Кийим кибрининг касри
7.11.2016 6728

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ кибрланиб иштонини судраб юрган кимсага қиёмат куни (раҳмат) назари билан қарамайди”, деганлар (Бухорий ва Аҳмад ривоят қилган). 
    Мана шу ҳадисни янги либос кийганда эсга олиш лозим. Зеро, либоси янги ва чиройли одамда беихтиёр кибр аломатлари бўй кўрсатиши мумкин. Набавий тарбий кўрган одам бундай ҳолатда мана шу ҳадисни хотирлаб, кибр илдизига болта уради, ўз нафсидан ажабланиш, либоси билан фахрланиш, кийими билан мақтаниш каби номаъқул ишларга йўл қўймайди. 
     Ибн Умар изорини судраб юрган кишини кўриб қолиб: “Албатта шайтоннинг биродарлари бор”, деб икки-уч марта такрорлади (Манба: Ғаззолий, “Иҳёу улумид дин”). Бу ерда кибрга далолат қиладиган ҳар қандай амал ман этилгани айтилмоқда. Бу нарса турли ҳолат ва шароитга қараб ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, қайсидир жойда изорни тўпиқдан пастга тушириб юриш кибр саналса, бошқа ерда ўзгача урф-одат манманлик ҳисобланиши эҳтимолдан холи эмас. Мусулмон одам либос кийиб кибр отига минмайди, янги ва чиройли кийим кийганда Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтади, берган неъматига шукр қилади. 

 

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ يَنْظُرُ اللهُ إِلَى مَنْ جَرَّ ثَوْبَهُ خُيَلاَءَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ. 

 

    Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ фахр билан либосини судраб юрган кимсага назар солмайди” (Бухорий, Муслим, Термизий ва Аҳмад ривоят қилган). 
    Уламолар либосни судраб юриш борасида турли фикрларни айтишган. Баъзиларга кўра, бу иш мутлақо жоиз эмас. Қолган уламолар либосни кибр учун судраб юриш жоиз эмас, агар кибр қилинмаса, ҳечқиси йўқ, деб айтишган. Нима бўлганда ҳам, мазкур ишдан йироқ юрган маъқул. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган ишдан қайтиш керак. 
    Чиройли либосларни кийиб олиб, ўзини осмонда деб билган, одамларни оёқ учида кўрсатадиган кимсанинг ҳоли жуда ажабланарли! Зеро, фақат либосу зийнатларга ишониб ўзини энг зўр деб ўйлаётган одам аслида бу нарсалар инсонга шараф келтирмаслигини тушуниб етмасмикан? 

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ جَرَّ ثَوْبَهُ خُيَلاَءَ لَمْ يَنْظُرْ اللهُ إِلَيْهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ: إِنَّ أَحَدَ شِقَّيْ ثَوْبِي يَسْتَرْخِي إِلاَّ أَنْ أَتَعَاهَدَ ذَلِكَ مِنْهُ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّكَ لَسْتَ تَصْنَعُ ذَلِكَ خُيَلاَءَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَمَالِكٌ. 

 

     Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мақтанчоқлик қилиб либосини судраб юрса, Аллоҳ қиёмат куни унга назар солмайди”, дедилар. Шунда Абу Бакр: “Либосимнинг бир тарафи (пастга) тушиб туради. Магар авайлаб юрсам, бундай бўлмайди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунда: “Сен буни кибр учун қилмайсан”, дедилар” (Бухорий, Абу Довуд, Аҳмад ва Молик ривоят қилган). Мана шу ҳадисни далил қилиб: “Иштонни кибр билан судраб юриш жоиз эмас. Агар кибр қилмаса, зарари йўқ”, дейилган. 
     Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра, бу рухсат фақат у кишининг ўзига хос. Шофеийлар наздида либосни судраб юриш ҳақидаги ҳадис мутакаббирларнинг ўзига хосдир. Агар кийимни кибр ила судраб юрса, таҳримий макруҳ, ундан бошқа сабаб билан судраб юрса, танзиҳий макруҳ бўлади (Манба: “Файзул борий ала саҳиҳил бухорий”). 

