Доим таҳорат билан юриш ва таҳоратни янгилаш фазилати
20 – Савбон розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Собитқадам бўлинглар, зинҳор тоқат қила олмайсизлар (ёки ҳисоблай олмайсизлар). Билингларки, албатта амалларингиз ичида энг яхшиси намоздир. Таҳоратни фақат мўмингина сақлайди”(Молик, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Динда собитқадам бўлиш, Аллоҳнинг амрини маҳкам ушлаб, сабот билан туриш нафсга оғир келади. Бу ишни фақат қалби очиқ, Аллоҳнинг ҳидоятига ноил бўлган ихлосли бандаларгина эплай олади.
“Билингларки, албатта амалларингиз ичида энг яхшиси намоздир”.
Яъни, агар динда собитқадам бўла олмасангиз ёки бу ишда сусткашликка йўл қўйсангиз, унда диннинг асоси намозни маҳкам ушланглар. Зеро у энг улуғ ва ажри кўп амалдир.
“Таҳоратни фақат мўмингина сақлайди”.
Фақат мўмин бандагина таҳорат қилади. Фақат мўмингина таҳоратини сақлайди, уни мукаммал амалга оширади. Фақат мўмингина доим таҳорат билан юради.
21 – Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Агар умматимга қийин қилиб қўй(ишни ўйла)маганимда, уларни ҳар бир намоз учун таҳорат олиш ёки ҳар бир таҳоратда мисвок ишлатишга ва хуфтон намозини туннинг учдан биригача кечиктиришга, албатта буюрган бўлар эдим”(Насоий “Ас-сунанул кубро”да ва Аҳмад “Муснад”да ривоят қилган. Ҳадис лафзи Аҳмадга тегишли ва унинг ривояти санади ҳасан).
Бу ерда тарғиб қилинаётган амаллар мустаҳаб саналади. Ҳар бир намозга алоҳида таҳорат қилиш, ҳар таҳоратда мисвок ишлатиш ва хуфтон намозини туннинг учдан биригача кечиктириб ўқиш яхши ва фазилатли амал бўлганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини бу ишга тарғиб қилмоқдалар. Аммо бу амаллар нафсга бироз оғир келиши эҳтимолидан бу амалга жазм билан буюрмаяптилар. Кўпроқ ажр олиш ва олий мақомга эришишни истаганлар бу амалларни маҳкам ушлайдилар.
22 – Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолни чақириб, “эй Билол, жаннатга мендан нима (амалинг) сабаб ўзиб кетдинг. Мен бугун кечаси жаннатга кириб, олдимда пойафзалинг овозини эшитдим”, деган эдилар, Билол: “Эй Расулуллоҳ, агар азон айтсам кетидан икки ракъат намоз ўқийман ва агар таҳоратим бузилса, янги таҳорат оламан”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шу сабабдан экан-да”, дедилар” (Термизий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ҳоким, Байҳақий “Шуаъбул ийман”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан сўнг Билол розийаллоҳу анҳуни ҳузурларига чақириб, “эй Билол, бугун кечаси тушумда сени жаннатда кўрдим. Қайси амалинг билан бундай мақомга эришдинг?” деб сўраганларида, Билол: “Қачон азон айтсам, иқоматдан олдин намоз ўқийман. Агар таҳоратим бузилса, янги таҳорат оламан ва икки ракъат намоз ўқийман” деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана шу амалларинг билан жаннатга кирган экансан-да”, дедилар. Бу ривоятдан азондан кейин намоз ўқиш ва доим таҳорат билан юриш қанчалик фазилатли амал эканини билиб оламиз.
23 – Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Ким таҳорат устига таҳорат қилса, Аллоҳ унга ўша (таҳорат) сабабидан ўнта ҳасана (яхшилик) ёзади”(Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Жарир Табарий, Ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳумайд ривояти. Ҳадис санади заиф).
Ушбу ҳадисда таҳорати бўла туриб яна таҳорат қилиш билан банда ўнта ажр-савоб ва яхшиликка эришиши айтилмоқда.
Уламолар таҳорат устига таҳорат қилиш мустаҳаблигини айтишган. Бунда аввалги таҳорат билан намоз ўқилган бўлиши керак. Тийбий аввалги таҳорат билан намоз ўқимай яна таҳорат қилишни макрух санаган. Сабаби бунда сув исроф бўлади.
Ривоятларнинг бирида: “Таҳорат устига таҳорат қилиш нур устига нурдир”, дейилган. Кўпчилик уламолар бу қавл салафларга тегишли эканини айтишган.
24 – Абу Ғутайф ал-Ҳузалий ривоят қилади:“Мен Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобнинг масжидда бўлган масжлисида ҳозир бўлдим. Намоз вақти бўлганида, у туриб таҳорат қилди ва намоз ўқиди. Сўнгра жойига қайтиб келди. Аср вақти бўлганида, туриб таҳорат қилди ва намоз ўқиди. Кейин жойига қайтиб келди. Шом вақти кирганида яна таҳорат қилиб намоз ўқиди. Кейин жойига қайтиб келди. Шунда мен: “Аллоҳ сени саодатли қилсин! Ҳар бир намоз вақтида таҳорат қилиш фарзми ёки суннатми?” деб сўраган эдим, у: “Мени кузатиб турганмидинг?” деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У: “Йўқ, (ҳар бир намоз вақтида таҳорат қилиш фарз эмас). Агар бомдод намозига таҳорат қилсам ва таҳоратим синмаса, ўша таҳорат билан қолган намозларни ҳам ўқийман. Лекин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким таҳорат устига таҳорат қилса, унга ўнта савоб ёзилади”, деб айтганларини эшитганман ва мен бу билан фақат савоб ишлаш умидидаман”, деб жавоб берди”(Ибн Можа ривояти. Ривоят санади заиф).
