Мусибат ҳам неъматдир...
6.7.2015 5296

    

      Бир дўстимиз автомашиналар таъмирлайдиган устахонада ишлайди. Бир куни иш устида арзимас нарсага ғазаб қилиб, асаби бузилиб турганида “Тико” уловининг ҳайдовчиси уста дўстимга шундай дебди:

 

 - “Эҳ уста, қўйинг арзимаган нарса учун бесабр бўлманг. Бундай  қилишингиз сизга ярашмайди. Мен ўз бошимдан ўтказган бир воқеани сизга айтиб берай. Аллоҳ менга яхши иш берди, оила қурдим, фарзандли бўлдим, ишим кундан кунга кўпайиб, топишим ҳам шунга яраша бўлди. Ҳаёлимда бойлигим ошаётганини кўриб гўё қилаётган ишларим яратганга ҳам ёқаётгандек бўлиб туюларди. Ошна оғайниларим атрофимда гирди капалак. Янги уйларни қурдим. “Infiniti” каби шаҳарнинг энг олди автомашиналаридан миндим. Ҳар куни улфатлар билан айшу – ишрат. Уйда деярли овқатланмасдим.

 

Нима бўлдию ишларим орқага кетди. Миниб турган машинам олинган кредит ҳаққига мусодара қилинди. Юриб турган корхонам тез кунда зарарга кириб, ҳатто яшаб турган уйим ҳам қарзларим ҳисобига ўтказилди. Мен эса ўша куниёқ ҳамма нарсадан воз кечиб, ёлғиз ўзим чет - элга чиқиб кетдим. Икки йилга яқин четда юриб, бу ерда мен ҳақимда бўлаётган гап сўзлардан хабардор бўлиб турдим. Ватандан йироқда, яқинларимни қўмсаб, руҳий азоб чекдим. Оила аъзоларим бирор лаҳза ҳам кўз олдимдан кетмасди. Ота - онам, оилам, қариндошларимни қаттиқ соғиндим. Мусофир юртда ўтмишда қилган хатоларимни эслаб, кечалари йиғлаб тавба қилдим. Намозга кирдим. Ибодат қиларканман қалбим хотиржамликни ҳис қила бошлади. Сўнгра Аллоҳга таваккал қилиб Тошкентга келдим. Қилган қилмишларимга нисбатан давлатимиз мени авф этди. Фақат жарима тўлашим керак эди холос. Улфатларим эса аҳволимни кўриб ўзларини олиб қочишди. Ҳаммасини тушиниб етдим. Умидимни яратганга боғладим. Ҳалол пул топиш мақсадида мана шу “Тико” машинасини ижарага олдим. Секин - аста қарзларимдан қутулдим. Ҳозир оилам билан бир уйда ижарада яшайман. Фарзандларим билан бирга бир дастурхон тепасида ўтириш қандай мароқли эканлигини билсангиз эди. Шу ҳолатимдан мамнунман, хотиржамман, чунки таним соғ, ҳалол касб қилиб, рўзғор тебратяпман, энг асосийси беш маҳал намозимни канда қилмаяпман, қўлимдан келганича ота - онамнинг хизматларини қилиб дуоларини оляпман. Мен “мусибат” деб билган бу синов мен учун “мусибат” бўлиб эмас, балки Яратганнинг “неъмати” бўлиб  келди.”

 

Ҳа!.. Ҳаётимиз давомида шу каби воқеларга кўп бора дуч келамиз. Баъзида кўзимизга чиройли, фойдали бўлиб кўринган иш аслида балои офат, ёмонлик бўлиб чиқади. Баъзида эса биз ёқтирмаган, ёмон деб билган мусибат, оқибатда биз учун манфаатли, хайрли, ҳақиқий маънодаги неъмат бўлиб чиқади.

 

Ислом динида бунга қуйидагича жавоб бор. Аллоҳ таъоло “Бақара” сурасининг 216-оятда шундай марҳамат қилади:

 

“...Шоятки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоятки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир сиз билмассиз.”

 

Инсоннинг табиати азалдан машаққатни, қийинчиликни хуш кўрмайди. Лекин ислом дини одамларга ёқадиган эмас, балки уларга фойдали бўладиган, икки дунёда ҳам бахт - саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади. 

