Одам алайҳи салом қиссаси
16.7.2015 15072

 

       Одам алайҳи салом қиссаси Қуръони Каримнинг кўпгина ўринларида, жумладан Ҳижр, Сод, Аъроф, Каҳф, Бақара сураларида келтирилган. Ушбу сураларда Одам алайҳи саломнинг халқ қилиниши, фаришталарнинг унга сажда қилишга буюрилиши ва бунга Иблис қандай муносабатда бўлгани, Одамалайҳи саломнинг Ер юзига халифа қилиб туширилиши, уларнинг маълум муддат жаннатда яшаганликлари, иблиснинг уларни иғво қилиши ва унинг оқибатлари ҳамда Одамалайҳи салом болаларини шайтондан эҳтиёт бўлиб юришлари лозимлиги ҳақида ҳикоя қилинади. Баъзи суралар юқорида айтиб ўтилганларнинг барчасини бир ўринда қамраб олади, баъзиси ярмини ёки ундан кўпроғини.

 

Аллоҳнинг изни билан ушбу айтиб ўтилганларни Қуръондан далил келтирган ҳолда кўриб чиқамиз, сўнгра қисса охирида ундан келиб чиқадиган фойдалар, хулоса ва ибратларни баён қиламиз.

 

Одам алайҳи салом нинг яратилиш қиссаси

 

Қуръони Каримнинг энг асосий хусусиятларидан бири шуки, У инсонларга Дини, дунёси ва Охирати учун фойдали бўлган ишлардан хабар беради. Ва уларни ўзларига дахлдор бўлмаган ва уни билишнинг орқасида бирон манфаат йўқ бўлган ғайбий ишлар тўғрисида баҳслашишдан қайтаради. (Масалан, Одам алайҳи салом га жаннатда ейиш ман қилинган дарахт қайси эканлиги. Бу ҳақида қуйида айтиб ўтилади.- тарж.) Одам алайҳи саломнинг яратилиши тўғрисидаги илм фақатгина Аллоҳга хосдир, Биз уни Қуръони Каримдек энг ишончли манбадан олишимиз мумкин. Ҳижр сурасида Аллоҳ Таоло шундай дейди:

 

“Биз инсонни қора балчиқдан (олиб, сўнг) қуритилган лойдан яратганмиз. жинни (яъни, иблисни)эса (Одамдан) илгари қизиган оловдан яратган эдик”. (Ҳижр сураси, 26-27 оятлар)

 

Бу ердаги инсондан мурод, Одам алайҳи саломдир, чунки у инсон наслининг энг биринчи вакили ҳисобланади.

 

Аллоҳ Субҳанаху ва Таоло бу ҳақда шундай дейди:

 

“Эй инсонлар, сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!” (Нисо сураси, 1 - оят)

 

Ояти каримадаги “бир жон”дан мурод: Одам алайҳи саломдир. Юқорида келтириб ўтилган Ҳижр сурасининг 26 - 27 оятларининг маъноси шуки: Аллоҳ Таоло Одам алайҳи саломни қоп - қора қуруқ лойдан яратиб, унга маълум шакл берган. Унинг тафсилотлари ва дақиқ жойларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Ва жинни Одам алайҳи саломдан аввалроқ “Қизиган олов”дан яратди. Бу олов Самум деб аталади, иссиқлиги шундай кучлики, ҳатто баданларни илма - тешик қилиб юборади.

 

Имом Муслим “Саҳиҳ”да Оиша розийаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Фаришталар нурдан, жин аланга - оловдан, Одам эса сизларга (Қуръонда) васф қилинаётган нарсадан яратилди”.

 

Ушбу икки оятнинг маъноси Раҳмон сурасида ҳам таъкидланади.

 

“У инсон (Одам)ни сопол янглиғ қуруқ лойдан яратди. Жин (ва шайтонлар)ни эса оловдан яратди”. (Раҳмон сураси, 14 - 15 оятлар)

 

Бу ердаги “олов”дан мурод, ҳақиқий олов ёки жаҳаннам оловидан бўлган аралашмадир.

 

Эътибор берилса, Аллоҳ Таоло Одам   алайҳи салом ни бир неча босқичларда яратганлигини кўриш мумкин. Баъзи оятларда у тупроқдан яратилганлиги айтилади, жумладан:

 

“Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида ҳудди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра “Бўл”, деди. Бас, у (жонли одам) бўлди”. (Оли - Имрон сураси, 59-оят)

 

Бошқа сурада унинг лойдан яратилганлиги айтилади:

 

“У барча нарсани чиройли қилиб яратган Зотдир. У инсон (Одам)ни даставвал лойдан яратди”.(Сажда сураси, 7 - оят)

 

Ҳижр сурасида инсон қора балчиқдан олиниб, сўнг қуритилган лойдан яратилганлиги, Раҳмон сурасида эса сополга ўхшаш қуруқ лойдан яратилганлиги айтиб ўтилади. Сиртдан қараганда бу оятлар бир-бирига зиддек, мос эмасга ўхшаб кўринади. Лекин, яхшилаб тадаббур қилинса, ушбу зикр қилинганлар Одам алайҳи саломнинг яратилиш босқичи эканлигини билиш қийин эмас. Яъни, аввал тупроқ лойга айлантирилиб, сўнгра у қизитилган ва қора балчиқ ҳолига келган, кейин қуригач, сополга ўхшаш қуруқ лойга айланган. яна таъкидлаб айтамизки, Ушбу оятлар бир - бирига зид эмас, балки бирини иккинчиси қувватлаб, тўлдириб келади.

 

Баъзи муфассирлар Ҳижр сураси Ушбу оятининг тафсирида шундай фикрларни билдириб ўтадилар: “Одам алайҳи саломнинг қора балчиқдан олиб қуритилган лойдан яратилиши сўнгги босқич ҳисобланади. Яратилишининг илк босқичи тупроқ эди, сўнгра у лойга айлантирилган, бу лой қорайиб балчиқ ҳолатига келган ва қуригач, сопол каби лойга айланган”.

 

Ушбу ояти каримадан мақсад, Аллоҳ Таолонинг яратган ажойиботлари ва буюк Қудратига диққатни жалб қилиш ва шу орқали Унга ҳақиқий бандалик қилишга чорлашдир. Аллоҳ ана ўша моддалардан инсонни нафақат яратди, балки уни чиройли кўринишга эга қилди. Одам боласини бошқа махлуқотлардан устун қилиб қўйди. Буни фаришталарнинг Унга сажда қилишга амр қилинишларида ҳам кўриш мумкин. Аллоҳ Таоло айтади:

 

“Дарҳақиқат, Биз одам болаларини азиз ва мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда(от - улов ва кемаларга) чиқариб қуйдик ҳамда уларга ҳалол - пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (Исро сураси, 70 - оят)

 

Аллоҳ Таолонинг Одам алайҳи саломни Ер юзига халифа қилиши:

 

Аллоҳ Одам алайҳи саломни лойдан яратиб, У ва зурриёти Ер юзини обод қилишлари учун Уни халифа қилишни ирода этди. Ва бу хоҳишини ўзининг муқарраб (яқин) фаришталарига билдириш учун шундай деди:

 

(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг Парвардигорингиз фаришталарга: “Мен ерда халифа қилмоқчиман» деганида, улар айтдилар: “Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сени(нг номингни мудом) пок тутамиз”. (Аллоҳ) айтди: “Мен Сизлар билмаган нарсани биламан”. Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларнни фаришталарга рўбарў қилиб деди: “Агар сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини менга билдиринглар!”.Улар айтдилар: “Эй Пок Парвардигоро, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен Ўзинг илму ҳикмат Соҳибидирсан. (Аллоҳ): «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир”-деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: “Сизларга, Мен Еру осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ҳамда яширган насаларни биламан, демаганмидим?” (Бақара сураси, 30 - 33 оятлар)

 

Маъноси: Эй, Карим зот бўлмиш Муҳаммад, Робингиз фаришта1ларига “Мен Ерда халифа қилмоқчиман”, деганини эсланг. Аллоҳ Таолонинг фаришталарга бу хитоби маслаҳат ёки кенгашиш маъносида эмас, чунки У барча махлуқот ва амр-буйруқларнинг Ёлғиз Ҳожасидир ва Ўз махлуқотларига маслаҳат солишдан Беҳожатдир. Ушбу хитобдан мақсад, Аллоҳ Таолонинг қилаётган ҳикматли ишини уларга эълон қилиш эди. Ёки ушбу оятда Аллоҳ ўз бандаларини бирон ишни қилишдан аввал ақлли ва доно кишиларнинг маслаҳатини олишга ўргатиш ва уларга таълим беришдир.

 

Сўнг Аллоҳ фаришталарнинг бунга билдирган муносабатларини баён қилади: “Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган, кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сени(нг номингни) пок тутамиз”.

 

(Биз “Сени улуғлаймиз” деб таржима қилган ибора Қуръон матнида “наҳну нусаббиҳу” тарзида келтирилган, яъни «Тасбеҳ айтамиз» дейилмоқда). “Тасбеҳ” аслида “сабҳ” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “сув ёки ҳавода тез сузиб кетиш” маъносини англатади, шаръий истилоҳлара эса “Аллоҳ Таолони барча айб - нуқсонлардан пок деб тан олиш учун шошилиш”ни билдиради.

 

(“Пок тутамиз” деб таржима қилинган ибора эса “нуқоддису лака” тарзида ифода этилган). Унинг масдари (ҳаракат номи) “тақдис” сўзи – “Аллоҳ Таолони улуғлаш ва Уни юксак сифатлар билан васф қилиш” маъносини билдиради. Демак, “тасбеҳ” – Аллоҳни барча нуқсонлардан холи эканлигини тан олиш, “тақдис” эса Унинг мукаммал сифатларга эгалигини тасдиқлаш ва эътироф этишдир. 

 

Ояти кариманинг маъноси: Эй Улуғ Раббимиз, Ерда бузғунчилик қилиб, қон тўкувчи кимсани халифа қиласанми? Ҳолбуки, Биз Сени улуғлаб, Сенга ҳамду санолар айтамиз ва Сенинг исмингни пок тутамиз - ку?

 

Фаришталарнинг ушбу гаплари Аллоҳ Таолонинг амрига қарши чиқиш ёки Унинг тадбиридан шикоят қилиш эмасди. Чунки, Улар Аллоҳнинг энг муқарраб фаришталари, мукаррам бандаларидир. Уларнинг ушбу сўзларни айтишларидан мақсад – Ер юзида бузғунчилик қилиб, қон тўкувчи бундай махлуқот (инсонлар)ни яратишдан Аллоҳ Таоло қандай ҳикматни кўзлаганини билиш эди, холос. Фаришталар ғайб илмидан хабардор эмасдилар, улар олдиндан Ер юзида фасод ишлар бўлишини билишлари ҳам мумкин эмас, илло Ҳақ Таоло Ўзи хоҳлаган бандаларини бундан хабардор қилиши мумкин.

 

Ибн Касир ўзининг тафсир китобида ушбу маънони изоҳлаб шундай дейди: “Фаришталар инсоннинг Ерда бузғунчилик қилишини хос илм билан англаганлар ёки инсоннинг табиатидан фаҳмлаганлар, зеро Аллоҳ Таоло уларга ушбу тоифа махлуқотини қора балчиқлан олиб сўнгра қуритилган лойдан яратилиш хабарини берган”.

 

Юқорида айтиб ўтганимиздек, фаришталарнинг бу сўзлари Аллоҳ Таолога эътироз билдириш ёки Одам боласига ҳасад қилиш маъносида эмас, балки бу ишнинг ҳикматидан хабардор бўлиш мақсадида айтилган эди. Яъни улар дедиларки: Эй Раббимиз, ушбу тоифа махлуқотларни яратишдан кўзлаган ҳикматинг нима? Зеро, улар Ерда фасод, ишларни қилиб, кўплаб қон тўкадилар. Агар уларни яратишдан мақсад Ўзингга ибодат қилиш бўлса, Биз Сенга эрта-ю кеч ҳамду сано айтиб номингни улуғлаймиз. Биздан Сенинг амрингга хилоф бўлган бирон иш содир бўлган эмас. Ерни обод қилишга бизлар ожиз эмасмизку? Аллоҳ Таоло уларга қарата “Мен сизлар билмаган нарсани биламан” – деб айтди.

 

Яъни: Мен бу тоифа махлуқотларимни яратишдаги ва уларни Ерда халифа қилишдаги аниқ манфаатларни биламан. Сизлар эса билмайсизлар. Мен улар орасидан пайғамбарлар чиқариб, ўз элчиларимни юбораман ва улар ичидан сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар чиқади.

 

Баъзи уламолар: “Ушбу ояти каримада Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам га тасалли бериш маъноси бор”, деб айтганлар, яъни қавмлари У Зотни ёлғонга чиқардилар. Ва У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида баҳслашиб, ўзлари билмайдиган нарсалар ҳақида ҳужжат - далил талаб қилдилар. Зеро, Пайғамбарлар келганида одамлар уларни тасдиқлаб, уларга итоат этиши, ўз навбатида пайғамбарлар ҳам ҳудди Аллоҳ Таоло муқарраб фаришталарга қилган муомаласи каби муносабатда бўлишлари лозим эди. Яъни, Эй Муҳаммад, Сиз ушбу кофир қавмнинг азиятларига сабр қилинг ва ҳидоят топган зотлар йўлига эришинг”

 

Сўнгра Аллоҳ Таоло Одамалайҳи саломни яратиш ва Уни Ерда халифа қилишнинг ҳикматларидан бирини баён қилади: Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: “Агар сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар!”

 

Яъни: Аллоҳ Таоло Одам алайҳи саломга жаннатда ўзи яратган нарсаларнинг номини билдиришни илҳом қилди. Сўнгра бу исмларни фаришталарга юзлаштирди ва уларни ожиз қолдириш маъносида: Агар Мен яратмоқчи бўлган инсондан билимлироқ ёки афзалроқмиз деган гапларингиз рост бўлса, Менга ушбу исмларнинг номини айтинг - деди. Лекин фаришталар жавоб беришга ожиз қолдилар ва “Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен ўзинг илу ҳикмат Соҳибисан” дедилар.

 

Яъни: Фаришталар ўзларига рўбарў қилинган нарсаларнинг исмларини билмасликларини эътироф этиб шундай дедилар: Сенинг шаънинг улуғдир, Эй, Раббимиз, бизлар Сен ўргатган нарсалардан бошқасини билмаймиз, Ўзинг барча нарсаларни дақиқ жойларигача Билгувчи мутлоқ Алим, барча махлуқотларингни яратишда ва уларга амрингни етказишда Ҳаким бўлган Зотсан. Сен хоҳлаган бандангга илм берасан, хоҳлаган бандангни ундан ман қиласан.

 

Шу ерда Аллоҳ Таоло томонидан Одам алайҳи саломга фаришталардан сўралганда, улар жавоб беришдан ожиз қолган исмларнинг номини хабар бериши буюрилди: “(Аллоҳ): “Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир” – деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: “Сизларга Мен Еру осмонларнинг сирларини ва сизлар инкор қилган ҳамда яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?”

