Таҳорат қилиш фазилатлари
5.1.2018 3292

Таҳорат билан боғлиқ фиқҳий масалаларни ўрганишдан олдин таҳоратнинг фазилатлари билан танишиб чиқсак, фойдадан холи бўлмайди. Бу маълумотлар таҳоратга бўлган эътиборимизни ошириб, уни тўлиқ ва мукаммал бажаришимиз учун туртки бўлса, ажаб эмас.

 

1 – Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда у зот Жаброилнинг Ислом ҳақида берган саволига қуйидагича жавоб қайтарганлар:“Ислом Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули деб гувоҳлик беришинг, намозни бекаму-кўст адо этишинг, закот беришинг, ҳаж ва умра қилишинг, жунубликдан ғусл қилишинг, таҳоратни мукаммал адо этишинг, Рамазон рўзасини тутишингдир”. Шунда (Жаброил алайҳиссалом): “Агар шуларни қилсам, мен мусулмон бўламанми?” деганида, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа”, дедилар. (Жаброил): “Тўғри айтдинг”, деди(Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Сиҳоҳи ситта соҳибларининг ривоятларида бу ҳадис бошқа сийғада келтирилган. Бу ерда эса Исломнинг асоси бўлган амалларга жунубликдан ғусл қилиш ва таҳоратни мукаммал суратда бажариш ҳам қўшилмоқда. Демак, поклик Исломнинг асосий шартларидан бўлиб, таҳоратни мукаммал адо қилиш билан банда комил мусулмон бўлар экан.

 

2 – Бани сулаймлик бир кишидан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлимни ушлаб, таъкид билан:“Субҳаналлоҳ мезоннинг ярми, “алҳамду лиллаҳ” мезонни тўлдиради, “аллоҳу акбар” осмон билан Ер ўртасини тўлдиради, таҳорат имоннинг ярми1, рўза сабрнинг ярми”,дедилар” (Доримий ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Аллоҳга ва охират кунига ишонган бандагина таҳорат қилади. Имонли бандагина таҳоратни мукаммал бажаради.

Бошқа ривоятларда қайсидир амал имондан ёки имоннинг бир бўлаги дейилган бўлса, бу ерда таҳорат имоннинг ярми экани айтилмоқда. Шундан ҳам Исломда таҳорат қанчалик аҳамиятли эканини билиб оламиз.

 

3 – Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини ривоят қилади: “Агар мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилиб, юзини ювса, юзидан икки кўзи қараб қилган барча гуноҳлари2 сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан чиқиб кетади. Агар қўлини ювса, икки қўли ушлаб содир этган ҳамма гуноҳлари сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан чиқиб кетади. Агар оёғини ювса, оёғи (билан) юриб содир этган жамики гуноҳлар сув билан ёки сувнинг охирги қатраси билан чиқиб кетади. Шундай қилиб у гуноҳлардан (бутунлай) покланади3(Муслим, Термизий, Молик ва Аҳмад ривояти).

Ушбу ривоятда таҳорат аъзоларни поклаши билан бир қаторда гуноҳларнинг кечирилишига ҳам сабабчи экани айтилмоқда.

Бу ерда кечирилиши ваъда қилинаётган гуноҳлар кичик гуноҳлардир. Ҳадисларнинг бирида намоз, хусусан беш маҳал фарз ва жума намози, агар катта гуноҳлардан сақланилса, бошқа кичик гуноҳларга каффорат бўлиши айтилган. Улуғ ибодат бўлмиш намоз катта гуноҳлар ювилишига сабаб бўла олмас экан, энди қандай қилиб ёлғиз таҳорат кабира гуноҳларга каффорат бўла олсин?

