Муҳаббат, ишқ ва рашк
17.8.2015 7623

   Бу уч туйғунинг инсонлар қалбида ўз ўрни бор. Ҳар ким улардан ўзига яраша жабр кўради. Шундай бўлса-да, улар борасида керагича сўзлаган, уларнинг шаръий маъно ва чегарасини баён қилиб, инсон қай ҳолда уларни поймол қилиши ё ундан чиқиб кетишини кўрсатган бирор кишини топмадик. Балки, бу ҳақда гапиришга, улар разолат, зино ва бузуқликка алоқадор, деган ўй тўсиқ бўлгандир. Бу ўй хатодир. Зеро, инсонлар бу уч туйғу билан ўзаро боғланадилар. Бу уч туйғу номус ва шарафни сақлаш боисидир. Бинобарин, уларнинг чегарасини, нодир, яхши ва ёмон жиҳатларини кўрсатиб ўтишни лозим кўрдик.

 

1. Муҳаббат.

 

      Муҳаббат қалбнинг маҳбубга майлидир. Муҳаббат кўнгил иши. У зоҳирий аъзоларнинг иши эмас. Оила эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ва майлга асослангандагина бахтли ва мустаҳкам бўлади. Кўриш муҳаббат калитидир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланмоқчи бўлган йигитни бўлажак қаллиғини кўришга ундадилар. Имом Аҳмад ва Насоий Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Мен, – дейдилар Муғийра, – бир аёлга совчи қўйган эдим. “Уни кўрдингми?” деб сўрадилар Пайғамбаримиз. “Йўқ”, дедим. “Уни кўргин. Зеро, кўриш ўрталарингда майл пайдо қилади”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”.
    Кўп кишиларнинг, хусусан, ёшларнинг муҳаббат мавзусида сўзлашишдан тортинишларини биламиз. Кўплар бу ҳақда гапиришни ҳатто, ҳаром деб ўйлайди. Шунинг учун бу мавзу қаршисида гуноҳ ҳиссини туйишади, ўзларини гуноҳкор ҳисоблашади. Агар қалби бировга мойил бўлгудек бўлса, гуноҳ қилгандай туюлади.
   Ҳақиқатда уларнинг муҳаббат ва муҳаббатдан унадиган эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги тушунчалари аралашдир. Муҳаббат шиори остида қонунсиз алоқа қиладиган, бирга ўтирадиган, тунларни бедор ўтказадиган, ўйин-кулгу қиладиган, ичадиган ва ҳатто зино қиладиган бузуқ эр ва аёлларни кўрганлар муҳаббатни гуноҳ деб ҳисоблашади. Зеро, улар муҳаббат фақат шунақа ишларга олиб келади, деб ўйлашади. Аслида эса ундай эмас. Бутунлай аксидир. Эркакнинг аёлга ва аёлнинг эркакка майл қилиши нафс истакларидан бири. Аллоҳ таоло инсон қалбини у билан банд қилган. Оли Имрон сураси 14-ояти мазмуни бундай: “Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди...”.
    Инсон қалбини бу истакларга мойил ва унга банд қилган Зот Аллоҳ зулжалолдир. Инсон уларга қаттиқ муҳаббат қилади. Имом Аҳмад, Насоий, Ҳоким ва Байҳақий бундай ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёйингиздан мен учун аёллар, хушбўйликлар суюклидир. Кўзим қувончи намоздадир”, деганлар. Эрнинг аёлга ва аёлнинг эрга муҳаббати бўлмаганида, уйланиш ҳам, зурриёт ҳам, оила ҳам бўлмас эди.
     Аммо Аллоҳ таоло эркакка аёлни, аёлга эркакни улар ўртасида ҳаром алоқалар юзага келиши учун суюкли қилмади. Балки улар ўртасида қонуний алоқалар юзага келиши учун бирини-бирига суюкли қилди.
    Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Севишганлар учун никоҳдек мақсадга мувофиқ нарса йўқ”. Аллоҳ таоло мусулмонларга бузуқ йўллардан сақланиш учун аввало кўзни тийишни буюрди. Зеро, кўриш қалб калитидир. Хато ва бузуқликка олиб борувчи барча йўлларни, бегона аёл билан ёлғиз қолиш, тақалиб туриш, қўл олишиш, аёл ва эркакнинг ўзаро ўпишиши каби йўлларни ҳаром қилди. Бу ишлар қалб майлига сабаб бўлади. Қалб майл қилгач, нафсни жиловлаш ўта мушкул бўлади. Аллоҳ таоло раҳм қилганларгина ўзларини тийиб қолишлари мумкин.
    Инсон қалб майли учун гуноҳкор бўлмайди. Аммо қалб майлининг боиси ҳаром бўлса, ундан сўнг келадиган ҳаром ишлари учун гуноҳкор бўлади. Масалан, эркак ва аёл бир-бирлари билан нигоҳ алмашсалар, ё танҳо қолсалар, ё ўтириб суҳбат қурсалар, сўнг қалблари бир-бирларига мойил бўлиб севишсалар, бу қилган ишлар учун, шунингдек, ундан сўнг қиладиган барча ҳаром ишлари учун гуноҳкор бўладилар. Аммо майл учун эмас, зеро, у қалбга боғлиқ, инсон қалбини бошқаролмайди.
   Аммо пок, танҳо севги учун гуноҳ йўқ, балки савоб бор. Суютий каби баъзи уламолар бундай дейишган: “Севгини яширган иффатли ошиқ ажр олади”. Инсонни турли бахтсизликларга дуч айлайдиган муҳаббат тузоғидан қалбни асрашнинг энг яхши йўли унинг барча боисларига яқинлашмасликдир. Фақат озчилик одамларгина бунга муваффақ бўладилар.

