Она меҳри
Бу оламда онадек меҳрибон, куюнчак ва жонкуяр зот бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам оналар шаънига ҳар қанча мақтов, ҳар қанча таъриф-тавсифлар айтсак, камлик қилиши табиий. Мабодо тарозунинг бир палласига она меҳр-муҳаббати, бошқа бирига эса бу дунёдаги бор жонзотники қўйилса, ишонч билан айтиш мумкинки, оналар меҳр-муҳаббати турган тарозу палласи албатта оғир келади. Бундай дейишга сабаб она меҳри бетимсол ва унинг ўлчови йўқ. Шу боис бу меҳр ўлчовини ақл бовар қилмайди. Оддий мисол тариқасида айтадиган бўлсак, шу меҳр туйғуси мавжуд эканки, одамзот насл-насаби заволга юз тутмайди, беминнат меҳр паноҳида яйраб-яшнайди, шу меҳр туйғуси мавжуд эканки, гўдаклар бир парча эт ҳолидан қадди расо инсонга айланади. Тунлари бешик тебратиб, мижжа қоқмасдан боласини эмизган, бирон нарсага муҳтож бўлганини ички сезги орқали англаб, ўзига малол ва оғир олмасдан айни вақтида адо этадиган оналар эмасми? Аллоҳ таоло оналар қалбига шундай ғаройиб ва беқиёс меҳр-муҳаббат уруғини жойлаганки, бунинг таърифига тил ожиз, баёнига қалам ноқис ва идрокига ақл забун демоқдан бошқа илож йўқ.
Илоҳий китобимиз Қуръони каримда ҳам оналарнинг мақом-мартабаси улуғланиб, юксак баҳоланади. Шунингдек, фарзандни туғиб, вояга етказиш мобайнида оналар тортадиган дард-оғриқ, машаққат ва жабр-ситамлар хусусида таъкидлаш ортиқча бўлса керак. Шу боис Аллоҳ таоло оналар шаъни ва қадр-қиймати улуғ ва юксак маъно касб этишини одамзотга ваҳий орқали билдириши бежиз эмас. Илоҳий нидога бутун вужудимиз билан қулоқ соламиз: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни амр этдик. Онаси унга мадорсизлик устига мадорсизлик билан ҳомиладор бўлди, уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда келур. Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!” (Луқмон сураси: 14-оят). Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифларида ҳам оналарнинг улуғ хизмати ва оналар ҳақини адо этишга ҳаракат қилинганда унинг мингдан бирини ҳам адо этиб бўлмаслиги хусусида хабарлар берилган. Бу сўзимиз исботи учун бир ҳадиси шарифга эътибор қаратайлик: бир киши Пайғамбаримиз ҳузурларига келиб, одамлар ичида яхши муомаламга ким кўпроқ ҳақли, деб сўраганида дастлаб уч марта онангга, кейин отангга деганлари ҳам бу фикримизни тасдиқлайди. Шундан ҳам биламизки, Пайғамбаримизнинг уч марта онангга, тўртинчи марта отангга дейишларида ҳикмат кўпки, буни ақлимиз қамраб олишга ожизлик қилади.
Ҳаттоки ҳайвон ва парррандалар ҳаётини кузатсак, уларда ҳам она меҳр-муҳаббати беқиёс даражада мавжудлигини пайқаш қийин эмас. Мабодо бу жонзотлар бирон хатар яқинлашаётганини сезгудек бўлса, жонини қурбон қилиб бўлса-да, ўз боласини қутқаришга ҳаракат қилади. Бундай хатти-ҳаракатга уларни нима мажбур қилади, деб ўйлайсиз? Буни оналаримиз меҳр-муҳаббатига қиёслаб бўладими?