 

عَنْ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ جَرَّ ثَوْبَهُ خُيَلاَءَ لَمْ يَنْظُرْ اللهُ إِلَيْهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَقَالَتْ أُمُّ سَلَمَةَ: فَكَيْفَ يَصْنَعْنَ النِّسَاءُ بِذُيُولِهِنَّ قَالَ: يُرْخِينَ شِبْرًا فَقَالَتْ: إِذًا تَنْكَشِفُ أَقْدَامُهُنَّ قَالَ: فَيُرْخِينَهُ ذِرَاعًا لاَ يَزِدْنَ عَلَيْهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَعَبْدُ الرَّزَّاقِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 

    Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким либосини кибрланиб судраб юрадиган бўлса, Аллоҳ қиёмат куни унга назар солмайди”, дедилар. Шунда Умму Салама: “Аёллар этакларини қандай қиладилар?” деб сўради. У зот: “Бир қарич тушириб оладилар”, дедилар: Умму Салама: “У ҳолда қадамлари очилиб қолади-ку?” деди. Шунда Расули акрам: “Ундай бўлса, бир зироъ тушириб оладилар, бундан зиёда қилмайдилар”, дедилар” (Термизий, Насоий ва Абдураззоқ ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ). 
     Бу ердан, либосини кибр билан судраб юриш жоиз эмаслиги аёлларга ҳам тегишлилиги маълум бўлади. Бироқ улар бу борада эҳтиёткорроқ бўладилар. Чунончи, муслима аёллар бир оз узунроқ либос киядилар. Акс ҳолда оёқлари, қадамлари очилиб қолиши мумкин. 

 

عَنْ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَيْنَمَا رَجُلٌ يَجُرُّ إِزَارَهُ مِنْ الْخُيَلاَءِ خُسِفَ بِهِ فَهُوَ يَتَجَلْجَلُ فِي الأَرْضِ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ. 

 

    Ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бир киши изорини кибр билан судраб бораётганида, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат кунигача ерга пастлаб бораверади” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ва Аҳмад ривоят қилган). 
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтган умматлардан бир киши кийимига маҳлиё бўлиб кибрлангани қандай оқибат билан тугаганини ажойиб васф қилиш билан мусулмонларни ўша шахсга ўхшаб қолишдан қайтармоқдалар. 
    Мазкур ривоятда зикр қилинган одам изорини, яъни иштонини кибр учун ерга судраб юрар экан. Кунларнинг бирида у манманлик қилиб либоси ила ўзини катта олиб кетаётганида уни ер ютиб юборди. Ҳа, бунга ўхшаш нобакорларни, арзимас нарсалар билан ўзини одамлардан устун қўядиганларни, кийими билан мақтанадиганларни ер ҳам устида кўтариб юрмай ютиб юборишга тайёр экан. Аммо унинг жазоси шу билан тугаб қолмайди. Ҳадисда айтилганидек, изорини судраш билан кибрланган кимса охират кунигача ер қаърига чуқурроқ кириб боради. Қиёматда унинг ҳоли қандай бўлишини фақат Аллоҳ билади. 

 

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: بَيْنَا رَجُلٌ فِيمَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ خَرَجَ فِي بُرْدَيْنِ أَخْضَرَيْنِ يَخْتَالُ فِيهِمَا أَمَرَ اللهُ الأَرْضَ فَأَخَذَتْهُ وَإِنَّهُ لَيَتَجَلْجَلُ فِيهَا إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ لِغَيْرِهِ. 

 

     Абу Саиддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан олдин (яшаб ўтган) бир киши мақтанчоқлик-кибр қилиб икки яшил бурдада (яъни, либосда кўчага) чиқди. Шунда Аллоҳ ерга буюрди ва ер уни юриб юборди. Энди у қиёмат кунигача овоз чиқариб ҳаракатланишда давом этади”, дедилар” (Аҳмад ва Баззор ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ лиғойриҳ). 
      Кўзимиз билан кўриб турганимиз дунё ҳаёти, ундаги зийнатлар, дабдабаю моддиятга асосланган барча нарса ўтиб кетади. Булар соя кабидир. Маълумки, соя бир жойда турмайди, бошқа жойга кўчиб юради. Шундай экан, дунё ҳаётига, ундаги зийнатларга алданиб, кибру ҳаво қилиш, моддий ашёлар сабаб ўзини одамлардан катта тутиш тўғри эмас. 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216430
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24556