Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиш одобларидан
20.7.2016 13874

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қовоқ, гўшт ва нондан тайёрланган шўрва, ҳолва ва асал ёқар эди.

 

Гўштлардан эса, жонлиқнинг қўлини, биқин ва елка гўштини ёқтирар эдилар.

 

Кўкатларни ва қотган нонни сирка билан, тарра, тарвузни хурмо билан ҳамда таррани туз билан қўшиб ейиш ҳам У зотга хуш ёқар эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам еган таомлар орасида яна ҳайс (ёғ, сариёғ ва пишлоқ аралаштириб пишириладиган таом), сариёғ, пишлоқ, қуритилган гўшт, пиширилган гўшт, товуқ гўшти, тувдоқ гўшти (ов қилинадиган, гўшти мазали йирик қуш), пишган, қуритилган ва хом хурмонинг ёғи, узум, хабис (сариёғ, асал ва ун аралаштирилиб, оловда пишириладиган таом) ҳам бор эди.

 

У зот саримсоқ ва шу каби хиди азият берадиган нарсалардан ва зобб (саҳроли жойда яшайдиган, териси тикончали бўлган, кўриниши эчкиэмарга ўхшайдиган ҳайвон) каби иштаҳа тортмайдиган нарсаларни ейишдан четланар эдилар.

 

Таомни ёмонлаб, айбламасдилар. Агар иштаҳалари тортса тановул қилардилар, бўлмаса тарк қилар эдилар.

 

Садақа қилиб берилган нарсаларни емасдилар.

 

Ёнбошлаб таом емасдилар.

 

Ўзларининг олдиларидан истеъмол қилар эдилар.

 

Ерга ўтирганларида ернинг устида танаввул қилардилар.

 

Таомдан сўнг, дастурхон олингач: “Алҳамдулиллаҳил лазий ҳамдан касийрон, тоййибан, мубарокан фийҳи, ғойро макфиййин ва ла муваддаъин ва ла мустағнан анҳу Роббуна” (маъноси: Аллоҳ таолога чексиз, гўзал ҳамдлар бўлсин. Роббимиз ҳеч кимга муҳтож эмас, У Зот дуода доимо эсланар ва У Зотдан ҳеч қачон беҳожат бўлинмас), деб айтар эдилар. Баъзида: “Алҳамдулиллаҳил лазий ютъиму ва ла ютъам, манна алайна, фаҳаадана, ва атъамана, ва сақона. Алҳамдулиллаҳиллазий атъама минат тоам, ва сақо минаш шароб, ва каса минал аро, ва ҳада миназ золала, ва бассоро минал ама” (маъноси: (бандаларини) таомлантириб, Ўзи таомланмайдиган, бизларга яхшилик қилиб ҳидоят йўлига бошлаган ҳамда бизларни таомлантириб суғорган Зот Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Таомдан едириб, ичимлик ичирган, либос билан зийнатлаган, гумроҳликдан тўғри йўлга бошлаган, кўриш неъматини ато этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин), деб дуо қилар эдилар. Баъзан таомдан кейин яна шундай дуо қилардилр: “Алҳамдулиллаҳил лазий атъамании ҳаазаа ва розақонииҳи мин ғойри ҳавлиммин минний валаа қувваҳ” (маъноси: менга бу таомни инъом қилган, менинг кучим ва қудратимсиз ризқлантирган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин).

 

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Мадинаи мунаввара атрофидан ичимлик суви олиб келинар эди. Расулуллоҳ тинган сувни ихтиёр қилардилар. 

 

Гоҳида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам учун эски, чармли мешларда сув совитилар эди. 

 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликни ўзларининг ёғочдан бўлган, дағалроқ, четларига темир қуйилган қадаҳларида ичар эдилар.

 

Яна шишадан бўлган қадаҳлари ҳам бор эди. Гоҳида ундаги сувдан таҳорат олардилар. Баъзида шишали қадаҳда яна сут, талқон ва асал ҳам ичар эдилар. 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ёқтирган ичимликлари сут эди. Уни ичаётганларида: “Аллоҳумма барик лана фийҳи, ва зидна минҳу” (Аллоҳим бизларга унда барака бер ва уни бизларга кўпайтириб бер), деб айтардилар. Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳумма барик лана фийҳи ва абдилна биҳи ма ҳува хойр” (Аллоҳим, бизларга унда барака бер ва ундан яхшисига алиштириб бер), деб айтар эдилар. 

 

 

Баъзан сутга сувни аралаштирар эдилар. Агар бирор нарса ичсалар, уч марта танаффус қилиб (яъни, нафас олиб) ичар эдилар ва ичиб бўлганларидан кейин Аллоҳ таолога ҳамд айтардилар.

 

Баъзан ҳар бир нафас олишларида ҳамд айтар ва охирида Аллоҳ таолога шукр қилардилар.

 

Кўпинча ўтириб ичар эдилар. Оз ҳолатда туриб ичганлар. 

 

 

Саҳобаларига сув улашиб, охирида ўзлари ҳам ичардилар ва: “Қавмнинг соқийси (суғорувчиси) охирида ичади”, дердилар. 

 

Агар саҳобаларига сув ичирмоқчи бўлсалар ўнг тарафдагилардан бошлардилар. Бир кун ўнг тарафларига кичкина бола, чап томонларига эса улуғ саҳобалардан бирлари ўтириб олган эди. Шу пайт бир ичимлик олиб келинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ичдилар ва ёш болага: “Булардан бошлашимга рухсат берасанми?”, деб чап томонларидаги улуғ саҳобийга ишора қилдилар. Шунда ҳалиги ўнг томонларидаги бола: “Йўқ! Сиздан бўлган насибамга ҳеч кимни афзал кўрмайман”, деди.

 

 

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси БАРАТОВ Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади.

 

www.muslim.uz 

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216033
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24515