Она меҳридан устун бўлган ягона нарса бу Аллоҳнинг раҳматидир. Зеро, ҳадиси шарифларда келганидек, Аллоҳнинг раҳмати юз бўлак бўлса, унинг бир бўлагини Аллоҳ ўзи яратган барча махлуқотлари орасида тақсимлаган ва ўша раҳмат ва шафқат туфайли барча махлуқоту мавжудот ўзаро бир-бирларига, жинсларининг давомчиларига меҳр кўрсатадилар. Мазкур раҳмат туфайли она ҳайвон ўз туёғи билан боласини босиб ўлдириб қўйишдан тийилади, ўша меҳр туфайли йиртқич ҳайвонлар ҳам болаларига шафқат кўрсатадилар.
Саҳиҳайнда Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: Расулуллоҳ ҳузурига асирлар келтирилди. Қарасак, уларнинг ичидаги бир аёл кимнидир излаб юрарди. Бирдан у бир болани топиб олди ва уни ўз қорнига ёпиштириб (қучоқлаб олиб) эмиза бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай хитоб қилдилар: “Айтингчи, бу аёл ўз боласини дўзахда қолдиради, деб ўйлайсизми?!”. Биз: “Асло қолдирмайди, агар бунга қодир бўлса”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Огоҳ бўлингки, Аллоҳ Ўз бандаларига мана бу аёлнинг ўз боласига меҳрибонлигидан кўра меҳрибонроқдир!”.
Оналар меҳр-муҳаббати беқиёс ва бетакрорлигига яна бир далил шуки, фарзанд вояга етиб, ҳаётда ўз ўрнини топганида ҳаёт ташвишига кўмилиб, онасига эътибори қайсидир даражада камайиб борар, лекин она боласидан асло кўнгил узолмайди. Бу меҳр-муҳаббат то охирги нафасига қадар ўз аслича ўзгармай қолаверади.
Афсус ила таъкидлаш лозимки, ғарбона ахлоқ ва маданият биздаги минг йиллар мобайнида шаклланган қадрият ва муносабатларга таъсир қилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Шундай таъсир самараси ўлароқ оналаримизга нисбатан меҳрсизлик, қўполлик ва носамимий муносабатлар кўзга ташланади. Айрим оилаларда боласи ўз онасига қўпол муомала қилади, оддий бир хатоси туфайли жеркиб беради, қўл-оёғи, тўрт мучаси соғ бўла туриб онасига иш буюради, бўлар-бўлмасга дилини оғритади. Шу йўсинда вояга етган фарзанд уйланиб-жойлангач, хотини ва бола-чақасига меҳр қўйиб, онасига эътибор бермай қўяди. Айрим нодон ва жоҳил фарзандлар бундан она қалбида ўкинч ва оғриқ пайдо бўлишини ўйлаб ҳам кўрмайди. Энг ачинарлиси шундаки, шундай муомалага ўрганган, онасини норизо қилаётган ва дилини оғритаётган фарзандлар ҳаётимизда учраб туради. Ғарб дунёсида яшаётганлар бундай муомалани балки оддий ҳолдек қабул қилар, лекин бизда бу нарса жуда хунук ва ёмон одат ҳисобланади. Динимизда ҳатто онасига уф дейиш ва гапини қайтариш ҳам гуноҳ деб билинади, уларнинг ҳақига нисбатан тажовуз сифатида қаралади. Шуни ҳам қайд этиш лозимки, она вафотидан кейин ҳам фарзандлик ҳақини адо этиш учун динимиз кўплаб савоб амаллар қилишга буюради.
Афсуски, бир ишнинг бошини тутмасдан, онаси оладиган нафақа ҳисобига яшаб юрган айрим фарзандлар она ҳақини адо этиш хусусида ўйлаб кўрармикан? Бечора она шунда ҳам фарзанди устидан бировга шикоят қилмайди, қанча айби бўлса ҳам яшириб, боласини авайлаб-ардоқлайди.
