Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Жуфт ёшда хатна қилинмайдими? 11.11.2017

Савол:

Ассалому алайкум! Саволим шундан иборатки, Аллоҳимга шукроналар бўлсин. Ўғлим 12 ёшга кадам қўйди. Бу ёшни халқимиз орасида мучал ёши, деб аташади. Ўзига яраша урф-одатларимиз бор. «Болани бўйи баробар оқлик аташи керак, бирон бир масжидга обориб бер», деб маслахат беришди. Шунга сиздан исломда қандай йўл тутилади, деб сўрамокчи эдим.

Иккинчи саволим: Нега хатна фақат тоқ ёшда килинади ? Биз фарзандимизни 2 ёшда хатна килдиргандик. Чунки туз йиғилиб, мазаси бўлмаганди. Доктор тавсияси билан кестирганмиз. Худога шукр, мана, 12 ёшга тўлди. Ҳеч қандай зарари ёки гуноҳи йўқми? Жавоб учун олдиндан раҳмат!

Булим Оилавий
27452
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Исломда мучал ёши ҳам, унда масжидга оқлик олиб бориш ҳам йўқ. Буни одамлар ўзлари жорий қилишган.

Хатнани тоқ ёшда қилиш шарт этилмаган. Бола балоғатга етгунича хатна қилингани маъқул. Ҳатто чақалоқлигида қилинса ҳам бўлади (Бавл қилишда бирон муаммо туғилса, одатда, шундай қилинади).

Хуллас, болани хатна қилиш учун 1 ёки 3 ёшга тўлиш шарт эмас, шароитга қараб қилинаверади. Валлоҳу аълам!

Болаларнинг туғилган кунидан бошлаб ота-она бўйнидаги ҳақ-ҳуқуқлари ҳадис шарифда шундай баён қилинган: туғилган гўдакка исм қўйиш; имкон бўлса, унга ақиқа қилиш; тили чиққан вақтдан бошлаб, унга одоб услубини ўргатиш; дин асосларини ўргатиш; ҳалол ва ҳаромни ўргатиш; касб-ҳунар ўргатиш; шунингдек, ўғил болаларнинг ҳуқуқларидан бири, уларни маълум бир ёшга етганидан сўнг, хатна қилиш масаласидир. Бу борадаги баъзи бир фатволарни Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг шогирди Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» («Вояга етмаган болаларга тааллуқли шаръий ҳукмлар мажмуаси») асаридан таржима қилиб, қуйида баён этиб ўтамиз.

Хатна қилиш вақти.

Хатна қилишнинг энг охирги вақти 12 ёшдир. Боши эса, Абу Ҳанифа: бу ҳақида билмайман, деган. Абу Юсуфдан ҳеч нарса ривоят қилинмаган. Машойихлар бу борада турли фикрдалар. Баъзилар: боши 7 ёшга етганда, дейишган. Бошқалари 9 ёш, яна баъзилар 10 ёш, бир гуруҳ олимлар муайян вақт белгилашмай, агар бола хатна қилаётганда оғриғига чидаса қилинади, бўлмаса қилинмайди, дейишган.

Изоҳ: Арабларда Исломдан аввал ҳам хатна қилдиришнинг қадри бўлган. Ислом дини эса бу ишни тасдиқлаган. «Хатна» деб луғатда терини кесишга айтилади. Шариат истилоҳида эса, махсус аъзонинг махсус бўлагини кесиш хатнадир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу хусусда шундай марҳамат қилганлар: Имом Аҳмад ўз «Муснад»ида Аммор ибн Ёсирдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Етти нарса фитратдандир: оғизни ғарғара қилиб чайиш, бурунни чайиш, мўйлабни қисқартириш, мисвок тутиш, тирноқларни олиш, қўлтиқлар тагини киндик остини пок тутиш ва хатна қилиш», дедилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтдилар: «Хатна эркакларга суннатдир». Солим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Умар мени ва Нуаймни хатна қилдирди. У биз учун қўчқор сўйди. Биз болалар орасида ўзимиз учун қўчқор сўйилганидан мақтаниб юрар эдик». Демак, хатна муносабати билан жонлиқ сўйиб, зиёфат уюштириш саҳобалардан собит бўлган амал экан. Хатнанинг зарари йўқ, аксинча, фойдаси бор, тиббиёт мутахассислари ҳам буни тавсия қилишади.

Тўғри хатна қилиш.

«Уюн ал-масоил»да шундай дейилган: Бир бола хатна қилиниб, териси тўлиқ кесилмаган ёки кўп қисми кесилган бўлса, хатна ҳисобланади, агар ярми ёки ундан кам бўлса, хатна ҳисобланмайди.

Изоҳ: Хатнада закарнинг (1)   уч қисмини қоплаб турган юмшоқ тери кесилади. Бу тери арабчада «қалафа» дейилади. Ҳанафий мазҳаби бўйича, хатна боланинг ҳолига қараб, соғлиғи кўтарадиган бўлганда қилинади. Етти кунлик ёки ундан каттароқ гўдакни хатна қилиш шарт эмас.

Хатна Имом Шофеъий ва Имом Ҳанбалий наздида вожиб, Абу Ҳанифа ва Имом Молик наздиларида суннатдир. Баъзи уламолар: «бола туғилганидан етти кун ўтгандан бошлаб хатна қилинса бўлаверади», деганлар. Баъзи уламолар эса: «етти ёшдан ўн ёшгача хатна қилинса, яхши бўлади», деганлар. Хатнанинг қанчалик фойдали эканини мусулмон бўлмаган халқлар ҳам энди-энди англаб етмоқдалар.

