Тошкент тарихи
16.7.2015 12182

 

        Тошкент топонимини “Тош шаҳар” деб изоҳлайдилар. Шу сўзда маълум маънода шаҳар тирихи ҳам ўз аксини топган. Унинг қачон пайдо бўлганлиги аниқ эмас. лекин Тошкент жуда қадимий шаҳар эканлиги аниқ. Шаҳар ҳудудида тош асрига оид буюмлар топилган. Тошкентдаги қабристонлардан бирида топилган бронза кўзгулар, турли мамлакатларнинг тангалари шаҳар тарихи 2000 йилдан ортиқ эканлигидан дарак беради.

Тошкент тарихига оид илк манбалар милоднинг дастлабки асрларига тўғри келади. Жумладан, юнон олими Птоломейнинг “Географиядан қўлланма” Тошкент ҳақидаги маълумотлар асарида учрайди. Птоломей бу асарида Ер шарининг обод қисмини, яъни ойкуменани 26 харитада тасвирлаган. Шу хариталардан бирида Ўрта Осиё ва унинг атрофидаги ўлкалар кўрсатилган. Ана шу харитада Хитойга борадиган савдо йўли устида, Яксарт (Сирдарё) ҳавзасининг шарқида “Терри Лапидея” деган жой кўрсатилган. Олимлар ана шу юнонча номни “Тош қўрғон” деб таржима қилиб, уни Тошкентга нисбат берганлар.

Тошкент шаҳрининг номи ёзма манбаларда Чоч, Чочистон, Шош, Шошкент шаклларида учрайди. Чоч сўзи ҳам сўғд тилида “тош” маъносини англатади. Шош эса Чоч номининг арабича шаклидир. Чоч ёки Шош деганда Тошкент ва унинг атрофлари тушунилган.

X асрда номаълум муаллиф томонидан форс тилида ёзиб қолдирилган “Ҳудудул олам” (“Оламлар чегараси”) асарида бундай дейилади: “Чоч катта вилоят, халқи жанговар, бой ва сахийдир. У ерда ўқ - ёй тайёрланади. Бинкат – Чочнинг пойтахти. Бу катта шаҳара, айни пайтда подшонинг қароргоҳидир”.

Арабнавис олимлардан Истахрий, Ибн Хавқал, Муқаддисий ва бошқалар (IX-X асрлар) Шош вилояти ҳақида ёзганда унинг марказини Бинкат шаҳри деб кўрсатадилар. Бинкат ҳозирги Эскижува ва Чорсу оралиғида бўлган. Бинкат номи форсча бўлиб, “кўримли шаҳар” демакдир (бин – кўриниш, кат – сўғдча “шаҳар, қишлоқ, манзилгоҳ” деган маънони англатади).

Маҳмуд Қошғарий ўзининг машҳур асарида Шош билан бир қаторда Тошкент номини ҳам келтирган. Жумладан, у ўзининг “Қонуни маъсудий” асарида: “Бинкат – бу Шошнинг пойтахти, туркий тилда “Тошканд”, юнончадан арабчага таржима қилинса – “Буржул ҳижора” (“Тош минора”) шаклида бўлади” деб ёзган. Берунийнинг сўзларини бошқа олимлар ҳам тасдиқлашган. Масалан, Маҳмуд қошғарий ўзининг “Девону луғотит турк” асарида: “Таркан – Шошнинг номи, унинг асл номи Тошканд – тошдан қурилган шаҳар демакдир”, деб ёзган.

Демак, пойтахтимиз номи “Тошкент” шаклида биринчи бор Беруний асарларила учрайди ва шаҳар номи бошқа номлар билан ҳам аталган.

Қорахонийлар таркибига кирган Чоч шаҳри X асрнинг охири – XII асрнинг бошларида бутунлай Тошкент номини олган. Амир Темур даврида (XIV иккинчи ярми – XV бошлари) қудратли қалъа, йирик ҳунармандчилик, маданият ва илм - фан, савдо - тижорат шаҳри сифатидаги мақомини тиклайди.

XVI аср бошларида Тошкент шайбонийлар давлати таркибига кирган, сўнг у Бухоро амирлиги таркибига қўшиб олинади.

XVI-XIX асрларда Тошкент.

XV асрнинг охири – XVI асрда ва кейинчалик XVIII асрда Тошкентнинг мавқеи анча ошди. Иқтисодий ва маданий юксалиш бу шаҳарнинг бошқа ҳунармандчилик ва савдо марказлари билан алоқаси жонланганидан, шунингдек, қурилиш ишларининг ривож топишида намоён бўлди. Бароқхон мадрасаси, Кўкалдош мадрасаси сингари катта мадрасалар XVI асрда ўзбек султонлари даврида барпо этилган. Бу бинолар ҳозирги кунгача сақланиб қолган.

