Мусо алайҳиссалом билан солиҳ банда учрашуви (1)
Қуръони каримнинг Каҳф сурасида Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда учрашувчи ҳақида қисса келган. Қисса Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари билан бошланади: “Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: “То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ замонлар кезмагунча юришдан тўхтамайман”, деган пайтини эсланг. Энди қачонки, у иккиси (икки денгиз) қўшиладиган ерга етишгач, балиқларини унутдилар. Бас, у (балиққа жон кириб,) денгизга қараб йўл олди. Бас, қачонки, (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: “Нонуштамизни келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик”, деган эди, у (хизматкор): “Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга борган пайтимизда, мен балиқни унутибман. (Буни) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқариб, у (балиқ) денгизга йўл олибди-я, ажабо”, деди. (Мусо) деди: “Мана шу биз истаган нарсадир”. Сўнг уни излаб ортларига қайтдилар. Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик” (Каҳф сураси, 60-65-оятлар). Оятдаги “икки денгиз қўшиладиган ер” Қизил денгиз ва Ўрта ер денгизи қўшиладиган жойдир. Алусий икки денгиз Форс ва Рум денгизидир, деган. Айтилишича, икки денгиз Урдун (Иордания) ва Қулзум (Қизил) денгиздир . Баъзилар уламолар: “Энг тўғри қавл шуки, икки денгиз Рум ва Қулзум денгизидир”, дейишган. Валлоҳу аълам!
Юқорида келтирилган оятнинг маъноси: эй ҳурматли Пайғамбар, қавмингиз ибрат олиши учун биродарингиз Мусо алайҳиссалом хизматкори Юшаъ ибн Нунга:
– Менга сафарда ҳамроҳ бўл. Мен икки денгиз туташадиган жойга етмагунимча юришда давом этаман. Ана ўша ерда мен мақсадимга эришаман. Агар муродим ҳосил бўлмаса, ҳали узоқ йўл юрамиз, – деб айтганини энгланг.
Ояти карима далолатига кўра, Мусо алайҳиссалом ҳар қанча машаққатга, вақт чўзилиб кетишига қарамай икки денгиз қўшиладиган жойга боришга қатъий қарор қилган. Алусий Мусо алайҳиссаломнинг бу азму қарорига қуйидаги сабабни келтирган: “Мусо алайҳиссалом шижоатининг боиси Бухорий ва Муслим Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятда айтилган. Унга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусо алайҳиссалом Бани Исроилга ваъз-насиҳат қиларди. Бас, ундан: “Одамлар ичида энг билимдони ким?” деб сўралди. Мусо: “Мен”, деб жавоб берди. Бас, Аллоҳ илмни У Зотга нисбат бермагани сабаб пайғамбарига танбеҳ берди. Кейин икки денгиз қўшиладиган жойда ундан олимроқ солиҳ банда борлигини маълум қилди”, дедилар. Бошқа ривоятда келишича, Мусо алайҳиссалом: “Ё Раббим, агар бандаларинг орасида мендан олимроғи бўлса, бас, мени унга йўлла”, деб дуо қилди. Аллоҳ: “Ҳа, бандаларим ичида сендан олимроғи бор”, деди ва унинг сифатларини айтиб, Мусога ўша солиҳ банда билан учрашишига рухсат берди ”.
Оят давомида воқеалар ривожи қуйидаги баён қилинган: “Энди қачонки, у иккиси (икки денгиз) қўшиладиган ерга етишгач, балиқларини унутдилар. Бас, у (балиққа жон кириб,) денгизга қараб йўл олди”. Мусо хизматкор йигитга баъзи гапларни айтиб, икки денгиз туташадиган жойга етиб келганларида, улар балиқларини унутдилар, ундан бехабар қолдилар. Балиққа жон кириб, денгизга тушиб сузиб кетди.
Ибн Касир айтади: “У тузланган (қовурилган) балиқ олишга буюрилган эди. Кейин: “Эй Мусо, балиқни йўқотган жойингда сендан олимроқ солиҳ бандани топасан”, дейилди. Бас, улар юриб келиб, икки денгиз туташадиган жойга етишди. У ерда “ҳаёт булоғи” номли чашма бор эди. У иккиси ўша ерда ухлаб қолишди. Енгил шамол эсиб, балиқ сувга тушиб ҳаракатга келди. У Юшаънинг халтасида эди. Балиқ сувга тушганидан кейин Юшаъ уйқудан уйғонди ва балиққа жон кирганини кўрди. Балиқ ортидан из қолдириб йўлида давом этди... ”
“Бас, қачонки, (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: “Нонуштамизни келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик”, деган эди, у (хизматкор): “Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга борган пайтимизда, мен балиқни унутибман”. Яъни, Мусо ва хизматкор йигит икки денгиз туташадиган жойдан ўтишгач, Мусо алайҳиссалом хизматкори Юшаъ ибн Нунга:
– Қовурилган балиқни олиб келди. Йўл юриб жуда толиқдик, – деди.