Ўйлаб қаралса, инсоннинг юзи, қўли, оёғи ва боши кишининг бошқа аъзоларига қараганда кўпроқ кир бўлади. Бу аъзоларни тез-тез поклаб турилмаса, кишидан бадбўй ҳид келадиган бўлиб қолади. Бошқа томондан олиб қаралса, инсоннинг айнан шу тўрт аъзоси гуноҳ содир этишда асосий вазифани бажаради. Аллоҳ таоло бандаларига шунчалик меҳрибонки, уларга кунига беш маҳал кичик гуноҳлардан покланиш имконини берган. Буни чуқур англаб етиб, таҳорат қилаётганимизда ҳар бир аъзойимиздан гуноҳлар тўкилаётгани, уларнинг Аллоҳ тарафидан кечирилаётганини қалбдан ўтказсак, таҳоратимиз мукаммал суратда бажарилади, қалбимизда ихлос ва намозимизда хушуъ пайдо бўлади.

 

4 – Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Ким таҳорат қилиб, уни мукаммал адо этса, унинг гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”,деганлар” (Муслим, Насоий, Аҳмад, Табароний “Авсат”да ва Байҳақий “Шуаъбул ийман”да ривоят қилган).

Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Аввалги ривоятларда таҳорат сабабидан юз, қўл, бош ва оёқдан гуноҳлар тўкилиши айтилган бўлса, бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.

Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир киши чиройли таҳорат қилиб, сўнгра намоз ўқиса, ўша намоз билан келаси намозни ўқигунча вақт орасидаги (гуноҳ)лари кечирилади”, деб айтганларини эшитганман” (Насоий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

 

5 – Абу Умома розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Агар мусулмон банда таҳорат қилса, унинг гуноҳлари қулоғи, кўзи, икки қўли ва икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради”(Аҳмад, Табароний “Авсат”да ва Байҳақий “Сунанул кубро”да ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).

Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, унинг биронта ҳам гуноҳи қолмайди.

 

6 – Абу Молик ал-Ашъарий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини ривоят қилади:“Поклик имоннинг ярми. “Ал-ҳамду лиллааҳ” мезонни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ” ва “ал-ҳамду лиллааҳ” осмон билан Ер ўртасини тўлдиради (ёки тўлдирадилар). Намоз нур, садақа ҳужжат ва сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга далилдир. Ҳар бир инсон ҳаракат қилиб, ўзини сотади – ё қутқаради ёки ҳалок қилади”(Муслим, Термизий, Аҳмад, Табароний “Кабийр”да, Байҳақий “Шуъабул ийман”да ривоят қилган. Термизий, Насоий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббонлар келтирган ривоятда: “Таҳоратни мукаммал қилиш имоннинг ярмидир”, дейилган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда бир неча савобли амалларни баён қилиб, уларнинг аввалида покликни зикр қилмоқдалар. Сабаби ҳар қандай амал фақат поклик билан тўғри бажарилади. Поклик имоннинг асосидир.

Келинг, бу ҳадиси шариф билан тўлиқроқ танишиб чиқамиз.

Поклик – имоннинг ярми”.

Имом Ғаззолий: “Поклик қалбнинг ғиллу ғаш, ҳасад, ёмонлик, нафрат ва бошқа касалликлардан саломат бўлишидир. Имон шулар билан комил бўлади”, дея тушунтирган. Баъзилар айтишган: “Ким қалбини покласа, сўнг таҳорат ёки ғусл қилиб намозга кирса, у тўлиқ поклик ила ибодатини бажарибди. Агар фақатгина аъзоларнинг поклиги билан намозга кирса, у ҳолда тўлиқ бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло қалблар поклигига назар солади”.

Баъзи уламолар бу ердаги “имон” сўзини “намоз” деб изоҳлаб, таҳорат намознинг асосий шартларидан бири эканини таъкидлашган. Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларининг бирида “намоз” маъносини “имон” сўзи билан ифодалаган.

Яна бошқалар: “Покликнинг савоби имонга бериладиган савобнинг ярмига тенг. Чунки имон аввал қилинган гуноҳларга каффорат бўлса, таҳорат кейин қилинган гуноҳларни ўчиради”, деб айтишган.

Поклик, озодалик имоннинг ярми экан, тозаликка амал қилмаган, нопок ҳолда юрадиган кишилар имони қусурли бўлиши шубҳасиз.

Алҳамду лиллаҳ” мезонни тўлдиради, “субҳаналлоҳ вал-ҳамду лиллаҳ” Ер ва осмон ўртасидаги нарсаларни тўлдиради”.