 

Ушбу ояти каримада Аллоҳ Таоло Одам алайҳи саломни фаришталарга ўша исмлардан хабар беришни буюрмоқда. Бундай мақсад Одам алайҳи саломнинг фазлини зоҳир қилиш ва инсонни не сабаб билан халқ қилинганлигини баён қилиш эди. Бу иш Аллоҳ Таолонинг энг ҳикматли тадбирларидан бири бўлган.

 

Ушбу оятлардан оладиган ибрат ва фойдаларимиз шундай иборатки, Аллоҳ Таоло Одам алайҳи салом ва Унинг зурриётини Ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиб, у ерни обод қилишлари ва кўплаб амали солиҳларни бажаришлари учун танлади;

 

- Одам алайҳи салом таълимни Аллоҳ Таолонинг Ўзидан олган ва бу илм назар ва фикр йўли билан амалга оширилган, у ерда бирон хатолик ёки янглишиш содир бўлмаган, чунки бу илмни инсон Аллоҳдан бевосита олмоқда. Ушбу илм соҳиби (Одам   алайҳи салом) Ер юзида халифа бўлиши учун тайёрланди. Шу билан Ер юзига энг одил қонунлар тўплами бўлмиш шаръий ҳукмлар нозил бўла бошлади.

 

Фаришталарнинг Одам алайҳи саломга сажда қилиши ва бунда Иблиснинг тутган ўрни

 

Қуръони Каримдаги кўпгина сураларда Аллоҳ Таолонинг фаришталарни Одам алайҳи саломга сажда қилишга буюриши ва Иблиснинг бу амрдан бош тортиши ҳақидаги оятлар такрорланиб келади. Масалан, Бақара, Аъроф, Ҳижр, Исро, Қаҳф, То ҳа, Сод ва бошқа сураларда, жумладан  Бақара сурасида Аллоҳ Таоло айтади:

 

“(Эй Муҳаммад), эсланг, Биз фаришталарга Одамга сажда қилинг дейишимиз билан улар сажда қилдилар, фақат Иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди”. (Бақара сураси, 34 - оят)

 

“Сажда” луғатда “бўйин эгиш, ўзини паст олиш”, шаръий истилоҳда эса “ибодат қилишни ният қилиб пешонани ерга қўйиш” маъноларини англатади.

 

Уламолар Аллоҳ Таолонинг фаришталарга буюрган саждаси қандай бўлганлиги тўғрисида бир неча қавлларни келтириб ўтадилар, уларнинг кўпчилиги: “Ояти каримада кўзга тутилган сажда луғатдаги маънога мос келади” деган фикрни билдирадилар.

 

Яъни: Фаришталарнинг Одам алайҳи саломга сажда қилишларидан мурод, Унинг фазлини иқрор этиш, Унга таъзим билдириш ва ҳакозо. Бу саждадан мақсад, ибодат ниятидаги пешонани ерга қўйиш эмас, чунки Аллоҳ Таолодан ўзгага ибодат қилиш ширк амалдир, фаришталар ширкдан йироқдирлар. Аллоҳнинг фаришталарни Одам алайҳи саломга сажда қилишга амр қилишидан яна бир мақсад, уларни синаш ва яхшидан ёмонни ажратиш эди. Бу нарсани Аллоҳнинг ҳикмати тақазо қилди. Буни ушбу оятда кўришимиз мумкин:“Улар саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди”. 

 

Яъни: Эй оқил инсон, ўзингга ваъз - насиҳат ва ибрат олиш учун Раббинг фаришталарга: “Одамга, Унга таъзим ва икром келтириш учун сажда қилинг” деганини эсла. Барча фаришталар Аллоҳнинг амрига бўйсундилар, илло Иблис такаббурлик ва ғурур билан бу амрдан бош тортди. Бунинг сабаби Аллох Таолонинг неъматларига шукр қилмаслик эди. Ва натижада осийлардан бўлиб, Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштирилди.

 

Уламолар Иблисни, фаришталардан бўлганми ёки йўқ?, деган масалада икки хил фикрни билдиришади:

 

Ҳудди Одамнинг асли инс бўлгани каби Иблиснинг ҳам асли жиндир. Шунингдек, у оловдан яратилган, фаришталар эса нурдан, Иблиснинг зурриёти бор, фаришталарда эса йўқ. Бу ҳақида батафсил маълумот Каҳф сурасида келтирилади:

 

Эсланг, (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), фаришталарга: “Одамга сажда қилинг”, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди. Энди сизлар Мени қўйиб, уни ва зурриётини дўст тутурмисиз?! Улар сизларга душманку! У золим кимсалар учун нақадар ёмон “ўринбосардир”. (Каҳф сураси, 50 - оят)

 

Ояти кариманинг маъноси: Эй оқил инсон, Биз фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрганимизни эсла. Уларнинг барчаси саждага эгилдилар, фақат Иблис такаббурлик қилиб сажда қилмади, чунки у Аллоҳ Таоло оловдан яратган жин тоифасидан эди, у Бизнинг тоатимиздан чиқди, шундай экан, у Менинг лаънатим ва ғазабимга муносибдир. Эй Одам болалари, ундан узоқлашинг, васвасасидан эҳтиёт бўлинг ҳамда у ва зурриётидан четроқ юринг, чунки улар сизга очиқ душмандир. Уларни ўзларига дўст қилиб олувчилар яхшини ёмонга алмаштирибдилар, улар Аллоҳ Таолонинг тоатидан чиқиб, Иблис ва унинг зурриётига итоат этибдилар.

