У мендан сахийроқ
Бир киши Ҳотам Тоийдан “Эй Ҳотам, бирор киши саховатда сиздан устун бўлганми?” деб сўради. У қуйидагича жавоб берди: “Ҳа, Той қабиласидан бир етим бола. Бир куни унинг ҳовлисида меҳмон бўлдим. Унинг ўн бош қўйи бор экан. Қўйларидан бирини сўйди. Гўштини яхшилаб пишириб, олдимга қўйди. Менга берган гўштлари орасида мия ҳам бор эди. Уни еб, мазза қилдим ва “Аллоҳга қасамки, жуда маззали экан” дедим. Мезбон йигит ҳузуримдан ташқарига чиқди. Бир пайт олдимга бир неча қўйнинг бошини олиб кириб, менга миясини узатаверди. Уйга қайтиш учун ташқарига чиқсам, ҳовлининг атрофларида жуда кўп қонни кўрдим. Қарасам, ўн бош қўйнинг ҳаммасини сўйган экан. Ундан: “Нега бундай қилдинг?” деб сўрасам, у: “Субҳаналлоҳ! Сиз мазза қилиб ейдиган нарса менда бўла туриб, сизга қандай қилиб бахиллик қиламан. Албатта, бу иш бир араб йигити учун жуда хунук уят-ордир” деб жавоб берди”.
Ҳотам Тойга: “Сиз уни меҳмон қилиб қанча сўйгансиз?” дейилди. У: “Уч юзта қизил туя ва беш юз бош қўй” деб жавоб берди. Унга яна: “Ахир сиз ундан сахийроқ экансиз-ку?!” дейилди. Шунда у: “Йўқ, у йигит мендан сахийроқ. Чунки, у ўзида бор бўлган ҳамма қўйларни сўйиб, саховат кўрсатди. Мен эса, ўзимда борининг озроқ қисмини сўйдим, холос” деб жавоб берди.
Шайх Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар, зоҳидлар ва зоҳидалар ҳаётидан минг бир қисса” номли китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси