Ота-она фарзандлар тарбиясига кўзгу
7.7.2016 10700

  Ота-онанинг солиҳлиги ва улар қиладиган солиҳ амалларнинг фарзандларининг тарбиясига катта таъсири бор. Бу нарсанинг фарзандларга дунёда ҳам, охиратда ҳам улкан фойдаси бор.
   Ота-оналар қиладиган ёмон ишларнинг ҳам фарзандлар тарбиясига ёмон таъсири бор. Мазкур таъсирлар қуйидагича кўринишда бўлади:

 

-- Ота-оналар қилган яхши амалларнинг фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир қилиши ўша солиҳ амалларнинг баракасидир. Қолаверса, бу Аллоҳ таолонинг ўша солиҳ амалларга берган мукофотидир.

 

-- Ота-оналар қилган ёмон амалларнинг фарзандлар тарбиясига салбий таъсир қилиши ўша ёмон амалларнинг зарари, шумлигидир. Қолаверса, бу Аллоҳ таолонинг ўша ёмон амал қилувчилардан ўч олиши ва ёмон амалларга берган иқобидир.

 

    Демак, тарбияга яхши таъсир қилиши мукофот, ёмон таъсир қилиши жазо экан. Мукофоти – фарзандларнинг солиҳ бўлиши, соғлом бўлиши, ризқларининг кенг бўлиши ва ҳоказо кўринишда бўлади. Жазоси – фарзандларнинг тўғри йўлдан оғишлари, улардан турли бало-мусибатларнинг аримаслиги, ёмон касалликларга дучор бўлишлари ва ҳоказо кўринишида бўлади.
    Шундай экан, ота-оналар солиҳ амалларини кўпайтирсинлар! Бунинг таъсири фарзандларида кўринади, акс этади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “Энди девор эса, шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг отаси солиҳ киши эди. Бас, Раббинг улар вояга етиб, Раббингнинг раҳмати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди” деб марҳамат қилган. (Каҳф сураси, 82-оят).
    Аллоҳ таоло етимларнинг молларини, улар учун тайёрлаб қўйилган хазиналарни қандай асраганига, қандай муҳофаза қилганига бир эътибор қилинг! Нима учун Аллоҳ азза ва жалла ўша молни асради?!! Чунки, ўша етимларнинг оталари солиҳ киши эди!
     Эй ота! Эй она! Аллоҳга тақво қилинг! Рост ва тўғри сўзланг!
    Эй ота! Таомингизни, ичимлигингизни, либосингизни пок бўлишига эътибор қилинг! Токи Аллоҳга дуо қилиб кўтарган қўлларингиз пок қўл, нафсингиз пок нафс бўлсин! Мана шундагина Аллоҳ сизнинг “Фарзандим солиҳ, тақволи, яхши инсон бўлсин” деб қилган дуойингизни ижобат қилади ва Аллоҳ уларни солиҳлардан қилиб, сизга уларда барака беради. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонда “(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур” (Моида сураси, 27-оят), деган.
    Эй ота! Агар қўлларингиз яхшиларнинг қонига беланган бўлса, яхшиларни уриб, озор берган бўлса, яхшиларга зулм қилган бўлса, яхшиларни алдаган бўлса, у қўлларни дуога қандай кўтарасиз?! Ўзингизга солиҳ фарзанд тилаб ўша қўлларни дуога кўтарасизми?!
    Эй ота! Ҳаром ейиш билан, ёлғон гапириш билан, чақимчилик билан, ғийбат билан, таъна-маломат билан, бировларнинг обрўсини тўкиш билан, мусулмонларни сўкиш, ҳақорат қилиш билан булғанган оғзингиз ила “Фарзандим солиҳ, тақволи, яхши инсон бўлсин” деб қандай айтасиз?!  Емишингиз, ичимлигингиз, кийимларингиз ҳаромдан топилган пул эвазига келган бўлса, ўшаларни еб, ичиб, кийиб қилган дуоларингиз ижобат бўлади деб ўйлаяпсизми?!
    Эй ота-оналар! Сизлар фарзандим солиҳ бўлсин деб қилган дуоларингиз ижобат бўлишини истасангиз, Аллоҳга тақво қилинглар ва солиҳ амалларни кўпроқ бажариш пайидан бўлинглар!