 

Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, Одам болалари ҳамда Иблис ва унинг зурриётлари ўртасидаги адоват-душманлик азал - азалдан давом этиб келмоқда.

 

Ушбу эслатмадан мурод, инсонни шайтон васвасасидан эҳтиёт бўлиб юришга чақириш ва унга қарши чиқишга руҳлантириш. «Аъроф» сурасилда Иблисни Одам алайҳи саломга сажда қилишдан тўсган нарса баён қилинади:

 

“Аниқки, Биз сизларни яратдик, сўнг сизларга сурат бердик, сўнгра фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”, дедик, бас, улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилардан бўлмади. (Аллоҳ) деди: “Мен сенга буюрган пайтимда сени сажда қилишдан нима тўсди?”. “Мен ундан яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг”, деди у. (Аллоҳ) деди: “У ҳолда ундан тушгин! Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан!”. “Менга улар тириладиган Кунгача муҳлат бер”, деди у. (Аллоҳ)деди: “Сен муҳлат берилганлардансан”. У айтди: “Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг Тўғри Йўлинг устида уларни кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнггу сўлларидан келиб (Тўғри Йўлдан оздирурман) ва уларнинг кўпларини шукр қилган ҳолларида тополмайсан”. (Аллоҳ) айтди: “Ундан жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ! Қасамки, улардан кимда - ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз билан тўлдирурман”. (Аъроф сураси, 11 - 18 оятлар)

 

Яъни: Биз оталарингиз Одамни бирон суратга эга бўлмаган ҳолида лойдан яратдик, сўнгра сурат бердик.

 

Ёки: Биз сизларни оталарингиз Одамнинг бели(сулб)да яратдик ва сизлардан Аллоҳ Таолога ибодат қилишларингиз ва Унга бирон нарсани ширк келтирмаслигингиз тўғрисида мийсоқни олаётган пайтимизда сизларга сурат бердик.

 

“Сўнгра фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”, дедик, бас, улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилардан бўлмади”.

 

Сўнгра Аллоҳ Иблисни сажда қилишдан тўсган сабабларни баён қилади:

 

(Аллоҳ) деди: “Мен сенга буюрганимда сени сажда қилишдан нима тўсди?”

 

Яъни: Аллоҳ Таоло Иблисга танбеҳ ва маломат маъносида: Мен сени фаришталар билан бирга сажда қилишга буюрган бўлсамда, сени ундан нима тўсди ёки сени сажда қилмасликка нима ундади.

 

Сўнгра Иблиснинг жавоби келтирилади: “Мен ундан яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг”.

 

Яъни: Иблис тавба қилиб, ўз ишига афсусланиш ўрнига, Аллоҳ Таолога маъсият қилишда давом этиб, ғурур ва манманлик билан: Мен ундан яхшироқман, чунки мен оловдан яратилганман, у эса оддийгина лой унсуридан яратилган,- деди. Сўнгра Аллоҳ Таоло деди: “У ҳолда ундан тушгин!”, яъни Менга, Менинг амримга исён қилганинг ва тоатимдан бўйин товлаганинг сабабли жаннатдан чиқ…

 

“Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас”, яъни жаннатда манманлик қилиш дуруст эмас, чунки у ер мутакаббирлар учун тайёрланмаган, зеро у Менинг тоатимга итоат этувчилар, камтарин зотларнинг маконидир.

 

“Бас, чиқ! Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан!”, яъни эй Иблис жаннатдан чиқ, сен Аллоҳ ва Унинг суюкли бандалари наздида хор бўлгувчилардансан, бунга сабаб сенинг мутакаббирлигинг ва ғурурлигингдир.

 

Сўнг Иблиснинг Аллоҳ Таолодан нима талаб қилгани ва унга қандай жавоб қилингани баён этилади: У(Иблис): “Менга улар тириладиган Кунгача муҳлат бер”,- деди

 

Яъни: Иблис айтди: Эй Раббим, менинг ажалимни кечиктир, мени Одам ва унинг зурриёти қабрларидан тириладиган Кун (Қиёмат куни)гача ўлдирмай тур.

 

Иблис бу билан ўлимдан қутулишни ва Қиёматгача Одам болаларини йўлдан оздиришни хоҳлаган эди.

 

(Аллоҳ) айтди: “Сен муҳлат берилганлардансан”.

 

Яъни: Аллоҳ Таоло Иблисга Маълум Вақт (Қиёмат Куни)гача унинг ажали кечиктирилганлигини айтмоқда.

