"Кўк кит" гирдоби ёки ўлим ўйини?
3.3.2017 14507

    Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан: “Ё Расулуллоҳ, ўзимизни дўзахдан сақлаймиз, бу тушунарли. Аммо аҳли оила ва фарзандларимизни қандай сақлай оламиз?”, - деб сўради. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ сизни қайтарган нарсалардан уларни ҳам қайтарасиз ва уларни ҳам Аллоҳ сизга буюрган ишларга ундайсиз. Шу йўл билан уларни дўзахдан сақлаган бўласиз”, - деб жавоб берганлар.
   Кейинги вақтларда, кўплаб мунозараларга сабаб бўлаётган “Кўк кит”, “Китлар денгизи”, “Тинч уй”, “F57”, “WinX”, “югурасан ёки ўласан” (беги или умри) ва бошқа ўйинлар ҳақида сўз юритишни лозим топдик.
   Афсуски, манфур мақсадли кимсалар, турли ижтимоий тармоқлар орқали ёш болалар ва ўсмирларни шу турдаги ўйинларга жалб қилиб, сўз, видео, расм ва мусиқа, турли хилдаги карахт қилувчи овозлар орқали уларни тушкунлик ҳолатига тушириб қўйишмоқда. Натижада, болалар бу ўйиндаги “қўғирчоқлар”га айланиб, ҳаттоки, ўз жонларига қасд қилишгача боришмоқда.
   Бу каби ўйинларни ўйнаш учун ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги айрим гуруҳларга қўшилиш лозим экан. Аъзо бўлиш ёши ҳам чекланган бўлиб, фақат мактаб ёшидаги ўспиринлар қўшила оларкан. Бу каби гуруҳларда, асосан, тушкунлик, ҳаётнинг оғирлиги, яшаш қийинлиги, адолатсизлик, яхши кўрган инсонидан ажралиб қолиш, етишмовчилик ва шу каби мавзуларда, асосан салбий суҳбатлар уюштирилиб борилар экан.
   Табиийки, бу турдаги мавзулар атрофидаги суҳбатлар, ўйинлар, видеолар, сурат ва қўшиқлар одамни тушкунлик ҳолатига тушириб қўяди. Гуруҳ аъзоси бора-бора уларни кўриб яшагиси келмай қолади. Гуруҳга аъзо бўлганларга, улар бошқалардан фарқ қилиши, буни афсуски, атрофдагилар пайқамаслиги, “Китлар уйи” (“Дом китов”)да унга ўхшаганлар йиғилиши, у ер “Тинч уй” (“Тихий дом”) деб номланиши сингдириб борилади.
  Аъзо бўлганларга турли топшириқлар берилади, бажарилишига қараб саралангач, кимдир ўйиндан чиқарилади, топшириқни бажарганлар эса кейинги босқичга ўтади. Шу тариқа 50 кун давомида турли хилдаги топшириқлар берилади: китни расмини чизиш, уни қўлига тиғ (лезвия) ёрдамида ўйиб чизиб расмга ёки видеога олиб суратини юбориш ва шу тариқа ўзини юқори қаватдан ташлаш, томирини кесиш ёки осиш каби топшириқлар кетма-кет берилади.
   Агар ўйинчи ўзини ўлдиришдан бош торса, уни яқинлари ва ота-онасини ўлдириб кетиш билан таҳдид қилишади ва унинг манзилини аниқ ёзиб юборишади. Ўсмир эса, ҳақиқатан ҳам, уни кузатишаётганига, агар ўзини ўлдирмаса, яқинларига мусибат етишига ишонади, сўнг жонига қасд қилади...
   Ўйин асосчиси Филипп Лис тахаллуси билан танилган 22 ёшли йигит бўлиб, у ҳаётидаги муаммолар, қийинчиликлар, тушкунлиги билан ўртоқлашиб ижтимоий тармоқда постлар қолдирган ва унга кўпчилик эътибор берган. Кейинчалик, алоҳида гуруҳ очади. Ҳозирда “Синий кит” номли гуруҳлар жуда кўп. Лекин дастлабки очилган гуруҳ ёпилиб, унинг асосчиси қўлга олинган. Филипп Лис билан суриштирув ишлари олиб борилганда, у бу ўйинни шунчаки унинг гуруҳига обуначиларнинг сони (300 000 киши бўлган) кўп бўлишини хоҳлагани учун очганини айтган. Шифокорлар томонидан руҳий касал деб ташхис қўйилгани сабабли, унга бор йўғи бир йиллик қамоқ жазоси тайин этилган.
