Исломда овқатланиш одоблари
Бугунги кунда баъзи бир одамларнинг йўлда юриб ёки тик туриб овқатланаётганига гувоҳ бўламиз. Ҳанафийлик мазҳаби олимлари таомни тик туриб ёки йўлда юриб истеъмол қилишни макруҳ ҳисоблашади. Бу тарзда таомланиш одоб-ахлоқ қоидаларига зид эканлигини айтишади. Овқатни ҳотиржам ҳолда ўтириб истеъмол қилиш лозимлигини таъкидланади. Шундагина овқатланиш одобларига риоя қилинган бўлади. Ислом дини таълимотларига биноан овқатланиш одоблари қуйидаги меъзонларни ўз ичига олади:
1) овқатни яхшилаб чайнаб, сўнгра ютиш;
2) оғизга солинган бир бўлак таомни ютмасдан туриб иккинчи бўлакни оғизга солмаслик;
3) нонни тишлаб эмас, балки қўлда майда бўлакларга бўлиб истеъмол қилиш;
4) оғизда овқат тўла бўлган пайтда гапирмаслик;
5) таомни совитиш учун уни пуфлаш керак эмас;
6) овқатланиш вақтида атрофдагиларнинг идишига назар ташламаслик;
7) тортилган таомни имкон қадар охиригача истеъмол қилиш;
8) агар бирор нарсани оғиздан чиқариш зарурияти бўлса, дастурхондан тескари ўгирилиб, чап қўлда уни олиб ташлаш;
9) кўпчилик бўлиб овқатланганда таомга катталардан олдин қўл узатмаслик;
10) таомланиб бўлгач Аллоҳ таолога берган ризқи учун ҳамд айтиш;
11) овқатлангач қўлларни ювиш.
www.islam-today.ru сайтидан Умида Қодирова таржимаси.
Манба: www.ziyo.uz