Онахон, ахлатни сувга ташламанг!
23.1.2017 7581

   Ҳар куни Нурафшон кўчасидан анҳор ёқалаб юраман. Тоза, саришта жойлар. Айниқса, ёз фаслида у ердан ўтишнинг гашти бўлакча. Ишдан қайтишда анҳор бўйлаб пиёда қайтаман. Бир танишим айтганидек, “ўйлаб олиш учун” ҳам пиёда юришни яхши кўраман.
    Яқинда сув ёқалаб, хаёлларга чўмиб кетаётгандим. Бир пай “чалоп” этган овоз эшитилди. Қарасам, анҳорда катта қора целлофан пакет. Ичи тўла ахлат сувда қалқиб, сузиб кетаяпти. Не кўз билан кўрайки, анҳорнинг нарига қирғоғида тахминан 60-65 ёшлардаги супурги кўтарган онахон қолган-қутган чиқиндиларни сувга улоқтираяпти. Тўғриси, бундан қаттиқ жаҳлим чиқди. Бир кўнглимда гапирсаммикан, деб хаёл қилдим. Лекин ўзбекона андиша устун чиқди—айтолмадим. Бир қарорга келгунимча, онахон дарвозасидан кириб кетди.
    Бу ҳолат кўнглимни хира қилди. Умуман, дуч келган жойга чиқинди ташлайдиган, айниқса, сувга ахлат оқизадиган одамларга тоқат қила олмайман. Бу, менимча, болаликдаги тарбиянинг таъсири. Уйимизнинг яқинидан катта зовур оқиб ўтган. Ёз фаслида болалар билан маза қилиб чўмилардик. Идиш-товоқ, мол-қўй ва рўзғорга ҳам шу анҳорнинг сувидан фойдаланилар эди. Айримлар учун ичимлик суви ҳам эди. Биз эса маҳалламизга махсус сув ташиш машинасида олиб келинадиган сувдан сотиб олиб, ичардик. Уни Оқсув дердик. Тоғлардан оқиб келадиган бу сув жуда ширин, таъми ҳам бошқача. Ердан сизиб чиққан анҳордаги заҳ сувидан кескин фарқ қилади. Хуллас, шу зовурнинг яқин атрофдаги хонадонлар учун аҳамияти катта эди(ҳозир ҳам шундай).
    Махсус чиқинди ташлаш жой бўлмагани учун қўни-қўшниларимиз кўприк ёнига, анҳор ёқасига ахлат ташлашни ўрганиб олди. Ўша пайтда раҳматли бобом шифохонада даволанаётган эдилар. Шифохонадан қайтиб, уни кўриб қолдилар. Кейин фаросатсизларча сув ёқасига ахлат ташлаган одамларни бўралатиб сўкдилар. “Қанақа бефаҳм одамлар бор-а. Ўзи фойдаланади, болалари чўмилади, идиш-товоғини ювади, керак бўлса, ичади. Ахлатни турган-битгани касаллик, микроб-ку!”, дедилар. Ва бизни чақириб, тозаллатирдилар. Табиийки, бундан ҳамма қўшнилар бохабар бўлди. Кейин бизга “Ким ахлат ташлаганини кўрсанглар, менга айтасизлар. Ўзим гаплашаман ўша бефаросат билан”, дедилар. Шундан кейин ахлат ташлаш тўхтади. Бобомнинг шу каби тутумлари бизга синггандир, эҳтимол.
    Ана энди анҳорга ахлат ташлаган онахон ҳақида. Наҳотки, бир умр шу анҳорни бўйида яшаб, шу ёшга кириб, сувга чиқинди ташламаслик ҳақида билмайдилар? Бунга ишониш қийин. Чунки ҳамма ўзбек хонадонида бу ҳақида обдон уқтирилади. Хўш, хонадоннинг улуғлари шундай иш қилса, болалари қандай бўлади? Жавобини ўзингиз яхши биласиз: Катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам шу ердан юради.
    Балки ташлашга жой йўқдир, дерсиз. Менинг хаёлимдан ҳам шундай фикр ўтди. Лекин кеча “Махсустранс”нинг чиқинди ташийдиган транспортини кўрдим. Йигитлар маҳалланинг чиқиндиларини ортишаётганди. Гапларим исботи сифатида расмга ҳам тушириб олдим.
   Ҳукумат миллион-миллион пул ажратиб, Нурафшон кўчасини очди. Одамларнинг бахри дили очилсин, деб атрофини кўкаламзорлаштирди, атрофини обод қилди. Буларнинг ҳаммаси биз учун, шу эл, шу халқ учун. Лекин ҳамма ҳам буни англамайди, қадрига етмайди. Ваҳоланки, дунёдаги қанча-қанча жойлар сувга зор, турган-битгани саҳро, чўл. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дегани шу-да. Эътибор қилсам, онахонга ўхшаб анҳорга ёки унинг четига ахлат ташлайдиганлар камэмас экан. Сувдан оқиб келадиган ёки анҳор бўйи ташланган чиқиндилар гапимнинг исботи.
   Азизлар, чиқиндиларнинг табиатга, ундан ҳам одамга қанчалар зарар эканини айтиб, турли рақамлару статистикалар билан бошингизни қотирмоқчи эмасман. Интернетга кирсангиз, бу ҳақида истаганча маълумот ўқишингиз мумкин. Бобом кўп бор таъкидлардилар, “Ит ҳам хатто жойини думи билан супириб, кейин ётади”, деб. Ўзимиз яшайдиган, болаларимиз ўйнайдиган жойни озода тутайлик. Айниқса, анҳорларга чиқинди оқизмайлик, илтимос. Ҳеч ким кўрмагани билан жазодан қутулиб қола олмайсиз. Сиз ташлаган ахлат сабаб бўлиб, кимдир озор топса, касал юқтирса, гуноҳи сизнинг бўйнингизда. Бу аниқ!

 

Муслим Мирзажонов

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216304
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24550