Исломий ибодат бел оғриғининг олдини олиши исботланди
Ислом дини эътиқодчиларининг ибодати жисмоний ҳолатни яхшилаб, инсонни бўғим оғриқларидан халос қилиши маълум бўлди. Маълум бўлишича, тиззаларнинг фаол ҳаракати, гавданинг эгилиб, яна қайта тикланиши бел учун клиник даво экан.
АҚШнинг Пенсильвания штатидаги Беренд университетида олиб борилган тадқиқот натижалари "Саноат муҳандислиги ва инжиниринги" халқаро журналида эълон қилинган.
Бу тўғрида, Буюк Британиянинг The Independent нашри ёзмоқда. Нашрда ёзилишича, Ер юзида ҳар куни 1.6 миллиард нафар мусулмон дини эътиқодчилари бошларини эгиб, тиззаларида чўкиб ҳамда пешоналарини ерга теккизганча Макка шаҳрига юзланганча ибодат қилади.
"Инсоннинг жисмоний саломатлиги ижтимоий-иқтисодий омиллар, унинг турмуш тарзи ва диний қарашларига ҳам дахлдор. Тадқиқотда компьютерда яратилган ибодат қилаётган инсоннинг муқобилидан фойдаланилди. Маълум бўлишича, Исломда "сужуд" деб аталувчи, тиззада ўтириш ҳолати танадаги бўғимларнинг қайишқоқлигини таъминлайди", дейилади мақолада.
Шунингдек, мунтазам равишда ибодат қилиш тананинг фаол ҳаракатланиши, шу орқали танадаги тушкунлик ва ғазабнинг тарқалиши, бўғим ва мушаклардаги нейро тўқималарнинг соғлом бўлишини ҳам таъминлайди.
Шуҳрат Сатторов тайёрлади