Эр хотин ораси қачон ажратилади?
25.11.2016 16139

     Аллоҳ таоло инсонларни тинч-тотув оила бўлиб яшашга чақирган. Никоҳни муқаддас ришта дея эълон қилиб, беҳуда сабаблар ила ажрашишдан қайтарган. Аммо баъзи ҳолатлар борки, ажримга рухсат берилган. Ислом шариатига кўра ажрим икки хилдир: 

 

1. Шаръий ажрим 

 

2. Қазоий (қози томонидан бўладиган) ажрим 

 

     Шариъий ажрим ийло, лион, зиҳор, диндан чиқиш, эр-хотиндан бирининг Исломга кириши ила оралари ажратилади. Ушбу шаръий ажримлар фиқҳ китобларида батафсил, кўп ва хўб баён қилинган. Қазоий ажримга тўрт фиқҳий мазҳабларга кўра умумий қуйидагилар сабаб бўлади: нафақа қилишдан ожизлик, эр-хотиндаги айб, зарар, ёмон оилавий муносабатлар, эрнинг ғойиб бўлиши ҳамда қамоқ. Ушбу масалалар қозининг ҳукмига боғлиқ бўлади. 
    Нафақадан ожиз бўлиш. Ҳанафий мазҳабидан бошқа уч мазҳаб яъни Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларида нафақдан ожиз бўлиш эр-хотин ажратилишига сабаб бўлади. Жумҳур ўзларига қуйидаги оятни далил қиладилар: 

 

فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ 

 

    “Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажралиш (мумкин)”. (Бақара, 229) 

 

    Абу Заннод айтади: Сайид ибн Мусаййибдан киши аёлига нафақа қилишдан ожиз бўлиб қолишини сўраб, ораси ажратиладими? деб сўрадим. “Ҳа” деб жавоб берди. “Суннат”ми дедим. “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари деди”. 
     Умар р.а. Ажнод амирларига мактуб ёзиб, аёлларидан узоқ бўлган эркакларни аёлларига нафақа қилишга ёки талоқ қилишга, талоқ қилсалар ўтган муддатдаги нафақани юборишларига буюрадилар. 
Аммо, Ҳанафий мазҳабига кўра, нафақадан ожизлик сабабли эр хотин ораси ажратилмайди. Чунки эр гоҳо бой, гоҳо ночор ҳолатда бўлади. 
     Зеро Аллоҳ таоло қуйидагича айтган: 

 

لِيُنْفِقْ ذُو سَعَةٍ مِنْ سَعَتِهِ وَمَنْ قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنْفِقْ مِمَّا آَتَاهُ اللَّهُ لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا مَا آَتَاهَا سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْرًا 

 

     Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур. (Талоқ, 7 оят) 

 

     Агар эр бой бўлиб, нафақа қилмаётган бўлса, ажримдан бошқа йўллар қилинади, масалан қамаб қўйилади ёки мажбуран моли нафақа учун сотилади. Айб ва касаллик. Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад уч жинсий касаллик сабабидан эр-хотин ораси ажратилади, дейишган. Улар: 

 

1. Мажбуб – эркак жинсий аъзоси кесилган бўлиши 

 

2. Унна – жинсий ожиз бўлиш 

 

3. Хосий – бичилган бўлиш – мана шу ҳолатлардагина хотин қозига шикоят қилиб, ажрим талаб қилишга ҳақли. Бунда қозининг никоҳни фасх – бекор қилиши боин талоқ бўлади. 

