Исро ва Меърож ҳақида ўйлар
5.5.2016 6836

    Исро ва Меърож воқеаси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатилган буюк бир илоҳий лутф ва иноят эди. Бир-бирига уланиб кетган бу икки воқеанинг ҳар бир лаҳзаси, ҳар бир нуқтаси ўзининг лисони ҳоли билан Аллоҳнинг ақл бовар қилмас буюклигига ҳамда Набий алайҳиссаломга кўрсатгани ақл бовар қилмас иззату икромига далолат қилиб туради.
   “Исро” сўзи луғатда "кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юриш" деган маънони англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг кечалардан бирида Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Масжиду-л-Ҳаромдан Масжиду-л-Ақсога сайр қилдириши “Исро” деб аталади. Яна шуни ҳам таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам жасадлари, ҳам руҳлари билан қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўладиган бўлса, бу воқеанинг мўъжизалиги қолмас эди. Қуръони каримда алоҳида Исро сураси ҳам бор. 

    “Меърож” луғатда "юқорига кўтарилиш", "зинапоя" маъноларини англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул Мақдисдан Сидратул Мунтаҳога – Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишлари “Меърож” дейилади.
    Исро воқеаси Ислом даъвати тарихидаги энг машаққатли ва оғир дамларда содир бўлди. Бу даврга келиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги оз сонли мусулмонларга нисбатан мушрикларнинг озорлари, қийноқлари кучайган, уларни Аллоҳнинг динидан қайтариш йўлидаги чиранишлари ҳаддидан ошган эди. Мусулмонлар учун ғоятда қийин бир ҳолат пайдо бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мушрикларнинг ҳужумларидан ҳимоя қиладиган шахслар – амакилари Абу Толиб ва Ҳадича онамиз ҳам вафот этган эди. Ана шундай оғир бир пайтда Исро ва Меърож ҳодисаси рўй берди. Аллоҳ таоло Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккаи мукаррамадан кечаси бир зумда Байтул Мақдисга олиб борди ва у ердан Меърожга олиб чиқди. Бу эса у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар учун катта тасалли эди. Ноумидлик кайфиятини сўндириб, умид учқунларини аланга олдириш эди.
    Айни чоғда, Исро воқеаси кишилар имонини синашнинг омили ҳам эди. Ҳар бир нарсага моддий мўъжиза талаб қилиб турган мушрикларга бу воқеа ортиқча гап-сўзлар учун яна бир қулай фурсат бўлса, мўмин-мусулмонман, деб юрганларнинг эса имонлари қанчалик мустаҳкам эканини синаш учун зўр омил бўлди. Қуръони каримда Исро мўъжизаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун илоҳий ҳурмат, улуғ мартаба экани айтилади, Аллоҳ таолонинг қудратига далил экани тушунтирилади.

