Саловот айтиш фазилати
11.7.2015 8713

Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга саловот йўллаш қалбни мунаввар қиладиган, дуолар ижобат бўлиб, амал дафтарига кўплаб савоблар битилишига сабаб бўладиган гўзал ибодатдир.

      

Қурони Карим ва ҳадиси шарифларда бир неча ўринларида Пайғамбарга кўп ва хўп саловот айтишга тарғиб қилинади. Жумладан, Аҳзоб сурасининг 57 - оятида шундай маҳамат қилинади: “Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам Унга саловот айтинг ва  кўп салом йўлланг!”. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг Ўзи Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга саловот йўллаб туришни эслатар экан, биз умматлари ҳам Ул зотга мудом саловот айтишга буюрган.

      

Саловот сўзи араб тилида “صلاة”  калимасининг кўплиги бўлиб “дуо, мағфират сўраш” маъноларини билдиради. Шунингдек намоз ҳам мағфират сўраш бўлгани учун “صلاة” дейилади.  Азҳарий рахматуллоҳи алайҳи “солат” нинг “раҳмат” маьноси ҳам бор дейдилар.

        

Саловот Аллоҳ томонидан бўлса “раҳмат”, фаришталар тарафидан бўлса муайян банда учун Аллоҳдан мағфират сўраш, бандалар тарафидан эса “дуо”дир. Жумҳур уламолар: “Киши умри мобайнида бир маротаба саловот айтиш вожиб ҳамда Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга саловот йўллаш, зикр - тасбиҳ, ҳамд айтиш каби ибодатдир” – деганлар. 

      

Мўмин киши Расуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳақларига  тез-тез  салавот йўллаб туришга ҳаракат қилиши лозим. Зеро бу шафоатчимизга бўлган муҳаббатимизнинг ифодасидир. Мўмин киши саловот йўлласа зиёдаси билан Аллоҳ таоло ажр-савоб беради. Уни ўн баробар қилиб қайтаради. Зеро Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким менга битта саловот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта саловот айтади”.

 

Яна Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Расуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат кунида инсонларнинг менга энг яқини кўп саловот айтадиганларидир”. (Имом Термизий ривояти)

      

Расуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари тилга олинганда ёки Пайғамбаримиз дея у зот назарда тутилганда ҳам саловот йўллаш лозим. У зот ҳақларида сўзлаганда диққат билан тинглаб малоланмай, қанча кўп номлари зикр қилинса, завқу шавқ билан шунча кўп саловот айтиш Жанобимиз алайҳис - саломга бўлган муҳаббатимиздан далолат беради. Киши ўз имконятидан келиб чиқиб, маълум миқдорда саловот йўллашни ўзига вазифа қилиб олса ва бу ишда бардавом бўлса мақталган, мандуб амални қилган бўлади.

       

Солиҳ тақводор зотлардан Муҳаммад ибн Саид ибн Мутарриф раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: ”Мен ҳар куни кечаси уйқуга ётиш олдидидан Расуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга  маълум миқдорда саловот айтишни вазифа қилиб олгандим. Бир куни кечаси одатдагидек саноқни етказиб ухлаб қолдим. Тушимда, бирдан мен ухлаб ётган хонага  Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Хона ёришиб кетди. У зот мен томонга туриб, “Менга кўп саловот йўллайдиган бу оғиздан ўпсам”, дедилар. Мен уялиб юзимни бургандим Ул зот алайҳис-салом ёноғимдан ўпдилар. Ўша ондаёқ уйғониб кетдим. Шу пайт ёнимдаги аёлим ҳам уйғонди. Уйда Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хушбўй ҳидлари уфуриб турарди. Менинг ёноғимда ҳам Ул зот  саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хушбўй ҳидлари қолиб ўн саккиз кунга қадар бўй таратиб турар, ҳар куни аёлим уни ҳидлар эди.

     

Анас ибн Молик рзияллоҳу анҳудан ривоя қилинади: Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: “Ким менга битта саловот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта саловот йўллайди. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади” (Имом Насоий ривояти).

     Шунингдек ҳадиси шарифлар кўчирилганда ё У зот  саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларини ёзганда ҳам “с.а.в.” деб қисқартирмай, “соллаллоҳу алайҳи ва саллам” ёки “алайҳиссолаату вассаалом” ёхуд “алайҳиссалом” дея тўлиқ ёзиш Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳурмат - эҳтиром ҳисобланади. Яҳё ибн Маъиндан ривоят қилинишича Абу Закариё Обидий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ҳадис илми билан шуғулланадиган басралик дўстимиз бор еди. У ҳадисларни кўчириб ёзса қоғозни қизғаниб Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга саловотни ёзмай, тушириб қолдирар эди. Кўп ўтмай унинг ўнг қўлига “қорасон” тушиб қаттиқ азоб чекди. Охири, унинг қўли кесиб ташланди”.

     

Саловот ҳақида буюк саҳобалардан Умар разияллоҳу анҳу “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга саловот йўлламагунингча, қилган дуоларинг Еру Осмон орасида тўхтаб туради. Ундан бирортаси қабул бўлмайди”, - деганлар (Имом Термизий ривояти). Оиша разияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Мажлисларингизни Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш билан безатинглар”.

Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Барча дуо Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли оиласига саловот йўллангунга қадар тўсилиб туради.

 

“Абдуроҳман ибн Амр разияллоҳу анҳу айтади: “Кимки Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга битта саловот йўлласа Аллоҳ таоло ва фаришталар унинг ҳаққига етмишта саловот йўллайди ” (Имом Аҳмад ривояти).

       

Демак мусулмонман деб даъво қилган ҳар бир уммат Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ саловот айтишга интилиши керак. Зеро саловот айтиш кишининг гуноҳлари кечирилиши, дунё ва охират ҳожатлари битиб, жанобимиз Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил бўлишга сабаб бўлади.

 

 

                                     Муҳаммадзариф ДАДАМИРЗАЕВ

                                     Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 215927
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24507