Кулгингдан ер ором олади, болам
Бола борки, алам ва қайғуни ҳеч қачон ёдда сақламай, тезда унутиб, ҳар бир ишни ўйин кулги билан бажаради. Ҳаётда тассаввурлар ва таассуротлар билан яшайди. Уларнинг самимий кулгуси ва қувончи умидсиз қалбларга умид, мақсадсиз инсонларга эса олдинга интилиш хоҳишини уйғотади. Зеро, боланинг кулгуси бутун жахонга қувонч таратади.
Жажжи қалб соҳиби инсонларнинг бойлигига ва камбағалигига қараб муносабат қилмайди, қандай бўлса шундайлигича қабул қилади. Унинг қалби қордек оппоқ ва булоқ сувидек тиниқ бўлиб, унга нима айтсангиз ишонади. Чиндан ҳам беғубор зурриёдларимизга ҳар доим эътибор бериш, уларнинг қалбига қувонч улашиш биз катталарнинг бурч - вазифамиздир.
Анъанага айланган 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш” кунида мамлакатимизда ҳам болалар учун кўплаб тадбирлар, байрам томошалари уюштирилади. Истиқлол йилларида баркамол авлодни вояга етказишдек улуғвор вазифага жиддий эътибор қаратилди. Юртимизда болаларни ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Оила, маҳалла, мактаб ҳамкорлиги болаларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, мустақиллигимиз ва тинчлигимизга раҳна солувчи ҳаракатларга қарши тарғибот - ташвиқот ишларини йил бўйи манзилли ташкил этишда ҳамда миллий қадрият ва урф-одатларни ёш авлод онгига сингдиришда муҳим омил бўлмоқда. Болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт - шароит яратиш, қизиқишлари бўйича тўғри йўналтириш, спортга жалб қилиш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.
Йилдан - йилга юксак даражада ўтказилиб келинаётган мазкур байрам бу йил ҳам кўтаринки руҳда нишонланди. Бутун республикамиз бўйича концерт дастурлари, тадбирлар, хайрия акциялари ўтказилди.
Айтиш керакки, ҳар йили Тошкент шаҳри Шайхонтохур тумани бош-имом хатиби ва "Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди имоми Одилхон қори Юнусхон ўғли раҳбарлигида ушбу кун меҳр - мурувват кўрсатиш, болаларга қувонч улашиш билан қарши олинади. Хусусан, бу йил 1 - июн куни муносабати билан "Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди ҳамда “Muxlis.uz” сайти икки кунлик хайри акциясини ташкил этди.
Биринчи кунда “Sayyod.com”нинг “Фахрли инсон” хайрия акциясида қатнашилди. Тошкент Гемотология институтида бўлиб ўтган мазкур хайрия акцияда Шайҳонтоҳур тумани Шайх Зайниддин жомеъ масжиди имом ноиби Қосимхон Бойхонов бошчилигида “Muxlis.uz” сайтининг беш нафар ходимлари донорлик қилишди. Шу билан бирга, акцияда “Muxlis.uz” сайтининг юзга яқин футболкалари тақдим этилди ва бемор болаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Хайрия акциясининг иккинчи куни жомеъ масжидининг мутаваллиси Қобилжон Собиров бошчилигида Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туманида жойлашган “Ғунча дурдоналари” номли 321 - махсус мактабгача таълим муассасасида давом этди. У ерда юзга яқин болажонларга махсус совғалар ҳамда ширинликлар улашилди. Шу билан бирга, эртак қаҳрамонларидан иборат саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Ҳа, фарзандларнинг қувончи чексиз. Уларнинг кулгиси, шодлиги қувончини кўриб, юракдан севинасан киши. Ана шу бахтиёрлик дунё болаларини ҳамиша сармаст айласин, мудом уларнинг беғубор кулгисидан ер юзи оромлансин.
"Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди матбуот хизмати