 

      Аввало, эркак кишидаги бу уч ҳолат оила бўлиб яшаш, оиладан кўзланган мақсадга халал беради. Шунда хотин эри бичилган ёхуд жинсий ожизлиги сабабли қозига арз қилишга ҳақли бўлади. Қози эркак кишига бир қамарий ой ҳисобида муддат беради. Чунки, эркаклардаги ожизлик бир мавсумда пайдо бўлиб, бошқа бир мавсумда йўқолиб, ҳолат ўнгланиши мумкин. Кўриниб турибдики, муқаддас оила риштаси беҳуда сабаблар билан узиб, бахт қасри эса бузиб юборилмайди. 
     Ҳанафий мазҳабидан бошқа уч мазҳаб соҳиблари ажримга сабаб бўлувчи бошқа айбларни келтирадилар, хусусан:

 

Моликийларда 13 айб эътиборга олинади: эркак кишида 7 айб – жиннилик, мохов, пес, мажбуб, унна, хосий бўлиши, яқинлик пайтида пешоб ёки ахлат чиқариб юбориши; аёлда эса 5 айб – ротақ (яқинлик йўлини тўсувчи гўшт ўсган бўлиши), қорн (яқинлик йўлини тўсувчи суяк бўлиши), бахор (фарждан бадбўй ҳид келиши), ғофал (яқинлик ёки лаззатни тўсувчи без чиққан бўлиши), ифзо (пешоб ва ахлат йўлларини бирлашиб кетиши) 

 

Шофеъийларда 7 айб эътиборли: мажбуб, унна, жиннилик, мохов, пес, ротақ ҳамда қорн 

 

Ҳанбалийларда эса 8 та айб эътиборли: жиннилик, мохов, пес, мажбуб ва унна. Аёлга тегишлилари: пешоб ва маний йўлларининг аралашиб кетган бўлиши, қорн, афал (суяк ўсган бўлиши). 

      Шофеъий ва Ҳанбалийларда қозининг ажратиб қўйиши фасх – никоҳни бекор қилиниши бўлиб, талоқ ҳисобланмайди ва талоқ ададларини камайтирмайди. Айб билан икки томон ораси ажратилаётганда қуйидаги шартлар бўлиши лозим: 

 

1. Ажримни талаб қилаётган томон никоҳ ақди пайти ёки ундан олдин айбдан бехабар бўлиши лозим. Чунки бохабарлиги шу айбга розилигини англатади. 

 

2. Ақд тузилгандан кейин айбдан хабар топса, шу айбга рози бўлмаслиги. Агар рози бўлиб турган бўлса, даъвоси ассосиз даъво бўлади. 

 

Айб сабабли ажратилганда маҳр масаласи. 

 

      Ҳанафийларда агар ажрим яқинлик ёки хилвати саҳиҳадан олдин бўлса, аёлга маҳрнинг ярми берилади, чунки ажралиш эр сабабидан юзаган чиқмоқда. (Эслатиб ўтамиз, юқоридаги айблар эркак кишига тегишли бўлиб, бизнинг мазҳабда аёлларга доир айблар келтирилмаган.) агар ажралиш яқинликдан ёки хилвати саҳиҳадан кейин бўлса аёлга идда вожиб бўлади, маҳр тўлиқ берилади. 
     Жумҳур фикрига кўра ажратиш яқинликдан олдин бўлса, аёлга ҳеч нима берилмайди, агар айб аёл сабабли бўлса. Чунки у ўзидаги айбни беркитгани ва яширгани учун. Аммо яқинликдан кейин бўлса, аёл кишига айтилган маҳрнинг барчаси берилади, агар айб еркак киши сабабидан бўлса. Чунки у ўзидаги айбни хотинидан беркитиб яширди. 
     

 

Жанжал ва зарар.

 

    Жанжал – инсон ҳурматига таъна етказадиган даражадаги қаттиқ низо. Зарар – эркак кишининг хотинига гап ёки хатти-ҳаракат билан азият етказиши. Худди, сўкиш, уриш ва ҳаром ишларга мажбурлаши каби. Моликийлардан бошқа уч мазҳаб, агарчи низо ва зарар ўта даражада кучли бўлса ҳам, ажримга сабаб бўлолмайди. Чунки аёлдаги зарарни талоқсиз ҳам ҳал этиш мумкин, масалан қозининг эркакни одобга чақириши, жазолаши каби. Моликийларда эса, зарар ва жанжал сабабидан тафриқ жоиз бўлади, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларига кўра: “Зарар бериш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам йўқ”. (Ибни Можа ривояти) Қозининг бу ҳолатдаги ажрими – қозининг боин талоқ тушириши билан бўлади. 