 

Саҳоба розияллоҳу анҳумлар айтадиларки: “Биз қийинчилик синовига учраганимизда сабр қилдик, аммо осонлик синовига учраганимизда сабр қила олмадик” дедилар.

 

Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таъоло бандаларини молу дунё, аҳли аёл ва болалар фитнасидан эҳтиёт бўлишга чақирган.

 

Айтиш керакки, энг яхши одам мазкур дунё матоҳларига берилиб кетишдан ўзини тийиб, сабр қилган кишидир. Чунки у, дунё матоҳидан ўта хурсанд бўлиб кетмайди, уларга ружуъ қўймайди, маишатпарастликка берилмайди, кўнгилхушлик кетидан қувмайди, ҳавои нафси иштаҳа қилган нарсаларда сабр қилади.

 

Ривоят қилинишича, икки фаришта ердаги зиммасига юклатилган вазифаларини бажариб юқорига кўтарилар экан, тўртинчи осмонда бир бирига йўлиқиб бири иккинчисидан сўраркан: “Қандай ишга буюрилдинг”? У: “Мен шундай бир ишга буюрилдимки, шу вақтгача бундай ажабланарли ишни кўрмаганман”, деб жавоб қиларкан, - “Ҳозир солиҳ, яхши бир одам вафот топди. Ўлими олдидан чанқоқ босди ва унинг фарзанди унга бир идишда сув тутди. Аллоҳ менга буюрдики бориб сув тутқазган кишини қўлини туртворгин, сув тўкилсин деди. Мен бориб унинг қўлидаги сувни тўкдириб юбордим. Натижада ўлаётган солиҳ банда сувни ичаолмай дунёдан кўз юмди. Чунки бу банданинг кечирилмай қолган биргина гуноҳи қолган эди. Ўлими олдидан чанқоқ азоби унинг гуноҳига каффорот бўлиб кечирилди ва роббиси ҳузурига бегуноҳ бўлиб кетди.

 

Иккинчи фаришта ҳам: “Мен ҳам ажабланарли бир ишга буюрилдимки шу кунга қадар бунчалик ишни гувоҳи бўлмаганман. Ҳозир Аллоҳ таъоло бир ноқобил бир яҳудийни жонини олиш арафасида, унинг эса ўлимидан хабари йўқ, лекин унинг кўнгли бир балиқ ейишни тусаяпди. У балиқни олиб келиш учун ҳозир одамларини дарёга жўнатди. Менга Аллоҳ таоло томонидан буюрилган вазифам, улар ташлаган тўрига айнан у ҳоҳлаётган балиқни ҳайдаб келиб илинтириш бўлди. У банда кўнгли тусаб турган балиқни ейиши билан оламдан кўз юмди ва унинг бу дунёда қилган биргина яхши амали бор эди, бу яхши амали эвазига мана шу дунёда кўнгли тусаган балиғини роҳат билан ейишлиги сабабидан охиратдаги бериладиган мукофотдан насибаси бутқил қирқилиб Роббисига йўлиқди” деди.

 

Ҳазрат Умар Р.А. нинг ҳузурларига бир идишда асал солинган ширин сув келтирилди. Ҳазрат Умар Р.А. сувни қўлларига олиб: “Бу берилган сув Роббим томонидан ҳаётда қилган яхшилигимни эвазига берилмаяптимикин? Бу билан Аллоҳ таъоло охиратдаги берадиган мукофотини шу дунёдаёқ бериб охиратдаги насибамнидан маҳрум қилмаётганмикин? деб, ўша сувни ичишдан бош тортган эканлар.

 

Барчамиз икки дунё саодатини умид қилган бандалармиз. Бу ҳаётимизда бирор бир қийинчилик келса етса сабр қилиб, яхшилик неъмати келса шукр қилишимизда,  Аллоҳ таолонинг биз учун тақдир қилган қисматига рози бўлганлигимизда намоён бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни мусибатларга сабр қилувчилардан қилсин.

 

Илҳомжон МАДАЛИЕВ

“Мўйи Муборак” жомеъ масжиди имом хатиби

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216195
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24531