Ҳашар – элга ярашар

Асрлар оша шаклланган халқимизнинг ўзига хос қадрияти — ҳашар туфайли чор-атрофни, кўча ва гузарларни, ҳар бир хонадонни тартибга келтириш гўзал анъанага айланди. Дарҳақиқат, кексаларимиз бу хусусда “Ҳар ким ўз уйи атрофини тоза тутса, бутун шаҳар покиза бўлади”, деб бежиз таъкидлашмаган. Ҳақиқатдан ҳам, бир ҳудуд тоза ва озода сақланса, дарахтларга шакл берилса, чиройли гуллар экилиб, саранжом саришта тутилса, шубҳасиз, бутун юртимиз обод ва гўзал масканга айланади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам “Ҳовли ва уй жойларингизни озода тутинглар”, “Поклик иймондандир”, дея бизни покликка чақирганлар. Қолаверса, поклик, озодалик бор жойга Аллоҳнинг баракаси ёғилади. Шу боис ҳам нафақат, ҳовли-жойимизни балки, кўчамиз, иш хонамизни ҳам тоза ва озода сақлашга тиришамиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Эҳсон (яхшилик)нинг мукофоти, фақат эҳсон (яхшилик)- дир” (Ар-Раҳмон, 60). Ушбу оят инсон кимгадир яхшилик қилса, унга, албатта, яхшилик қайтади ва унинг яхшилигига мукофоти — жаннат эканлигини ишора қилади.
Яна бир ҳадиси шарифда Ойша (р.а.) онамиз ривоят қиладилар: “Набий (с.а.в.): “Пок бўлинглар, зеро, Ислом пок диндир ва фақат пок кишилар жаннатга кирур”, дея марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинади: “Бир киши йўлда кетаётиб, тиконли шох-шаббага кўзи тушди ва: “Аллоҳга қасам, агар шуни олмасам, бирорта мусулмонга зарар беради”, деб уни олиб ташлади ва Аллоҳ таоло шу иши сабаб унинг гуноҳини кечди”. Бутун жаҳонга ўз таълимоти билан маълум ва машҳур бўлган аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари кечалари туриб, ўтган кетганга халал берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлар эканлар. Мана шу эзгу ишлари туфайли ҳам Аллоҳ таоло у кишига ана шундай олий мақомларни насиб қилган. Зеро, поклик ва саришталикда ҳикмат бисёр.
Мамлакатимизда, 18-19 август кунлари ташкил этилган умумхалқ ҳашари ҳам динимиз кўрсатмаларига амал қилишимизнинг амалий кўриниши десак муболаға бўлмайди.
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган қарийиб барча масжидларда умумхалқ ҳашари кўтаринки руҳда, чин иҳлос билан давом этмоқда. Масжидларимиз имом ҳатиблари, имом ноиблари ва ҳодимлари умухалқ ҳашарида фаол иштирок этиб барчага намуна бўлишмоқда. Ҳашарда нафақат масжидларимиз, балки масжидларимиз жойлашган маҳалла атрофидаги кўчалар, ариқлар ва бошқа иншоотлар ҳам тозаланмоқда.
Ҳулоса қилиб айтганда, яқинлашиб келаётган муборак ийдул-азҳо ҳамда ҳалқимизнинг мустақиллик байрамига муносиб тайёргарлик кўрилмоқда.