"Талоқ" дан эҳтиёт бўлинг!
17.2.2017 8534

   Ҳозирги вақтда оилаларда ажримларнинг кўпаётгани жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан биридир. Синовли дунёда оилавий келишмовчиликларни сабр ва бағрикенглик билан бартараф этиш мумкин бўлгани ҳолда кўп ёшларимиз шошқалоқлик, ғазаб, сабрсизлик каби иллатларга тез енгилишмоқда. Йигитларимизнинг аёлига “Уч талоқсан”, “Қум талоқ”, “Минг талоқсан”, “Онангникига борсанг, талоқсан!” дейишлари кўпайиб кетган.
    Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол нарса талоқдир”, дедилар" (Абу Довуд, Имом Ҳоким. Имом Ҳоким саҳиҳ деган).
    Айрим эркаклар бу сўзнинг ҳукмини билмасдан хотинини қўрқитиш учун “талоқ” сўзини қайта-қайта тилга олаверади, жаҳл билан айтилган биргина сўздан оила таназзулга юз тутишини ҳис қилишмайди. “Бир марта жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади”, деган мақолнинг моҳиятини тушунмай жанжаллашаверишади. Бундай тортишувларда эр ҳам, аёл ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилади. Фарзандларнинг аҳволи, атрофдагиларнинг фикри, ҳаёти уларни умуман қизиқтирмайди. Кўпинча аёл эрини қаттиқ рашк қилганидан ёки бошқаларга ўхшаб яхши яшашни талаб этиши, эрининг қариндошлари билан муносабатлари турли келишмовчиликларга сабаб бўлади.
   Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади”, дедилар" (Сунан соҳиблари).
    Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб қизига бундай насиҳат қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.
   Оилавий ажримлар сабаблари ўрганилганда “талоқ” сўзининг кўп ишлатилиши эр ғазабланганида хотини сабр қилмасдан тилига эрк беришидан юзага келар экан. Эрининг кайфиятига қараб муомала қилиш маданияти ҳамма аёлга ҳам берилмаган. Шунинг учун хотинлар дарров тилга эрк беришади. “Сенга тегиб нима кўрдим?” “Қўлингдан нима келарди?” каби сўзлар эркакларнинг қуюшқондан чиқишига сабаб бўлади. Ваҳоланки, турмуш чорраҳаларида кўзланган эзгу орзуларга чиройли сабр билан эришиш мумкин. Афсуски, буларнинг баъзи аёлларга қизиғи йўқ. Аслида, овозни кўтариб эмас, балки бир оз паст келиш билан катта-катта ишларни ҳал қилиш мумкин. Сабр, бир сўздан қолиш билан қанчадан қанча ажримларнинг олдини олиш мумкин эди.
   Аллоҳ таоло дунё ҳаётида эрларнинг аёллардан устунлигини таъкидлаб, бундай марҳамат қилади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир...” (Нисо, 34).
    Аллоҳ таоло эркак кишини табиатан ҳиссиётга берилмайдиган, оғир, вазмин, ақлли қилиб яратган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам эркак киши ўзини оғир тутиши керак бўлади. Бироқ айрим жоҳил йигитлар аёлининг ақл билан тузатиш мумкин бўлган камчилиги ёки хатосини тўғрилашга чора қидиришдан кўра бегоналардан таскин қидиришни маъқул кўришади. Аёл эрининг феълидаги ҳар қандай нуқсонга чидаши мумкин, аммо хиёнатини кечиролмаслигини эсдан чиқаришади.
   Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Улар билан тотув турмуш кечиринг. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19).
    “Кейинги пушмон, ўзингга душман” деб, бекорга айтилмаган. Ўйламай айтилган сўзнинг асорати оилаларнинг бузилишига, бегуноҳ гўдакларнинг кўз ёшига сабаб бўлиб қолмасин.



Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

Манба: www.muslim.uz 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 66663
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9560