Мустаҳкам оила саодат сарчашмасидир
17.3.2017 8337

   Инсон жамият билан ҳамнафас яшашга кўниккан. Ёлғизликда унинг орзу умидлари, мақсад муддаолари рўёбга чиқиши маҳол. Бинобарин, у кўнглининг ороми, наслининг давоми учун оила кўради.

   Ҳар бир инсон оила муҳитида камолга етар экан, оиланинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги ва фаровонлиги жамият тараққиётининг энг асосий шартларидандир.

2012 йилга “Мустаҳкам оила йили” деб ном берилиши инсон , оила ва жамият равнақи йўлида қўйилган навбатдаги қадам бўлди. Оиланинг таянч нуқта экани конституцияда белгиланган: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга “. (14-боб,63-модда).

   Муқаддас ислом таълимотида оила мустаҳкамлиги борасида кўрсатмалар келган. Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида оила ва унинг аҳамияти ҳақида марҳаматлар бор.

   Ислом динида оилга катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари фарзандлар тарбияси унинг аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман, оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топпиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики:

   “Унинг аломатларидан (яна бири) - сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (“Рум”сураси, 21-оят).

   Оила инсоннинг дунёвий  саодатини таъминловчи қўрғондир.Оилада  эркак кишининг маъсулияти алоҳида қайд этилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб:

   “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига ) ўз мол-муликларидан сарф қилиб туришларидир” - деган.

   Оила бошлиғи бўлмиш эркакнинг зиммасига муайян вазифалар юклатилган. Яъни, эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

   “…Улар билан тотув турмуш кечирингиз…”

   Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг асосий бўғини бўлиб келаётган муқаддас даргоҳ бўлиб ҳисобланади. Ҳақ таоло ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан ўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий этган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уйланиб, оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди:

   “Дарҳақиқат, сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга  хотинлар ва зурриётлар берганмиз” (“Рад” сураси, 38-оят).

   Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин ўзаро тотув яшаши бир бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим. Бу ҳақда Қуръони Каримда бундай дейилган:

  “Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир”. Яна уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйинки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”. (Нисо сураси. 72-оят)

   Аллоҳ таоло барча жонзотларни, шунингдек, инсонлатни ҳам жуфт-жуфт бўлиб яшашга мос ҳолда яратган. Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг ҳамма даврларида ҳар қандай тузум, шароитда ҳам кишиларнинг асосий ва муҳим ҳамда шарафли ишларидан ҳисобланади.

   Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в) шунда деб марҳамат қиладиларки:

  “Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.

   Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсондан холи эмас. Шундай экан, эркаклар ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилиб туришлик буюрилади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин”.

   Демак, аёл киши оиланинг бир бўғини ҳисобланади. Маълумки, жоҳилият даврида уларга паст назар билан қаралган. Ислом дини уларга катта ҳуқуқлар бериш билан бирга эр томонидан бошпана, озиқ овқат ва уст бош билан таъминланишликни вазифа қилиб қўйган.

   Ҳеч кимга сир эмас, бу дунёда ҳар қайси инсон вояга етиб, касб ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрни ва келажагини аниқлаб, оила қуришни истайди.

   Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига шоду ҳуррамлик, бахт саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, мусибат ва ғам андуҳлар керагича учрайди. Эр хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради.

   Ривоят қилинишича, саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?”   деб сўрашганда, У зот (с.а.в.): “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, фақат хонадан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, дедилар. (Абу Довуд ривояти)

   Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига нафақаи аҳли аёл фарздир. Паёғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар.

   Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиши учун кўча кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга ҳам мажбур қилаётганликлари ҳам сезилмоқда. Бундай ҳолатларнинг пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.

   Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул Вадоъда эркакларга мурожаат қилиб шундай дедилар: “Аёллар ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳаққингиз шундан иборатки, сизнинг уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимса бостириб киришига йўл қўймаслик. Бордию шундай қилсалар уларни жароҳат етказмайдиган қилиб урушиб қўйингиз! Ўз навбатида сизлар ҳам уларнинг яхшилик билан едириб, кийдирингиз”.

   Фарзандларни, одатда, оналар эмизиб тарбия қиладилар. Моддий таъминот бўйича аёл эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиши мумкин эмас. Уламоларимиз айтадиларки, эрининг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган аёллар гуноҳкор бўладилар.

   Динимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек трғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.

   Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати паёғамбаримиз (с.а.в.) ахлоқлари, чиройли одоб ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида эътибор беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади.

   Жамият ҳаётида оила қуриб яшашлик нақадар аҳамиятли эканига ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) таъкидлаб бундай хитоб қилганлар:

  “Эй, йигитлар! Сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, бузуқликлардан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”.

   Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсон зотини, у эркак бўлсин ёки аёл бўлсин, нафсий раҳбат билан яратган. Айни пайтда, ушбу табиий нафс рағбатини ҳалол, пок йўл билан қондиришни буюриб, никоҳни жорий қилган.

   Яна бир ҳадиси шарифда:

  “Тўртта яхши иш бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир”, деб марҳамат қилинади. (“Ал жомеъ ас сағир”)

   Шунга мувофиқ никоҳ орқали уйланиш ва оила қуриш, фарзандлар тарбиялаш кўп миллатларда бўлгани каби динимиз таълимотларида ҳам таҳкидланганидан муқаддас ҳисобланиб, ўзига яраша тартиб ва қоидалар асосида ташкил этилади.

   Оила таянчи бўлган аёлларимизга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилишимиз лозим, агарчи уларнинг феъл атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади, чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаганҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум.

   Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилган ҳадисда бундай марҳамат қилинади:

  “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳли аёлига яхшироқ муомала қилгувчингизман”. (“Ал жомеъ ас Сағир”)

   Юртбошимиз ташаббуслари билан эълон қилинган 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”да оилаларнинг маънавий камолоти, моддий фаровонлиги, фарзандлар бахт саодати, уларнинг нурли келажаги учун давлатимиз истиқлол йилларида кўп хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Ўз навбатида биз ҳам ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг: яъни “Яхшилик қилишни, меҳр шафқат ва меҳрибонликни оилангдан бошла” (Табароний ривояти), деган ҳикматли ҳадиси шарифларига мувофиқ оилани мустаҳкамлаш учун зарур бўлган барча эзгу ва савобли ишларни қилишимиз лозим бўлади.

   Мазҳабимизнинг сўнгги мужтаҳидларидан бирининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бўлган “Дуррул Мухтор” китобининг “Никоҳ фасли”да зикр этилганидек: “Одамзотга никоҳ ва иймондан бошқа, ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир бирларидан рози бўлган умр йўлдошларининг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан тугамайди”.

   Бунда, авваламбор, эр хотин, қолаверса, қайнона қайнота ҳамда уларнинг атрофидаги катталар оиланинг мустаҳкамлигига жиддий эътибор қаратиши лозим бўлади. Оиладаги унча мунча катта кичик гаплар, баъзи кечирса бўладиган хатоларга кўп ҳам эътибор бермаслик, ундан улкан иш ясамаслик лозимдир. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри маҳолдир. Бир машҳур ёзувчи айтганидай, “Муҳаббат, бу бир бирига тикилиб туриш эмас, балки бир томонга биргаликда тикилишдир”.

   Оила тинч тотув бўлса, ота она ўртасидаги муносабат самимият ва меҳр муҳаббат асосига қурилса, иншааллоҳ, фарзандлар одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон эътиқодли бўлиб тарбияланадилар. Демак, ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим

юрти мударрисаси Наргиза Адилова

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 66658
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9560