Тежамкорлик ва меъёр
14.8.2019 2714

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: كُلُوا وَتَصَدَّقُوا وَالْبَسُوا فِي غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلاَ مَخِيلَةٍ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Исрофга йўл қўймаган ва такаббурлик қилмаган ҳолда енглар, садақа қилинглар ва кийининглар”, деганлар” (Насоий, Аҳмад, Байҳақий ва Ибн Абу Шайба ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Бошқа бир ривоятда келтирилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб айтганлар: “Исроф қилмаган ҳолингизда енглар, ичинглар, кийининглар, чунки Аллоҳ Ўз неъматларини бандаларида кўришни хоҳлайди” (Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларига покиза нарсалардан ейиш, ҳалол ичимликлар ичишни, тоза ва покиза либослар кийинишни ҳамда мубоҳ нарсалардан лаззат олишни ҳалол қилган. Бу ишларни шариат чегарасидан чиқмаган ҳолда қилишга рухсат этилади. Аммо, раҳмли Зот бўлмиш Аллоҳ таоло ўз нафсимизга зулм қилишни, нафсимиз хоҳлаган мубоҳ нарсалардан ўзимизни ҳаддан ташқари тийишимизни хуш кўрмайди. Масалан, ўзига ва ўзгаларга зулм қилишга тарки дунёчилик мисол бўла олади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Исломда тарки дунёчилик қилиш йўқ. Чунки, Ислом ўрта, мўътадил ва энг адолатли диндир.

Аллоҳ таоло бу дунёдаги неъматларни бандалари учун яратган экан, ана ўша неъматларни улар Аллоҳ рози бўладиган йўлда тасарруф қилишларини, чегарани билган ҳолда ҳаётдан баҳра олишларини яхши кўради. Лекин айни пайтда Аллоҳ бандаларидан фақатгина Ўзига ибодат қилиб, буюрган амри бўйича ҳаёт кечиришларини талаб қилади. Шунда улар ҳам дунёда, ҳам охиратда саодатга эришадилар. Аллоҳ таоло айтади:

“(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либослар)ни ва ҳалол-пок ризқни ким ҳаром қилди?” Айтинг: “Улар (яъни, безак ва ҳалол ризқлар) ҳаёти дунёда имон эгалари учун (бўлиб, кофирлар ҳам уларга шерик бўладилар). Қиёмат кунида эса (бу неъматлар) фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир” (Аъроф, 32).

Ислом динида барча ишларда ўртача йўлни тутиш Аллоҳ тарафидан жорий қилинган. Шу сабаб Ислом уммати ўрта умматга айланди. Аллоҳ таоло шундай деган:

Шунингдек, сизлар бошқаларнинг устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта (адолатли) бир уммат қилдик” (Бақара, 143).

Юқорида келтирилган ҳадисга кўра, Аллоҳ ҳалол қилган неъматлардан фойдаланишда икки муҳим жиҳатга эътибор бериш лозим:

– кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа ишларда исрофдан буткул сақланиш керак. Чунки Аллоҳ исроф қилгувчиларни хуш кўрмайди;

– бирон неъматга эришганда уни кибр қилмай, бошқалардан ўзини устун қўймаган ҳолда, шукр билан тасарруф қилиш. Кишиларга садақа ёки эҳсон қилганда ҳам миннат қилмаслик. Зеро миннат эзгу ишларнинг савобини кетказади, бандани Аллоҳнинг ғазабига гирифтор қилади.

Мазкур ҳадисдан яна шу нарса маълум бўладики, банда эҳтиёжига яраша Аллоҳнинг неъматларидан еб-ичиши, улардан лаззат олиши ва У Зотга шукр қилиши керак. Ўзини ўта тақводор кўрсатиб, нафсини жуда тергаб ҳам юбориш ёки меъёрни билмай, жуда тўйиб овқатланиш ва исрофгарчиликка йўл қўйиш мумкин эмас. “Аллоҳ берган неъматларидан баҳра олиш мумкин экан”, деб ҳар куни айшу-ишрат қилиб, бутун умрини бефойда нарсаларга сарфлаб, ибодатдан юз ўгириш, ғофилларча ҳаёт кечириш мўмин-мусулмон бандага ёт иллатдир.

Шунингдек, мўмин одам, биринчи навбатда тоза ва покиза кийимларни кийиши лозим. Кибр-ҳаво қилмай, кўркам бўлиб юриш мақсадида чиройли кийимларни кийиш жоиз. Нопок, кир кийимларни кийиш ёки кийими билан ўзини юқори тутиш мўмин кишига тўғри келмайди. Кийими билан мутакаббирлик қиладиган кимсалар ҳадиси шарифларда қаттиқ огоҳлантирилган.

Юқорида Исломда тарки дунёчилик, дунёдан юз ўгириш йўқ эканини айтиб ўтган эдик. Аллоҳ таоло дунё ва охиратни яратган экан, Ўз бандаларига бу иккисини баробар олиб боришни буюради (лекин, шуни унутмаслик керакки, охират ҳаёти дунёдан устун ва боқийдир). Бирини бажариб иккинчисини ташлаб қўйиш, масалан фақат ўткинчи дунё ҳаётига ёпишиб олиб, охирати ҳақида ўйламаслик ёки охирати тадоригини кўрса-да, дунёга умуман бепарво қараш тўғри эмас. Ривоятларнинг бирида келтирилишича, машҳур саҳобий Салмон Форсий розийаллоҳу анҳу биродари Абу Дардо розийаллоҳу анҳуни таркидунёчиликдан, ибодатга муккадан кетиб, ўзгалар ҳаққини поймол қилишдан қайтарган. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салмон Форсийнинг гапини тасдиқлаганлар.

Оилани боқиш ҳақида ўйламай, рўзғор ташвишлари ҳақида қайғурмай, фақат ибодатга қаттиқ киришган Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан танбеҳ эшитган. У зот Абдуллоҳга рўза тутиш, намоз ўқиш ва Қуръон тиловатида ўртача бўлишни, ўзгалар ҳаққини ҳам адо қилиш лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар.

Хуллас, Ислом шариати биздан ҳамма соҳада ўртача бўлишни, ақл ва адолат асосида иш кўришни талаб қилади. Зеро, биз Аллоҳ таоло тарафидан ўрта уммат қилиб танланганмиз.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли
"Хўжа Аламбардор" жоме масжиди имом хатиби
Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216321
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24552