Ассалому алейкум
Мавзу:

Шаръий ва кавний ирода нима? 02.08.2015

Савол:

Ассалому алайкум. Мен “Ақидатут таҳовия”нинг шарҳига Анвар Бадахшоний қилган талхисни ўқиш чоғида бир масалага тушунмадим. Унда шундай дейилибди: “Муҳаққақ, Аҳли сунна вал жамоа уламолари, Аллоҳнинг Китобида ирода икки хилдир, дейдилар: шаръий ирода; кавний ирода.
Шаръий ирода муҳаббат ва розиликни ўз ичига олган иродадир. Кавний ирода иккисига ҳам шомилдир”.
     Шаръий иродани озроқ тушунгандай бўлдим, яъни Аллоҳ рози бўлган ҳолда ирода қилиши, худди солиҳ амалларни мўминга ирода қилгани каби. Балки бу тушунишим ноқис бўлгандир. Шунинг учун сиздан сўрашни лозим деб топдим. Илтимос, мана шу масалани тушунтириб берсангиз. Балки матн шарҳида Абул Изз Ҳанафий кенгроқ тушунтиргандирлар. Бадахшоний бўлса, хулосасини айтганлар.

Булим Ақида
5345
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Садриддин Али ибн Али ибн Муҳаммад ибн Абул Изз Ҳанафийнинг “Ақидатут таҳовия”га ёзган шарҳида мусулмонларнинг “маа шааллоҳу каана ва маа лам яшаъ лам якун” деган сўзлари кавний иродага мисол экани айтилган.
    Кавний ирода “кавний-қадарий”, шаръий ирода эса “шаръий-диний ирода” дейилади. Иккиси ўртасидаги фарқ шуки, кавний ирода содир бўлиши шарт. Бу тоатлар каби Аллоҳ яхши кўрадиган нарсаларда ҳам, маъсиятга ўхшаш Аллоҳга хуш келмайдиган нарсаларда ҳам бўлиши мумкин. Бу ирода тури “Аллоҳ хоҳласа, бўлади. хоҳламаса, бўлмайди” деганга мувофиқдир. Бундан келиб чиқадики, кавнда (яъни, борлиқда) яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақат Аллоҳнинг хоҳиши, иродаси билан бўлади.
     Шаръий ирода эса, фақат Аллоҳ яхши кўрадиган нарсаларда бўлади. Бу ишнинг содир бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, Аллоҳ бандаларни мўмин бўлишларини хоҳлаши шаръий иродадир. У зот одамларни Ўзигагина имон келтиришга буюрган ва шуни хоҳлаган. Аммо одамлар ичида имон келтирган ҳам, кофир бўлганлар ҳам бор.
     “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди, оғирликни хоҳламайди” ояти шаръий иродага мисол бўлади. Оятнинг маъноси шуки, Аллоҳ бандалар учун қийинчилик бўлишини яхши кўрмайди.
     Кавний ирода барча мавжудотларга шомил (умумий, қамраб олувчи) иродадир. Борлиқдаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади. Унинг иродасидан ташқарига чиқмайди. Банданинг намоз ўқиши ҳам кавний, ҳам шаръий ирода билан бўлади. Лекин бир банда гуноҳга ботса, бу фақат кавний ирода билан бўлади. Аллоҳнинг мўминларни, тавба қилувчилар ва покиза зотларни, солиҳ амалларни яхши кўриши шаръий иродадир.
     Хуллас, кавний ирода умумий. У яхши нарсаларни ҳам, ёмонни ҳам ўз ичига олади. Бироқ шаръий ирода фақат Аллоҳ яхши кўрган ва рози бўлган нарсаларни қамраб олади. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 215901
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Шаръий ва кавний ирода нима? 02.08.2015

Ассалому алайкум. Мен Ақидатут таҳовиянинг шарҳига Анвар Бадахшоний қилган талхисни ўқиш чоғида бир масалага тушунмадим. Унда шундай дейилибди: Муҳаққақ, Аҳли сунна вал жамоа уламолари, Аллоҳнинг Китобида ирода икки хилдир, дейдилар: шаръий ирода; кавний ирода. Шаръий ирода муҳаббат ва розиликни ўз ичига олган иродадир. Кавний ирода иккисига ҳам шомилдир. Шаръий иродани озроқ тушунгандай бўлдим, яъни Аллоҳ рози бўлган ҳолда ирода қилиши, худди солиҳ амалларни мўминга ирода қилгани каби. Балки бу тушунишим ноқис бўлгандир. Шунинг учун сиздан сўрашни лозим деб топдим. Илтимос, мана шу масалани тушунтириб берсангиз. Балки матн шарҳида Абул Изз Ҳанафий кенгроқ тушунтиргандирлар. Бадахшоний бўлса, хулосасини айтганлар.

5345