    “(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган Зот покдир. Дарҳақиқат, У Самеъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи)дир”. (Исро сураси, 1-оят). Ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи поклаб ёд қилмоқда ва бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни исро қилдиргани, яъни кечанинг бир қисмида сайр қилдиргани ҳақида хабар бермоқда. Одатда Аллоҳ таоло буюк ишларни зикр қилганда Ўзини поклаб ёд этади, ёхуд Ўз номига қасам ичади.
     Ибнул Қаййим айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссалом билан бирга Масжидул-Ҳаромдан Байтул-Мақдисга Буроқда сайр қилдирилганлар. Сайрга фақат руҳлари эмас, жасадлари ҳам чиққанлиги тўғрироқ. Ўша ерга тушиб, буроқни масжиднинг ҳалқасига боғлаб, пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқидилар. Кейин у киши шу кечада Байтул-Мақдисдан дунё осмонига олиб чиқиб кетилдилар. Жаброил алайҳиссалом эшикни қоқдилар ва эшик очилди. Бу осмонда инсоният отаси Одам алайҳиссаломни кўриб, салом бердилар. Одам алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини тан олиб, “марҳабо эй солиҳ фарзанд, солиҳ пайғамбар!”, дея олқиш билан кутиб олдилар. Аллоҳ таоло у кишига Одам алайҳиссаломнинг ўнг тарафида бахтиёрлар руҳларини, сўл томонида эса бахтиқароларнинг руҳларини кўрсатди. Кейин у зот иккинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Яҳё ибн Закариё ва Исо ибн Марямни кўриб, уларга салом бердилар. Улар саломга алик олишиб, пайғамбарликларини тан олишиб, марҳабо, дея илиқ кутиб олишди. Кейин у зот учинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Юсуф алайҳиссалом билан кўришдилар. У кишига ҳусн ва чиройнинг ярми берилган экан. Кейин у зот тўртинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Идрис алайҳиссаломни кўриб, салом бердилар. У киши ҳам пайғамбарликларини тан олиб, марҳабо, дея қарши олдилар. Кейин бешинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Ҳорун ибн Имронни кўриб, салом бердилар. У киши ҳам пайғамбарликларини тан олиб, марҳабо, дея пешвоз чиқдилар. Кейин олтинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Мусо ибн Имронни учратиб, салом бердилар. У киши ҳам пайғамбарликларини тан олиб, “хуш келдингиз!”, дея чиройли кутиб олдилар. Унинг ёнидан ўтиб кетган пайтларида Мусо алайҳиссалом йиғладилар. "Нима учун йиғлаяпсиз?" дейишганида, "Мендан кейин пайғамбар бўлган боланинг менинг умматимдан кўра кўпроқ уммати жаннатга кираркан, деб йиғлаяпман", деб жавоб бердилар.
     Шундан сўнг, У зот еттинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Иброҳим алайҳиссаломни учратиб, салом бердилар. У ҳам пайғамбарликларини тан олиб, марҳабо, дея илиқ кутиб олди. Иброҳим алайҳиссалом еттинчи осмондаги ал-байту-л-маъмур (обод уй) деб аталувчи фаришталар тавоф қиладиган Байт деворига суянган ҳолда ўтирган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мудом Аллоҳни айбу нуқсонлардан поклаб ёд этиш яъни тасбеҳ айтишни лозим тутишга чақирдилар ва тасбеҳ бу Жаннат кўчатлари, Жаннат ўсимликлари эканлигидан хабар бердилар. Жумладан, Иброҳим алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Меърожда кўришганларида шундай дедилар: “Эй Муҳаммад умматингга мендан салом айт, ва уларга хабар бергинки, Жаннат замини ниҳоятда хуш ва ёқимли, суви ниҳоятда ширин жойдир. Ва у текисликлардан иборатдир. Унинг экинлари ва кўчатлари эса “субҳоналлоҳ”, “алҳамдулиллаҳ”, “ва лаа илааҳа иллаллоҳу” ва “Аллоҳу акбар”дир”. Демак, Жаннатдаги ўз еримизни ўзимиз обод қилар эканмиз. Бунинг учун Аллоҳни “субҳоналлоҳ”, “алҳамдулиллаҳ”, “лаа илааҳа иллаллоҳу” ва “Аллоҳу акбар” деган зикр ва тасбеҳлар билан мудом ёдга олишимиз керак экан. Шунда ҳар бир зикру тасбеҳимиз учун Жаннатдаги еримизда биттадан дарахт, биттадан ўсимлик пайдо бўлар экан.
    Ал-Байтул-Маъмур Самовот оламидаги малоикалар қибласи бўлган муқаддас уй, масжид бўлиб, ҳар куни унга етмиш минг фаришта киради, сўнг яна қайтиб кирмайди. Бу Байтга бир марта кирган фариштанинг гали Қиёматгача келмайди. Бу ҳам бўлса Аллоҳ таолонинг осмонлару Ерда амру фармонини бажарувчи фаришталари нақадар кўп ва сонсаноқсиз эканлигига далолат қилади.
     Кейин у зот Сидратул-мунтаҳога кўтарилдилар. “Сидрату-л-мунтаҳо” “интиҳо сидри” деган маънони англатади. Сидр бу махсус гулли ўсимлик ёхуд дарахтнинг номи. Унинг бундай номланишига сабаб шу дарахтга етагнда махлуқотларнинг имкониятлари ва илмлари тўхтайди. Ундан уёғига ўта олмайдилар. Ва ундан уёғини тасаввур қилолмайдилар. Унинг мевалари Ҳажар (Мадина яқинидаги жой номи) кўзаларидек, барглари эса филларнинг қулоқларидек экан. Уни зар капалаклар (парвоналар) ўраб олар, турли-туман ранглар ва нурлар чулғаб олар ва ҳар хил кўринишда товланар, гўзаллигидан Аллоҳнинг махлуқотларидан ҳеч кимса унинг васфини келтиришга қодир бўлмас экан.
     Ундан кейин эса Жаннатга киргизилдилар. Жаннатда инжу-марварид шодалари осилган, тупроқлари мушкдан экан.
     У зот яна кўтарилиб, ҳатто (ёзаётган) қаламларнинг қитирлаши эшитиладиган ўрингача етдилар. Кейин Буюкликда тенги йўқ Жаббор Зотнинг ҳузурига кўтарилдилар. Шунда У Зот бандасига Ўзи истаган нарсани ваҳий қилиб, унга эллик маҳал намоз ўқишни фарз айлади.
      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтаётиб, Мусо алайҳиссаломнинг ёнидан ўтаётганларида у киши:

