ҚОБИЛ ВА ҲОБИЛ ҚИССАСИ
13.9.2016 37609

    Одам Ато ва Мома Ҳаво ер юзига тушганларидан кейин биргаликда ҳаёт кечира бошладилар. Энди улар жаннатдагидек истаган ноз-неъматларини топа олмасдилар. Озиқ-овқат топиш учун эртадан кечгача тер тўкиб меҳнат қилишларига тўғри келарди. Улар ёлғиз бўлганлари учун ўзларига ўхшаш инсонларни яратишини, дунёнинг ҳамма томонларига ёйилиб яшашини Аллоҳдан дуо қилиб сўрашди. Шу тариқа, Яратганнинг марҳамати билан улардан фарзандлар туғилиб, ер юзига тарқала бошлади. Бугун ер юзида яшаётган барча инсонлар Одам Ато ва Мома Ҳаво зурриётлари ҳисобланади. Уларнинг илк туғилган фарзандлари Қобил ва Ҳобилдир.
    Шайтон Одам болалари орасига низо солишга, қалбларига ҳасад уруғини сочишга уринди. Ер юзида илк бор содир этилган мудҳиш жиноят ҳам айнан ҳасад туфайли амалга ошди. Қобил биродари Ҳобилни кўра олмасдан унинг жонига қасд қилди.
    Қуръони каримнинг Моида сурасида Қобил ва Ҳобил қиссаси келган . Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳаққирост тиловат қилинг, ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида бирларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у: “Қасамки, сени ўлдирурман” деганида биродари айтди: “Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур”. Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолодан қўрқаман. Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгаларидан бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир. Бас, нафси унга биродарини ўлдиришни чиройли кўрсатиб (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди. Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер титадиган бир қарға юборди. У (қарғанинг қилаётган ишини кўриб): «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми – биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!» деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди. Ана ўша (қотиллик) сабабли Биз Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) битдик: Кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди. Ҳақиқатан, Бизнинг пайғамбарларимиз уларга (Бани Исроилга) мана шундай ҳужжатлар келтирдилар. Шундан кейин ҳам уларнинг кўплари Ер юзида (қон тўкиш билан) ҳаддан ошиб юргувчидирлар” (Моида сураси, 27-32 оятлар).
     Ушбу ояти карималар Мусо алайҳиссалом қавмининг разилликлари ҳақидаги узун ҳикоядан сўнг келтирилади. Қавм у кишига эргашмадилар, балки хилоф иш тутиб, манманлик ва одобсизлик билан “Бас, боргин (эй Мусо), сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб (кутурмиз)”, дедилар (Моида сураси, 24-оят).
     Ушбу оятни келтиришдан мақсад, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз қавмларидан етган жабр-зулм ва азиятларни енгиллатиш, Пайғамбарга эргашмай, унга адоватда бўлиш, ҳудди Қобилнинг ўз биродари Ҳобилга бўлган ҳасади ва душманлиги каби эканлигини баён қилиш эди. Яъни: эй Муҳаммад, одамларга ҳақиқат билан ибрат ва насиҳат олишлари учун Одамнинг икки ўғли Қобил ва Ҳобил қиссасини тиловат қилинг. Улардан ҳар бири қурбонлик, яъни у билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун ўз молларидан садақа қилдилар. Аллоҳ Ҳобилнинг садақасини содиқ ва ихлосли бўлганлиги учун қабул қилди. Қобилнинг садақаси эса унинг нияти ёмонлиги ва тақвоси йўқлиги сабабли қабул қилинмади. Шунда у ўз биродари Ҳобилга ҳасад ва зулм билан шундай деди: Сенинг садақанг қабул қилиниб, меники рад этилганлиги сабабли, энди сени аниқ ўлдираман.
     Бунга жавобан тақво ва ихлос соҳиби бўлмиш Ҳобил золим ва ҳасадгўй Қобилга шундай жавоб берди: “Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур”. Яъни: Тоат-ибодат ва садақаларни Аллоҳ таоло фақатгина ундан ошкора ва махфий тарзда қўрқувчи муттақий бандаларидан қабул қилади, Аллоҳ берган неъматга ҳасад қилгувчи золим бандалардан эса қабул килмас, сен ҳам Аллоҳ таоло садақангни қабул қилиши учун тақводорлардан бўл! Ҳобилнинг Қобилга берган жавоби энг юксак панд-насиҳат ва иршодлардан иборатдир. Яъники, у садақани қабул қилинишида тақво ва нафсини Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган нарсалардан тийиб юриш васила эканлигини таъкидламоқда.