Бу ерда зикр айтиш савоби ўта улуғлиги, ҳамд амаллар тортиладиган мезонни тўлдириши, тасбеҳ ва ҳамд Ер билан осмон орасини савобга тўлдириб юбориши айтилмоқда. Демак, ихлос билан айтилган бу калималардан ҳосил бўлган савоб еру осмонни тўлдиради.

“Ҳамд” Аллоҳнинг улуғлиги ва қудратига эътирофан айтилган мақтов бўлиб, фақат Аллоҳ таологагина хосдир. Тасбеҳ айтиш эса, Аллоҳни барча айб-нуқсонлардан пок эканини тан олишдир. Шу ерда баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтмоқчи эдик. Биздаги кўпгина таржималарда “Субҳаналлоҳ” сўзи “Аллоҳни поклаб ёд этаман, Аллоҳни поклайман”, деб ифодаланади. Бу нотўғри, чунки, биринчидан, Аллоҳ азалдан пок Зот, иккинчидан, У бизнинг поклашимизга муҳтож эмас. Биз Аллоҳни поклаб ёд этмаймиз, балки Уни пок деб биламиз, ҳар қандай айбу нуқсондан холи эканини эътироф этамиз, холос.

Намоз – нур”.

Яъни, намоздан келадиган савоб инсонга нур бўлади.

Намознинг нур экани қуйидаги ҳолатларда кўринади:

– намоз ўқиган банданинг юзидан нур балқиб туради;

– намоз бандани маъсият ва фаҳш ишлардан сақлайди;

– намознинг савоби қиёмат куни бандага нур бўлади;

– намоз қалбга нур бағишлайди, уни мунаввар қилади. Очилмай қолган ҳақиқатлар ва ботиний жиҳатлар кашф қилинишида намознинг ўрни беқиёс;

– намоз банда қабрини ёритувчи нур бўлади.

Садақа – ҳужжат”.

Садақа имоннинг саломат эканини исботловчи ҳужжатдир. Чунки мунофиқлар намоз ўқишлари мумкин, лекин эътиқоди тўғри бўлмагани боис, гарчи мол-дунёлари кўп бўлса ҳам, садақа қилиш уларга малол келади.

Банда молидан садақа қилиб юрса, қиёмат куни бойлиги ҳақида сўроқ қилинаётганда моли унинг фойдасига ҳужжат бўлади. Баъзилар: “Садақа инфоқ қилувчи бандага далил бўлади ва у молини сарфлаш хусусида саволга тортилмайди”, дейишган.

Сабр – зиё”.

Яъни, Аллоҳ таолонинг тоатига, қийинчилик, ташвишлар ва дунё машаққатларига сабр қилиш, ҳақдан тойилмаслик, маъсиятлар содир этишдан ўзини тийиш банданинг йўлини ёритувчи зиё бўлади. Бу мақталган сабрдир. Ким мана шундай сабр билан сифатланса, сабр унинг қалбига зиё бўлади, уни тўғри йўлга бошлайди. Сабр-тоқат ва қаноат инсон қалбига маърифат нурларини таратади. Сабр билан банда улуғ даража ва савобларга эришади.

Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга далилдир”.

Яъни, Қуръон шафоатчинг ёки даъвогаринг бўлади. Ким Қуръонни ўқиб, унга амал қилса, ҳаром ишлардан сақланса, Аллоҳ айтган йўлда юрса, Қуръон унга шафоатчи бўлади. Лекин қайси банда Қуръонга беписандлик билан қараса, ҳаром ишлардан қайтмаса ва буюрилганларни бажармаса, Қуръон бундай банданинг зарарига гувоҳлик беради.

Ҳар бир инсон ҳаракат қилиб, ўзини сотади – ё қутқаради ёки ҳалок қилади”.

Ҳар ким ўзи учун ҳаракат қилади, кимдир нафсини Аллоҳга сотиб – итоат этиб, Унга бўйсунади ва азобдан омон қолади. Яна кимдир нафсини шайтонга сотиб – иблиснинг вавасасига учиб, ҳавои нафс йўлда қулларча тентирайди, оқибатда ҳалокатга учрайди.

