Нуҳ алайҳиссаломнинг кўз ёшлари
11.11.2016 4457

   Истиқлол туфайли буюк аллома аждодларимиз ёзиб қолдирган улкан маънавий хазинамизга яна эга бўлдик. Шундай улкан бадиий мерослардан бири Бурҳониддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асаридир. Бу қийматли манба нафақат ёшлар тарбияси, туркий халқлар бадиий насрининг илк намуналаридан бири, балки, инсониятнинг руҳий ташналигини қондирувчи маданий-маърифий чашма сифатида ҳам аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам 700 йилдирки, туркий халқлар ўртасида таржимасиз ўқиб келинаётган ягона асар сифатида нашр этилиши билан ҳануз қўлма-қўл бўлиб кетмоқда. Аммо ҳозир сўз асар ҳақида эмас, балки ундаги кичик қиссанинг-да бир қисми ҳақида. Асарни ўқиш мобайнида ҳар бир ҳикоят замирида юзлаб ибратли ҳиссалар борлигини таъкидлаган ҳолда, битта мисол орқали ушбу ноёб манбанинг маънавий ҳаётимизда тутган ва тутажак ўрни қанчалик эканини яна бир бор эслаш жоиздай.
   Тарихга назар солсангиз, буюк шахслар, хусусан, Худонинг элчилари бўлмиш пайғамбарлар, айниқса, катта синовларни бошдан кечирган. Бундан ҳазрати Одам атонинг ўнинчи авлоди бўлмиш Нуҳ алайҳиссалом ҳам четда қолмаган: “... Ҳақ субҳоноҳу ва таоло “сабр қилғил!” дер эди. Аммо кофирлар ўзи ўлса ҳам бола-бариқасиға насиҳат қилур эдиким: – Ул жинни бобонг сўзига кирманглар! Қўлларингдан келса изза қилғайсизлар! – дер эди. Бола-бариқаси айтур: – Ман чўнг (катта) бўлғунча бу бобо бор ё йўқ! Ҳоло урсам деб тош бирла урар эди. Бошлари ёрилуб қон оқар эди. Айтур эрдиларким: – Илоҳо, Худовандо, бу на иҳонатдур, эмди тоқатим қолмади...”
     Эътибор беринг, Аллоҳнинг севимли бандаси, хабарчиси бўлган табаррук инсон қанчалар азоб ичида, тошбўронларда қолади-ю, Аллоҳ уни сабрли бўлишга ундамоқда. Хом сут эмган бандамиз-да, ҳатто пайғамбар ҳам сабрсизлик қилди ва ... : “Нуҳ айтди: – Эй Раббим. Ер юзида кофирлардан бирорта (тирик) юрувчини қолдирмагин”. (Қуръони Карим, 71 сура, 26 оят). Мана шу баддуо Нуҳ алайҳиссаломни умрбод пушаймонлик ила йиғламоққа грифтор қилди.
     Шундай қилиб, асардаги ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом қиссасида ушбу пайғамбарнинг асл исми Яқуб экани, пушаймонликдан мислсиз кўзёш тўккани учун Нуҳ деб аталгани айтиб ўтилган ва “Тўла йиғламоқликлари уч боисдин эрди” – дейилган. Ушбу сабаблар эса кишини ҳаяжонга солади: “Бири улким, бир куни Шайтони лаъин қошлариға келиб ниҳоят розилиқу миннатдорлиқлар қилди. Ҳазрат Нуҳ алайҳиссалом айдилар: – Эй малъун, сан мандин мунча миннатдорлиқ қилурсан? Шайтон айдиким: – Эй Нуҳ, бу оламнинг халқини бир дуойинг бирла Дўзахга улантирдинг! Ҳама Дўзахлар тўлди, ман ғуссадин халос бўлдим. Агар сен дуо қилиб бунча халқни йўқ қилмасанг, бу халқдин қанча пайғамбарлар, қанча авлиё, қанча олиму зоҳид, солиҳу фозил, тақводорлар вужудға келур эрди. Мани кунда минг лаънат қилур эрдилар. Ҳамаси ўлди. Ул боисдин бисёр миннатдорлиқ қилурман. Манға сандек хизмат қилған киши йўқдур, – деди...”.
     Бу гапдан кейин Нуҳ алайҳиссаломнинг қай ҳолатга тушганларини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Энди иккинчи сабабга диққат қилинг: “...бир куни бир ит қошлариға келиб турди: “Бисёр бадшаклу бадҳайбат ит экан”, – дедилар. Ул ит айдиким: – Эй Нуҳ, нақшни айб қилурмусан ё наққошини, агар наққошни айб қилсанг, наққош Ҳақ субҳонаҳу ва таолодур, – деди...”.
     Бунда ҳар биримизни ҳушёрликка ундовчи, масъулиятимизни ошириб, қалбга тумор қилиб тақиб олгудай олтин ўгитлар мужассамдир. Зеро, ит тилидан айтилган гаплар ҳар дам ёдимизда бўлса, тилларимиз ғийбатдан, дилларимиз ғафлатдан ҳоли бўлади.
      Учинчи сабаб бундан-да таъсирли: “ – Эй Нуҳ, кўза этғил! Ҳазрат Нуҳ алайҳиссалом кўза этиб тайёр қилиб бўлғондин кейин “Ҳамасини синдиргил!”, деб фармон бўлди. Айдиларким: – Эй бори Худоё, кўза этиб кел дединг!? На миқдор машаққатлар била кўза этдим, ушатқил, дединг! Ушоттим! Мани эмгаким(меҳнатим)ни зоъе қилдинг, боис на турур?! Ҳақ субҳонаҳу ва таолодин нидо келдики: – Эй, Нуҳ, беш-олти кун этган жонсиз кўзани эмгалиб этиб эдим, дерсан! Мағрибдин Машриқнинг ораси тўла одам эрди, на миқдор авлиёу анбиёси, муттақий, олим, фозил, солиҳ одамлар бор эди. На миқдор рўза, намоз, зикр, тасбеҳлар қилур эрдилар. Сан ҳамасини йўқ қилғил деб дуо қилдинг. Ман ижобат қилиб, ҳамасини йўқ қилдим. Санга шунча халқимни на учун йўқ бўлсин, дединг, демадим. Бу сўзга хижолат бўлиб кўб йиғладилар. Анинг учун Нуҳ атандилар...”.
       Қисқа қилиб айтганда “Қисаси Рабғузий” асари ўзининг ҳар саҳифасидаги ўнлаб мана шундай қимматли панду, ҳаётий далилларга бой ҳикоятлари билан кишини мушоҳадага чорлайди. Шу боисдан ҳам унинг аҳамияти беқиёсдир. Зеро, муқаддас китобимиз Қуръони Каримдаги “Ақл юргизмайсизми, тафаккур қилмайсизми?!”, дея бот-бот такрорланадиган хитоб ҳам ибратли воқеа-ҳодисалардан хулоса чиқариб, ўз орқали ЎЗини таниш, бир сўз билан айтганда ҳаловатга эришишга ундайди. Бундай олиб қараганда, ҳаётга келиб-кетишдан маъни нима?! – деган умумбашарий саволнинг жавобини шундай табаррук китоблардан топиш мумкин.

 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 66658
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9560