Таҳоратдан сўнг икки ракъат намоз ўқиш фазилати
5.1.2018 2658

33 – Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозида Билолга: “Эй Билол, Исломда қилган энг умидли амалинг ҳақида сўзла. Чунки мен жаннатда ёнимда оёқ кийиминг овозини эшитдим”, деганларида, у: “Мен бирон умидли амал қилганим йўқ, аммо кечасими ёки кундузими таҳорат қиладиган бўлсам, мана шу таҳорат билан қодир бўлганча намоз ўқийман”, деди (Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Билол розийаллоҳу анҳу азон айтса, иқоматдан аввал икки ракъат намоз ўқирди. У киши доим таҳорат билан юрарди. Қачон таҳорати синса, янги таҳорат қилиб кетидан имкон қадар намоз ўқишга ҳаракат қиларди1. Ҳадисда мана шу нарса Билол розийаллоҳу анҳуни юксак мақомга кўтаргани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида уни жаннатда кўрганлари айтилмоқда ва бу ишда давомли бўлишга қизиқтирилмоқда.

 

34 – Уқба ибн Омир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади:“Туяларни боқиш вазифаси бизнинг бўйнимизда эди. Менинг навбатим келганида, (ўтлатиб,) кечаси уларни қайтариб олиб келдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб одамларга ҳадис айтаётганлари устидан чиқиб қолдим. Мен у зот: “Қайси бир мусулмон таҳоратни чиройли қилиб, сўнгра қалби ила юзланган ҳолда хушуъ ва хузуъ билан икки ракъат намоз ўқиса, унга жаннат, албатта вожиб бўлади”, деб айтганларини эшитдим”(Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Ибн Хузайма ривоят қилган).

Юқорида зикри келган Билол розийаллоҳу анҳу ҳам доим таҳорат билан юриш ва таҳоратдан сўнг хушуъ билан намоз ўқиш орқали жаннатга киришдек улуғ мартабага эришган эди. Бу иш бандага жаннатга кириш учун берилган катта имконият. Қийин эмас, фақат хоҳиш ва бироз эътибор бўлса бас. Агар шу нарсага амал қилсак, иншаоллоҳ, жаннатни қўлга киритамиз. Аммо, фақат шунинг ўзинигина қилсам жаннатга кираман, бошқа ишларни тарк қилсам ҳам бўлаверади, деб хато тушунмаслик лозим. Бу ерда банданинг жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан фақат биттасигина зикр қилинмоқда. Бундай амаллар кўп. Имкон борича солиҳ амалларни ажратмай барчасини қилиб бориш мақсадга мувофиқ.

 

35 – Усмоннинг мавлоси Ҳумрондан ривоят қилинишича,у Усмон ибн Аффоннинг идиш(да сув олиб келиш)ни буюрганини кўрган экан. У аввал қўлига уч марта сув қуйиб ювди. Сўнгра ўнг қўлини идишга тиқиб, оғиз-бурнини ювди. Кейин юзи ва қўлини тирсагигача уч марта ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Шундан кейин уч марта оёғини тўпиғигача ювди ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менинг таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилиб, сўнгра (хаёли) чалғимаган ҳолда икки ракъат намоз ўқиса, унинг ўтган гуноҳлари, албатта кечирилади”, дедилар”, деб айтди(Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Ушбу ривоятда Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу тамонидан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратлари таърифланиб, сўнгра у зот айтган ҳадис келтирилмоқда.

Демак, ким яхшилаб таҳорат қилиб, хаёлини бир жойга йиғиб, хушуъ билан икки ракъат намоз ўқиса, ўша банданинг ўтган гуноҳлари кечирилади ва унга жаннатга кириш вожиб бўлади.

Бу ривоятда кечирилиши ваъда қилинаётган гуноҳлар кичик гуноҳлардир. Аммо бу дегани катта гуноҳларга дахли йўқлигини англатмайди. Кимда фақат кичик гуноҳлар бўлса, гуноҳи енгиллашади. Кимда кичик гуноҳ ҳам, катта гуноҳ ҳам бўлмаса, унинг мартабаси кўтарилади2.

 

36 – Уқба ибн Омир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Ким чиройли таҳорат қилиб, сўнгра чалғимасдан фикрини бир жойга йиғиб намоз ўқиса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганларини эшитганман” (Аҳмад ва Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ривоят санадида заифлик бор).

Бу ерда аввалги ривоят маъноси қисқа тарзда айнан ўша ровий томонидан келтирилмоқда. Хулоса шуки, банда таҳорат қилиб, хоҳ фарз, хоҳ суннат ёки бошқа нафл намози ўқисин, ҳадисда айтилган фазилатга эришади. Таҳорат қилаётганимизда ва намоз ўқиётганимизда бу ҳадислар ёдимизда турса, ибодатга бўлган эътиборимиз янада ортади.

1 Имом Нававийнинг “Саҳиҳул-муслим”га ёзган шарҳида: “Бу ҳадисда таҳорат кетидан намоз ўқиш фазилатли амал экани айтилмоқда. У суннатдир. Бу намозни қайтарилган вақтларда – қуёш чиқаётганда, тиккага келганда ва ботаётганда (бомдод ва аср намозларидан сўнг) ўқиш мумкин. Чунки бу намознинг ўқилишига сабаб бор. Бизнинг мазҳабда (яъни, Шофеъи мазҳабида) шундай дейилган”, деб айтилган.

2 Бу фикрлар Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул-борий” китобида келтирилган.

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 66565
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9532