Тақсит савдоси
Тақсит савдосининг луғавий маъноси.
Тақсит луғатда бир неча маъноларда ишлатилади:
1. “Ажратиш”. قَسَّطَ الْمَالَ بَيْنَهُمْ деса, “Улар ўртасида молни ажратди”, деган маънода бўлади.[2]
2. “Бўлакларга бўлиш”. قَسَّطَ الشَّيْءَ تَقْسِيطا деса, “У нарсани маълум бўлакларга бўлди”, деган маънода бўлади.[3]
3. “Тенг қилиб бўлиш”. قَسط الشَّيْءَ بَيْنَهُمْ деса, “Улар ўртасида тенг тақсим қилди”, деган маънода бўлади.[4]
4. “Ҳисса”, “Насиба”, “Улуш” маъноларида. أَخَذَ كُلُ وَاحِدٍ مِنَ الشُّرَكَاءِ قِسْطَهُ деса, “Шерикларнинг ҳаммаси ўз улушини олди», деган маънода бўлади.
5. “Адл” маъносида ҳам ишлатилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
قُلْ أَمَرَ رَبِّي بِالْقِسْطِ
“(Яна) айтинг: Раббим адолатли бўлишга буюрган”[5].
Шунингдек, фақиҳлар ўз ибораларида إِنَّ لِلزَّمَنِ قِسْطاًдейишса, бунинг маъноси “Вақтнинг пулдан бўлган тенг улуши бор” бўлади.[6]
6. Яна “Ҳақдан адашган” деган маънода ҳам келади. Аллоҳ таъоло шундай марҳамат қилади:
“Аммо (йўлдан) озганларга эса, бас, улар жаҳаннамга ўтин бўлувчи кимсалардир”[7].
7. “Бахиллик”.قَسَّطَ عَلَى عِيَالِهِ تَقْسِيطاًдейилса, “Оиласига нафақада бахиллик қилди” маъносида бўлади.
Биз ўрганаётган тақсит савдосига шаръий ва луғавий жиҳатдан юқоридаги маънолардан биринчи ва иккинчиси, яъни “ажратиш” ва “бўлакларга бўлиш” маънолари тегишлидир.
Шундай қилиб “тақсит савдоси” сўзининг маъноси “бўлиб - бўлиб бериш савдоси” маъносида бўлади. “Бу савдода бўлиб - бўлиб бериладиган нарса пул бўладими ёки товарми?!” деган савол пайдо бўлиши мумкин. Тақсит савдосида бўлиб-бўлиб бериладиган нарса пул бўлади, товар эмас. Чунки товар муайян нарса бўлиб, уни кечиктириш мумкин эмас. Тақсит − савдонинг бир тури ёки бошқача қилиб айтганда, товарнинг пулини адо қилиш йўлидир. Ана ўша пул маълум вақтларда, маълум бўлакларда адо қилинади.
Тақсит савдосининг шаръий истилоҳи:
“Молни нақд қилиб, пулни эса муайян вақтда, муайян бўлакларда адо қилиш эвазига савдо қилиш тақсит савдоси дейилади”.
Бундан мурод мабиъ, яъни сотилаётган товар ўша заҳоти берилади, пул эса, насия бўлади. Тақсит савдодаги асосий нарса пулни кечиктиришдир. Агар пул кечиктирилмайдиган бўлса деб тақсит савдоси ҳисобланмайди.
Бунда савдо молининг баҳоси нақд тўлашга нисбатан қимматроқ ёки баробар ёхуд пастроқ бўлишининг эътибори йўқдир.
Ислом фиқҳи академиясининг 7 - мажлисида ушбу савдо тўғрисида уламолар муноқашалари тинглангач, унинг жоизлиги тўғрисида қарор қабул қилинди[8].
Тақсит савдоси янги пайдо бўлган муомала туридир. Шунинг учун қадимги фуқаҳоларимиз китобларида тақсит савдоси ҳақида алоҳида бўлимлар учрамайди. Бўлса ҳам насия ва муддат белгилаш борасида маълумотлар келган.
Фақиҳлар пули кечиктириб бериладиган муажжал савдо ва тақсит савдолари ҳақида сўзлашган бўлсалар ҳам, бу борада алоҳида китоб ёки боб ёзишмаган[9].
Имом Шофиъий салам, яъни мабиъни кечиктириб топшириш савдоси борасида очиқ - ойдин айтиб:“Агар олаётган мабиънинг ҳар бир улушининг нархи маълум бўлса, бу савдо тури жоиз”, деганлар.[10]
Тақсит савдоси борасида ҳозирги кундаги муҳаддис ва фақиҳларнинг китобларида алохида мавзулар бор. Бунинг сабаби, ҳозирги замонда бу муомала тури борган сари ривожланиб бормоқда ҳамда турли ташкилотлар бу савдо тури билан шуғулланишмоқда. Ҳаттоки бу савдо тури давлатлараро савдо - сотиқларда қўлланиб бориляпти.