 

7 – Абу Молик ал-Ашъарий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:“Поклик имоннинг ярми. “Ал-ҳамду лиллааҳ” мезонни тўлдиради. “Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” осмон билан Ер ўртасини тўлдиради. Намоз нур, садақа ҳужжат ва таҳорат зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга далилдир. Ҳар бир инсон ҳаракат қилиб, ўзини савдога қўяди – ё қутқаради ёки ҳалок қилади” (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Бу ривоят аввалгисига ўхшаш. Ровийси ҳам бир хил. Фақат баъзи жумлалари фарқли, холос. Бу ҳадисда “сабр” ўрнида “таҳорат” зикр қилинмоқда. Таҳоратнинг зиё эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳадисларида айтганлар. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта менинг умматим қиёмат куни таҳорат сабабидан юз ва қўл-оёқларидан нур таралиб турган ҳолда чақириладилар. Бас, кимки юзидаги нурини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин!” деб айтганларини эшитганман” (Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

 

8 – Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни таҳоратни мукаммал қилишга буюрганлар”(Доримий, Ибн Можа, Аҳмад, Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Бундан олдинги ҳадисларда таҳоратни мукаммал қилиш ҳақида сўз борган эди. Мазкур ривоятдан маълум бўлишича, бу иш Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобларга тайинлаган вазифа экан. Демак, биз таҳоратни рисоладагидек бажаришга ҳаракат қилишимиз керак. Шунда намозларимиз тўкис бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таҳоратни мукаммал қилинглар!” деганлар” (Насоий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

 

9 – Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Мен сизларни Аллоҳ гуноҳларни ўчирадиган4 ва даражаларни кўтарадиган (амаллар)га далолат қилайми?” дедилар. Шунда (одамлар): “Ҳа, эй Расулуллоҳ”, дейишди. У зот: “Қийин (пайт)ларда таҳоратни мукаммал қилиш, масжидларга кўп қатнаш, бир намоздан сўнг (келаси) намозни кутиш5. Мана шу муробитликдир”,дедилар (Муслим, Термизий, Насоий, Доримий, Ибн Можа, Молик, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Табароний “Кабийр”да ва Байҳақий “Шуаъбул ийман”да ривоят қилган).

Ушбу ривоятда учта амалнинг нақадар фазилатли ва савобли экани айтилмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динга даъват қилиш, солиҳ амалларга ундаш усуллари ажойиб эди. У зот аввал тингловчи эътиборини ўзларига жалб қилиб, уларда айтилаётган нарсага қизиқиш уйғотганларидан сўнг асосий масалани баён қилардилар. Бу ерда айтилишича, у зот одамларга қарата: “Шундай амаллар борки, Аллоҳ ўша амалларни қилган банда гуноҳларини ўчиради, даражасини кўтаради. Ўша амалларни сизларга ҳам айтайми?” деганларида, одамлар: “Гуноҳларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган амаллар қайси экан?” деб қизиқиб, “ҳа, эй Расулуллоҳ, айтинг”, дейишди. Шунда у зот қийин пайтларда таҳоратни мукаммал адо қилиш, жамоат билан намоз ўқиш учун масжидларга кўп қатнаш ва бир намозни ўқиб бўлгач, кейинги намозни илҳақ бўлиб кутиш гуноҳларни ўчириб, мартабаларни кўтаришини баён қилдилар.

“Муробитлик” деб душманга қарши туришга айтилади. Юқоридаги амалларни бажариш учун нафсни енгиш, шайтонга ҳай бериш керак. Бунда банда худди душманга қарши сабот билан тургандек бўлади ва ваъда қилинган даражаларга эришади.

Юқорида санаб ўтилган амалларни қилган банданинг жаннатдаги мартабаси баланд бўлади.

Биз бу ривоятнинг мавзуимизга тегишли қисмини бироз изоҳлашга ҳаракат қиламиз:

Қийин (пайт)ларда таҳоратни мукаммал қилиш”.