Тошкент шу атрофдаги вилоятнинг маъмурий бошқарув ва иқтисодий ҳаёт, ички ва ташқи савдо маркази, бошқа шаҳарлардан, ғарбий ва шарқий вилоятлардан келадиган карвон йўллари туташган жой эди. Тошкент XVI асрдаёқ аҳоли анча зич жойлашган шаҳар бўлиб, аҳолининг катта қисмини савдогарлар ва ҳунармандлар ташкил қиларди. Кейинчалик, айниқса, XVIII асрдан бошлаб Тошкентнинг мавқеи янада ошди.

Бу ерда кўплаб мисгарлар, шунингдек, кулоллар, хилма - хил газлама ва кийим - кечаклар, қурол -яроғ ва бошқа ашёлар тайёрловчи усталар истиқомат қилишар ва ишлашарди.

Тошкент шаҳар ҳаётининг маркази Чорсу бозори бўлиб, бу ерга турли шаҳар ва мамлакатлардан савдогарлар келишарди. Чорсу ихтисослаштирилган ҳунармандчилик - савдо расталари жойлашган ўзига хос шаҳарча бўлиб, атрофини карвонсаройлар, ҳаммом, ошхона ва дўконлар ўраб турарди. Шаҳарнинг бу энг катта бозори унга туташадиган кўчаларданоқ бошланарди, кўчанинг икки томонида дўконлар ва ҳунармандчилик устахоналари саф тортган эди. Бозорнинг ҳар бир қисмида асосан бир хил моллар сотиларди. 1734 йилда Тошкентда яшаган Нурмуҳаммад мулла бундай деб ёзган эди: “...ҳар бир бозорда бир хил моллар сотилади: биттасида нон, иккинчисида ип-газлама, бошқасида шойи, чопон, этик, атлас ва ҳоказолар”. Хадрадаги тим остида чопон бозори жойлашган эди.

Шаҳарда ва шаҳар атрофида карвонсаройлар бўлиб, турли мамлакатлардан келган савдогарлар шу ерга қўнар эдилар. Карвонсаройларнинг айримлари яқин-яқинларгача фаолият юргизиб келган.
60 мингга яқин аҳоли яшайдиган Тошкент ўз аҳамияти жиҳатидан хонлик пойтахтидан кейин иккинчи ўринда турарди. Қўқон - Россия муносабатлари ёмонлашуви туфайли Тошкент муҳим стратегик ва иқтисодий аҳамият касб этиб, унга бутун Туркистон вилояти, чегара қалъалар ҳамда Туркистон, Чимкент ва бошқа шаҳарлар бўйсунар эди. Қўқон хонлиги ва Бухородан Россияга карвон йўли Тошкент орқали ўтарди.

XVIII асрда Тошкент ҳудуди тахминан 16 кв. км. Бўлиб, аҳолисининг сони 80 мингга (баъзи манбаларда айтилишича, 100 мингга) бориб қолган эди. Шаҳарнинг шимолий чегараси Калковуз ариғидан; шарқий чегараси Анҳор бўйлаб ҳозирги миллий боғ орқали; жанубий чегараси Бешёғочдан Самарқанд дарвоза кўчаси орқали; ғарбий чегараси шу кўчадан Кўкчагача ўтарди. Шу тарзда бутун шаҳар ҳозирги Шайхонтоҳур тумани ва қисман Собир Раҳимов тумани ҳудудидан иборат эди. Бу ҳудуд “Катта шаҳар” деб аталарди.

“Катта шаҳар”нинг тахминан ўртасида бошқа девор билан ўраб олинган эски марказ бор эди. Ўша пайтда шаҳарнинг “эски Тошкент” деб аталувчи ана шу марказида олтита дарвоза бўлган. Бу ерда иморатлар жуда зич қурилган бўлиб, марказда бозор, масжид, мадраса, қозихона, шаҳар амалдорларининг уйлари жойлашган эди. Масжид ва бадавлат аҳолининг айрим уйлари пишиқ ғиштдан қуриларди. Шаҳарда 40 жомеъ ва кўплаб маҳалла масжидлари бор эди.

XVIII аср бошларида Тошкент бошқа шаҳарлардан анча бой ва чиройли шаҳар бўлиб, ўша даврга нисбатан маданияти ва ободончилиги баланд даражада эди. Шаҳарнинг тўртта қисмидаги катта кўчаларга тош ётқизилган, ариқлар орқали ўтиладиган кўприклар ва кўприкчалар кўп эди. Тор кўчалар ёритилмаса - да, шаҳарликлар доимо кўчаларни супуриб, сув сепиб қўйишарди.