Мусо алайҳиссалом гапини эшитган Юшаъ унга ажабланиш билан:
– Буни қаранг, икки денгиз қўшиладиган жойга борганимизда, ўзим кўрган ажиб бир ҳодисани сизга айтишни, балиққа жон кириб, сувга сакраганини айтишни ёдимдан чиқарибман! – деди. Юшаъ ибн Нун балиққа жон кириб денгизда сузиб кетганини кўрган, бу воқеадан лол бўлиб қолган, аммо Мусо алайҳиссаломга айтмаганди. “(Буни) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқариб, у (балиқ) денгизга йўл олибди-я, ажабо”, деди. Бу ерда балиққа жон кириб денгизда сузиб кетганини вақтида айтмаганликка нима сабаб бўлгани келтирилмоқда. Яъни, балиқ билан бўлган ҳодисани сизга айтишни шайтон ёдимдан чиқарди. Зеро, у инсонни васваса қилиб, хаёлини чалғитади, унга баъзи муҳим ишларни унуттиради.
Дарвоқе, балиқ тирилиб, сувга сакради ва ортидан из қолдириб, ажиб суратда сузиб кетди. Мен буни кўриб ҳайрон бўлиб қолдим! Шундан сўнг Мусо алайҳиссалом Парвардигори белгилаган жойга етиб келганини билгани баён қилинади: (Мусо) деди: “Мана шу биз истаган нарсадир”. Сўнг уни излаб ортларига қайтдилар”. Яъни, Мусо алайҳиссалом хизматкорига:
– Сен унутган балиқнинг хабари биз истаган нарсадир. Зеро, балиққа жон кирган маконда қидираётганимиз солиҳ банда бор, – деди ва балиқ йўқотилаган, икки денгиз туташадиган харсанг тош олдига қайтиб келдилар. Адашиб кетмаслик учун изма-из ортларига қайтдилар. Бошқа йўлдан юрганлари йўқ.
“Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик”. Улар балиқ денгизга тушиб сузиб кетган жойга қайтиб келишгач, Бизнинг солиҳ бандаларимиздан бирини топдилар. Биз унга Ўз ҳузуримиздан улуғ раҳмат бергандик, уни танлаб олгандик.
Шунингдек, Биз унга ўз даргоҳимиздан хос илм бергандик. Биз уни фақат Ўзимиз хоҳлаган бандаларгагина берамиз. Кўп саҳиҳ саҳдислар далолат қилишича, оятдаги солиҳ бандадан мурод Хизр алайҳиссаломдир. Баъзи уламолар уни пайғамбар, деб билишса, бошқалар Хизрни Аллоҳ тарафидан илми ладуний берилган солиҳ бандалардан биридир, дейишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “У “Хизр” деб номланганига сабаб шуки, агар оқ (қуруқ) ерда ўтирса, кўк рангга айланарди (ўша ерда ўсимлик ўсарди, дейилмоқчи)” (Бухорий ривояти).
Муҳаққиқ уламолар, жумладан, имом Бухорий, Ибн Қайим ва бошқалар фикрича, Хизр ўзга инсонлар каби вафот этган. Бошқалар Хизр тирик экани, охири замонда вафот этишини айтишган. Ибн Қаййим айтади: “Хизрнинг тирик экани айтилган ҳадисларнинг барчаси ёлғондир. Бу борада биронта ҳам саҳиҳ ҳадис йўқ. Бу масалани ҳадис уламолари тўлиқ баён қилишган. Агар истасанг, уларнинг қавлларига мурожаат қил ”.