Ҳадиснинг мана шу жумлалари орқали ҳар қандай шароитда таҳоратни мукаммал қилишга, қийинчиликларга қарамай тўлиқ покланишга тарғиб қилинмоқда. Таҳорат олишга қийинчилик туғдирувчи нарсалар замон, макон ва шароитга боғлиқ бўлади. Улар қуйидагилардир:

– ҳаво совуқ бўлиб турганда сув иситиш имкони камлиги;

– беморлик сабаб сув ишлатишга қийналиш;

– сув тақчиллиги ёки унинг баҳоси қимматлиги;

– бирон жойга шошилиш;

– чарчоқ ёки уйқу келиши;

– нотаниш жойда, ноқулай шароитда таҳорат қилиш ва ҳоказо.

Демак, ким турли ноқулайлик ва машаққатларга қарамай, таҳоратни бекаму-кўст бажарса, гуноҳларидан фориғ бўлиб, улуғ даражаларга эришади.

Қуйидаги ҳадисда мукаммал таҳорат қандай бўлиши баён қилинади.

 

10 – Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади:“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, “таҳоратни мукаммал қилиш қандай бўлади?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз вақти бўлгунича жим турдилар ва кейин сув олиб келишни буюрдилар. Сўнгра икки қўлларини ювдилар, бурунларига сув олиб қоқдилар ва мазмаза қилдилар, юз ва қўлларини уч мартадан ювдилар, бошларига масҳ тортдилар, оёқларини уч мартадан ювдилар. Сўнгра кийимлари остига сув сепдилар ва: “Таҳоратни мукаммал қилиш мана шундай бўлади”, дедилар”(Абу Яъло ва Баззор ривояти. Ривоят санади заиф).

Таҳорат фазилатлари ҳақида келган ҳадисларни ўқиб, ўқувчиларимиз орасида, қандай қилиб таҳоратни тўлиқ ва мукаммал бажариш мумкин? деган савол туғилиши табиий. Шу сабаб бу ерда мазкур ривоятни келтирмоқдамиз.

Ривоятдан маълум бўладики, таҳоратнинг суннат, мустаҳаб ва одобларига амал қилинса, жумладан, аъзолар уч мартадан яхшилаб ишқалаб ювилса, таҳорат мукаммал қилинган ҳисобланади.

 

11 – Абдуллоҳ ас-Сунобиҳий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши ва (ўқиган) намози у учун қўшимча (савоб) бўлади”(Насоий, Ибн Можа, Молик, Аҳмад ва Ҳоким ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Ушбу ривоятда таҳоратда ювиладиган аъзолар содир этган гуноҳлар уларни ювиш билан чиқиб кетиши, ўша гуноҳларнинг Аллоҳ тарафидан кечирилиши баён қилинмоқда. Ҳадис охирида: Сўнгра масжидга бориши ва (ўқиган) намози у учун қўшимча (савоб) бўлади”, дейилмоқда.

Маълумки, таҳорат ва намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушуъ билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади. Баъзи китобларда: “Таҳорат билан банданинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Таҳоратдан кейин намоз ўқиш билан унинг келаси намозгача бўлган гуноҳлари авф этилади”, дейилган.

Абу Умома ал-Ҳимсий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта таҳорат ўзидан олдинги (гуноҳлар)га каффорат бўлади. Сўнгра намоз қўшимча (ажр) бўлади”, деганларини айтди. Шунда унга: “Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан эшитганмисан?” дейилди. У: “Ҳа. Бир марта эмас, икки марта эмас, уч марта эмас, тўрт марта эмас, беш марта ҳам эмас (ундан кўп эшитганман)”, деди (Аҳмад “Муснад”да ва Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ривоят санадида заифлик бор).

 

12 – Ҳумрон ривоят қилади:“Усмон розийаллоҳу анҳу совуқ тунда намоз ўқимоқчи бўлиб таҳорат суви сўради. Мен тезда унга сув олиб келдим ва у юз-қўлини ювди. Шунда мен: “Аллоҳ сизга кифоя қилади, қаттиқ совуқ тунда ўзингизни эҳтиёт қилинг”, дедим. У бўлса: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қайси бир банда таҳоратини мукаммал суратда бажарса, Аллоҳ унинг ўтган ва келаси гуноҳларини, албатта кечиради”, деганларини эшитганман”, деди” (Баззор ҳасан санад билан ривоят қилган).