 

- Раббингиз Сизни нимага буюрди, - деб сўрадилар.

 

- Эллик маҳал намоз ўқишга, - деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам

 

- Умматингиз бунга тоқат қила олмайди, қайтиб бориб, умматингиз учун енгиллатишини сўранг.

 

    Бу гапни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маслаҳат сўрагандек Жаброил алайҳиссаломга қарадилар. У зот ҳам истасангиз шундай қилишингиз мумкин, дегандек ишора қилдилар. Шу билан у кишини Жаброил алайҳиссалом яна Жаббор Зотнинг қошига олиб чиқдилар. Сўнг Аллоҳ ўн маҳалини олиб ташлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушаётиб, Мусо алайҳиссаломнинг ёнидан ўтдилар ва бўлган гапни айтиб бердилар. У киши, яна қайтиб бориб, енгиллатишини сўранг, дедилар. Шундай қилиб, у зот Мусо алайҳиссалом билан Аллоҳ азза ва жалла ўртасида то У Зот намозларни беш маҳалга туширгунига қадар қатнайвердилар. Шундан кейин ҳам Мусо алайҳиссалом қайтиб бориб, енгиллатишини сўранг, дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Парвардигоримдан уялиб кетдим, бўлди энди рози бўлиб, таслим бўламан", дедилар. Узоқлашган пайтларида жарчининг: "Фарзимни белгиладим, бандаларимга енгиллик қилиб бердим", деган нидоси янгради.

 

Буюк вазифа учун Буюк икром

 