Мусо хизматкори Юшаъ ибн Нун билан сафарга чиқиб, икки денгиз туташадиган жойда солиҳ банда Хизр алайҳиссаломни учратгач бўлиб ўтган суҳбат Каҳф сурасининг кейинги оятларида баён қилинган: “Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?” деди. У (Хизр) айтди: “Аниқки, мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас. Ўзинг эгаллаб олмаган – хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қиласан?!”. Мусо деди: “Иншааллоҳ, менинг сабр-тоқатли эканимни кўрасан. Мен бирон ишда сенга осийлик – итоатсизлик қилмайман”. У (Хизр) айтди: “Бас, агар эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўрама!” (Каҳф сураси, 66-70-оятлар).
Мусо алайҳиссалом икки денгиз туташган жойда Хизрни учратгач, унга:
– Мен Аллоҳ тарафидан сенга билдирилган илмдан ўргатишинг учун сенга ҳамроҳ бўлишимга рухсат берасанми. Шояд бу менга рушду ҳидоят бўлса, унинг сабабидан яхшилик қозонсам, – деди.
Кўриниб турибдики, Мусо алайҳиссалом бу ерда Хизр алайҳиссаломга пайғамбарларга хос одоб билан билан муомала қилмоқда. Чунончи, мулойимликка далолат қилувчи савол билан мурожаат қилиб, ўзини устоз олдидаги шогирд мақомида тутмоқда, ундан яхшилик йўлини ўрганиш учун ҳамроҳ бўлишга изн сўрамоқда.
Баъзи уламолар шундай дейишган: “Бу оятда, гарчи мартабалари фарқ қилса ҳам, илм олувчи олимга итоат қилишига далолат қилинмоқда. Мусонинг Хизрдан таълим олиши Хизрнинг Мусодан афзал эканини кўрсатмайди. Зеро, фозил фазилатда ўзидан пастроқ даражадаги одамдан ҳам таҳсил олиши мумкин. Демак, Аллоҳ у иккисидан бирини бошқалар билмайдиган илм билан сийлади. Мусо алайҳиссалом илми шариат аҳкомлари, зоҳирий ҳукмлар билан боғлиқ эди. Хизр алайҳиссалом илми эса баъзи ғайб нарсалар ва ботиний маърифат билан боғлиқ эди ”.
Шундан сўнг Хизр Мусога қандай жавоб қайтаргани келтирилади: “Аниқки, мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас”. Яъни, эй Мусо, агар менга ҳамроҳ бўлсанг, мен билан бирга юрсанг, у ҳолда ҳеч бир ҳолатда сабр қила олмайсан.
Ибн Касир айтади: “Яъни, эй Мусо, агар менга ҳамроҳ бўлсанг, шариатингга хилоф келадиган ишларни кўриб, сабр қилиб туролмайсан. Менга Аллоҳ Ўзи илм берган. Бизлардан ҳар ким Аллоҳнинг ишларига мукаллафдир. Бас, мен билан ҳамроҳ бўлишга қодир эмассан ”.
Ўзинг эгаллаб олмаган – хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қиласан?!” Бу ерда Мусо нима сабабдан Хизрга ҳамроҳ бўлолмаслиги баён қилинмоқда. Яъни, эй Мусо, мендан содир бўлган ишларни кўрганингда қандай сабр қила оласан. Бу ишлар ташқи тарафдан мункар – ёмон ишга ўхшайди. Унинг қаршисида сукут сақлаб туриш амри маҳол. Аммо унинг ботиний жиҳатидан бехабарсан. Сабаби Аллоҳ сенга уни ошкор қилмаган!
Бироқ манфаатли илм олишга ўта иштиёқманд бўлган Мусо алайҳиссалом солиҳ кишига ҳамроҳ бўлиш истагидан воз кечмади. Балки одоб ва лутф билан:
– Иншааллоҳ, сен менинг сабр-тоқатли эканимни кўрасан. Мен бирон ишда сенга осийлик – итоатсизлик қилмайман, – деди. Яъни, менинг сабрли эканимга амин бўласан: сенга эътироз билдирмайман, ўзимга буюрилган ишларда сенга осийлик қилмайман, деди Мусо алайҳиссалом. Шунда Хизр у билан ҳамроҳ бўлиш учун қуйидаги шартни қўйди: “Бас, агар эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўрама!” . Хизр Мусо алайҳиссаломга таъкид билан:
– Агар мен билан бирга юрсанг, у ҳолда мендан содир бўлган ва сенга ёқмаган нарсаларни кўрсанг, эътироз билдирма, у ҳақида менга хитоб қилма. Мени ўз ҳолимга қўй. Мавриди келса, бу ишларни нима сабабдан қилганимни айтаман.
Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “Пайғамбарлар тарихи” китобидан