 

2. Ишқ.

 

     Ҳаддан ошган муҳаббат ишқдир. Иффатли ишқ ва бузуқ ишқ бўлади. У фақат бир хилда, бузуқ ва ёмон ишқ бўлмайди. Ошиқ ўз поклиги ва иффатини сақлаган ё тубан ва бузилган бўлиши мумкин. Ишқ ҳам муҳаббат каби инсон бошқара олмайдиган кўнгил ишларидандир. Аммо инсон унга олиб борган ҳаром йўллар ва бундан келиб чиққан ҳаром ишлар учун жавоб беради. Иффатли ишқ ва уни одамлардан пинҳон тутишда ажр бор. Таҳовий: “Мароқил-фалоҳ” ҳошиясида Суютийдан нақл қилади: “Иффатли, ишқни яшириб ўлган киши, агар унинг сабаби ҳаром бўлса-да, охиратда шаҳидлар қаторида бўлади”.
    Суютий сўзларининг маъноси бундай: “Ошиқ, эр ё хотин бўлишидан қатъи назар, ишқида иффатли бўлса ва маъшуқига етолмаганидан уни яширса ва сабр этса, ишқи туфайли ўлса, охиратда шаҳидлар ажрига етишади”.
    Биз ошиқнинг сабрини ҳақиқий баҳолай олсак, бу ажабланарли туюлмайди. Зеро, у истаги ортидан чопадиган бузуқ ошиқ эмас, инсонлар қадрини поймол этувчи пасткаш ҳам эмас. Балки у қалбида нотинчлик ва маъшуқига интизорлик бўлишига қарамай, сабрли ва иффатлидир, нафсининг жиловини тутган, аъзоларини бошқаргандир. Унинг аъзолари назоратдан чиқиб кетмаган. Аммо қалбини ўзгартиролмайди, унга молик эмас. Шунинг учун сабр қилади, иффат ва ишқини яшириш билан ўзини асрайди. Бунинг учун ажр олади.

 

3. Рашк.