 

Эрнинг йўқ бўлиб кетиши.

 

     Агар эр ғойиб бўлса ва у сабабидан аёл зарар кўрадиган, фитнага йўлиқишидан қўрқадиган бўлса, Моликий ва Ҳанбалийларга кўра, “Зарар бериш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам йўқ”, ҳадисига мувофиқ ажримни талаб қилиб чиқишга ҳақли. Моликийлар наздида эр узрли сабаб билан бўладими, худди илм талаб қилиш, тижорат каби, ёки узрсиз йўқ бўлиб кетишинг фарқи йўқ. Улар эрни ғойиб бўлишидаги энг узоқ муддатни бир йил деб белгилаганлар. Яна бир қавлга кўра, эрга етиб келиши, ёки талоқ қилиши ёхуд нафақа жўнатиши ҳақида огоҳлантирилгандан сўнг 3 йил кутилади. Моликийларда боин талоқ тушади. 

    Ҳанбалийлар фақат узр сабабли тафриқ жоиз дейдилар. Ғойиб бўлишнинг чегараси Умар разияллоҳу анҳунинг жангларда аскарларга вақт белгилаб берганларига мувофиқ 6 ой ёки ундан кўпроқ. Агар аёл даъвосини исботлай олса, қози уларни ажратади ва фасх – никоҳ бузилиши деб эътибор қилинади, талоқ эмас. Ҳанбалийларда аёл сабабидан бўладиган ажралиш фасх деб ҳукм қилинади. 
      Юқоридаги ҳолат ҳам қозининг ҳукми ва аёлнинг талаби ила бўлади. Аёл хоҳламаса, ҳеч қандай ажрим содир бўлмайди. Аммо, Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабига кўра, гарча муддат узун бўлсада, эрнинг йўқ бўлиши сабабидан қози уларнинг орасини ажратмайди. Негаки, бу борада бирорта шаръий далил собит бўлмаган. 

 

Қамоқ сабабидан бўладиган ажрим.

 

    Моликий мазҳабида агар эр ҳибсда, қамоқда бўладиган бўлса, қамоқ узр билан ёки узрсиз бўлсин, аёл киши эрининг бир йил ёки ундан кўпроқ йўқ бўлиши сабабидан тафриқни талаб қилишга ҳақли. Қози эрни кутмасдан, унга мактуб йўлламасдан ҳам олдин уларнинг орасини ажратиб қўяверади, бу боин талоқ бўлади. Қамоқ худди эрнинг ғойиб бўлишига қиёс қилинади. 
    Аммо, Ҳанафий, Шофеъий ҳамда Ҳанбалий мазҳаблари эрнинг қамоқда бўлиши, асир тушиши сабабидан ажримга рухсат бермаганлар. Чунки, бу борада шаръий далил ворид бўлмаган. 

 

Умумий хулосаларга тўхталсак: 

 

1. Ҳанафийлик мазҳабида эркак кишидаги жинсий ожизлик сабабидан хотин қозига шикоят қилиши мумкин. Шундай бўлсада қози эркакни ўзини ўнглаб олиши, даволаниши, жисмоний имкониятларини тўлиқ ишга солиши учун бир йил муддат беради. Эркаклардаги бундай ҳолат сабабидан аёлга зулм ҳам қилинмайди, эркакка ҳам муддат белгиланмай оралари ажратиб юборилмайди. Бундан ташқари, мазҳабимизга кўра инсоннинг бой ва камбағал бўлиши, ёхуд илм, касбу кор талабида аёли ёнида бир муддат бўлмаслиги, баъзи сабаблар ила ҳибсга тушиши эркакка айб етказмайди. Фаразан, шу ҳолатлар билан аёлга ажрим сўраб қозига мурожаат қилиш ҳуқуқи берилса, қанчадан-қанча оилалар ажралиб, пароканда бўлишига сабаб бўлиб қолади. Шариатимизда аёллардаги жинсий монеъликлар ҳам ажримга сабаб бўла олмайди, бунинг бошқа ечимлари мавжуд бўлгани учун. Ҳанафийлик мўтадил мазҳаб бўлгани, инсонлар ҳолати, турмуш тарзи, шароити ва урф одатларини эътиборга олганидан унинг эргашувчилари кўпчиликни ташкил этади. 

 

2. Ҳозирги кунимизга назар солсак: ажримлар кўпаймоқда, оилавий жанжаллар авж олмоқда. Ҳар 4-5 оиладан бири судга шикоят билан ажрим сўраб чиқмоқда. Мутахассислар ва яраштирув комиссиялари шикоят сабабини ўрганиб чиқишганда, ажримга асосли сабаблар деярли топилмайди. Келинга қарши шикоятлар: “Таги паст...”, “Мебели хорижники эмас...”, “Кулиб юрмайди...”, “Дангаса...”, “Онаси бешик қилиб, той обкелмаган...”, “Уй ишларига уқуви йўқ...”, “Бир йилдан бери туғмаяпти...”, “Битта болани эплолмайди...”, “Қачон қараса касал, югуриб-елиб хизмат қилмайди...”, “Онаси қудачиликни ўрнига қўймайди...” ва ҳаказо иддаолар. Касални даволатса, данганса, хулқи ёмонга насиҳат қилса, тойсиз ҳам набира катта қилса, таги паст бўлсада, одоби яхши келин билан муроса қилиб яшаса бўлади. Аммо арзимас сабаблар билан эр-хотин орасига низо солиш, жанжал кўтариш, хотинга азият етказиш Ислом шариатида маън этилган. Юқорида мазҳабимизда айб эркакда бўлсагина, ажрим учун қозига мурожаат қилиш жоизлиги билдик. Аммо кўп қайнона-қайноталар айб ўғилларида эканлигини билиб турсалар ҳам ҳамма айбни келиндан кўриб, оила негизига ўзлари билмаган ҳолатда болта уриб қўядилар. Бунинг акси ўлароқ, эркак кишига ҳам баъзи асоссиз айбларни рўкач қилишади: “Ландовур...”, “Оилани боқолмайди...”, “Хотини талабларини қондиролмайди...”, “Бир иш қўлидан келмайди...”, “Ўзига тўқ деб ўйлабман, камбағал бўлиб чиқди...”, “Институтни тугатмаган...”, “Мошинаси йўқ...”, “Касалманд...” каби иддаолар. Асосий эрга юкланадиган айб, маошининг кам бўлиши, катта-катта даромади йўқлиги. Лекин бойлик ва камбағаллик ҳам Аллоҳдан етадиган қазои қадардир. Айрим аёллар эрлари яхши топиб-тутганда чиройли муомалар қиладилар, иши орқага кетганда, бирор мусибатга етганда ёлғиз ташлаб кетадилар. Халқимизда бежизга “Эр-хотин қўш ҳўкиз” дейилмаган. 

 

3. Юртдошларимиз, хусусан аёллар орасида агар эр хорижга ишлагани кетса, ёки узоқ муддат қамоқда ўтирган бўлса, “Эр-хотин орасига талоқ тушади”, деган “фатво” тарқаб кетган ва буни амалда қўллашмоқда ҳам. Ислом шариатига биноан эр қанча узоқ йўқ бўлиб кетсада, ораларига талоқ тушмайди, мазҳабимизга кўра, бу сабаб ила қози ораларини ажратмайди ҳам. Аммо, эр бедарак йўқолган, вафот этган дея ҳукм чиқарса, бундан мустасно. Зеро, Аллоҳ таоло эри бўла туриб, бошқа эрга тегиб кетишни, ҳали иддаси чиқмай туриб, бошқа бировга никоҳланиб олишни ҳаром ва бузуқ иш деб эълон қилган. 

 

      Аллоҳ таоло барчамизга чиройли ва Ўзи рози бўладиган турмуш кечиришни насиб айласин! 

 

Ваҳба Зуҳайлининг “Ал-важиз фий фиқҳил исламий” китоби асосида Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Фахриддин Муҳаммад Носир 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216411
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553