ЖАҲОН КЕНГ...
1.8.2016 6254

   Кейинги йиллар дунёда нима бўляпти ўзи? Қаёққа қараманг — уруш-тўполон, қўпорувчилик, босқину бузғункорлик! Гоҳ кетма-кет самолёт қулаган, гоҳ шаҳру кентлар ёнғин гирдобида, гоҳ беомон селу кўчки, портлов, зилзилаю бало-баттар! Булари етмагандек, одам боласи бир-бирининг қонига ташна, бир-бирининг этини егани еган! Боз устига, номларига тил келишмайдиган ҳар хил дардлар, касалликлар... Хуллас, тинчлик йўқ, хотиржамлик йўқолган. Бу ёқда эса турли-туман башоратгўйларнинг оғзи тинмайди: охирзамон яқин, фалон куни қиёмат-қойим бўлади, дунёни ер ютади, сув босади, қуёш портлаб кетади, осмоний кучлар жунбуш уряпти, жин кўзадан чиқди, инсон худонинг қаҳрига учради ва ҳоказо.
    Чиндан ҳам, нима бўляпти ўзи дунёга? Наҳотки, инсон бу рубъи маскунда шу қадар ожиз, чорасиз, танҳо? Наҳотки, эртанги кунни бутунлай зулмат қоплаган, игнанинг учидек ҳам умид шуъласи қолмаган бўлса?
   Ўзингизни босинг, жаноблар! Биз бу ниятда дунёга келмаганмиз. Бизни худойим бундай қасд билан яратмаган. Дардини берган давосини ҳам берар. «Кенгга — кенг дунё» дейдилар. Шоиримиз билиб айтган: "Феълингизни кенгроқ қилинг, домлажон, кўзингизга кўрингайдир кенг жаҳон!" 
   Жаҳон кенг. Кенг жаҳонда ғалваю ғавғо мўл бўлмоғи ҳам табиий. Қолаверса, оқсоч мозий бу каби сердолға замонларни кам кўрмагандирки, донолар унга «тарихнинг тиғиз паллалари» деб ном берган. Бинобарин, "Азизим, дунёга бевақт келибмиз!" дея надомат чекмоққа шошилмаган маъқул. Шукр, шу камтарин умримизда оламжаҳон нарсани кўрдик-кўряпмиз, билдик-биляпмиз. Насиб қилгани-да! Худо берган етмиш-саксон йиллик фурсат дунёдан паққос бехабар, қора ғафлатда, темир деворлар ичида ёлғон-яшиқлар билан ўтиб кетмоғи ҳеч гaп эмасди. Дарвоқе, умримизнинг талай қисми шу тахлит кечди десак ҳам бўлади. Сунъий юлдузлар "абадий" порлагувчи олис пойтахтда аҳён-аҳён бағоят тарихий маъракалар ўтказиб туриларди, аҳён-аҳёнда мункиллаб, аллақачон эси оғиб қолган бирор «бюро аъзоси» бизни ташлаб кетарди, аҳён-аҳёнда гадойтопмас бир қишлоқдаги назарногир дўкончанинг ноинсоф сотувчиси шўрлик харидорнинг ҳақидан беш тийингина уриб қолиб, оламга фош этиларди... Бас, қолган бари жойида, сув қуйгандек жимжит эди.
   Биз билган дунё шундай эди. Чунки биз дунёдан бехабар эдик. Билган-эшитганимиз — чириб бораётган капиталистик жамиятларда инсон қулдек хўрлик билан кун кечирарди, қорни нонга тўймай, ҳар куни иш ташлаб кўча-кўйда намойиш қилиб юрарди (бундай бекор юргандан кейин қорни қандай тўйсин!), ҳаммаёқда қирғину қувғин!..
    Ўртадаги девор қуладию дунё очилиб кетди. Энди, зарур келганда, лоф бўлса ҳам, Эски Жўвадаги сомсапазнинг тандирда қўли куйиб қолганию не сабабдан бу ҳол рўй бергани ёки олис Рио-де-Жанейродаги чала ўлик — кўп йиллик уйқуда ётган кампир арининг ғинғиллашидан бир чучкириб кўзини очгани — ўша соатда оламга ошкор бўлади.
     Бугун дунёда сир дегани қолмади. Бу ҳолни ахборот бўрони, глобаллашув жараёни ҳам дейдилар. Бировга ёқар, бировга ёқмас, замоннинг ҳукми шу. Албатта, бу хуш-нохуш хабарлар инсонга бевосита бўлмаса, билвосита таъсир қилмоғи турган гaп. Кўнгилда бесаранжомлик қўзғайди. Начора, ёруғ дунё ўзи бесаранжом. Тинч-фароғат дунёси эса ҳар банданинг олдида...
     Замонга ҳеч вақо бўлгани ҳам, уни ҳеч жин ургани ҳам йўқ. Урган бўлса, ўша жинни кўзадан чиқарган — ўзимиз, уни ичимиздаги иблисга хизматкор қилиб қўйган ҳам ўзимиз! Инсон ана шу ҳақиқатни тан олиб, зарур хулосалар чиқарса... самолёт камроқ қулайди, уруш-жанжаллар барҳам топади, табиий офатлар ҳам писанд бўлмай қолади...
     Кўп йил ўлим ҳолатида ётган кампирнинг бир чучкириб ҳаётга қайтгани эса, истанг-истаманг, хуш хабар, умидбахш хабар, нима дедингиз?

 

2003 йил

 


Эркин Аъзамнинг “Жаннат ўзи қайдадир” китобидан олинди

 

www.ziyo.uz 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216420
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24554