Ким хатна қилинмайди.

«Навозил»нинг «Намоз» қисмида шундай дейилган: Хатна қилинмаган ёш боланинг териси чўзилганда чукининг боши кўриниб турса ва кўрган инсон хатна қилинган, деб ўйлайдиган ҳолатда бўлса, уни ишончли ва қон оладиган тажрибали кишилар кўришади, агар улар хатна қилиш имкони йўқ дейишса, унга машаққат қилмасдан ўз ҳолича қолдирилади. Шунингдек, мажусий заиф қари киши мусулмон бўлса ва тажрибали кишилар у хатнага чидай олмайди, дейишса ўз ҳолича қолдирилади.

Изоҳ: Заифлиги учун хатнага чидай олмайдиган каттароқ ёшдаги болалар ҳам хатна қилинмайди. Хатна қилинмаган одам вафот этса, у хатна қилинмайди. Хатна ҳолида туғилган шахс ҳам хатна қилинмайди. Агар хатна қилиниши лозим бўлган жойда баъзи бир тери бўлса, уни олиб ташлаш лозим бўлади. Катта ёшдаги киши мусулмон бўлса ва хатна унга зарар келтириши хавфи бўлса, хатна қилинмайди.

Қачон хатна қайта қилинади?

Рустағфанийнинг «Фавоид»ида шундай дейилган: Бола хатна қилиниб, сўнг териси чўзилса ва табиий ҳолатида чукининг бошини ёпадиган даражада бўлса, кесилади. Агар бундай бўлмаса, кесилмайди.

Изоҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иброҳим алайҳиссалом саксон йилдан кейин Қадум деган жойда ўзларини ўзлари хатна қилдилар», дедилар».

Набийларнинг отаси бўлган Иброҳим алайҳиссалом кексайиб қолган пайтларида ҳам ўзларини хатна қилган эканлар. Демак Аллоҳ таолонинг бу амри ўша пайтда жорий қилинган экан.

Хатна қилдириш суннатдир. Суннат бўлганда ҳам Исломнинг шиорларидан, хусусиятларидан бири саналган суннатдир. Ўғил болаларни кичиклик чоғида хатна қилдириш мусулмон халқларнинг тарк қилмайдиган одатига айланганлиги яхши иш. Хатнада закарнинг уч қисмини қоплаб турган юмшоқ тери кесилади. Ўша терини арабчада «қалафа» дейилади. Ҳанафий мазҳаби бўйича боланинг ҳолига қараб хатнани кўтарадиган бўлганда қилинади. Етти кунлик болани хатна қилиш шарт эмас. Шунингдек, заифлиги учун хатнага чидай олмайдиганларни ҳам хатна қилинмайди. Хатна қилинмаган одам вафот этса, уни хатна қилинмайди. Хатна ҳолида туғилган шахсни хатна қилинмайди. Агар хатна қилиниши лозим бўлган жойида баъзи бир тери бўлса уни олиб ташлаб лозим бўлади. Хатначининг айби ила хатна қилинган шахсга талофат етса, тавон тўланади. Хатна муносабати ила маросим қилиш машруъдир. Ўғил болаларнинг хатнасини изҳор қилиш суннат. Ёшлигида хатна қилдирилмаганларни ҳам шариат ҳукмларини бузмаган ҳолда кейинроқ бўлса ҳам, хатна қилдириш уламоларимиз томонидан тавсия қилинади. Катта ёшдаги киши мусулмон бўлса ва хатна унга зарар келтириши хавфи бўлса, тарк қилинади. Бир одам, катта ёшда мусулмон бўлгани узри учун хатна қилинмаган бўлса, адолатли бўлади ва шаҳодати қабул қилинади. Узрсиз хатна қилинмаган одамнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Хатна шофеъий ва ҳанбалийлар наздида вожиб, ҳанафий ва моликийлар наздида суннатдир. Бола туғилганига етти кун ўтгандан бошлаб хатна қилинса бўлаверади, деган уламолар ҳам бор. Баъзилар етти ёшдан ўн ёшгача хатна қилинса, яхши бўлади, деганлар. Хатначи катта одамни ёки ўсмирни хатна қилиш учун авратига назар солиши жоиз.

(1) Закар — ўғил боланинг жинсий аъзоси.

 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216314
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Жуфт ёшда хатна қилинмайдими? 11.11.2017

Ассалому алайкум! Саволим шундан иборатки, Аллоҳимга шукроналар бўлсин. Ўғлим 12 ёшга кадам қўйди. Бу ёшни халқимиз орасида мучал ёши, деб аташади. Ўзига яраша урф-одатларимиз бор. Болани бўйи баробар оқлик аташи керак, бирон бир масжидга обориб бер, деб маслахат беришди. Шунга сиздан исломда қандай йўл тутилади, деб сўрамокчи эдим. Иккинчи саволим: Нега хатна фақат тоқ ёшда килинади ? Биз фарзандимизни 2 ёшда хатна килдиргандик. Чунки туз йиғилиб, мазаси бўлмаганди. Доктор тавсияси билан кестирганмиз. Худога шукр, мана, 12 ёшга тўлди. Ҳеч қандай зарари ёки гуноҳи йўқми? Жавоб учун олдиндан раҳмат!

27452