Пайғамбар алайҳис - саломнинг гўзал хулқлари
Инсондаги гўзал одоб - ахлоқлардан иборат хислатлар “ҳусни хулқ” дейилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай хислатлар тимсоли эдилар. У кишининг ҳусни хулқлари ҳар жиҳатдан камолга етган, мукаммал эди. Аллоҳ таоло Қалам сурасининг 4 - оятида Пайғамбаримизни мақтаб: “Сиз чиндан ҳам юксак ахлоқ эгасидирсиз”, деган. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан Пайғамбаримиз ҳақида сўралганида: “Пайғамбар алайҳис - саломнинг хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берган. Ҳазрати Али: “Пайғамбар алайҳис - салом энг бағри кенг, энг ростгўй, энг мулойим ва энг ҳушмуомала одам эдилар”, деган.
Пайғамбар алайҳис - саломнинг мулойимликлари, бағрикенгликлари, ўч олишга қодир бўла туриб авф этишлари, бошларига мусибат тушганда чидам билан енгишлари Аллоҳ берган улуғ фазилатдир. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 199 - оятида Пайғамбар алайҳис - саломга: “Авфни дўст тутгин, амр - маъруф қилгин ва нодонлар билан тенг бўлмагин”, дейди. Расулуллоҳ Жаброил алайҳис - саломдан бу оятнинг маъносини тушунтириб беришни сўрадилар. Жаброил алайҳис - салом: “Эй Муҳаммад, Аллоҳ сендан юз ўгирганларга яқин бўлишни, муҳтож бўлганингда ҳеч нарса бермаганларга ҳам беришни, зулм ўтказганларни авф этишни буюради”, деган. Аллоҳ таоло Нур сурасининг 22 - оятида: “Авф этсин, бағри кенг бўлсин. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми? Аллоҳ мағфират қилгувчидир, бениҳоя меҳрибондир”, дейди.
Пайғамбар алайҳис-салом одамларга меҳрибон, марҳаматли эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримдаги Тавба сурасининг 128 - оятида Расулуллоҳни сифатлаб: “Сизларнинг бошингизга мусибат тушса, у бундан эзилади, у сизларни яхши кўради, мўминларга меҳрибон, марҳаматлидир” дейди.
Замонамиз яхшиларидан бири: “Агар Муҳаммад алайҳис-салом бўлмаганларида, дунёни ёритишга бу Қуёшнинг нури етмасди”, деган эди. Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳис - саломнинг нурлари зим - зимистон ичимизни ёритмаса, муз қалбларимизни эритмаса, осмондаги Қуёш ҳеч нарса қилолмас эди. Шунинг учун ҳам бу Нур сари талпинишимиз чексиздир. У зотга Аллоҳдан беадад салавот ва саломлар йўллаймиз, дийдорларини кўришга муштоқмиз. Ҳатто муборак равзалари сари талпинамиз. У зотни бизга соғинтирган нурлари ила қалбларимизни нурлантирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз!
Сўфиев Айюбхон