   Ҳозирда "синий кит" нафақат Россия, балки бошқа мамлакатларда, хоссатан, Марказий Осиё ҳудудида ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бу ўйин январь ойидан бошлаб Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудида оммалашган.
   Қирғизистон Ички ишлар ва Маориф вазирлиги жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб ОАВ орқали аҳолини ижтимоий тармоқлардаги “Кўк кит” ўйининг аянчли оқибатларидан огоҳлантирмоқда. Январ ойидан бошлаб оммалашган ушбу ўйин натижасида, 1 ой ичида 15 нафар ўсмир жонига қасд қилган.
    Россия ОАВ берган хабарга кўра, бугунги кунга келиб, бу ўйинлар сабабли 230 нафар ўсмир ҳаётдан кўз юмган. Бундан ташқари, ёш қизалоқлар ўртасида қизиқиш билан томоша қилинаётган “WinX клуби: сеҳргарлар мактаби” номли мультфильм бунданда хатарлидир. Мультфильм қаҳрамонларига тақлид қилишни хоҳлаган қизчалар, кечаси ҳамма уйқуга кетгач, ўрнидан туриб, хонани 3 марта айланиб, парилардан уни олов париси бўлишига ёрдам сўраб, сўнг ошхонага кириб, газни ёқмасдан очиб қўйиб, сеҳрли газлар учиб кетмаслиги учун ойна эшикларни маҳкам ёпиши кераклиги айтилади. Ундан ташқари шу фаолиятни амалга ошираётганда уни ҳеч ким кўриши керак эмаслиги, агар кўргудек бўлса, сеҳр учиб кетиши айтилади. Айтилганларни бажаргач, ўрнига бориб ухлаши, уйғонгач у олов парисига айланишини ва уча олишини, бу учун париларга миннатдорчилик билдириши кераклиги таъкидланади. Бир ўйлаб кўринг-а, агар қизалоқ буларни бажарса, нафақат ўзи, балки уйдаги одамларнинг барчаси газдан заҳарланиб ўлади-ку. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: шу каби ўйинларни ўйлаб топиб, ёшлар онгига сингдираётган тубан инсонларнинг фарзандлари йўғмикан?!
   Яна бир ўйин ҳақида ўқиб, эшитиб ҳайрон бўлиб қолдим. Номи ҳам антиқа “Югурасан ёки ўласан” (“Беги или умри”). Россияда бугунги кунда ҳайдовчилар ўртасида ваҳима билан репост даражасига етган постлардан биридир. Унда ўқувчи ёшлар қилаётган ишларини телефонга муҳрлаб олишар экан. Уни ё ўртоғи ёки ўзлари телефон камерасини ёққан ҳолатда амалга оширишар экан. Йўлда ҳаракатланаётган машина яқинлашганда ўқувчи йўлни кесиб югуриб ўтади, омади келиб қолса тирик қолади ёки...
   Бу каби маълумотларни ўқир эканмиз, болаларимиз кўз олдимиздан ўтади. Алданган, шундай маккор ва гуноҳга бошловчи ўйинларга ишониб қолган, шу ўйинлар домига тушиб, муаммонинг ечимини фақат шу йўл билан топиш мумкин деб, ҳаётига зомин бўлган ёшларга ачинасан, киши.
    Бу қандай ўйин бўлдики, инсон ҳаёти билан ўйнашади, улар ким бўлдики, дунёдаги шунча уруш-жанжал етмагандек, яна норасида болалар умрига зомин бўлади. Уларнинг мақсади нима ўзи?!.

 

Моҳира ЗУФАРОВА 

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси


Манба: www.muslim.uz 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216980
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24590