      Меърож кечасида Муҳаммад алайҳиссаломга Динимизнинг асосларидан ва устунларидан бўлган энг муҳим иш бўлмиш намоз фарз қилинди. Аллоҳ таоло бу вазифани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ўз ҳузурига чақириб топширди. Албатта бунча чуқур маъно ва ҳикматлар мужассамдир. Бу намознинг мусулмон инсон ҳаётида нақадар муҳим ўрин тутишини англатади. Шундай экан намозга бепарво бўлиш асло мумкин эмас.
    Шунингдек, Меърож кечасида Набий алайҳиссаломга яна кўп нарсалар кўрсатилди. Жумладан, дўзахга посбонлик қиладиган фариштани кўрдилар. У ҳеч кулмас, чеҳрасини очмас экан. Шунингдек жаннат ва дўзахни ҳам кўрдилар.
      Етимларнинг молини ноҳақ еюувчиларни кўрдилар. Уларнинг худди туяларникидек лаблари бўлиб, оғизларига муштдек тошлар каби олов бўлаклари отиларкан ва у олов ортларидан чиқиб кетаркан. Судхўрлик қиладиганларни кўрдилар. Уларнинг улкан қоринлари бўлиб, шу туфайли ўринларидан қимирлай олмас эканлар. Фиръавн аҳли дўзахга рўбарў қилинганларида уларнинг устларидан босиб ўтарканлар.
     Зинокорларни кўрдилар. Уларнинг олдиларида ҳам семиз, янги гўшт ва ҳам ориқ, сасиган гўшт тураркан. Улар семиз, янги гўштни қўйиб, ориқ, сасиган гўштни ер эканлар. Ўз эрларига бошқа эркаклардан (ҳаромдан) орттирган болаларни олиб кирадиган аёлларни сийналаридан осилган ҳолларида кўрдилар.
    Шунингдек, Набий алайҳиссалом Меърож кечасида инсонларнинг бир-бирларига нисбатан дўстона алоқаларини бузадиган, яқинлар ўртасига низо соладиган айрим салбий иллатлар ва уларга бериладиган жазоларга ҳам гувоҳ бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай ҳикоя қиладилар: “Меърожга кўтарилганимда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бор эди ва ўша тирноқлари билан ўз юзларини ва кўксиларини тирнар эдилар. Мен: “ким булар, эй Жибрил?”, деб сўрадим. Шунда Жибрил: “Булар инсонларнинг гўштини еб (яъни ғийбат қилиб), обрўларига тош отадиган кимсалардир”, деди”,
     Меърожда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом ҳам бирга бўлдилар. Ҳар осмонга етганда у эшикни очишларини сўрар эди. Қўриқчи фаришталар: “Ким?” деб сўрашарди. “Жаброил”, деб жавоб берарди. Улар: “Ёнингдаги ким?” деб сўрашарди. Жаброил алайҳиссалом: “Муҳаммад”, десалар, Улар: “Шундайми? У Пайғамбар этиб юборилдими?” деб, эшикни очишар ва ниҳоятда иззату икром билан қарши олишарди.
    Исро ва Меърож Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларида рўй берган энг буюк воқеа десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу воқеалар бошдан-оёқ мўъжиза ва хориқул-одат ишлардан иборатдир. Исро ва Меърож энг аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан Аллоҳнинг буюк икроми ва илтифотидир. Бу воқеа орқали Аллоҳ таоло инсонлар томонидан турли-туман азиятларга дучор бўлаётган, Макка киборлари томонидан ёлғончига чиқарилаётган ҳақ Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг қалбларига таскин ва тасалли берди. У кишининг кўзларини қувнатди. Ул зотнинг Масжиди Ақсода барча пайғамбарларга имомлик қилишларининг ўзи Ислом келиши билан ундан аввалги рисолатлар ва шариатлар насх қилинганлигини ва ортиқ барча Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиши вожиб эканлигини кўрсатди. Зеро, Пайғамбарларки Муҳаммад алайҳиссаломга эргашгандан сўнг бошқа одамларнинг эргашиши лозимлиги табиийдир.
      Набий алайҳиссаломнинг Барча Пайғамбарларга имомлик қилишлари У зотга нисбатан ниҳоятда улуғ шараф эканлигидан ташқари юқоридаги ҳикмат ва маънони ҳам ташир эди ўзида. У ҳам бўлса, Ислом қуёши порлагач ортиқ бошқа шариатлар бекор қилинганлиги ва бундан буёғига барча инсоният Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиши лозимлиги ва шундай қилган инсонларгина ҳидоят топишлари ва нажотга эришишлари муқаррар эканлигидир. Шубҳасиз, бу Набий алайҳиссалом ва У зотнинг умматлари учун буюк шараф эди.
     Набий алайҳиссалом Жаброил алайҳиссалом билан Меърожга кўтарилар эканлар ҳар бир самога етганларида эшикни ёпиқ ҳолда кўришди ва ҳар бир самонинг қўриқчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак номларини эшитганидан сўнг “хуш келибсиз, марҳабо!” дея само қопқаларини очиб берди. Бу ҳам мазкур кечада Набий алайҳиссаломга кўрсатилган сон-саноқсиз лутфу карамнинг бир кўриниши эди. Зеро, агар само эшиклари у киши келишларидан аввал очиб қўйилган бўлганда Ул зот “осмон эшиклари ўзи шунақа (ҳолда) экан”, деб ўйлашлари мумкин эди ва бу ҳол иззату икром сифатида қабул қилинмаган бўларди. Шу боис ҳам ҳар бир Само чегарасига келганларида уларни эшиклари ёпиқ ҳолда топишди ва ўзлари ҳақида хабар берилгандан сўнг эшиклар очиб берилди.
     Исро ва Меърож воқеалари орқали Аллоҳ таоло Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оддий йўлбошчи эмас, бутун анбиёлар жамоасининг пешвоси эканини эълон қилди. У киши бирор давлат ёки айрим халқлар учун юборилган бошлиқ эмас, самовий таълимот орқали бутун дунёни икки олам саодатига бошловчи пайғамбарларнинг охиргиси эканликларини ошкор қилди. Исро ва Меърождан кейин Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини очиқ равишда турли қабилаларга таништиришни, уларни Исломга чорлашни бошлаб юбордилар.
     Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг муҳим қисми Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Меърожларига – уйғоқликларида жасадлари билан осмонга ва ундан Аллоҳ таоло хоҳлаган жойга чиққанларига ишонишдир. Шу боис бу кечанинг мусулмонлар учун аҳамияти катта.

 


Одилхон қори Юнусхон ўғли

 

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216290
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24539