Тезоб эркакка вазмин аёл
2.5.2016 8268

     Ёши олтмишларни қоралаган ҳайдовчи умр йўлдошим билан менга разм солар экан, сизлар эру хотинмисизлар, деди. Бу савол жаҳлимни қанча тез чиқарган бўлса, шунча тез совутди...

– Ҳа, – деди умр йўлдошим. 

Амаки дуо қилди: 

– Илоҳим, қўша қаринглар, невара-эвараларни тўйларини кўринглар. Омин. Учовимиз ҳам дуога қўл очдик.
– Жаҳлиз чиқди шекилли, ука. Дабдурустдан қўпол савол бериб юбордим, узр. Сизлар аҳамият бермаган бўлишингиз мумкин, аммо тез-тез машинамга чиқасизлар. Гоҳида келин, гоҳида сиз. Бугун иккингизни бирга кўрганимга... шу саволни бергандим. Аммо энди нега бунақа савол берганимни айтаман, биласизми, сиз билан муомала қилганимда деярли уришиб кетамиз, ҳатто манзилингизга етмай кўп бор тушиб кетгансиз. Аёлингиз унақа эмас. Йўл-йўлакай чиққан жаҳлимни яхши гапириб, енгади. Ҳовуримдан туширади. Худоимнинг чеварлигини қаранг, сиздай тезоб эркакка шундай аёл йўлиққан экан...
     Ҳайдовчининг шартакилиги бироз ғашимга тегди. Аммо...
– Худога шукр, Ўзи меҳрибон. Шунақа аёл берганига беадад шукр... Умр йўлдошимнинг гапи лол қолдирди.
– Ўғлим, жиззаки бўлсангиз ҳам, гапни дангаллигини айтаркансиз. Мен ҳам сиздақаман. Мен билан ўттиз йил яшаган аёлимга раҳмат дегим келади. Ўттиз йил айтишга осон, баъзан турмуш қурганига икки-уч йил бўлиб-бўлмай, ажрашиб кетаётганларни эшитсам, тилимни тишлаб қоламан. Ҳар бирида сабаб, важ бор. Бизда бўлмаганми? Бўлган. Аёлим­нинг донолиги, сабрлилиги шунақа гап-сўзларга нуқта қўйган. Уришқоқ, жиззаки, тўпори йигит эдим. Ҳатто ичардим. Ойим­ни, уйни, болаларни хизмати... мени хурмача қилиқларим... Ҳаммасига сабр қилди, уришсам, гап қайтармасди, ҳовуримдан тушгач, менга яхши гапириб, кўнглимни оларди. Ойимни, жигарларимни менга тескари қилмади. Болаларимга мени ёмон кўрсатмади. Қўни-қўшниларга уйдаги гапни олиб чиқмади. “Гапи”, “ҳунари” маҳаллага чиқмаган эркакни ким ҳурмат қилмайди, дейсиз?! Обрўимни сақлаган шу аёлим бўлади. Шунинг учун ҳам раҳмат дегим келади... Бежизга айтилмаган, эрни эр қиладиган ҳам, қора ер қиладиган ҳам хотин, деб. Худо­йимга ҳамд айтаман. Ука, сизга бир маслаҳат, яхши аёл ҳам неъмат, неъматни қадрига етинг, асраб-­авайланг...
– Хўп бўлади...

      Эркакларнинг АЁЛИ ҳақидаги иқрорларидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Бувиларимизнинг қуйидаги маслаҳати чин эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

 

– Умр йўлдошингдан кун қандай ўтгани ҳақида ҳар куни сўрашни унутма! Унга бефарқ эмаслигинг шу йўл билан намоён бўлади.

 

– Жанжалсиз оила бўлмайди. Жанжаллашган оила ажрашиб кетаверса, ер юзида оила қолмасди. Эҳтиросларни жиловлаш керак, жанжал пайтида эртага ҳам, индинга ҳам, худо хоҳласа, бир умрга шу инсон билан яшашингни ўйлаб гапир.

 

– Итоатли бўл. Оила муросаи мадора дегани. Ён беришни бил. Унинг қизиқишларини, гарчи ўзинг қизиқмасанг-да, ҳурматла.

 

– Умр йўлдошингнинг қариндошлари ҳурматини жойига қўй. Бирга яшасанг, хизматидан бўйин товлама. Рўзғоринг бўлак бўлса, қўнғироқ қилиб бўлса ҳам ҳолидан хабар ол.

 

– Умр йўлдошингдан ширин сўзингни сира аяма. Яхши гап ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди.

 

– Унинг қошида парвона бўл. У бетоблигида болангнинг атрофида қандай парвона бўлсанг, унинг ҳам бошида шундай парвона бўл.

 

– Уй ишларини у уйда йўқлигида бажар. Унинг олдида қилма, шунда асл ҳаловатни уйда топади.

 

– Зинҳор ортидан ёмонлама.

 

– Ундан сўрамай уйдан чиқма. Зеро, уйдан рухсатсиз чиққан аёлни то уйга келгунига қадар фаришталар лаънатлайди.

 

Райҳона ШОМИРЗАЕВА

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216387
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553