 

Кейин, Иблиснинг Одам ва унинг зурриётини йўлдан оздириб, макр-ҳийла ишлатишга ва уларга озор бериш учун ваъда берганлиги ҳикоя қилинади: У айтди: “Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг Тўғри Йўлинг устида уларни кутиб ўтирурман”.

 

Яъни: Мени йўлдан оздирганинг ва Ўз раҳматингдан узоқлаштирганинг сабабли Одам ва Унинг зурриётини Ҳақ Йўлда кузатиб тураман ва уларни ундан тўсаман. Уларни Тўғри Йўлдан адаштириш учун ҳар бир воситани ишга соламан.

 

“Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнггу сўлларидан келиб (Тўғри Йўлдан оздираман)”, яъни, уларга душман ўз рақибига ҳужум қилиши мумкин бўлган тўрт томондан: олд, орқа, чап ва ўнг томондан яқинлашаман ва мен уларни Сенинг Тўғри Йўлингдан адаштирмай қўймайман.

 

Оқибатда “Уларнинг кўпларини шукр қилган ҳолларида тополмайсан”. Яъни, Уларнинг аксарият қисмини амрингга бўйсунмаган ва берган неъматларингга шукр қилмаган ҳолларида кўрасан.

 

(Аллоҳ) айтди: “Ундан жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ!”

 

Яъни: Аллоҳ Таоло Иблисга: “Жаннатдан маломат қилинган, таҳқирланган ва раҳматимдан қувилган ҳолингда чиқ” – деди.

 

“Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз билан тўлдирурман”.

 

Яъни: Жаннатдан ҳайдалган ҳолингда чиқ, ва шуни билки, жин ва инс тоифасидаги кимки сенга эргашса, уларнинг ҳам сенинг ҳам борар жойинг жаҳаннам бўлади. У нақадар ёмон жой!

 

Ҳижр сурасида Ушбу қиссани тўлдириб келувчи оятлар мавжуд. Унда Иблис содиқ, ихлосли мўминларни Тўғри Йўлдан чалғита олмаслигини эътироф этган. Аллоҳ Таоло айтади:

 

  “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Раббингиз фаришталарга: “Мен (асли) қора балчиқдан (олиб), қуритилган лойдан инсон Яратувчиман. Бас, уни тиклаб, ичига, Ўз(даргоҳимдаги) руҳимдан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!”, деди. Барча фаришталар унга сажда қилдилар. Фақат Иблис сажда қилувчилар билан бўлишдан бош тортди. (Аллоҳ) деди: “Эй Иблис, сенга не бўлдики сажда қилгувчилар билан бирга бўлмадинг?”. (У) айтди: “Мен қора балчиқдан олиниб, (одам сурати берилгач), қуритилган лойдан Сен яратган башарга сажда қилувчи эмасман”. (Аллоҳ) деди: “Бас, ундан (жаннатдан)чиқ! Энди сен, қувилган малъунсан”, яъни, Менинг раҳматимдан узоқлаштирилгансан ва “То жазо Кунигача сенга лаънат бўлур”, яъни жазо ва ҳисоб Куни бўлмиш Қиёматгача сенга лаънатим давомий бўлади.

 

Шунда Иблис: Эй Раббим, менга улар тириладиган Кунгача муҳлат бер, менинг жонимни олмай тур, - деди. Аллоҳ: “Сенга муҳлат берилди”,- деб айтди. Бунга “шукр” сифатида Иблис шундай деди: Энди мени йўлдан оздирганинг сабаб, мен уларнинг барчасини йўлдан адаштираман, уларга Ер юзида гуноҳ ва маъсиятларни зийнатлаб кўрсатаман, илло булар ичида содиқ, мухлис бандаларинггагина бас кела олмасман, чунки уларнинг иймонлари, Сенга бўлган ишончлари кучли. Шунда Аллоҳ деди: “Менинг зиммамдаги Тўғри Йўл шудир”. Яъни: Эй Иблис, менинг мухлис бандаларимни йўлдан оздира олмаслигинг Менинг ҳикматим, адолатим ва раҳматимдир.

 

“Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай ҳукмронлик йўқдир”, яъни: Менинг ихлосли бандаларимни Тўғри Йўлда чалғитишга қудратинг етмайди.

 

“Илло сенга эргашган гумроҳларнигина(йўлдан оздира олурсан)”. Яъни: Лекин, фақатгина адашиб, сенга эргашган одамлар орасидаги иймони заиф бўлган кимсаларнигина Тўғри Йўлдан оздира олурсан.

 

“Уларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой жаҳаннамдир”. Яъни, Иблис ва унга эргашган, Тўғри Йўлдан чалғиганларнинг борар жойи жаҳаннамдир. Юқорида келтирилган маълумотлар Ҳижр сурасининг 28 - 43 оятларида зикр қилиб ўтилган.

 

Исроъ сурасининг 61 - 65 оятларида ушбу қисса бошқа услубда ҳикоя қилинади. Аллоҳ Таоло айтади:

 

Эсланг, Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилинг” дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат Иблис: “Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?”- деди.

 

Иблис ўз Холиқи бўлмиш Аллоҳ Таолога такаббурлик ва манманлик билан шундай деди: Мен оловдан яратилган бўлсамда, лойдан яратилган шу Одамга сажда қиламанми? Ҳолбуки, мен ундан афзалман.