Шаҳарга сув Чирчиқ дарёсидан чиқарилган Бўзсув каналининг ирмоқлари – Калковуз, Анҳор, Лабзак, Чорсу, Тарлак ва бошқа ариқлар орқали келарди. Тошкент катта кўчалари бўйлаб ўтган илгариги каналларнинг қуриб қолган ўзанлари, масалан, Чорсудаги Тарлак, Лабзак ва бошқа каналларнинг ўзанлари ҳозиргача сақланиб қолган. Уруш бўлиб, сув бўғилиб қолиш эҳтимолини кўзда тутиб, шаҳарда ҳовузлар ва баъзи жойларда қудуқлар қазиб қўйилган эди.

Иссиқ иқлим, серҳосил тупроқ ва суғориш тизими ҳамда аҳолининг ғоят меҳнаткашлиги боғларда ва полиз экинзорларида мўл ҳосил этиштириш учун қулай шароит яратарди. Сув мўл бўлган жойлардаги ҳовлилар соя - салқин боғларни эслатар, дарахтлар ва гуллар ҳовлига файз бағишлар ва мева берарди. Тошкентда узум, шафтоли, ўрик, олхўри, қора ва сариқ анжир, анор, олма, нок, беҳи, олча, гилос, бодом, писта етиштириларди.


Боғдорчилик қадимий анъана ва айни пайтда сердаромад касб эди – мевалар бозорга чиқарилар, мева қоқилар бошқа мамлакатларга юбориларди. Тошкент аҳолиси дарахтларни ҳафсала билан парвариш қилар, улардан мўл ҳосил териб олар ва меваларнинг ажойиб янги навларини яратарди.


XVIII асрда шаҳар тўрт даҳага бўлинган эди: Кўкча, Себзор, Бешёғоч ва Шайхонтоҳур даҳалари. Ҳар бир даҳа қурилиш хусусияти ва аҳолининг зичлиги, аҳолининг анъанавий машғулоти билан фарқланарди. 1865 йили Тошкентда 140 та маҳалла, 13260 та хонадон, 8 та мадраса, 8 та ҳаммом, 255 масжид ва 116 та тегирмон бўлган.

XIX аср бошларида Тошкент Қўқон хонлиги томонидан эгалланади. Бек ва амалдорлар зулмига қарши тошкентликлар 1847 ва 1863 йиллари ғалаён кўтарадилар.

Мана шу каби сиёсий - ижтимоий инқирозлар даврида 1865 йили Тошкент чор Россияси томонидан эгаллаб олинади. 1867 йилда эса, Тошкент Туркистон генерал - губернаторлигининг марказига айлантирилади.

Тошкентнинг XIX аср тарихи ҳақида маълумотлар тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳнинг “Тарихи жадиди тошканд” (“Тошкентнинг янги тарихи”) номи асарида учрайди.

1891 йилга келиб Тошкентда 19 та рус қишлоғи (1298 киши) ташкил этилди. Бу иш маҳаллий деҳқонларнинг азал-азалдан фойдаланиб келган ер-сувларини тортиб олиш ҳисобига амалга оширилди.

Чор Россияси саноатининг эҳтиёжларини қондириш ва бошқа ҳарбий - сиёсий мақсадларни кўзлаб шитоб билан Туркистон темир йўл ва саноат корхоналари қурила бошланди. Шаҳарда 1885 -1895 йилларда 28 та катта - кичик саноат корхоналари барпо этилди. Аҳоли 155,7 минг кишига етди. XX аср бошларида шаҳарда 53 та саноат корхонаси бўлган. 1900 - 1910 йиллар орасида Туркистонда 233 та корхона қурилиб ишга туширилган. Булар асосан пахта тозалаш, пиллачилик, кўнчилик, ёғ -мой ишлаб чиқарувчи корхоналар эди. Бу корхоналарнинг катта қисми рус ва чет эллик мулк эгаларига қарар эди. 1906 йили Тошкент - Оренбуг темир йўли бунёд этилди. 1909 йили Тошкентда биринчи кўнка - трамвай пайдо бўлди.

1930 йилдан эътиборан Тошкент Ўзбекистон ССР пойтахти бўлиб келган. Бундан аввал Самаранд шаҳри пойтахт вазифасини бажарган эди. Роппа - роса 61 йил ўтиб, яъни 1991 йили Тошкент Ўзбекистон республикасининг пойтахтига айланди.

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 69589
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

10256