Музораба ҳақида
3.2.2018 5495

Музораба сармоя эгаси билан музораба ишини юритувчи (у ишчи ёки музориб, дейилади) орасидаги тижорий шартнома бўлиб, музораба муддати ниҳоясида, бирон шартнома бажариб бўлингач ёки бирон режа амалга оширилгач, нақд пул қўлга тушса, сарф-ҳаражатлар қопланиб, қолган соф фойда музориб ва сармоя эгаси ўртасидаги келишилган нисбатга кўра тақсимланади. Уларнинг ҳеч бирига маълум миқдор белгилаб қўйилмайди. Зеро музорабада мол эгасининг фойдаси олдиндан маълум миқдор билан белгилаб қўйилиши музорабага зиддир.

 

Ишчи ижара ёллаши ёки қўшимча ходимларни ишга жалб қилиш мумкин. Шунингдек, у музораба молини сафарга олиб чиқиши ҳам жоиз.

 

Музораба шартномасини икки ёки ундан ортиқ шериклар хоҳлаган вақтларида бузишлари мумкин. Лекин бу ҳақида бошқа шерикларини огоҳлантириб қўйишлари талаб этилади. Баъзи уламолар музораба шартномаси имзоланганидан кейин уни бузиш мумкин эмас, балки ишни охиригача олиб бориш керак, деганлар.

 

Музораба турлари. Музораба мутлоқ (чекланмаган) ва қайдланган (чегараланган) бўлади. Мутлоқ музораба бирон қайдларсиз амалга оширилади. Бунда сармоя эгаси молни ишчига бериб, иш, замон, макон, ишнинг сифати, ишчининг ким билан муомала қилишини белгиламайди. Қайдланган музорабада эса айрим қайдлар келтирилади. Бунда сармоя эгаси молни бошқа шахсга берар экан, муайян маҳсулотлар, аниқ шаҳар ёки бозорда, маълум вақт орасида ишлашни белгилаб қўяди. Шу сабаб сармоядор одатда фойда келтириши аниқ бўлган маҳсулот билангина савдо қилишини чегаралаб қўйиши ҳам мумкин.

 

Музорабанинг шартлари. Музораба тўғри бўлиши учун унда бир нечта шартлар бўлиши керак. Булар қуйидагилар:

– сармоя савдо моллари эмас, балки нақд пул бўлиши;

– шартнома пайтида пулнинг миқдори маълум бўлиши. Агар сармоя номаълум бўлса, сармоядан ортган фойдани аниқлаб бўлмайди;

– ўртадаги фойданинг нисбати маълум бўлиши. Бунда фойданинг оз ёки кўп бўлишидан қатъи назар шериклар ўртадаги фойдадан кимга қанча тегишини белгилаб олишлари керак.

Юқоридаги шартлардан бирининг йўқолиши билан шартнома бузилади.

 

Музораба шартномасини қайд қилиш. Музораба шартномаси хоҳ икки, хоҳ ундан кўп шахслар орасида тузилишидан қатъи назар у ёзилиши, ким қанча пул билан музорабага қўшилгани белгилаб қўйилиши лозим. Бу нарса турли ихтилоф, уруш-жанжалларнинг олдини олади. Масалан, Абдуллоҳ 400.000 сўм, Абдураҳмон 300.000 сўм, Аҳмад 350.000 ва Обид 250.000 сўм пул тикиб, музораба қилсалар, уларнинг қанча пул қўшганлари бир қоғозга ёзиб қўйилиб, ҳаммалари имзо чекишлари ва фойда тақсимланаётганида ўша ҳужжат ёрдамида иш тутишлари керак. Ҳужжатни ёзишга холис ва бетараф одам тайинланади.

 

Музораба шартномаси тузилганидан кейин ишчи унга амал қилиши керак. Ўзича музораба молидан бирон кишига қарз бериши, шериклари билан маслаҳатлашмай эҳсон қилиши, музораба молига бошқани шерик қилиши мумкин эмас. Агар сармоядор бунга рухсат берган бўлса, ишни ўз билганича қилаверишга изн берса, бундан қилиш мумкин бўлади.

 

Музорабада кўрилган зарарни ким қоплайди? Музораба ишидан зарар кўрилса, унда бу зиён сармоя эгаси сифатидаги банк ёки унинг ўрнидаги бошқа сармоядорларнинг зиммасида бўлади. Музораба ишини юритувчи эса қилган иши, меҳнати билан зарар кўрган ҳисобланади. Яъни бунда сармоя эгаси бир тарафда туриб, пули билан зиён кўрса, иш юритувчи иккинчи тарафда туриб, ўз меҳнати билан зарар кўради.

 

Ишчи молни сақлашда эътиборсизлик қилса ёки келишув мақсадига зид ишни амалга оширса, музораба шартномаси бузилади. Бундай ҳолда молга талофат етган бўлса, сабабчи бўлгани учун зиённи ишчи тўлайди. Икки томондан бирининг вафоти билан ҳам шартнома бузилади. Агар ишчи мол эгасининг ўлганини билиб туриб ҳам меросхўрларнинг рухсатисиз олди-сотди қилишда давом этса, зарар қилса, тўлайди, фойда кўрса, уни ўртада бўлишади. Агар ишчи пулни бошқа шахсга бериб юборса, унинг зарарини ҳам тўлайди.

 

Сармоядор ишчига молни фақат нақд пулга сотишни шарт қилиб қўйиш ҳуқуқига эга. Шундай бўлганда ишчи молни насияга бериб, кейин унинг пулини ололмаса, зарарини ишчи тўлаб беради.