 

Иблис Ушбу ғурур ва исён билан чекланмади, ва Раббисига шундай хитоб қилди: “Менга хабар бергинки, мана шу кимсани мендан устун қилдингми? Қасамки, агар сен мени Қиёмат Кунигача қолдирсанг, албатта мен Унинг зурриётинии қириб юборурман, магар озгиналаригина (Ҳақ Йўлда қолур)”.  Яъни: Иблис одобсизсик билан ўз Холиқига шундай деди: Менга ушбу, лойдан яратилган инсон ҳақида хабар бер. Нима учун уни мендан афзал қилиб қўйдинг ва унга сажда қилишимни буюрдинг? …

 

Қасам ичаманки, агар менинг ажалимни Қиёматгача кечиктирсанг, уларнинг озчилигидан бошқа ҳаммасини ҳалок қилурман. Одам зурриётининг барчасини ўз измимга бўйсундираман, ва ўзимга мутеъ қилиб оламан, фақат оз кишилар бундан мустаснодирлар.

 

Шунда Аллоҳ Таоло айтди: “Бор, (сенга муҳлат бердим). Бас, улардан Ким сенга эргашса, у ҳолда, шубҳасиз жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур!”.

 

Яъни: Аллоҳ Таоло таҳқирлаш маъносида Иблисга шундай деди: Бор, даргоҳимдан қувилган ва лаънатланган ҳолда чиқ, сенинг ажалинг Қиёмат Кунигача кечиктирилди. Бас, улардан кимки сенга эргашса, ҳаммангизнинг жазоингиз жаҳаннам бўлади. Бу мукаммал жазо бўлиб, ундан бирон нарса ноқис қилинмас. Сўнгра Аллоҳ(субҳанаҳу ва Таоло) бошқа йўл билан Иблисга хитоб қилади: “Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устида отлиқ ва пиёда (лакарларингни)торт, топган мол-давлат ва бола - чақаларида уларга шерик бўл, уларга (ёлғон) ваъдалар қил. Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур”.

 

Аллоҳ Таолонинг ушбу амридан мурод Иблисни қўрқитиш, уни ва васвасасини таҳқирлашдир.

 

Яъни: Аллоҳ Таоло унга деди: Бор, эй малъун, қувилган Иблис қўлингдан келганича одам болаларини васваса қил, уларга ёлғон ваъдалар бер ва тинчсизлантир, макр - ҳийла билан ўзингга жалб эт, васвасанг билан уларни маъсият ишларга чорла, уларни Тўғри Йўлдан адаштириш учун барча макрларингни тўпла. Уларнинг мол - мулкларига шерик бўл, уни жамлашга ва ҳаром йўлга сарфлашга унда. Уларнинг бола-чақаларида ҳам шерик бўл, одобсиз фарзанд қилиб тарбиялашларига қизиқтир. Уларга ботил ва ёлғон ваъдалар бер. Ва шайтон уларга алдовдан бошқа нарсани ваъда қилмайди.

 

Сўнгра Аллоҳ Таоло ушбу ояти каримани содиқ мўминларнинг қалбларига хотиржамлик солиш билан якунлайди. У айтади: “Менинг (иймон - эътиқодли) бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик бўлмас. Парвардигорингнинг Ўзи етарли Вакилдир”.

 

Яъни: Сен Менинг содиқ ва ихлосли бандаларимни йўлдан оздиришга қодир эмассан. Раббингнинг Ўзи етарли Вакилдир, улар Унга таваккул қиладилар, ўз ишларини топширадилар ва шайтоннинг макр - ҳийла ва фитна - васвасаларидан сақлашни сўрайдилар. Аллоҳ Таоло энг яхши сақлагувчи ва ёрдам бергувчи Зотдир.

 

Сод сурасининг 71 - 83 оятларида ҳам ушбу қисса ўзига хос услубда ҳикоя қилинади, яъни бу оятларнинг сўнггида Аллоҳ Таоло кескин тарзда шайтон ва унга эргашганларни жаҳаннамга киритишини таъкидлайди. Қисса ушбу оят билан бошланади:

 

Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: “Албатта Мен лойдан бир одам яратгувчиман. Бас, қачон уни тиклаб, унга ўз руҳимдан пуфлаб киргизганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинглар!” Фаришталарнинг барчаси сажда қилдилар, магар Иблисгина кибру ҳаво қилиб, кофирлардан бўлди. (Шунда Аллоҳ) деди: “Эй Иблис, Мен Ўз “қўллар”им билан яратган нарсага сажда қилишдан нима сени ман қилди? Кибру ҳаво қилдингми ёки сен юксак мартабали зотлардан эдингми?”

 

Яъни: Аллоҳ Таоло Иблисга ҳақорат ва тергаш оҳангида Ўз “қўллар”им билан яратган ва қудратим билан унга сурат берган Одамга сажда қилишдан сени нима тўсди? Сен унга сажда қилишдан манманлигинг тўсдими ёки сен ноҳақ ўзини бошқалардан катта олгувчиларлан бўлдингми?

