Қўшнига яхшилик қилиш
25.12.2016 10576

     “Ҳовлидан олдин қўшни”, “Ҳовли олма қўшни ол”. Булар одамлар орасида ёйилган мақоллардир. Дарҳақиқат, ҳовлининг баҳоси қўшнининг қадрига, қандайлигига боғлиқ. Солиҳ қўшни кишининг саодатидандир. 


Исломда қўшнига яхшилик қилишнинг фазли 

 

     Ислом дини қўшнининг ҳаққини улкан қилди. Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шунақанги кўп гапирдиларки, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат қўшнини ҳам мерос оладиганлар қаторига қўшса керак, деб ўйладилар. 
    Бир ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган: “Жибрил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида тўхтамай гапираверди, ҳатто мен “Қўшнини ҳам меросхўр қилса керак” деб ўйладим”. Қуръонда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида кўплаб оятлар бор. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб шундай деган: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36). 
    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнига яхшилик қилиш, уни икром қилишга қандай ундаганларига назар солинг! У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, банда, то ўзига яхши кўрган нарсани қўшнисига ҳам яхши кўриб, раво кўрмагунча комил мўмин бўлмайди” деганлар. 
     Қўшнисига яхшилик қиладиган киши Аллоҳнинг наздида инсонларнинг энг яхшиси бўлади. Бунга ушбу ҳадис далил: “Аллоҳнинг наздида дўстларнинг яхшиси дўстларига яхшилик қилувчисидир. Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг яхшиси қўшнисига яхшилик қилувчисидир”. 
      Хўш, қўшни ким? Қўшни – сизга ёндош бўлгани, уйи уйингизга туташганидир. У мусулмон бўладими ёки кофир бўладими, сизга уйи туташган бўлса, қўшни ҳисобланади. Қўшничиликнинг чегараси ҳақида уламолар турли гапларни айтганлар. Урфга кўра, бир маҳаллада яшаётган кишилар ўзларига қанча хонадонни қўшни деб билсалар, шулар қўшни ҳисобланади. Қўшнилар ўз мартабаларига кўра тафовут қиладилар. Мусулмон ва қариндош қўшнилар бор, мусулмон, аммо қариндош бўлмаган қўшнилар бор, мусулмон эмас, аммо қариндош қўшнилар бор, мусулмон ҳам, қариндош ҳам бўлмаган қўшнилар бор. Буларнинг ҳаммаси кўплаб ҳуқуқларда иштирок этсалар ҳам, баъзилари ўзларининг ҳолатлари ва мартабалари эътиборидан бошқаларидан зиёдароқ ҳуқуқларга эга бўладилар. 


Қўшничиликнинг кўринишлари 

 

    Кўпчилик инсонлар қўшни деганда фақат ҳовли қўшничилигини тушунадилар. Албатта, бу ҳам қўшничиликнинг кўринишларидан бири. Лекин яна шундай турлар ҳам борки, улар ҳам қўшничилик ҳисобланади. Ишдаги қўшничилик, бозордаги қўшничилик, деҳқончиликдаги қўшничилик, мактаб курсисидаги қўшничилик ва бошқа қўшничиликлар. 

 

Қўшнининг ҳақлари: 

 

    Шубҳа йўқки, қўшнининг ўз қўшнисида кўплаб ҳақлари бор. Қуйида энг муҳим ҳақларга ишора қиламиз:

     Саломига алик олиш ва чақирган жойига бориш. 
     Булар гарчи мусулмонларнинг бир-бирлари зиммаларидаги умумий ҳақларидан бўлса ҳам, қўшничилик борасида янада таъкидлироқ бўлади. Чунки, бир-бирига салом бериш, тўй ва бошқа маросимларга чақирганда бориш қўшничиликни мустаҳкамлайдиган, қўшниларнинг бир-бирига меҳру муҳаббатини, улфатлигини кучайтирадиган омиллардандир. 
     Қўшнига озор беришдан тийилиш 
   Дарҳақиқат, бу қўшничиликдаги энг катта ҳақлардан бири. Бировга озор бериш умумий ҳолатда ҳаром бўлса-да, қўшничилик борасида бу ишнинг ҳаромлиги янада қаттиқлашади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнига озор беришдан қаттиқ қайтарганлар. Бу қайтариқлар турли услубларда бўлган. Қуйидаги ҳадисларда диққат билан назар солайлик: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди” дедилар. “Ким, эй Аллоҳнинг Расули?” дейилди. Ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши” дедилар. 
    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл кечаси намоз ўқийди, кундузи рўза тутади, тилида қўшнисига озор берадиган нарса бор” дейилганда, у зот алайҳиссалом: “У аёлда яхшилик йўқ. У аёл дўзахдадир” деганлар. Бошқа бир ҳадисда: “Ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди” деганлар.

     Қўшнининг озорига сабр қилиш 

   Албатта, бу мурувватли, олийҳиммат кишиларнинг ахлоқидандир. Зеро, кўпчилик бошқаларга озор беришдан тийила олади. Аммо бошқалардан етган озорга савоб умидида сабр қилиш, у озорларга бардош бериш олийжаноб инсонларнинг қўлидан келади. 
      Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: “Сиз (улар қилаётган) ёмонликни гўзал (сўзлар) билан даф этинг!” (Муъминун, 96). Яна бир оятда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилган: “Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир” (Шўро, 43). 
     Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан қуйидаги гап ривоят қилинган: “Яхши қўшничилик озор беришдан тийилиш эмас, балки, яхши қўшничилик озорга сабр қилишдир”. 

Қўшнининг аҳволидан хабардор бўлиб туриш ва ҳожатларини раво қилиш 

 

     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ён қўшниси очлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунаган киши менга иймон келтирмабди”. Салафи солиҳлар қўшниларидан хабар олиб, уларнинг ҳаожатларини раво қилишга шошардилар. 
    Солиҳлардан бирларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг биридан ҳадя келди. Ҳадяни олган киши уни қўшнисига юборди. Шу тарзда ҳадя ўнта ҳовлини айланиб чиқиб, яна биринчи кишига қайтиб келди. 
     Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо қўй сўйганларида, хизматкорларига: “Агар гўштни теридан ажратсанг, (беришни) яҳудий қўшнимиздан бошлагин!” деганлар. Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан: “Менинг иккита қўшним бор. Уларнинг қайси бирига ҳадя берай?” деб сўраганларида, у зот алайҳиссалом: “Эшиги сеникига яқинроғига” деб жавоб берганлар. 

 

Қўшнини сатр қилиш ва обрўсини сақлаш 

 

     Бу ҳам энг муҳим қўшничилик ҳақларидан биридир. Қўшничиликда бир-бирининг уйига кириш ҳолатлари кўп бўлади. Ана шундай кезларда қўшнисининг ҳовлисига кирган одам кўзини тийиши, қўшнисининг уйида бирор номаъқул ишни кўрса, уни сатр қилиши лозим бўлади. Бу ишни қилаётганда, “Агар шундай қилсам, Аллоҳ мени дунё ва охиратда сатр қилади” деган нарсани ҳис қилиш керак. Аммо қўшнининг сатрни йиртса, кўрган номаъқул нарсасини атрофга ёядиган бўлса, ўзини қилган ишининг жинсидан бўлган жазога рўпара қилибди. Араблар жоҳилият пайтида қўшниларининг обрўсини сақлаб, уларни сатр қилиб юришларидан фахрланар эдилар. 
    Хулоса ўрнида шуни айтамизки, жамиятнинг саодати, бирдамлиги, аҳоли ўртасида муҳаббатнинг кенг ёйилиши юқорида санаб ўтилган ва бошқа кўплаб қўшничилик ҳақларини ўз ўрнига қўйиш билан бўлади. Ҳозирги пайтда шу ҳуқуқлар борасида камчиликларга йўл қўйилмоқда. Ҳатто ёнма-ён қўшнисининг исмини билмайдиган қўшнилар бор. Қўшнисига тўхтовсиз озор берадиганлар, қўшнисига хиёнат қиладиганлар, қўшнисининг қорни оч-тўқлиги билан иши бўлмайдиганлар бор. Бу ишлар кабира гуноҳлардандир. 
     Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси гуноҳ каттароқ?” деб сўралди. “Қўшнингнинг хотини билан зино қилишинг” деб, бу ишни энг катта ва оғир гуноҳлар қаторида санадилар. Аллоҳдан биз мусулмонларни қўшничилик ҳақларига риоя этишимизга ёрдам беришини сўраймиз. Оламларга раҳмат қилиб юборилган зотга ва у кишининг оилалари ҳамда саҳобаларининг барчаларига Аллоҳнинг саломи, саловоти ва баракоти бўлсин! 

 

Моҳир Саййиднинг “Қўшнига яхшилик қилиш” мақоласидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216394
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553