Қандай шароит бўлмасин, ибодатларни тўкис адо қилиш бандани улуғ мақомларга эриштиради. Жумладан, ноқулай шароит бўлишига қарамай таҳоратни мукаммал суратда бажарадиган банданинг ўтган ва келаси гуноҳлари кечирилади. Тушунган банда учун бу ривоят улуғ башорат, катта имкониятдир.

 

13 – Абу Умома розийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:“Қайси банда намоз ўқимоқчи бўлиб таҳорат (олиш) учун турса ва икки кафтини ювса, (сувнинг) аввалги томчиси билан унинг кафтидан гуноҳлари тўкилади. Агар оғзини чайса ва бурнига сув олиб қоқса, аввалги томчи билан унинг тили ва лабларидан гуноҳлари тўкилади. Агар юзини ювса, аввалги томчи билан қулоғи ва кўзидан гуноҳлари тўкилади. Агар қўлини тирсагигача ва оёғини тўпиғигача ювса, худди онаси туққан кундагидек ҳар қандай гуноҳдан фориғ бўлади. Агар намоз ўқишга киришса, Аллоҳ (намоз) билан унинг даражасини кўтаради ва агар ўтирадиган бўлса, (гуноҳлардан) фориғ (бўлган) ҳолда ўтиради”(Аҳмад “Муснад”да, Табароний “Кабийр” ва “Авсат”да ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).

Бу ҳадис аввалги ривоятни шарҳлайди.

Таҳоратда ювиладиган аъзолардан сувнинг биринчи томчиси билан гуноҳларнинг чиқиб кетиши, банда таҳоратга киришиши биланоқ гуноҳларидан фориғ бўлиб боришига далолат қилади. Бошқа ривоятларда “охирги томчи билан” деб ҳам келтирилган. Бу эса таҳоратдан сўнг биронта кичик гуноҳ қолмай барчаси кечирилишини англатади. Валлоҳу аълам!

Фарзанд дунёга келганида бадани покиза, ўзи гуноҳлардан холи, маъсум бўлади. Ким таҳоратни мукаммал қилса, худди онасидан янги туғилган чақалоқ каби гуноҳларидан фориғ бўлади. Агар таҳоратдан сўнг намоз ўқилса, бу намоз билан Аллоҳ банданинг даражасини кўтаради.

 

14 – Абу Умома ал-Боҳилийдан ривоят қилинади:“Мен Амр ибн Абасанинг: “(Бир куни), эй Расулуллоҳ, таҳорат қандай қилинади?” деб сўрадим. У зот: “Сен таҳорат қилсанг – қўлларингни ювиб, уларни покласанг, тирноқларинг ораси ва бармоқларинг учидан гуноҳларинг чиқиб кетади. Агар мазмаза ва истиншоқ қилсанг, юзингни ва икки қўлингни тирсаккача ювиб, бошингга масҳ тортсанг ва икки оёғингни тўпиғигача ювсанг, барча гуноҳлардан фориғ бўласан. Агар шу ҳолда Аллоҳ азза ва жаллага юзлансанг, худди онадан янги туғилгандек гуноҳлардан покланасан”, дедилар”, деб айтганини эшитдим”. Абу Умома айтади: “Шунда мен: “Эй Амр ибн Абаса, қара нима деяпсан? Мана шу нарса (бандага) бир вақтнинг ўзида бериладими?!” деб сўраган эдим, у: “Аллоҳга қасамки, мен кексайиб, ажалим яқинлашди. Шу чоғда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан ёлғон гапиришга қандай эҳтиёжим бўлсин?!” Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан икки қулоғим эшитган ва қалбим уни ўзига сингдирган”, деди”(Насоий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Бу ривоятда Амр ибн Абаса розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга таҳорат ҳақида берган саволи ва у зот бунга қандай жавоб қайтарганлари келтирилмоқда.