 

Музорабадан олинган фойданинг тақсимланиши. Аввал айтиб ўтганимиздек, музорабада бирон иш ниҳоясига етгач, ҳаражатлар чиқариб ташланиб, соф фойда сармоя эгаси ва ишчи ўртасида шартнома шартларига мувофиқ тақсимланади. Бу борада ўзаро розилик билан фойда бўлинади. Хоҳласалар, фойдани иккига бўлишлари мумкин. Бунда аниқ миқдор белгиланмайди, балки шерикларнинг ўзаро розилиги билан амалга оширилади. Агар музорабада тўрт киши иштирок этса, масалан, Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Аҳмад ва Обидлар музораба қилиб, уларнинг ҳар бири 250.000 минг сўмдан пул тиккан бўлсалар, соф фойда ўртада тенг тўртга бўлиниши мумкин. Агар бир киши 250.000 сўм, бошқаси 100.000 сўм, яна кимдир 300.000 сўм тиккан бўлса, шерикларнинг розилиги билан кўпроқ пул тиккан шахс фойдадан кўпроқ олади, камроқ тиккани шунга яраша камроқ олади. Бунда мазкур тўрт шерикнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, бир-биридан розилиги ва омонатдорлиги муҳимдир.

 

Агар тўрт киши музораба шартномасини имзолаб, улардан иккитаси ҳам сармоя тикиб, ҳам ишни ўзи олиб борадиган бўлса, фойда тақсимланаётганида ҳам пул тикиб, ҳам ишни бажаргани учун у иккисининг фойдаси фақат сармоя киритган қолган икки шерикникидан бироз кўпроқ бўлиши адолатдандир.

 

Агар шериклардан бири вафот этиб қолса, музораба шартномаси тугатилиб, ҳар кимнинг улуши ажратилади ва марҳумнинг улуши унинг меросхўрларига берилади. Агар шериклар иккитадан кўп бўлсалар, вафот этган шахснинг қўшган пули ва фойдаси чиқариб ташланганидан кейин хоҳласалар, қолган шериклар қайтадан музораба шартномасини тузишлари мумкин.

 

Шериклар ўз фойдаларини ўзаро келишмасдан олишлари мумкин эмас. Шунингдек, сармоя тўлдирилмасидан аввал фойдадан олинмайди. Зеро аввал фойда кўрилгани маълум бўлсагина у тақсимланади.

 

Музорабада закот қандай берилади? Ҳар бир шерик закотни ўз улуши ҳисобидан ва ўз номидан беради. Бир шерик бошқасининг номидан закот бериши мумкин эмас. Эслатиб ўтамиз, шерикларнинг ҳаммаси закотни адо қилишлари лозим. Зеро бири закотни бериб, бошқаси фарз ҳисобланган молиявий ибодатдан бош тортса, улар ўртасидаги шерикчилик таназзулга, инқирозга юз тутади. Зеро закотдан бош тортиш ризқнинг торайиши, савдо, чорвачилик ва деҳқончиликдан барака ҳамда ривожнинг кўтарилишига сабаб бўлади.

 

Музораба фойдасидан хайрия ишларига сарфлаш. Музораба ишидан фойда кўрилганда шериклар ўзаро келишиб, фойданинг маълум қисмини хайрия ишларига, Аллоҳ йўлида сарфлашлари яхшидир. Одатда фойданинг 3 %и инфоқ учун ишлатиши яхши саналади. Аммо хоҳлаганлар ўз улушидан олиб кўпроқ инфоқ қилиши афзал саналади. Бу ҳар кимнинг ҳимматига боғлиқ. Асосийси шериклар ўртадаги пулдан олиниб, эҳсон қилинаётганини билишлари ва кимга қанча улуш текканидан, қанча қисми хайрия ишларига сарфланаётганидан хабардор бўлишлари керак.

 

Яна бир муҳим нарсани эслатиб ўтиш лозим. Динимизда бирон хайрли ишни бажаришга назр қилиш жорий қилинган. Масалан, тижорат билан боғлаб тушунтирадиган бўлсак, бир инсон: “Мана шу ишимдан фалон сўм фойда олсам, ундан фалон миқдорини инфоқ қиламан”, деб назр қилади. Агар у ҳақиқатан ҳам ўйлаган фойдани қўлга киритса, ўша миқдорни садақа қилади. Бу иш савдо, тижоратнинг ривожланиши, ишнинг юришиши учун асосий омиллардан бири ҳисобланади. Зеро Аллоҳ таоло мўмин бандалари ичидан фақир, мискин ва бечораҳол кишиларга яхшилик қилиниши, Ўз йўлида бошқа ихтиёрий инфоқ-эҳсонлар берилишини яхши кўради. Қайси банда хайрия ишларини бажаришни назр қилса, унинг ишига барака ва ривож ато этилади. Ўзини билган савдогар, тижорат аҳли борки, бу омилни эътибордан четда қолдирмайди. Назрни шериклардан баъзилари қилса яхши, аммо тўртта шерик – Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Аҳмад ва Обиднинг ҳаммаси назр қиладиган бўлса, бу шерикчилик том маънода юксалади, ўртадаги маънавий ва молиявий алоқалар мустаҳкамланиб, Оламлар Парвардигори Аллоҳнинг Ўзи бу шерикларнинг ҳимоячиси бўлади. Аллоҳ қайси бандани яхши кўрса, қайси бандасига раҳмат назари билан қараса, у банданинг дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топиши, кўп ютуқ ва муваффақиятларга эришиши шубҳасиздир.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217623
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24649