 

Иблиснинг жавоби шундай бўлди: “Мен ундан яхшироқдирман, сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг”. Сўнгра Аллоҳ Таоло унга шундай жавоб қилди: “Бас, ундан (жаннатдан) чиқ! Энди, сен шубҳасиз қувилган – малъунсан. Ва албатта то Жазо Куни (Қиёмат)гача сенга Менинг лаънатим бўлур”.

 

Кейин Иблис Аллоҳдан ўтиниб сўради: “Парвардигорим, у ҳолда менга улар тириладиган Кунгача муҳлат бергин”.

 

Шунда Аллоҳ Таоло шундай жавоб қилди: “Бас, сен маълум вақтда етиб келадиган Кунгача муҳлат берилганлардансан”.

 

Иблис Инсон ва Унинг зурриётига ўз адоватини давом эттириб шундай деди: “Энди Сенинг қудратингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (Ҳақ Йўлдан озмай қолурлар)”. Шу ерда Иблисга Аллоҳ Таолонинг энг одил иқоби – жазоси айтилади: “Ҳаққа (қасам), фақат ҳақни айтурманки, албатта Мен жаҳаннамни сен ва (одамлар) орасидаги барча сенга эргашган кимсалар билан тўлдирурман!”.

 

Яъни: Ҳақ билан қасам ичиб айтаманки, Мен жаҳаннамни сен, сенинг жинсингдан бўлганлар ва сенга эргашганлар билан тўлдираман, чунки, Менинг амримга бўйсунмай, Менга осий бўлганларнинг жазоси шу!

 

Иблиснинг Одам алайҳи саломни иғво қилиши ҳақида

 

Аллоҳ Таоло Одам алайҳи салом ва унинг жуфтига жаннатни маскан тутишни амр қилди, ва у ердаги барча мевалардан ейишга рухсат берди, илло биргина дарахтни уларга ман қилди. Лекин, Шайтон уларни ўз васвасаси билан алдаб, ўша ман қилинган дарахтни ейишга ундади. Улар ундан едилар, ва бу нарса уларнинг жаннатдан чиқарилишларига сабаб бўлди.

 

Бу ҳақда Бақара сурасида шундай дейилади:  

 

Ва, айтдик: “Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинглар. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангларки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар”.

 

Яъни: Биз фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрганимиздан сўнг уларнинг барчаси амримизга бўйсундилар, илло Иблисдан ташқари, сўнгра Биз Одамга ҳурмат - эҳтиром билан: “Эй Одам, сиз ўз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг”, дедик.

 

Жумҳур уламоларнинг фикрича, бу ердаги жаннатдан мурод “Дорус - савоб” (“Мукофотлар диёри”)дир, уни Аллоҳ Таоло Қиёмат Кунида мўминлар киришлари учун тайёрлаб қўйган. Бошқа бир уламолар у ердаги жаннатдан мурод, Ердан баланд жойдаги боғ - роғлар бўлиб, Аллоҳ уни Одам ва унинг жуфти учун яратган, деб айтадилар.

 

Аллоҳ Таолонинг “Ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинглар” деган сўзи унинг фазлу карамидан бир нишонадир. Сўнгра Аллоҳ уларни муайян бир дарахтни ейишдан қайтарганлигини баён қилади: “Фақатгина мана бу дарахтга яқинламанглар, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар”.

 

Яъни: Сизлар жаннатдаги мевалардан хоҳлаганча енглар, лекин мана бу Биз сизларга чеклаган дарахтдан эҳтиёт бўлинглар. Агар Бизнинг амримизга хилоф иш қилиб ундан есанглар, ўз нафсига зулм қилувчи бандалардан бўлиб қоласизлар. Муфассирлар ушбу ейишдан ман қилинган дархтнинг исми ва нави тўғрисида бир неча фикрларни айтиб ўтганлар. Айтиладики: у анжир эди, ёки узум. Лекин Қуръони Каримдан унинг қайси дарахт эканлиги зикр қилинмаган.

 

Имом ибн Жарир ушбу маъно ҳақида жуда яхши фикрлардан бирини айтиб ўтган: “Бу борада энг яхши йўл: Аллоҳ Таоло Одам ва унинг жуфтини жаннат дарахларидан бирини ейишни ман қилган, дейишликдир, чунки у дарахт қайси эканлиги тўғрисида бизда бирон аниқ илм йўқдир. У Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадисларда ҳам зикр қилинмаган. Айтиладики, у буғдой эди, у узум эди… Бу шундай илмки, уни билгувчи бирон манфаат кўрмайди, уни билмай қолган одамга эса ҳеч қандай зарар бўлмайди”.

 

Шундай сўнг Аллоҳ Таоло Одамнинг хато қилганини баён қилади:

 

“Бас, уларни шайтон йўлдан оздирди”.

 

Яъни: Шайтон уларни адаштирди, улар ҳам унинг васвасасига қулоқ осдилар ва Раббиларининг амрини унутдилар, натижада Аллоҳ уларни мева ва турли нозу - неъматларга тўла бўлган жаннатдан чиқарди...

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216411
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553