Интернетнинг зулмидан огоҳ бўлинг!
19.9.2016 6727

     ХХI аср – ахборот технологиялари асри. Айнан шу асрда ахборот ва коммуникация соҳасида мисли кўрилмаган янги ихтиролар пайдо бўлиб, тобора тараққий топмоқда. Кун сайин ривожланиб, янгиланиб бораётган соҳалар ичида интернет алоҳида ўрин эгаллайди. Мутахассисларнинг аниқлашича, аввалги замонларда ихтироларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши учун бир неча йиллар, ҳаттоки асрлар керак бўлган экан. Масалан, инсонларнинг ҳаётий эҳтиёжига айланиши учун кир ювиш машинасига 150 йил, автомобилларга 50-70 йил керак бўлган бўлса, ижтимоий тармоқлар ва виртуал алоқа воситалари бу йўлни ўта қисқа муддатда – 1 йилдан оз вақтда босиб ўтибди.
     Албатта бу қайсидир маънода техника асрининг ўзига хос ютуғи бўлиши мумкиндир. Лекин масаланинг бошқа тарафи кишини ўйга толдиради. Кундан-кун интернетдан фойдаланиш имкониятлари тобора қулайлашиб, арзонлашиб бораётгани кўплаб инсонларнинг “оғирини енгил қилаётгани” сир эмас. Шу жумладан, террорист ва бузғунчиларни ҳам. Айнан мана шу шахслар интернетни ўзларининг ғоявий қуролларига айлантириб олишди. Энг ачинарли томони шундаки, авваллари ўзларининг манфур ғояларини уруш, қурол ёки шу каби воситалар орқали инсонларга сингдиришган бўлса, бугунга келиб, интернет орқали бир неча дақиқада минглаб, миллионлаб инсонларни ўз қармоқларига илинтирмоқдалар. Улар инсонлар онгини ёлғон ахборотлар, сохта иддаолар орқали эгаллаб келмоқдалар. Холбуки, муқаддас динимизда ёлғон гуноҳи кабиралардан эканлиги айтилиб, уни касб қилганлар қаттиқ қораланади: “Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиганлар тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончидирлар” (Наҳл сураси, 105).
    Глобал тармоқдаги хатарлар, хусусан, ижтимоий тармоқлар ёшларнинг маънавий таназзулига сабаб бўлмоқда. Интернетда экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи сайтлар тобора кўпаймоқда. Маълумотларга кўра, 2015 йилга келиб бузғунчилик, зўравонлик, экстремизм ва терроризмни тарғиб қилувчи веб-сайтлар сони 10000 тага етибди. Аммо динимизда одамлар орасида фитна-фасод қўзғаш, иймон-эътиқод йўлларига тўсқинлик қилиш ва бузуқ ишлар билан машғул бўлиш оғир гуноҳдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!”, дейилса, улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, - дейдилар. Огоҳ бўлингизким, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”. (Бақара сураси, 11 -12-оятлар.)
      Террорчилар ислом динини ниқоб қилиб олиб, “Биз ислоҳчилармиз”, дея, ўзларининг вайронкор ғояларига эришмаганларни “адашганлар”, деб, бутун бир мамлакатни вайрон қилишмоқда. Улар туфайли ўнлаб юртларда аёллар, қариялар, мурғак гўдаклар ўлими тўхтамаяпти. Натижада, етимлар кўпайиб, қадим-қадимдан инсоният тамаддун бешиклари бўлган ўлкалар харобага айланмоқда.
    Маълумки, қоронғу тунда ёритгич қаерни кўрсатса, одамлар ўша ерга қарайди. Одамларнинг қаерга бориши ёритгич тутган инсон измида бўлиб қолади. Ҳозирги кундаги ижтимоий тармоқларни ҳам ана шу ёритқичга қиёсласак бўлади. Улар орқали “айрим шахслар” ёшлар онгига турли ёт ғояларни сингдираяпти. Охир-оқибат эса, интернет орқали уларни масофадан туриб бошқаришни йўлга қўйишяпти. Ёшлар орасида оммавий тарзда фойдаланиладиган “Фейсбоок”, “Твииттер”, “Одноклассники” каби ижтимоий тармоқлар бугунги кунга келиб, ўша “айрим шахслар” тузоғига тушган инсонлар учун дастурул амал бўлиб қолди. Оддийгина мисол, “Толибон” ҳаракати 2011-йилдан бошлаб ўзининг ташвиқотларини “Твиттер” орқали амалга оширишни бошлаган бўлса, “Ал Қоида” террорчи гуруҳи ўзининг ғояларини қарийб 99% ини ушбу тармоқлар воситасида амалга оширар экан. Ҳолбуки, айнан улар замонавий технологияларни инкор этиб, улардан фойдаланган инсонларни куфрда айлаб, диндан чиққан, деб ҳисоблашарди.