     Сўнгра Ҳобил ваъз-насиҳат қилишдан, ўз қалбини поклиги ва сахий, бағрикенглигини намоён этувчи сўзларга ўтади: “Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қул чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқаман”. Яъни: Ҳобил Қобилга ўзаро биродарлик ҳақларини эслатиб шундай деди: Агар сен мени зулм ва ҳасад қилиб ўлдирмоқчи бўлсанг, мен сени ўлдиришга қодир бўлсам-да, бундай қилмайман, чунки мен оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳ таолодан қўрқаман, У мени сенга қарши қўл чўзганимни кўриб қолишидан чўчийман. Зеро, бировни ноҳақ ўлдириш катта гуноҳдир, хусусан агар бу икки ака-укалар ўртасида содир бўлса…
     Қобил “Сени ўлдирурман” дея қасам ичди, Ҳобил ҳам бировни ўлдиришдан тийилиши учун қасам ичди. Шу ерда икки ака-ука ўртасида ахлоқ-одоб ва табиат жиҳатидан катта фарқ борлиги кўзга ташланади.
    Шундан сўнг Ҳобил насиҳат қилишда бошқа услубга ўтди, яъни ноҳақ қотиллик қилувчиларнинг тақдири ёмон бўлишини айтиб ўтди: “Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгаларидан бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир”. Яъни: Ҳобил Қобилни огоҳлантириб деди: Аллоҳ таоло сенга фақат тақводор бандаларидангина қабул қилишини баён қилди, сен улардан бўлгин, мен сенга биродарлик ҳақларини эслатдим, сени ўлдиришдан мени тўсаётган нарса Аллоҳ таолодан қўрқувим эканлигини ҳам айтиб ўтдим. Охири сенга айтаманки: Мен сени Аллоҳ таолога зулм ва ҳасад туфайли қотиллик гуноҳингни кўтарган ҳолатингда Аллоҳ таолога қайтишлигингни хоҳлайман ва шу гуноҳинг туфайли охиратда жаҳаннам эгаларидан бўласан, бу адолатли ҳукм, ҳамда ўз нафсларига ва ўзгаларга зулм қилгувчи кимсаларнинг жазосидир.
      Ҳикоянинг шу еригача Ҳобил ўз акасига бир қанча ҳикматли насиҳатлар қилиб ўтди, баъзида тарғиб билан, баъзида эса тарҳиб (қўрқитиш) билан. Лекин Қобил ушбу насиҳатларга қулоқ солмай, энг жирканч ва қабиҳ жиноятга қўл урди. Келаси оятда у ҳақида айтиб ўтилади: “Бас, нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли кўрсатиб (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди”.
     Қуртубий “Бас нафси унга чиройли кўрсатиб…” жумласини қуйидагича тафсир қилади: “Нафси бу ишни қилишга уни васваса қилди, руҳлантирди ва ўз биродарини ўлдиришни осон қилиб кўрсатди ва Қобил бу ишни қилди”.
Яъни: Қобил эшитган насиҳатларни унутди, нафси унга ўша оғир жиноятни зийнатлаб қўйди, уни ўлдирди ҳамда дунёю охиратда хасрат қилгувчилардан, зиён кўргувчилардан бўлиб қолди. Унинг дунёда ҳасрат қилгувчилардан бўлиб қолишига сабаб, у ўз укасини ўлдирди, ака-ука бир-бирига суянчиқ, ёрдамчи, у ана ўша нарсадан айрилган эди. Охиратда хасрат қилгувчилардан бўлиб қолишига сабаб эса, у оғир жиноят, яъни одам ўлдиришдек манфур бир гуноҳ ишга қўл урганди.
      Кейинги оятда ака ўз укасини ўлдирганидан сўнг нима содир бўлганлиги айтилади: “Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер титадиган бир қарға юборди. У (қарғанинг қилаётган ишини кўриб): “Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми – биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!” деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди”. Яъни: Қобил энг жирканч жиноятни содир этгач, қаршисида бир мурда ётганини кўриб, уни нима қилиш ҳақида боши қотиб қолди – ҳайрон бўлди.
     “Сўнгра Аллоҳ унга ер титадиган бир қарға юборди”. Яъни: Аллоҳ таоло тумшуғи ва оёқлари билан ер кавлайдиган бир қарғани осмондан туширди. Мақсад ушбу қотилга мурдани қандай кўмишни ўргатиш эди. Яъни: Ҳобил жасадининг ҳиди бузилмаслиги ёки ҳайвон ва қушларга емиш бўлмаслиги учун унинг жасадини тупроққа кўмиш кўрсатилди. Шу ерда Қобил қилиб қўйган оғир гуноҳи учун ҳасрат ва надоматлар айтади: “Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми – биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!” Яъни: Менинг айёрлигим шу қарғачалик бўлиб, ўз укамнинг жасадини тупроққа кўмишимга қодир қилмадими? У қушларнинг энг паст табақасидан, мен эса ақлли одамман-ку?! У ўзига ушбу саволларни бериб, ўша қарғачалик бўла олмагани учун “надомат қилгувчилардан бўлиб қолди”.
     Бу Қуръони Каримда ҳикоя қилинган Одамнинг икки ўғли: Қобил ва Ҳобил қиссасидир. Тадаббур қилиб кўрган одам унда кўпгина ҳикмат ва ибратларни кўриши мумкин. Улардан энг асосийлари:

