Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларига эргашайлик!
Пайғамбар алайҳиссалом уйқудан олдин аёллари билан суҳбатлашар эдилар. Уларга гапириб, гапларига ҳам қулоқ тутар эдилар.
Ухлашларидан олдин таҳорат олардилар, ҳар бир кўзларига уч мартадан сурма сурар эдилар ва ўнг томонларига ёнбошлаб ётардилар. Сўнгра: “Аллоҳумма инний асламту нафсий илайка, ва важжаҳту важҳий илайка, ваалжаъту зоҳрий илайка, роҳбатан ва роғбатан илайка, ла малжаъа валаа манжаа минка илла илайка, Ааманту бикитаабикаллазий анзалта ва бинабиййикаллазий арсалта” (Аллоҳим, албатта мен Сендан қўрқиб, Сенга талпиниб, Ўзингга жонимни топширдим. Юзимни сенга қаратдим, белимни Сенга топширдим. (Азобдан) Сақланадиган бошпана ҳам, нажот топадиган жой ҳам фақат сендандир. Сен нозил қилган китобга, Сен юборган пайҳамбарга иймон келтирдим), деб айтардилар. Ва яна: “Кимки бу дуони ўқиб, сўнгра ўша кечада вафот этса, Ислом фитратида вафот этибди”, деган эдилар.
Агар кечанинг ўртасида ёки ундан бироз олдин ёки кейинроқ туриб қолсалар, қўллари билан юзларини силар эдилар ва “Оли Имрон” сурасининг охирги ўн оятини ўқирдилар. Кейин туриб таҳорат олар ва намоз ўқирдилар.
Агар ухласалар фақат кўзлари ухлар эди, муборак қалблари уйғоқ турар эди.
У зот қон олдирар ва бунга тавсия қилиб: “Сизлар даволанадиган нарсанинг энг яхшиси бу қон олдиришдир”, деб айтар эдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳина билан ҳам даволанар эдилар. Агар бирор жойларида яра ёки шу каби енгил жароҳат бўлса, ўша жойга ҳина қўйишга буюрар эдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам пайшанба ва душанба куни сафарга чиқишни яхши кўрар эдилар. Сафарга чиққанларида: “Аллоҳумма Антас соҳибу фис сафар, вал холийфату фил аҳли. Аллоҳумма инний аъузу бика минал фитнати фис сафар, вал каабати фил мунқолаб. Аллоҳумма иқбиз ланал арзо ва ҳаввин алайнас сафар” (Аллоҳим, Сен сафарда йўлдошсан, аҳли-оилада халифасан. Аллоҳим, Сендан сафардаги фитнадан, қайтишдаги ғамгинликдан паноҳ беришингни сўрайман. Аллоҳим, бизлар учун ерни ушлаб тур ва бизга сафарни енгил қил.), деб айтар эдилар.
Агар уловга минсалар: “Субҳаналазий саххоро лана ҳаза вама кунна лаҳу муқринийн” (Бизларга буни бўйсундириб қўйган Зот (барча айбу нуқсонлардагн) покдир. Биз бунга қодир эмасдик.), деб айтардилар.
Бирор бир мусофир билан хайрлашмоқчи бўлсалар унга: “Аставдиъуллоҳа дийнака вааманатака ва ховатийма амалака, заввадакаллоҳут тақва ва ғофаро занбака ва лаққокал хойро ҳайсу таважжаҳта” (Сени динингни, омонатингни ва амалингнинг хотимасини Аллоҳга омонат қилиб топширдим. Аллоҳ сени тақвоингни зиёда, гуноҳларингни мағфират қилсин. Сенга қаерда бўлсанг ҳам яхшиликни йўлиқтирсин), деб айтардилар.
Агар тунда бирор ерга тушиб тунамоқчи бўлсалар, ўша ерга хитоб қилиб: “Роббий ва Роббикиллаҳ, аъузу биллаҳи мин шаррики ва шарри ва фийки ва шарри ма дабба алайки, аъузу биллаҳи мин кулли асад, ва асвад ва ҳайятин ва ақраб, ва мин шарри сокинил балад ва шарри валидив ва ма валад” (Роббим ва сенинг Роббинг Аллоҳдир. Аллоҳдан сенинг ёмонлигингдан ва сендаги нарсаларнинг, сенинг устингда ўрмалаб юрувчи нарсалардан паноҳ беришини сўрайман. Аллоҳдан барча шер ва қора нарсалардан, илон, чаён ва мана шу маконда яшовчилардан ва Иблис ва унинг болаларидан паноҳ беришини сўрайман), деб айтардилар.
Уловларининг устида нафл намозларни ўқир эдилар. Бироқ фарз намозларни эмас. Сафардан қайтсалар: “Ойибуна Таибуна ли Роббина ҳаамидун” (Қайтувчилар Роббиларига тавба қилувчилар, Роббиларига ҳамд айтувчилар), деб айтар эдилар.
Оилаларининг олдига кирганда эса, “Авбан, авбан, ли Роббина тавбан, ла юғодиру алайна ҳавбан” (қайтдик, қайтдик, Роббимизга бизларга гуноҳни ташлаб қўймайдиган тавба билан қайтдик), деб кирардилар.
Сафардан фақат кундузи чоштгоҳ вақтида келар эдилар. Келишлари биланоқ аввал масжидга кириб, икки ракат намоз ўқир эдилар, сўнгра, саҳобалари билан кўришиш учун ўтирар эдилар.
Кечаси уйларини тақиллатиб келмасдилар. Фақат уларнинг келишлари маълум бўлсагина, шундай қилар эдилар. Кечаси ўз оиласига хабар бермасдан кириб боришдан асҳобларини ҳам қайтарар эдилар.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси БАРАТОВ Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади