Закот
16.7.2015 9538

 

      “Закот” сўзи луғатда “поклаш”, “кўпайиш”, “ривожланиш”, “барака” каби маъноларни англатади. Зеро закот берган банданинг моли покланади. Закот бермаган кимсанинг молига бошқа ҳақдорларнинг насибаси аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. У қачон закотни адо қилса, молини поклаган бўлади. Қолаверса, закоти берилган молга барака киради.

 

Шаръий истилоҳда закот махсус молдан, махсус қисмни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун беришдир. Закот молиявий ибодатдир.

 

“Махсус мол” деганда нисобга етган мол назарда тутилади.

 

“Махсус қисм” деганда маълум молдан ҳақдорларга берилиши лозим бўлган қисм назарда тутилади.

 

“Махсус шахс” закот олишга ҳақдор кишидир.

 

“Аллоҳ розилиги учун” лафзидан бу ибодат ихлос билан Аллоҳ розилигини истаб қилиниши кераклиги, риё ва шу каби иллатлар аралашиши билан банда ажр-савобдан маҳрум бўлиши тушунилади.

 

Закот Исломнинг беш рукнидан тўртинчисидир, шариатда фарз қилинган, уни тарк қилиш мумкин бўлмаган амалдир.

 

Закот ҳижрий иккинчи йилда Мадинада Рамазон ойидан олдин фарз қилинган.

 

Закот Қуръони каримда йигирма етти ўринда намоз билан бирга зикр қилинган. Бу эса намоз банда ҳаётида қанча муҳим ўрин тутса, закот ҳам шунчалик аҳамиятли, қилиниши лозим бўлган амаллардан эканига далолат қилади.

 

Закот Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари билан фарз бўлган. Ҳамма давр ва асрларда яшаб ўтган мусулмон уламолар закотнинг фарзлигига иттифоқ қилишган. Саҳобалар закотдан бош тортганларга қарши уруш эълон қилишган.

 

Закот Исломнинг асоси бўлган ибодатлардандир, ақиданинг ажралмас қисмидир. Ким закотнинг фарзлигини инкор қилса, кофир, уни адо этмаса, осий бўлади.  Закот бир йилда бир марта чиқарилади. Бирон киши йилига икки ёки ундан кўп марта закот чиқаришга мажбурлиниши мумкин эмас.


Закот аслида молиявий ибодат бўлса-да, бу ибодатни бажариш учун банда молининг маълум қисмини ҳақдорларга берса-да, аслида бу билан Аллоҳнинг амри бажарилиши ирода қилинади. Орада мол-дунё ва бошқа зоҳирий нарсалар асл эмас, балки Аллоҳнинг буйруқларини бажариш аҳамиятлидир. Шу сабаб ҳам фиқҳий китобларда закот ҳақидаги ҳукмлар муомалалар бобида эмас, балки ибодатлар бобида баён қилинган. Чунончи закотда фақат моддият эмас, балки маънавият, руҳият ҳам бор.

 

Закотни жорий қилишдан бойларнинг молларини нуқсон ва камчиликлардан сақлаб, уларнинг ўсишини таъминлаш ёки фақирларга яхшилик қилишнинг ўзи ирода қилинмаган. Балки закот банда мол-дунёдан устун экани, у нафсига қул бўлиб қолишдан узоқ бўлиши кераклигини англаб етиши ирода қилинган. Зеро закот бераётган банда нафсини тийиб, бахилликдан воз кечиб, Аллоҳга ибодат қилаётган бўлади. Бу билан у дунё ўткинчи, ундаги зийнатлар фоний эканини ёдга олади. Хуллас, закот ва шу каби ибодатларда биз билмаган ҳикматлар кўп.

 

Бошқа тарафдан олиб қаралганда закот неъматларга шукр қилиш белгисидир. Мол-дунёга эришиб, закотни ҳақдорларга берган банда Аллоҳга шукр қилган бўлади. Закотдан бош тортган, нафси измидан чиқа олмаган кимса эса куфрони неъмат қилган бўлади.

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216318
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24551