  Солиҳлардан бирлари ўз ўғилларига “Эй ўғилчам, сени сабабингдан намозимни кўп ва узун ўқийман” деган эканлар. Баъзи уламолар бунинг маъносини “Кўп намоз ўқийман ва ўша намозларимда Аллоҳга сени тўғрингда кўп дуо қиламан” деб тушунтиришган экан.
    Агар ота-оналар уйларида Аллоҳнинг Китобини кўп тиловат қилсалар, хусусан, Бақара сурасини, Фалақ, Нос сураларини кўп-кўп тиловат қилиб турсалар у хонадонга фаришталар тушишади-да, у ердан шайтонлар қочади. Шубҳа йўқки, фаришталар тушган хонадонга улар билан бирга сакийнат (хотиржамлик) ва раҳмат ҳам тушади. Бу нарсалар эса, фарзандларнинг тарбиясига ҳам, уларнинг саломатлигига ҳам жуда катта таъсир кўрсатади.
   Аммо уйда Қуръон тиловати тарк қилинса, ота-оналар Аллоҳнинг зикридан ғофил бўлсалар, ундай уйга шайтонлар келади. Аллоҳнинг зикри тарк этилган ундай уйни шайтонлар эгаллаб олади. Компютерларда, телевизорларда, телефонларда ношаръий расмлар, мусиқалар, кинолар, сериаллар ва ҳоказолар томоша қилинадиган ундай уйлар шайтонларнинг қароргоҳига айланади. Шайтонлар яшайдиган уйдаги фарзандлар тарбияси қандай бўлиши ҳаммага маълум. Шайтонлар у фарзандларни ва ўша уйларда яшовчи барчани турли маъсиятларга, фасод ишларга чорлаб туради, эртаю кеч уларни ёмонликларга васқваса қилади.
    Ота-онанинг қилаётган ишларидан фарзандлар ўрнак олади. Отасининг тинмай зикр қилишини кўрган фарзанд ҳам зикрга ўрганади. Аллоҳнинг зикрига ошиқ бўлади.
    “Ўғлим, мана бу овқатни фалон қўшнимизга бериб кел!” дейдиган ота билан “Ўғлим, мана бу пулга дўкондан сигарет олиб кел!” дейдиган отанинг ўртасида катта фарқ бор.
    Агар киши доим ота-онасига яхшилик қилса, уларнинг ҳаққига дуо ва истиғфор айтса, доим ҳолларидан хабар олиб турса, уларга яхши шароит қилиб беришга, ҳожатларини адо этишга ҳаракат қилса, “Роббиғфирлий валивалидайя”, “Роббирҳамҳума кама роббаяний соғийро” каби дуоларни кўп қилса, ота-онаси вафот этгандан кейин уларнинг яқинларидан тез-тез хабар олиб турса, ота-онаси борди-келди қилганлар билан борди-келди қилса, ота-онаси садақа берганларга тез-тез садақалар бериб турса, Аллоҳнинг изни билан бу ахлоқни кўрган фарзанд ҳам отасидан иқтибос олиб, шу ишларга рағбати уйғониши, у ҳам келажакда худди шу ишларни қилиши ҳеч кимга сир эмас.
    Отаси намоз ўқишни ўргатган фарзанд билан отаси ношаръий кино кўриб, ношаръий мусиқа тинглашни ўргатган фарзанд орасида жуда катта фарқ бор.
   Онасининг хаё, ибосини кўрган қиз шу ахлоқни ўрганади. Онасининг бехаёлигини, беиболигини кўрган қиз ҳам шу разолатни ўрганади.
    Фарзанд деб аталган неъматнинг шукрини адо этинглар! Унинг шукри уларга чиройли таълим-тарбия бериш, уларни солиҳ инсонлар қилиб вояга етказишдир.
    Эй ота-оналар! Фарзандларингизни омонат деб билинглар ва улар борасида Аллоҳдан қўрқинглар! Уларни тарбия қилишда ўзингиз Аллоҳни яхши кўришингиз, Пайғамбар алайҳиссаломни яхши кўришингиз, динингизга амал қилишингиз, гўзал хулқингиз, яхши хислатларингиз билан уларга чиройли ўрнак бўлинглар!
    Аллоҳ таоло барча ота-оналарга фарзанд тарбиясида куч-қувват, сабр-тоқат ато этсин! Фарзандларини чиройли тарбия қилиб жамиятга қўшиш бахтини уларга насиб этсин! Фарзандлари сабабли қиёмат куни иззат тожини, каромат сарпосини кийишни уларга насиб айласин!


“Ота-оналар ва улар қилаётган ишларнинг фарзандлар тарбиясига таъсири” мақоласи асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216430
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24556