Бу ривоят орқали юқорида келган ҳадисни кенгроқ тушуниб олишимиз мумкин.
Абу Ғутайф ал-Ҳузалий ривоят қилади: “Мен Абдуллоҳ ибн Умарнинг олдида эдим. Пешинга азон айтилганида, у таҳорат қилиб намоз ўқиди. Асрга азон айтилганида ҳам таҳорат қилганида, мен ундан бунинг сабабини сўраган эдим, у: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким таҳорат устига таҳорат қилса, унга ўнта савоб ёзилади”, деб айтар эдилар”, деб жавоб берди” (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф).
Юқорида айтилганидек, ҳар бир намоз вақтида таҳорат қилиш мустаҳаб. Ким хоҳласа, шундай қилади ва бунинг эвазига савобга эришади. Лекин буни фарз деб билмаслик лозим. Бир таҳорат билан бир неча вақт намозларни ўқиш мумкин. Қуйидаги ривоятлар шунга далолат қилади.
25 – Муҳаммад (Абу Асад ибн Амр) айтади:“Мен Анас ибн Моликдан таҳорат ҳақида сўрадим. У: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир намозга1 таҳорат қилар эдилар. Биз намозларни бир таҳорат билан ўқир эдик”, деб жавоб берди”(Абу Довуд, Доримий, Ибн Можа ва Абу Яъло ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратлари бўлса ҳам, ҳар бир намоз вақтида таҳорат қилар эдилар. Уламолар у зотнинг бу ишларини турлича изоҳлашган. Жумладан:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп ҳолларда ҳар бир намоз вақти учун таҳорат қилар эдилар, доим эмас;
– у зотнинг ўзларига ҳар бир намоз вақти учун таҳорат қилиш вожиб бўлган. Макка фатҳ қилинган кун бу амал насҳ қилинган;
– у зот бу ишни мустаҳаб сифатида амалга оширганлар. Сўнгра вожиб бўлиб қолиши эҳтимолидан уни тарк қилганлар.
Мана шу учинчи фикр ҳақиқатга яқинроқ. Валлоҳу аъламу бис-соваб!
26 – Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича,Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фатҳ куни барча намозларни бир таҳорат билан ўқиганлар ва махсиларига масҳ тортганлар. Шунда Умар: “Сиз бугун олдин қилиб юрмаган ишни қилдингиз?” деб сўраганида, у зот: “Эй Умар, атайин қилдим”, деганлар (Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий, Ҳоким, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Абдураззоқ ривояти).
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилаётган ҳар бир ҳаракатни синчковлик билан кузатиб борар эдилар. Жумладан, у зот қандай таҳорат қилдилар, қайси намозга таҳорат қилдилар, ҳамма-ҳаммасини диққат билан кузатишарди.
Макка шаҳри фатҳ қилинган кун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча вақт намозларни бир таҳорат билан ўқиганларини кўрган Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унутмаганмиканлар, деган фикрда, у зотга савол берганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни атайин қилганлари, ҳар бир фарз намозига таҳорат қилиш лозим эмаслигини2 билдириш учун шундай қилганларини айтиб ўтдилар.
Макка фатҳ қилинган кун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси намозларни бир таҳорат билан ўқиганлари бошқа ривоятларда айтилган.
Бурайда отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир намоз вақти учун таҳорат қилар эдилар. Фақат Макка фатҳ қилинган кун бундай қилмадилар. Ўша куни у зот банд бўлиб, пешин ва асрни бир таҳорат билан ўқидилар” (Ибн Хузайма ривояти).
Яна Ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ қилингунга қадар ҳар бир намоз вақти учун таҳорат қилар эдилар. Фатҳ куни у зот пешин, аср ва шом намозларини бир таҳорат билан ўқидилар” (Абдураззоқ ривояти).
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ қилинган кун пешин, аср ва шом намозларини бир таҳорат билан ўқиганлар. Пешинда таҳорат қилган бўлсалар, аср ва шомда таҳоратни янгиламаганлар. Ўз навбатида бу билан ҳар бир намоз вақти учун таҳорат қилиш шарт эмаслигини баён қилганлар.
27 – Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу:“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир намоз учун таҳорат қилар эдилар”, деди. Мен (Амр ибн Омир) Анасга: “Сизлар қандай қилар эдингиз?” деган эдим, у: “Агар биронтамизнинг таҳорати бузилмаса, бир марта қилинган таҳорат кифоя қилар эди”, деди”(Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Бу бобда келган ривоятларни далил қилиб, баъзи зоҳирийлар ҳар бир намоз вақтида таҳорат қилиш вожиблигини айтишган. Лекин аксар уламолар бу иш мустаҳаб эканини таъкидлашган.
1 Бу ерда “ҳар бир намозга” иборасини “ҳар бир фарз намозига” деб тушуниш лозим. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилиб, асрни ўқиганлар. Шом намози учун янги таҳорат қилганлар.
2Баъзилар Аллоҳ таолонинг: “Эй имон келтирганлар, қачон намозга турсангиз юзларингизни ва қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ҳам тўпиқларигача (ювингиз)!” (Моида, 6) оятини далил қилиб, “ҳар бир намоз вақти учун таҳорат қилиш шарт”, деб айтишган. Лекин муҳаққиқ уламолар бу оятни “намоз вақти кирганида таҳоратсиз бўлсангиз...” деб тафсир қилишган.