусаннаф. – Риёз. Мактаба ал-Рушд, 1988. Ж. 6. – Б. 484.
7 http://islam-wasatiya.ru/index/php?id=68

 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216921
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24589