Онажонларимиз бошимиздаги тожимиз, суянган тоғимиз, энг катта давлатимиз. Онамиз уйда экан, ғамимиз йўқ, хотиржам ишимизга бориб келамиз. Онамиз уйда экан, сафар ва саёҳатларга ҳам кўнглимиз тўқ бўлиб отланамиз. Онамиз уйда экан тўй-ҳашам, чойхонаю гап-гаштаклардаги дам олишлар, ҳордиқ чиқаришлар ҳам татийди. Барча олиму фозилларнинг, шоиру ёзувчиларнинг, дунёга машҳур бўлган буюк кимсаларнинг буюклик мавқеини эгаллашлари замирида албатта онанинг хизмати мавжуд. Ўсиб- улғайишимиз, илм олиб, олим бўлишимиз, касб-ҳунар эгалаллашимиз, умуман ишларимиз бир маромда кетиши ва хотиржам фаолиятимизни давом эттиришимиз учун онамизнинг кўзга кўринмас дастагидан, қўллаб-қувватлашидан мудом фойдаланамиз. Лекин унга бунинг “бадалини” тўламаймиз, миннатдорчилик билдирмаймиз. Кўнглини кўтариб, хизматини қилмаймиз. Оналаримиз уйимизнинг файзу баракаси, нуру зиёси. Улар бор экан, эшигимиздан меҳмон ва зиёратчилар аримайди. Уларнинг дуоси сабаб, Яратган Эгамиз бизларни турли бало-мусибатлардан асраб туради. Оналаримиз уйларимизни ёритиб, мунаввар қилиб турадиган ёнар чироқдир. Уларнинг зиёси хонадонимизга файз бағишлаб туради. Лекин бу чироқ ҳам абадий эмас, бир куни унинг зиёси сўнади, бориб-бориб охир нури ўчиб қолади. Бу ҳаммамизнинг энг катта қўрқувимиз... Энг катта хавотиримиз... Бу нарсадан шу қадар қўрқамизки, ҳатто уни эслашни, ўйлашни ҳам хоҳламаймиз... Гўёки онамиз абадий ёнимизда яшайдигандек, бу нарсани онгимиздан чиқариб ташлаганмиз... Илоҳо, оналаримизнинг умрларига умр, ёшларига ёш қўш!.. Тани-жонларини соғ қил!.. Бошимиздаги тожимиздан айирма!..
Она ҳақида ёзмаган одамнинг, у ҳақда куйламаган шоирнинг ўзи йўқ. Она ҳақида шоирлар ёниб-куйиб куйлашади. Унинг умри абадий бўлишини, иложи бўлганда эди ўз умрларини, ўз кўзларининг нурини, сочларининг қорасини-ю, тишларининг сарасини беришларини, унинг ёйдек эгилган қаддини ростлаш мушкуллиги-ю, юлдузли осмонни кўрпача мисол она пойига тўшаб, қанчалар узоқда бўлган ҳилолни бир болиш айлашни исташади. Аммо бари бир шунда ҳам қарзлари узилмай қолаётганликларини куйлашади. Буларнинг ҳаммаси она меҳрига тўйиш мумкинмаслигини, унинг меҳри дарё эканлигини кўрсатади.
Шулардан келиб чиққан ҳолда хулоса қилиш мумкинки, Аллоҳ яратган махлуқотлар ичра она меҳр-муҳаббатига тенг келадиган меҳр-муҳаббат йўқ. Одамзот мавжуд эканки, бу меҳр-муҳаббат асло сўнмайди, қадр-қийматини йўқотмайди. Лекин биз фарзандлар бўйнида адо этиш лозим бўлган кўплаб она ҳақлари борки, кўпчилик буни онасидан айрилиб, уни тупроққа қўйгандан кейин тушуниб қолади, афсус-надомат чекади, онасини қўмсаб-орзиқади. Вақт ўтганидан кейин бошни минг тошга урган билан фойда йўқ. Шунинг учун бу меҳр-муҳаббат қалбимизда ўчмас армонга айланмасдан олдин уни қадрлаш, авайлаб-асраш ва эъзозлаш керак…
Одилхон қори Юнусхон ўғли