Яҳё ибн Муоз ар-Розий
24.3.2016 6720

     Абу Закариё Яҳё ибн Муоз ар-Розий ҳижрий 258, милодий 872 йилда вафот этган. Райда яшаган. Кейин Балхга сафар қилган. У ерда бир муддат турган. Кейин Найсобурга сафар қилган. Ўша ерда яшаб, вафот этган.
     Улар уч ўғил эдилар: Исмоил, Яҳё ва Иброҳим. Исмоил энг катталари эди. Яҳё ўртанчалари, Иброҳим эса энг кичиклари эди. Барча ака-укалар зоҳид эдилар. Хатиб Бағдодий ўзининг асарларидан бирида Яҳё ҳақида шундай дейди: “У замонасининг ҳакими эди. Одамлар унинг гапларини ёзиб олганлар, талаффуз қилган жумлаларини жамлаганлар”.
      Суламий ўзининг “Табақот ас-суфийя” асарида у ҳақида шундай деган: “У устунлардан бири эди. У ўз даврининг ўз соҳасидаги ягонаси эди”. У ҳақида Ибн Надим ўзининг “Ал-Феҳрист” асарида шундай деган: “У тунлари кам ухлаб, кўп ибодатга шўнғувчи зоҳидлардан эди. У обид (ибодатгўй) бўлиб, бир қанча суҳбатдошлари бор эди”.
       Яна у ҳақида Заҳабий ўзининг “Тарийх ал-ислам” ва “Ал-ибар фий ахбари ман ғобар” асарида шундай дейди: “Яҳё ибн Муоз зоҳид, ориф бўлиб, солиҳ обид, замонасининг донишманди, асрининг воизи эди”.
       Яна у киши ҳақида Қазвиний ўзининг “Осор ал-билод ва ахбар ал-ибод” асарида шундай деган: “У ўз даврининг шайхи, ваъзда тили фасоҳатли, одамлар тарафидан қабул қилинган зот эди”.
“Ҳадятул орифийн” асарида шундай дейилган: “У тасаввуф кишиларидан бўлиб, зоҳид, воиз эди”.

 


Устозлари

 


     Абу Толиб Маккий “Қут ал-қулуб”да, Ғазолий “Иҳё”да, Қазвиний “Осор ал-билод ва ахбор ал-ибод”да унинг устози Абу Язид Бастомий бўлганини айтган. Қазвинийдан нақл қилинади: “Яҳё ибн Муоз орифлар зийнати Абу Язид Бастомийга боғланди. Унда ақлни лол ва ҳайрон қолдирадиган нарсаларни кўрди ва фазл Аллоҳнинг қўлида эканини, уни хоҳлаган бандасига беришини билди. Бас, унинг хизматини лозим тутди ва ундан ажойиб ҳикоялар зикр қилди”.
      Хатиб Бағдодий “Тариху Бағдод” ва бошқа асарида, Ибн Жавзий “Мунтазам”да, Заҳабий “Тарих ал-Ислам”да шундай дейди: “У Исҳоқ ибн Сулаймон ар-Розийдан, Маккий ибн Иброҳим ал-Балхийдан ва Али ибн Муҳаммад ат-Танофусийдан илм эшитди (ўрганди)”.



Шогирдлари ва ундан ривоят қилганлар

 

 

      Шогирдлари ва ривоят қилувчилари кўп бўлгани учун санашнинг имкони йўқ. Улар номма-ном бир қанча асарларда келтириб ўтилган. Жумладан: Абу Нуаймнинг “Ҳуля”сида, унинг мухтасари “Сифат ас-софва”да, “Ат-тадвин фий ахбари Қазвин”да, “Тариху Бағдод”да, “Шуъабул иймон”да, “Аз-зуҳд ал-кабир”да, “Ал-мунтазам”да, “Табақот ас-суфийя”да, “Муъжам ал-булдон” ва бошқа асарларда келтирилган.
     Шогирд ва ривоят қилувчиларни қисқача келтирадиган бўлсак, улар қуйидагилардир: Исмоил ибн Ҳусайн Суфий Қазвиний, Аҳмад ал-Моликий, Жаъфар ибн Намийр Қазвиний, Ҳасан Домғоний, Ҳасан ибн Али ибн Яҳё, Сиррий ибн Саҳл, Абдуллоҳ ибн Солиҳ, Тоҳир ибн Исмоил, Абдуллоҳ ибн Саҳл Розий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ваҳб, Муҳаммад ибн Исмоил ибн Мусо, Муҳаммад ибн Ҳусайн Балхий, Абу Усмон Зоҳид, Абул Аббос Розий, Абу Муҳаммад Искоф, Абу Яъқуб Қори ва бошқалар.

 


Асарлари

 



     Тарихчилар ва биографларнинг сўзларига кўра, унинг “Китоб ал-мурийдийн” асари борлиги айтилади. “Ал-Феҳрист” асарида эса, китобнинг номи аслида “Мурод ал-мурийдийн” экани айтилади. Бундан ташқари яна “Ал-муножот ван навҳ” деган китоби ҳам борлиги айтилади.




Фойдали маълумот

 



      Яҳё ибн Муоз номи билан танилган улуғ зотлар 3 та бўлган. Хатиб Бағдодий ва Ибн Жавзийлар буни ўзи асарларида айтиб ўтишган. Хатиб Бағдодий айтади: “Яҳё ибн Муозлар 3 тадир. 1. Яҳё ибн Муоз ибн Муслим Найсобурий. У обид киши бўлиб, Абдуссомад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббосдан ҳадис ривоят қилган. Ундан ўғли Сулаймон ривоят қилган. 2. Яҳё ибн Муоз Абу Закариё Розий. У воиз ва замонасининг ҳакими эди. Одамлар унинг сўзларини ёзиб олганлар ва унинг лафзларини жамлаганлар. У Исҳоқ ибн Сулаймон Розий, Маккий ибн Иброҳим Балхий ва Али ибн Муҳаммад Тонофусийдан қисқа ҳадислар ривоят қилган. Ундан Ҳасан Домғоний ва бошқалар ривоят қилишган. 3. Яҳё ибн Муоз ибн Ҳорис Тустарийдир”.
      Ибн Жавзий айтади: “Яҳё ибн Муоз исми билан номланганлар 3тадир. Биринчиси Найсобурий, иккинчиси Розий, учинчиси Тустарий. Булардан ташқари яна шундай ном билан номланганлар ҳам бор. Аммо фақат шу учталари билан чекланилади. Чунки булардан ҳадис ривоят қилинган. Булардан бошқа яна амирликка ва адабга нисбат бериладиганлар ҳам бор. Уларнинг хабарлари Абул Фаражнинг “Ағоний” китобида келган. Асфаҳоний Абу Нувоснинг Яҳё ибн Муоз исмли шериги бўлганини зикр қилган. Заҳабий “Тарих”да шундай дейди: “Яҳё ибн Муоз Жазиранинг волийси бўлиб, у Маъмуннинг йирик қўмондонларидан бири эди. 206 ҳижрий санада вафот этган”.




Фойдаланилган адабиётлар

1. “Ҳулятул авлиё”.
2. Ибн Надим. “Ал-Феҳрист”.
3. Абу Абдурраҳмон Суламий. “Табақот ас-суфийя”.
4. Ибн Мулаққан. “Табақот ал-авлиё”.
5. Абдурроуф Муновий. “Ал-кавокиб ад-дуррийя фий тарожим ас-садат ас-суфийя”.
6. Ибн Имод Ҳанбалий. “Шазарот аз-заҳаб”.
7. Бағдодий. “Ҳадят ал-орифийн”.
8. Зирклий. “Ал-Аълом”.



Интернет материалларидан Нозимжон Иминжонов таржима қилди

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216819
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24574