 

“Террорчиларнинг интернетдаги сайтларининг ўзига хос хусусиятлари мавжуд:

 

- улар саҳифа ва гуруҳларида ўзларини ягона тўғри йўлда юрувчилар деб ҳисоблаб, қолганларни кофир санайдилар;

 

- имон келтирмаган ёки бошқа динга эътиқод қиладиган ҳар қандай кишини душман деб атайдилар;

 

- ер юзида адолат ўрнатишнинг ягона йўли – гўё исломий давлат қуриш ва шу мақсадда “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш ғояларини илгари сурадилар;

 

- дунё таниган олималарни қоралаб, уларни ёмонотлиқ қилиб, ҳақоратлаган ҳолда, ўзларини жиноятчи тўдабошиларини ягона олимлар деб ҳисоблашади;

 

- ихтилоф чиқарадиган масалаларни бўрттирган ҳолда ўз саҳифаларида ёритиб, одамларга ўз қарашлари тўғрилигига ишонч ҳосил қилишга ундайдилар;

 

- ўз саҳифаларида ёритилган фикрларни асослаш учун, асосан, ушбу “саноқли уламолардан” иқтибос келтиришади: Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб, Ҳасан ал–Банно, Саййид Қутб, Муҳаммад ибн Илёс Кандеҳлавий, Тақиюддин Набаҳоний, Абдул Қадим Заллум;

 

- бундан ташқари диний билими саёз ёшларни ўз тузоқларига илинтириш учун “ўргимчак тўрида” бир нечта тўдалар тузиб, уларни қулоққа ёқимли – “Кун ҳадиси”, “Салафлар ҳикмати”, “Тавҳид” каби номлар билан номлашган”. (“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя”, Айдарбек Тулепов, Мовороуннаҳр, 2015.)

 

     Ушбу хуружлардан ҳимояланишда ахборот кимдан, қандай, нима мақсадда келаётганига эътибор қаратишимиз лозим. Зеро, Ҳужурот сурасининг 6-оятида Аллоҳ Таоло шундай дейди: “Эй мўмилар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирадиган бўлса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”. Ушбу ояти кариманинг тафсирида уламолар бу каби вазиятда ўша маълумотнинг ҳақиқат экани маълум бўлгунча кутиш лозимлиги, уни шошиб қабул қилиш мумкин эмаслигини айтадилар. Агар фитна хабарларни келтирган инсонларга кўр-кўрона ишонилса, давлатда нотинчлик юзага келиб, жамоа аъзоларининг бирдамлиги йўқолади.
    Шу ўринда, бу ҳолда, динга оид саволларимизга қаердан тўғри ва ишончли жавоб топамиз, деган савол туғилиши мумкин. Агар сиз бу борада бирор кўмакка эҳтиёж сезсангиз, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги muslim.uz, mumina.uz, muxlis.uz, xatib.uz ҳамда диний идорага қарашли “uz” доменидаги бошқа сайтларга мурожаат қилишингиз мумкин.
     Албатта, бузғунчи шахсларнинг аксар қисми ёш ўсмирларни йўлдан уришга ҳаракат қилишади. Шу сабабдан, ёшларимиз Ўзбекистоннинг келажаги, эртанги куни, ҳал қилувчи кучи,орзу-умиди эканлигини юракдан ҳис этган ҳолда ушбу кимсаларнинг тузоғидан ўзларини асрашлари керак. Бунинг учун эса, авваламбор, албатта ўқиш, ўрганганларига амал қилиш ҳамда вақтларини зое кетказмасликлари керак. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Банда Қиёмат куни 4 нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжимайди. Бу саволлардан биринчиси – умрини нима билан ўтказгани, иккинчиси – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани, учинчиси – мол-дунёсини қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани, тўртинчиси – ўрганган илмига қандай амал қилгани ҳақида бўлади”.

 

Хадичаи Кубро аёл қизлар билим юрти 3 курс талабаси Юсуфий Рокия

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216420
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24554