Ассалому алейкум
Мавзу:

“Фолга ишонма, фолсиз юрма” нима дегани?

Савол:

Ассалому алайкум. Халқимиз орасида “Фолга ишонма, фолсиз юрма” деган гап бор. Буни қандай тушуниш керак? Динимиз фолни қоралаганини биламан, лекин қай ҳолатларда фолсиз юрмаслигимиз керак ёки мумкин? Шунга ойдинлик киритсангиз!

Булим Ақида
9188
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Тилимиздаги “фол” сўзи асли арабча бўлиб, “фаъл” шаклида қўлланади. Бунинг маъноси “хурсандчилик келтирувчи сўз ёки иш”дир. Унинг акси “шум” бўлади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкин, Ислом шариатида шумланишдан қайтарилган, тафоул, яъни яхши фолга (чиройли сўз, яхши гумон қилишга) рухсат берилган. “Фол кўриш” араб тилида “фол ўқиш” (қороъал фаъл) дейилади. Бу келажакда бўладиган нарсалардан хабар беришдир. Бу иш шариатда қораланган. “Яхши фол” (тафоул) деганда воқеа ва ҳодисаларни яхшиликка йўйиш назарда тутилади. Бу ҳақида бир қанча ривоятлар келган.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ عَدْوَى وَلاَ طِيَرَةَ وَيُعْجِبُنِي الْفَأْلُ الصَّالِحُ الْكَلِمَةُ الْحَسَنَةُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Касаллик юқиши ва шумланиш йўқ. Менга яхши фол – чиройли сўз ёқади” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).  Ушбу ҳадисда жоҳилият даврда кенг тарқалган, аммо ҳозир ҳам мавжуд бўлган икки иллат ҳақида сўз юритилиб, Ислом эътиқоди билан муолажа қилинмоқда. 


عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: لا طِيَرَةَ وَخَيْرُهَا الْفَأْلُ قَالُوا: وَمَا الْفَأْلُ قَالَ الْكَلِمَةُ الصَّالِحَةُ يَسْمَعُهَا أَحَدُكُمْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шумланиш йўқ. Унинг яхшиси фолдир”, деганларини эшитдим. Шунда: “Фол нима?” деб сўралди. У зот: “У биронтангиз эшитадиган яхши сўздир”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).  Жоҳилият даврида одамлар қарға, бойўғли каби қушлар овозидан шумланишар, буни бирон фалокат юз беришидан олдинги огоҳлик қўнғироғи деб билишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни бундай нотўғри эътиқоддан қайтарганлар, фақат яхши сўз айтишга, яхши гумонда бўлишга чақирганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعْجِبُهُ الْفَأْلُ الْحَسَنُ وَيَكْرَهُ الطِّيَرَةَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга яхши фол ёқарди. У зот шумланишни хушламасдилар” (Ибн Можа ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).  Шумланиш Аллоҳ таоло тақдиридан норозиликдир. Тафоул эса Аллоҳдан яхшилик умидида бўлишдир. Мўмин банда ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумон қилиши керак.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَمِعَ كَلِمَةً فَأَعْجَبَتْهُ فَقَالَ: أَخَذْنَا فَأْلَكَ مِنْ فِيكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

    Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сўз эшитдилар. Ўша сўз у зотга маъқул келди ва: “Биз сенинг оғзингдан фолингни олдик”, дедилар (Абу Довуд, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).  Яъни, оғзингдан яхши сўзларни эшитдик, дейилмоқчи.
     Урва ибн Омир Аҳмад Қурашийдан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида шумланиш зикр қилинди. Шунда у зот: “Унинг энг яхшиси фолдир. (Шумланиш) муслимни (бирон ишни қилишдан) қайтармайди. Агар биронтангиз ўзи ёқтирмайдиган нарсани кўрса, “Аллоҳумма лаа яътий бил ҳасанаати иллаа ант, ва лаа ядфаъус саййиъаати иллаа ант, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа бик”, десин!” деб айтдилар” (Абу Довуд ривояти).
     Хуллас, мўмин одам фол очмайди, фол очтирмайди – фолбин уйига қадам босмайди. Балки турли ҳолатларда содир бўладиган ишларни фақат эзгуликка йўяди, Аллоҳдан яхшилик умидида бўлади.

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216291
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Фолга ишонма, фолсиз юрма” нима дегани?

Ассалому алайкум. Халқимиз орасида Фолга ишонма, фолсиз юрма деган гап бор. Буни қандай тушуниш керак? Динимиз фолни қоралаганини биламан, лекин қай ҳолатларда фолсиз юрмаслигимиз керак ёки мумкин? Шунга ойдинлик киритсангиз!

9188