Ривоятга эътибор берадиган бўлсак, таҳорат ҳақида берилган саволга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мана бу ва мана бу аъзоларингни ювасан, деб жавоб бермаяптилар, балки таҳоратни мукаммал суратда ўргатиб, унинг фазилатларини ҳам зикр қилмоқдалар.

1 Ҳужр ибн Али айтади: “Мен Али ибн Абу Толиб: “Таҳорат имоннинг ярмидир”, деб айтганини эшитганман” (Байҳақий “Шуаъбул иймон”да ривоят қилган).

2 Ҳадисда юз ювилганда фақат кўз орқали содир этилган гуноҳлар кечирилиши зикр қилинишига икки хил сабаб келтирилган: 1) кўз қалб ойнаси бўлиб, у билан содир этилган гуноҳлар зикр қилиниши бошқа аъзоларга кифоя қилади; 2) таҳоратда оғиз, бурун ва қулоқ алоҳида тарзда покланади. Кўз эса таҳоратда махсус ювиш билан покланмайди. Шу сабаб кўз билан қилинган гуноҳлар юзни ювиш билан тўкилади.

3 Қози: “Бу ердаги гуноҳларнинг сув билан чиқиб кетиши унинг кечирилишидан далолатдир. Зеро гуноҳнинг баданга кириб-чиқиши мумкин эмас”, деган. Лекин бошқа уламолар: “Гуноҳлар банданинг ботинига ҳам, зоҳирига ҳам таъсир қилади. Бу нарса аъзонинг қорайишида кўринади”, дейишган ва бунга гуноҳ содир этилганда, қалб қорайиб, истиғфордан сўнг чароғон бўлишини мисол қилиб келтиришган. Аҳмад, Ибн Хузайма Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳажарул асвад жаннатдан (тушган) бўлиб, (аввалда) оппоқ ёқут эди. У қордан ҳам оппоқ бўлган. Аммо мушриклар содир этган гуноҳлар уни қорайтириб юборган”.

Имом Суютий бу ҳадис ҳақида: “Гуноҳлар тошга таъсир қилса, гуноҳ содир этувчининг танаси тошдан кўра таъсирланишга муносиброқдир”, деган. Яъни, гуноҳлар тошни қорайтирар экан, гуноҳ содир этилган аъзолар ҳам гуноҳлар таъсиридан бенасиб қолмайди, улар ҳам қораяди, дейилмоқчи. Бу қорайиш маънавий ёки моддий бўлиши мумкин. Бошқа ривоятда: “Албатта ёлғон (гап) юзни қорайтиради”, дейилган. Демак, гуноҳлар банда танасига таъсир кўрсатади.

4 Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга Аллоҳ унинг сабабидан гуноҳларни ўчирадиган (амаллар)га далолат қилайми: қийин (вақт)ларда таҳоратни мукаммал қилиш, масжидга юриб бориш, бир намоздан сўнг (келаси) намозни кутиш. (Мана шулар) гуноҳларни бутунлай ювиб ташлайди”, деганлар. (Ҳоким, Абу Яъло ва Баззор ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

5 Бир намоздан сўнг келаси намозни кутиш “Ал-мунтақо шарҳул-муваттоъ” китобида қуйидагича тушунтирилган: “Банда жамоат билан намоз ўқиб бўлгач, жойнамоз устида ўтириб келаси намозни кутади. Бу бир-бирига яқин бўлган икки намоз орасида бўлади. Масалан, пешин намозидан сўнг асрни ёки шомдан кейин хуфтон намозини кутиш мумкин. Аммо хуфтондан кейин бомдодни кутиш инсон тоқати етадиган иш эмас. (Кўп ҳолларда бунга имкон ҳам бўлмайди) қолаверса, бу вақт мобайнида таҳорат синади. Шунингдек, бомдоддан сўнг пешинни кутиш ҳам шунга киради”.

Лекин бошқа уламолар, банда хоҳ жамоат билан, хоҳ ёлғиз ўзи ўқисин, ибодатдан кейин келаси намозни кутса, бошқа ишларини бажарган ҳолда қалби намозга боғлиқ бўлса, бир намоздан кейин келаси намозни кутган бўлади, дейишган.

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 66565
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9532