Тақсит савдоси насия савдосининг бир туридир. Чунки тақсит савдосида ҳам мол ўша заҳоти берилади, пулнинг ҳаммаси ёки баъзиси маълум бўлакда ва маълум вақтга кечиктирилади. Бу бўлаклар йилнинг маълум бир вақтида, масалан, ҳар ойда беришга келишилиши мумкин. Ёки келишувга асосан турли хил бўлади.
Келишилган нарх бозордаги билан тенг бўладими, баландроқми ёки арзонми фарқи йўқ. Лекин одатда тақсит савдосида молнинг нархи бозор нархидан баланд бўлади.
Агар бир кишининг нақд пули бўлса, бозордан арзонроқ нархга сотиб олишга имкони бор. Лекин тақсит савдоси билан сотиб олмоқчи бўлса, сотувчи бозор нархига кўнмайди, балки қимматроққа сотишни истайди. Шунинг учун ҳам одатда, тақсит савдолари бозор нархидан баланд нархга келишиш асосида тузилади.[11]
Тақсит савдосининг кўриниши
Тақсит савдосининг бир неча кўринишлари бор. Бунда сотувчи молни ўз нархидан баландроқ нархга, пулини бўлиб-бўлиб тўлаш эвазига сотади. Харидор пулга қодир бўлмаганлиги сабабли сотувчидан пулини бўлиб-бўлиб тўлаш эвазига сотиб олади. Мисол: Сотувчи молни нақдга бўлса, 100 га, бир ой муддатга бўлса, 110 га, икки ойга бўлса, 120 га, уч ойга бўлса, 130 га дейди. Агар бу кўринишда юқоридагилардан бирини аниқ қилиб олинса, савдо дуруст бўлади. Масалан, харидор «Икки ойга 120 га сотиб олдим» деса, савдо дуруст бўлади. Агар қайсидир бирини танлаб оларман, деб мубҳам ҳолда иккиси тарқалса, савдо дуруст бўлмайди. Балки рибо бўлади. Шунингдек, бир киши бу кийимни 10 га нақдга сотдим, ёки насияга 20 га сотдим деса, харидор иккисидан бирини аниқ қилмасдан ажралса, жумҳур фақиҳлар ва муҳаддислар наздида бу савдо фосид ҳисобланади[12]. Чунки бу ерда улар пулни аниқ қилиб олишмади. Пулнинг ноаниқ бўлиши савдони нодуруст ҳолатга келтириб қўяди. Ҳадиси шарифда бундай савдо қилишдан қайтарилган.
Агар харидор иккисидан бирини нақд ёки насиясини танласа, савдо дуруст бўлади. Чунки улар пулни аниқ қилиб олишди ва муайян бир савдога келишиб олишди. Бу эса, шаръан дуруст бўлган савдодир. Чунки бу ҳолатда 2 томон мубҳамликка кўра эмас, балки битта ақдга келишган ҳолда тарқалдилар.[13]
Исломий банклар маҳсулотни нақдга сотиб олиб, харидорга мустақил ақд билан маълум фойда эвазига тақсит савдоси билан сотишади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу савдо тури шаръан ҳалолдир. Унга тегишли шартлар, ҳукмлар ва бу савдони бузиб юборадиган ҳолатлар хусусида келгусида сўз юритамиз. Мақсадимиз кишилар бу савдо турини яхши ўрганиб, қилаётган савдоларини шариатга мувофиқ тарзда амалга оширишларидир. Аллоҳ талодан бу борада барчамизга ёрдам беришини сўраб қоламиз.
[1] www.fiqh.uz
[2] Саййид Муртазо Зубайдий. Тожул урус. Таҳқиқ: Абдилкарим Избоний. Қувайт. 1983й. 20 - жуз. 28 Б.
[3] Аҳмад ибн Муҳаммад Фуюмий. Ал - Мисбоҳул мунир. Қоҳира. Матбаъатул амирийя.1922 й. 2-жуз – Б. 689 Б.
[4] Аллома Ибн Манзур. Лисонул араб. Қоҳира. Дорул Маъориф 1989 й. 39-жуз. 3626 Б.
[5] Аъроф сураси, 29 - оят. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. – Т.: Ислом университети нашриёти, 2007. – Б. 153.
[6] Доктор Рафиқ Мисрий. Байъут тақсит таҳлил фиқҳий ва иқтисодий. Дамашқ. Даруш-Шомия 1997 й. – 8 Б.
[7] Жин сураси, 15 - оят. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. – Т.: Ислом университети нашриёти, 2007. – Б. 573.
[8] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Бозор ва унга боғлиқ масалалар. Ҳилол-нашр. 2014. – Б. 62.
[9] Ибн Қудома. Ал-Муғний маъаш шарҳил кабир. 4/291.
[10] Имом Шофеий. Китобул умм. Байрут. Кутубул - илмия. 2009 й. 3-жуз. 86 - 88 Б.
[11] Муҳаммад Тақий Усмоний. Буҳус фи қозоё фиқҳийя муосиро. Дамашқ. Дорул қалам. 2009. Б – 11.
[12] Имом Сарахсий. Мабсут. Байрут. Ливан. Дорул - маъориф 1989-й. 13-жуз 8 Б.
[13] Муборакфурий, Туҳфатул Аҳфазий. 4/487.