 

    Инсоннинг ўз ҳаққига бошқанинг шерик бўлишини ёмон кўриши рашкдир. Рашк муҳаббатдан келиб чиқади. Киши яхши кўрганини рашк қилади. Рашк, эркакка ҳам, аёлга ҳам бирдай яхши сифат ва олий хислат ҳисобланади. Шубҳасиз, аёл рашк қилади. У эри унинг устига хотин олмоқчи бўлганида қаттиқ ғазабланади. Бу ундаги табиий ҳол. У эрига танҳо ўзи эгалик қилишни истайди. Зеро, уни севади. Севмаса эди, парво қилмасди.
    Аллоҳ таоло мўмин бандаларига жаннатда ато этадиган ҳурлар хусусида мусулмон аёлларга шу гапларни айтамиз: мусулмон аёлнинг рашк қилиб, мўминлар учун жаннатда ҳурлар борлигини инкор қилиши ё ёқтирмаслиги мумкин эмас. Чунки у, биринчидан, эри билан жаннатда бирга бўлиши ё бўлмаслигини билмайди. Иккинчидан, жаннатда дунёда бўлганидек, рашк бўлмайди. Учинчидан, Аллоҳ таоло жаннатда аёлларга ҳам, биз тафсилотини билмайдиган, уларни рози этадиган неъматлар ато қилади. Кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсон хотирига келмаган неъматлар бор жаннатда. Сажда сурасининг 17-ояти мазмуни бундай: “Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас”.
    Мўмин ва мўминалар истаган неъматларини ва кўнгил тусаган нарсани жаннатда топадилар ва тўла рози бўладилар. Улар жаннат неъматлари ва Аллоҳ таоло раҳматига етиш учун яхши амал қилишлари керак.
     Эркак ақли ва номусини ҳимоя қилиши керак, бу унга вожибдир. Номус ва шарафни рашк этиш эркак бурчидир. Бу рашк оилада Аллоҳ рози бўлмаган нарсанинг бўлишига йўл қўймайди. Хотини ва қизига рашк қилган эр уларнинг бегона эркаклар олдида яланғочланишига, шармандалик ва ҳазил-мутойиба қилишига, улар билан ака-ука ёки фарзанддек муомала қилишига йўл қўймайди.

 

Саволлар ва жавоблар

 

Савол. Ота-онаси беришни истамаса, қизни олиб қочса бўладими?

 

Жавоб. Йўқ. Бу бирор ҳолда ҳам мумкин эмас. Бу шарафга номуносиб ва шариат ҳукмига зид ишдир.

 

Савол. Йигит бир қизни ёқтириб қолса, унга: “Менга ёқиб қолдинг”, “мен сени яхши кўраман”, “сенга совчи юбораман”, дейиши мумкинми?

 

Жавоб. Ҳа, мумкин. Қиз ҳам йигитга шундай деса бўлади. 

 

Савол. Одатда йигит қизга совчи юборади. Лекин қиз ҳам, тегишини таклиф қилиб, йигитга совчи қўйиши мумкинми?

 

Жавоб. Мумкин. Аммо яхшиси, бу ишни қизнинг ўрнига, унинг яқинларидан бири бажаргани маъқул.

 

Савол. Унаштирилган йигит ва қиз унашишни бузишлари мумкинми?

 

Жавоб. Ҳа, никоҳланмаган бўлсалар, уларнинг ҳар бири унашашни бузиши мумкин. Аммо йигит унашиб, сўнг бузишни яхши кўрадиган, қизларни масхаралашни қасд қилган тоифадан бўлса, гуноҳкор ва пасткашдир.

 

Савол. Унашганлик белгиси сифатида машҳур бўлган узукни тақишнинг ҳукми нима?

 

Жавоб. Йигит ва қизнинг унаштирилган ё турмуш қургани аломати сифатида тақиладиган узук тилладан ё кумушдан бўладими, аёллар учун зийнат ва безак ниятида жоиз. Эркакка эса тилла узук тақиш асло мумкин эмас. У кумуш узук тақса бўлади.

 

Муҳаммад Аҳмад Канъоннинг “Эр-хотинлик асослари” китоби асосида тайёрланди

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216964
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24590