 

1. Ушбу қисса Қуръони карим Аллоҳ таолонинг даргоҳидан нозил қилинганига далиллардан бири, чунки бу ва шунга ўхшаш қассаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал билмас эдилар, Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўта балоғат, фасоҳат ва таъсирли услубда ҳикоя қилмоқда, токи ақл эгалари ундан ибрат олсинлар: “Албатта бу ҳақ-рост қиссадир. Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат Эгасидир” (Оли Имрон сураси, 62-оят).

 

2. Аллоҳ таолога тақво қилиш, ихлосли ва яхши ниятли бўлиш ибодатларнинг қабул бўлиши учун васила экани. Шунингдек, Аллоҳ таоло Ҳобил тилидан бизга ҳикоя қилади, у ўз акаси Қобилга насиҳат қилар экан, шундай деди: “Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур”.

 

3. Ҳар бир замон ва маконда одамлар ичида Аллоҳ улардан рози ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўладиган яхшилар, тўғри йўлни кўрсалар, уни четлаб ўтувчи, залолат йўлини тутувчи ёмон тоифадаги кишиларнинг бўлиши. Яхши кишиларни Қуръон ҳикоя қилганидек Ҳобил мисолида кўришимиз мумкин. У ўз акасига ҳикматли насиҳатлар қилди. Аввало, амали қабул бўлиши учун Аллоҳга тақво қилишга чақирди, иккинчидан, биродарлик ҳақларига, у тақозо этадиган нарсаларга риоя этишга ва учинчидан, одам ўлдиришдек бир манфур жиноятни содир этмасликка даъват қилди. Аммо, ёмон тоифадаги кишиларни Қобил мисолида кўриш мумкин. У золим, ҳасадгўй, нафратчи инсон эди, укасининг насиҳатларига қулоқ илмади, балки ундан жоҳиллиги устун келиб, ўз ҳасади ва ғиллу-ғашларини “йўқотиш” мақсадида уни ўлдирди.

 

4. Агар инсон ҳасад иллатига гирифтор бўлса, нафси уни ҳалокат сари етаклайди, адоват, гуноҳ, туғён ва залолатни унга зийнатлаб кўрсатади. Ушбу қиссадан очиқ-ойдин кўришимиз мумкин, Қобилнинг Ҳобилга бўлган ҳасади, уни ўз укасини ўлдиришга ундаган энг асосий сабаблардан бири бўлди. Ушбу қотиллик ер юзидаги илк маротаба содир этилган жиноят эди.
     Алусий айтади: Муслим ва Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “(Ер юзида) илк бор Одам фарзанди (Ҳобил) зулм билан ўлдирилди, шунинг учун бу нарса қотилликни бошлаб берди”.
      Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: "Биз (Қиёматда) Одам фарзанди, қотил бўлмиш (Қобил)ни жаҳаннам аҳлининг азоблари унга бўлиб берилаётганини кўрамиз, уларнинг ярим азоби унга бўлади” (Байҳақий ва Ибн Жарир ривоят қилган).
       Ушбу қиссанинг сўнггида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ана ўша сабабли Биз Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) битдик: Кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди”. Яъни: Қобил укаси Ҳобилни зулм ва ҳасад билан ноҳақ ўлдиргани учун, Биз “Ким одамлар орасидан бир жонни ноҳақ ўлдирса, гўё у барча инсонларни ўлдирибди, кимки уларни ўлимдан қутулишига сабаб бўлса, гўёки у барча инсонларни тирилтирибди (қутқарибди)”, деб ёзиб қўйдик.

 

5. Инсон бирон хато қилиб қуйгач, надомат, пушаймон қилиши ундан ўша гуноҳни кетказмайди, чунки бу ҳар бир одамга хос бўлган хислатдир, ҳар ким бир қабиҳ ишни қилиб қўйгач, афсусланиши табиий. Лекин, кимки бирон гуноҳ содир қилиб, кейин Аллоҳни эсласа, Унга чин дилдан – насуҳ тавба қилса ва ўша гуноҳлардан қайтса, Аллоҳ у бандани кечиради. Бунинг учун, яна такрорлаб ўтамиз, чин қалбдан истиғфор айтиш, тавба қилиш керак.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216810
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24574